Menu
Categories
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига янги раис сайланди. Табриклаймиз!
06/04/2021 Бош мақола

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига янги раис сайланди

Жамият13:161504

image

Ҳуқуқшунос-журналист Олимжон Ўсаров Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда уюшманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берилди.

Маълум қилинишича, бугун, 4 май куни ўтказилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари V конференциясида “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шухрат Жабборов “Нуроний” газетаси бош муҳаррири Олимжон Ўсаровнинг номзодини илгари сурган.

Конференцияда ҳуқуқшунос-журналист Олимжон Ўсаровнинг номзоди уюшма раиси лавозимига бир овоздан маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси уюшма собиқ бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов 2020 1ил 11 октябрь куни 69 ёшида коронавирусдан вафот этганди.

Умиджон Нозимжонов

https://qalampir.uz/

Бошқа изоҳ йўқ, қойил лекин, ҳеч ким бу номзод ҳақида гапирмаганди

Ҳатто бир кун аввалги шов-шув бўлган башорат ҳам ўзини оқламади.
Биламан, айримлар нега энди уюшма райислигига сайлов ўтказилмади, деган гап-сўзларниям айтди.
Не бўлгандаям, Сайлов бўладими, Тайинлов бўладими, жонкуяр, фидойи журналист-юрист, собиқ депутат Олимжон Ўсаровнинг нуфузли уюшмага раис бўлгани ЖУРНАЛИСТИКА учун энг одилона, тўғри йўл бўлибди.
Ана энди қўлимиздан келгунича ана шу дадил, тўғрисўз инсонни қўллаб-қувватлайлик.
Керак бўлса бу уюшма ортида неча минг-минглаб қаламкашлар армияси турибди.
Гап уларнинг тўрт тарафга тебраниб ётган бошини қовуштириш, асосийси, жамиятда Журналист касбининг қадр-қимматини кўтариш керак, вассалом!
Олға, Олимжон!
 Норқобил Жалил,
21 Аср газетаси Бош муҳаррири

Ҳамкасб укамиз Олимжон Ўсаровга осон эмас…

У жуда чарчаган ва жамиятда умуман ўрни қолмаган, номи бору ўзи йўқолиб кетган тизимга масъул этиб тайинланди.
Куни кеча бир танишим куйиниб гапириб қолди. Сиз журналистларнинг ҳам идорангиз борми, яқинда бир шоир акамизни ёзувчилар уюшмасининг дачасига олиб бордим.
Тўғриси, у ерда шоир ва ёзувчиларга ажратилган жойларни кўриб менинг ҳам ижодкор бўлгим келди. Уларнинг ўзлари ва оила аъзоларига яратилган шароитлар мени ҳам қувонтирди.
Бундан ташқари шоир акамизга шаҳар марказидан ҳам уй совға қилинибди. Аслида бу хил ёндашув, ғамхўрлик ижод аҳли учун арзийди.
Лекин нима учун журналистлар уюшмаси деган идоранинг ўз аъзоларига шундай шароит яратиш мумкин эмас,- деди танишим эски дардимни қўзғаб…
Бугун ўша танишимга телефон қилиб бизнинг ҳам елкамизга офтоб тегадиган бўлаяпти, дедим. Сиз танқид қилган бечора идорага ҳаётда ва жамиятда анчагина фаол, ўз ҳаққини ажратиб оладиган укамиз раҳбар бўлди, десам, Оллоҳим насиб этса яқин вақтлар оралиғида Рўзибой Қўлдошевга ўхшаган журналистларнинг ҳам ижод қилиб, дам оладиган манзиллари бўлар эканда, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида фарзандлар билан салқин жойда дам олишга нима етсин, деди қувониб.
Унинг самимий ва юракдан айтилган тилакларига омин, ўша кунларга етказсин дедим мен ҳам.
Демак, Олимжон Ўсаровнинг бажарадиган эзгу ишлари талайгина. Биз эса унга қанот бўлиб ишлайлик, ёрдам берайлик, токи Журналистлар уюшмаси деган идоранинг ҳам борлиги билинсин!
Рўзибой Қўлдошев,
Ўзбекистон телевиденияси “Маҳалла” телеканали ходими

