Menu
Categories
Сирожиддин Саййид: ВАТАНДАЙ МАНГУ ОҲАНГЛАР Кўнгил минтақаси
05/29/2021 Адабиёт
Кўнгил минтақаси
ВАТАНДАЙ МАНГУ ОҲАНГЛАР
Азиз ўқувчилар эътиборига ҳавола этилаётган икки шеър – бир мувашшаҳ ва яна бир ғазал “булбуллар ичинда тинмас забон” ҳофизимиз Шерали акага, Ўзбекистон халқ артисти, Навоий бобо номи билан мангуликка муҳрланган Давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраевга бағишлангани билан мен учун ғоят қадрлидир.
Бир замонлар, аниқроғи, тарих санаси ўтган ХХ асрнинг етмишинчи йиллари бошларида, биз – тўққизинчи-ўнинчи синф ўқувчиларининг сурур ва орзуларга лиммо-лим ўсмир қалбларимизни аввалига “Мен кетганда анча ёш эдинг, боғбон қизи гуллар эркаси” қўшиғи билан тамомила забт этган, ундан сўнг “Биринчи муҳаббатим”ни айтиб, барчамизни муҳаббат ва “англаб бўлмас сир” оламига йўллаган санъаткоримиз Шерали ака эканини унутмаган ҳолда, айтиш мумкинки, бутун бошли авлодлар, “миллион эгатларга сочилган ўзбек” бу қўшиқлар руҳида тарбияланди, камол топди.
Кейин эса, “Келмай баҳор чаманларни қор уйғотарму?..”, “Осиё қўйнида машъал, Ўзбекистон дейдилар”, “Кетма баҳор, менинг боғимдан”, “Ўзбегим”, “Ватандин яхши ёр бўлмас”, “Билиб қўй, шерларнинг макониданман”, “Андижоним қолди менинг”, “Дунёни қизғанма мендан азизим”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат”, “Излаганлар бизни саҳройи балодан излангиз”, “Инсон ўзинг”, “Қаддинг кўтар, она Туркистон”, “Амир Темур давлатидандир”, “Она юрт Ўзбекистон, олтинга топилмагай”, “Онагинам” сингари ҳар бири миллёнлаб элдошлар қалбидан жой олган воқеа қўшиқлар дунёга келди.
Қўшиқ айтиш мумкин бўлмаган темирқафас замонларда – айтилди, халқнинг орзу-армонларини шеърий йўсинда ифодалаш мумкин бўлмаган зўравон тузумлар исканжасида эл шоирлари элнинг дардини куйлашга ҳаракат қилдилар.
Ўша йилларда устоз Абдулла Орипов “Қўшиқ учар эди кўкда беармон, Учарди янгратиб осмон, уфқни. Бадкирдор одамлар бир кун беомон Ярадор қилдилар қўшиқни…” деб ёзаркан, “Мажруҳ турна мисол қулаб тушди у” сатри билан мустабид давр моҳиятини рўйи рост фош қилиш баробарида асло умидсизликка тушмайин, озод ва порлоқ замонлар келишига астойдил ишониб, ҳамманинг армонини шеърга солади:
Шикаста юрак бу чекмасин озор,
Жаҳон шоирлари турар қошида.
Чоллар дуо қилса, оналар бедор
Алла айтиб чиқар унинг бошида.
Ҳамманинг армони – соғайсин қўшиқ,
Заррин қанотидан чеврилсин осмон.
Шодлик билан тўлсин тўрттала уфқ,
Кулги билан балқсин бу қадим жаҳон.
Замон оғир эди, мустабид ва қабоҳат замон эди. Халқ нима жабру-ситам кўрган бўлса, эл шоирлари, куйчи-ҳофизлари ҳам шуни бошдан кечирди. Эл эгилса – қўшиқ ҳам эгилди, эл яшнаса – қўшиқ ҳам самоларда парвоз этди. Эл сўнса – сўнди, унса – унди. “Ўзбекистон боласига бўлса басдир Шерали, Ўқариқда варанглатиб терадию теради” деб ёзилган экан салкам қирқ йил бурун битилган “Мен йўқотган достон” номли шеърда.
Замонавий ўзбек шеъриятида энг кўп назмий бағишловлар Шерали акага атаб битилгани ҳам бежиз-беҳикмат эмас, албатта. Азиз устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиеваларнинг эътирофларию дил сўзларининг ўзи муҳташам бир китоб ва ё достон бўлгулик.
