Menu
Categories
Бош муҳарри И.Хушевга: Пойариқ ҳокимининг Сусамбилга етакловчи эртаклари
05/17/2021 Бош мақола

Пайариқча “Инновацион метод” парокандага учрамоқдами?, ёки Д.Мусиновнинг Сусамбилга етакловчи эртакларини эшитиб

Муҳтарам Президентимиз ташрифи давомида Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусинов (жиноят полигонига айлантирган) “Ингичка” массивида яратилган узумзор ҳисобидан туманда камбағаллик тугалланганлиги, ушбу инновация натижасида “камбағал” фуқаролар иш билан таъминланиб темир дафтардан чиқарилганлигини жар солиб бу ерда ўзлаштирилган 50-60 млрд.сўм маблағни орқасини ёпиш учун “Ўзбекистон 24” телеканалида чиқиш қилиш билан оввора.

Майли туман халқи Д.Мусиновнинг Сусамбилга етакловчи эртакларига ишониб қолган, лекин 35 миллон халқ етакчиси, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевни Пайариқча “Инновацион метод” билан алдашдан мақсад, манфаат нима. Ингичка даласида амалга оширилган жиноятларини яширишми ёки шунчаки ҳоким сифатида бажарган ишларидан мақтанишми?

Буни бутун Пайариқ халқи билиб ўтирибди Ингичка даласида амалга оширилган жиноятларини яшириш. Демак Д.Мусинов каби “эркатой” ҳокимларга миллиард-миллард сўм маблағни ўзлаштириб, орқасини ёпиш учун бутун Ўзбекистон халқини, Президентини алдаш мумкин экан-да.

Бугунги кундаги асл ҳақиқатга ёндошадиган бўлсак Пайариқча “Инновацион метод” бўйича ишлар ўхшамай қолган кўринади. 1600 гектар майдонда ташкил этилган токзор учун 3200 нафар фуқароларга (уларнинг таърифи бўйича кам таъминланган ва темир дафтардаги фуқаролар деб юритилади) 2020 йилнинг сентябр-ноябр ойларида кредит маблағлари расмийлаштирилиб бўлинган. Бу фуқаролар рўйхати туман ҳокими ва унинг жиноий шериги бўлмиш биринчи ўринбосари чаласавод Саидхон Маликовнинг зуғуми билан шакллантирилган эди, ҳатто шу даражага боришдики уларнинг коррупцион ишларини тезроқ амалга оширишлари учун маҳалла раислари уйма-уй юриб паспорт йиғишди, ҳаттоки кўчадан топиб олиниган паспорт нусхасига ҳам кредит маблағлари расмийлаштириб юборилди.

Бугунги кунга келиб эса 3200 нафар фуқародан 1900 нафаридан ортиғи кредит расмийлаштирилган узумзорни олишдан бош тортиб турибди, энди нима бўлади?. Расмийлаштирилган кредит жойини топиб акахонлар чўнтагига кириб кетди, бошларига Азроил келиб турса ҳам қайтаришмайди. Саидхон Маликов яна маҳалла раисларига ўз зуғумини ўтказмоқда, боғ олишни рад этган фуқарони ҳар қандай шароитда кўндириш керак, бунинг учун ҳар бир ўша фуқаролар билан мунтазам ишлаш керак, Д.Мусиновнинг “эртаги”ни тушунтириб бериш керак, хуллас кўндириш керак, бўлмаса ишдан кетасан деб дағдаға қилмоқда экан. Ҳисоб-китоби жойида бўлган фуқаролар узумзорни олган тақдирда келгусида уларни қанақа қисматлар кутиб турганини жуда яхши англаб туришиб рад жавобини беришмоқда.

3200 нафар фуқародан 5 фоизи атрофида темир дафтардаги фуқаролар ҳисобланади. Жорий йил якуни билан Д.Мусиновнинг “Инновацион метод”и орқасидан бу 5 фоиз атрофидаги яъни 160 нафар фуқаролар “темир дафтар”дан чиқиши ўрнига Д.Мусиновнинг “олтин дафтари”га киритилади, қолган 3000 нафар ҳозирги кунда оилавий аҳволи барқарор бўлган фуқароларни эса камбағал оилаларга айлантирилиб “темир дафтар”га киритишга муваффақ бўлинади.

Д.Мусинов ҳақиқий халқпарвар бўлса ўша ерни “камбағал” оилаларнинг ўзига ажратиб берсин эди, гектарига 44 млн.дан эмас, 20 млн.сўмдан тўғридан-тўғри кредит ажратиб берганда халқни ўзи ҳам узумзор яратиб олган бўлар эди. Д.Мусиновни Пайариқ халқи билан иши йўқ чўнтаги қаппайса бўлди, барибир у кетадиган одам. Пайариқча “Инновацион метод” жабрини ким тортади яна ўша Пайариқ халқи.

Пайариқ тумани аҳолиси томонидан ижтимоий тармоқларда Э.Турдимов бошчилик Пайариқча “Инновацион метод” орқасидан коррупция йўли билан ўзлаштирилган млрд.млрд сўм маблағлар ҳақида жуда-жуда ҳам кўп маротаба бонг урилмоқда. Наҳотки Пайариқ туманидаги бу коррупция ҳолати муҳтарам Президентимизга етиб бормаса, уни алдасак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз эса мум тишлагандек жим бўлишса, коррупция агентлиги деб аталмиш барака топкурлар буни тушунишмаса ҳам керак деган ўйдамиз.

Пайариқ тумани ҳалқи мард, танти, ишонувчан халқ (чунки бировни алдамайди), майли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз Д.Мусинов эртакларига ўхшаб ёлғондан бўлса ҳам кўрилган ёки кўрилаётган чоралар ҳақида халққа ошкор қилиб қўйса бас, халқни ишончи “ортиб” юраверади. Бу ерда мақсад бировни ноҳақ абгор қилиш эмас.

Ахир эскидан мақол бор “Кўпни қарғиши кўл бўлади”. Талон-тарож қилинган бунча халқ маблағини жойига қўйиб қўйиш керак деб ўйлаймиз. Шундагина одамларимизнинг ишончи ортиб, умид билан олға интилишига кафолат берамиз.

 

Азамат Ҳақназаров,

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Суратда: Самарқанд вилояти, Пойариқ тумани ҳокими Мусинов жаноблари… 

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

 

Leave a Reply
*