Олимжон биз ўйлаган, биз мўлжаллаган номзодларнинг орасида энг муносиби

Журналистлар ижодий уюшмасининг бу галги ҳисобот сайлов конференцияси жуда чиройли ўтди. Аввало, тадбирни олиб бориш устоз Абдусаид Кўчимовга берилганининг ўзиёқ одамни хушнуд этди. Барибир шу қавмнинг оқсоқолларидан-да. Укамиз Холмуродбойнинг ҳисоботи ҳам ёмон эмас.
Албатта, биз уюшмадан кўп нарса умидвор бўламиз, нега уюшма бизни ҳимоя қилмайди, нега жамиятда фаол иштирокчи эмас , деган эътирозлар етарли. Аммо масалага бошқа ракурсдан ҳам қарашни тавсия этган бўлардим. Ўзимиз қандай бўлсак, уюшмамиз ҳам шундан бошқача бўлолмайди. Бугун бир аччиқ гапни тадбирда айтишни ўйлаб борган эдим, аммо шаштимдан қайтдим, қайтдимки, аввало, бунга танланган номзоднинг менга маъқул келгани бўлди.
Ўртоқлар, уюшмага тош отавериш билан натижага эришмаймиз, биз уюшма атрофида жипслашишимиз керак. Бир мушт бўлолмасак, уюшма тугул вазирлик тузилсаям вазият ўзгармайди.
Яқинда “Ҳуррият” газетасида каминанинг босма матбуотга нотўғри қараш қилаётган Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш ҳамда халқ таълими вазирларига қаратилган жиддий, айни вақтда аччиқ алам билан ёзилган мақолам эълон қилинди ва уни бир эмас, бешта газета кўчириб босди, биласизми, бу яқин ўртада учрамаган ҳолат эди. Ўйловдимки, бу жамиятда бирор резонанс беради, деб. Мутлақо!
Мана шу бешта газетанинг чиқишига вазирликлар бирон оғиз ҳой деган жавоб беришниям маъқул топгани йўқ. Бу журналистикамизнинг асл қиёфаси, аҳволи қандайлигини яққол кўрсатувчи факт. Уюшма бундай пайтда нима қилиши керак эди? Мана, савол! Нега энди уюшма? Ўзимизчи, одамлар биздан нажот истаб шикоят аризалари юборишади, ҳуқуқий йўналишдаги адолатсизликларни ёритишимизни, ноҳақликларга барҳам беришимизни сўрашади. Ўзимизнинг аҳволимизчи…
Иккинчи бир масала, очиқ айтиш лозимки, бир қатор газеталаримизни аллақачон ёпиш керак эди! Қанчалик аччиқ бўлмасин, орамизни бир тозалаб олиш фурсати ҳам етган. Журналистика ўртахол бўлишга ҳаққи йўқ соҳа, у фақат олдинда бўлиши шарт, ўнта сон чиқариб бир кўрсичқоннинг кўзини ўёлмаган таҳририятнинг бугун жамиятдан у-бу нарса умидвор бўлиши тўғри эмас. Бундай жамоанинг бунга сираям ҳаққи йўқ. Демак, биз муҳаррирлар ўзимизнинг афт-башарамизга бир қараб олсак ёмон бўлмасди.
Баъзида газеталаримизни ўқиш эмас, варақлашга кетган вақтимизга ҳам ачинадиган даражадамиз. Бешта-ўнта ўқиладиган нашр бор, холос…
Менинг вазифам газета чиқариш дейдиган муҳаррир газета чиқаришни қойил қилса эди ҳеч қурса…йўқда! Олимжон биз ўйлаган, биз мўлжаллаган номзодларнинг орасида энг муносиби, у телевидениеда яхши кўрсатувлар қилган, матбуот хизматини гуллатган, интернет журналистикада ўрни бор, яхши бир газетани чиқариб юрган ташкилотчи, ҳуқуқий йўналишда аксариятимизга дарс берарлик уқувга эга, ёш, интилувчан, мулоҳазаси ҳам, креатив ёндашуви ҳам етарли кадр.
Фақат энди унга ёрдам керак. Агар яна ҳамма томошабин бўлса, мана шу имконият ҳам бой берилиши турган гап. Унга ёрдам бизнинг бирлигимиз, соҳа учун фидойи бўлишимиздир.
Ҳа, боя бир укамиз одатига кўра, “ақлли” гап айтиб қолди, алтернатив қўйилмади, деган мазмунда, ўша укамизгаям айтдим, бошқалар ҳам эшитсин, ўйлайманки, агар бугун уч эмас, тўрт-бешта номзод бўлиб, кейин овозга қўйилганида ҳам Олимжон сўзсиз сайланган бўлар эди.
Демакки, буёғига унга хайрихоҳ бўлайлик, унга дўст бўлайлик!
Хусан Эрматов,
“Ишонч” – “Доверие” газеталари Бош муҳаррири
May be an image of 1 person and sitting
Суратда: Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янги сайланган раиси Олимжон Ўсаров…
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

 

Leave a Reply
*