Шу ўринда ажабтовур бир воқеани айтиб ўтсам. Устозларга ҳавас қилиб, мен ҳам “Қўшиқ” номли бағишловимни бир адабий анжуманда ўқиб берган эдим, куппа-кундуз куни балога дучор бўлдим қолдим. Шеърнинг “Кўҳна девонларга юзимни босиб, Ўйлайман ҳаётнинг дард томонини. Ҳофизим, Навоий тирик бўлганда, Сизга кийгизарди ўз чопонини” деган якуний сатрлари шоир акалардан бирига ёқмади шекили, жиғибийрони чиқиб, “Навоий бобо улуғ ва табаррук зот, у кишининг чопонини ҳар кимга ҳам кийгизавермаслик керак!..” дея сапчигандай бўлувди, даврага чўккан ноқулай вазиятдан ҳозиржавоб ва ҳушёр адибимиз Неъмат Аминов қутқариб қолди: “Ҳечтима қилмайди, – деди у киши. – Навоий бобо вазир бўлганлар, чопонлари ҳам кўп бўлган ахир, битта-яримта йиртиқ-ямоқ чопонларини Шералижонга кийгизсалар давлатлари камайиб қолмайди. Парво қилманг, укажон. Ҳечтима қилмайди, Арзийди. Арзийди…”
Бу гурунгларга ҳам ўттиз беш-қирқ йиллар бўлибди. Қанча сувлар оқиб ўтдилар. “Армонга айланди Сиз борган тўйлар” дейилганидай, юқоридаги ғазалларга қайтадиган бўлсак, тўқсонинчи йилларнинг охирларида уларни вақтли матбуотда, ҳатто бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев ҳам ҳарқанча ҳаракат қилмасин чоп этишнинг ҳеч иложи бўлмаган эди… “Замон оғир, тўним тор эди” деб ёзганди ўша пайтлар Муҳаммад Юсуф.
Фақат… Янги давру замонлардагина… Бундан тўрт-беш йиллар муқаддам… Бир куни нохосдан, кутилмаганда “Ўзбекистон – 24” телеканалининг мухбири суюнчи олди: “Бугун кечқурун кўринг. Шерали ака билан суҳбат бераяпмиз…” Яна бошқа суҳбатлар, чиқишлар. Концерт ва анжуманлар. Биласизми, ҳофиз нима деди? “Ўз замонин рост этар қавми мардлар асликим” деди. Кўзда ёш билан айтди. Бу замон – Янги замон, Шавкат Мирзиёев замони, деб айтди. Бу замонларни биз тушларимизда кўрганмиз, орзу қилганмиз, армон қилганмиз деди. Эркин акалар, Абдулла акалар кўролмай армон билан кетдилар, деди. Худога шукур, биз кўрдик, болаларимиз, фарзандларимиз кўрди, деди. Ўв биродарлар, қадрига етайлик бу замонларни, бир-биримизга чоҳ қазишни бас қилайлик, замонга боқайлик, дунёга қарайлик, замонга ёрдам берайлик, элни, юртни кўтарайлик деди…
Бугун юрт эгаси шаънига, Янги Ўзбекистонимиз шаъну шавкати ҳақига айтилаётган, билдирилаётган барча орзу-ниятлар, эзгу тилаклару дуолар оғир ва машаққатли даврларда эл дардини куйлаган эл санъаткорларига ҳам тааллуқли, бевосита дахлдордир деб ўйлаймиз. Биз бу кунларга, бу давру замонларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Буни ҳар биримиз юрак-юракдан ҳис қилиб, англаб яшамоғимиз керак. Дуоларга ижобат, улуғларимизга умр, фарзандларимизнинг бахту камолини берсин, деймиз.
ШАҲР АРО ШАРҲИ ДИЛИМНИ
БИТТА ДИЛДОШ БИЛСА БАС
Мувашшаҳ
Шаҳр аро шарҳи дилимни
битта дилдош билса бас,
Ер билан осмон аро ул
менга сирдош билса бас.
Ранг-барангдир одамининг
зоҳирию ботини,
Аслини қайдин билурсан,
сабру бардош билса бас.
Лола бағрида ниҳон
доғларга завқинг келмасин,
Ишқини Лайлога Мажнун
айлади фош, билса бас.
Жоми бахтим ичра кўрсам
изтиробим жилвасин,
Ўзлигимни ўзгалар
кўзиндаги ёш билса бас.
Равзаи жисмим аро
минг андалибнинг оҳи бор,
Андалибни андалиб
дўсту қариндош билса бас.
Етти қат ер, етти қат кўк,
водийи ҳижрон дилим,
Водийи ҳижрон дилимни
битта дилдош билса бас.
1998
ҒАЛАТ КУЙ ИЗЛАМАНГ МЕНДАН,
КИ МЕН ШАРҚОНА АЙТАРМАН
Дилимнинг дардини, дўстлар,
ажиб меҳмона айтарман,
Келар жонлар, кетар жонлар –
жамул инсона айтарман.
Баланд этмоқ учун номин
яралмиш ер билан осмон,
Анинг пастликларин гоҳ ер,
гаҳи осмона айтарман.
Тўкарда бағрини боғлар
самарсиз кетмагай бир барг,
Самар топ, деб неча боғу
неча бўстона айтарман.
Хатойим излабон ўтди
неча ёру ҳабибим ҳам,
Шунингдирким, тилим шоду
дилим гирёна айтарман.
Яралгай жисм аро чексиз
Ватандай мангу оҳанглар,
Ғалат куй изламанг мендан,
ки мен шарқона айтарман.
Қўшиқ кенгликларин кезсам,
азал ошифта элдир бу,
Самарқанд Андижону
Хоразм, Сурхона айтарман.
Кийикнинг кўзлари янглиғ
кўзингдан кетмагайман, ёр,
Яширсанг ҳам неча йиллар,
бўлиб пинҳона айтарман.
Кўнгилни сим-сиёҳ тунлар
сиёҳидан гиёҳ айлаб,
Сиёҳ зулфлар аро ул сим-
сиёҳ райҳона айтарман.
Менинг созим тааллуқи
макон ё бир замон эрмас,
Келиб кетгувчи карвонлар,
ҳама даврона айтарман.
2000
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*