Menu
Categories
Исмат Хушев ва “Оқланмаган ишонч қиссаси” ҳақида…
12/01/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

Болалигимдан китоб ўқишга қизиққаним боис, уйимда юзга яқин чет эл адабиёти асарлари бор. Булардан Ф М Достоевский, Л Н Толстой, Аьлберт Камю, Франц Кафка хамда Чингиз Айтматов асарларини севиб ўқийман.

Ўзимдаги барча ҳислатлар учун китобдан қарздорман деган улуғ рус ёзувчиси Максим Горкий. Мен хам баъзи яхши ҳислатаримни китобдан олдим десам хато қилмайман.

Энди асосий мақсадга ўтсам.

Мен Исмат Хушевни қачон танигандим?

Бундан бир неча йил илгари укам Москвада ишлаб юрганида Sony-Ericsson фирмасининг Т-650 маркали телефонини жўнатганди. Бу телефонни афзалликлари кўп, интернетга жуда қулай эди.

Бир куни Чингиз Айтматов ҳақида маълумот ахтариб «Янги Дунё» сайтида Исмат Хушевнинг “Окланмаган ишонч қиссаси” ёки Президент эркасининг хотиралари асарига кўзим тушди.

Аввалига иккиландим бу хам чет элда ёзилган президент ҳақидаги бошқа китобларга ўхшаб фақат салбий рухда бўлса керак деб ўйладим.

Лекин китобни ўкиб борарканман муаллифнинг мавзуга ўта самимийлик билан ёндошгани, унда ҳатто ўз камчиликларини ҳам рўй рост айтганини кўриб, асарга тамомила боғланиб қолдим. У мени оҳанграбодек ўзига торта бошлади.

Кейин мен Исмат Хушевга ўзимнинг бир иккита пала партиш ижодим билан шеърий хат йулладим.

Шеърий хатда шундай сўзлар бор эди:

Ҳаёт кайнар, улар бошқа – бошқа одам
Кўз илинса руҳ чопади ватан тамон
Ҳол сўрашга дўстнинг уйи икки қадам
Уйғонганда бундайин ҳол жуда ёмон…

Бу қофиясиз сўзлар замирида бир вақтлар мен отам билан Россиянинг Санк – Петрбург шахрида бўлганимизда жуда кўп қийинчиликларга учраганимизга ишора бор эди.

Кенг хонада эллик олтмиш киши ётардик. Россиянинг савуқ ва намли ҳавосида иккимиз ҳам тез-тез шамоллардик. Отамни менга, мени эса отамга рахмим келарди. Лекин илож қанча? Қишнинг узун ва қоронғу тунларида баъзан тушлар кўрардим. Тушимда қишлоқнинг чанг кўчаларида юрасану қадрдон дўстинг билан ниманидир сирлашгинг, нималарнидир сўрагинг келади.

Кел шуни уйига борай деб буриласану яқинлашган пайтинг уйғониб кетасан. Кейин шифтга қараганча хаёлларга бериласан, юрагинг безовта ура бошлайди. Ватандан узоқликни шуниси ёмонда…

Исмат ака сиз хам баъзан тунлари Канаданинг юлдузли осмонларига термулиб кўнлингиздан ушбу сўзлар ўтса ажаб эмас.

Кўнгил нозик қумсаса сизни
Юрак жўшиб соғинган дамлар
Кўргим келар дийдорингизни
Олисдаги яқин одамлар

Ўзбекистон! сен анча олис
Бедаво дард кўзларим намлар
Ниятим йўқ абадий қолиш
Олисдаги яқин одамлар

Ҳаёт енгил, бу ерда бироз
Топилмайди хеч қандай камлар
Меҳрингизга ташнаман холос
Олисдаги яқин одамлар

Таниш чеҳра буғдой рангингиз
Ажин босган юзларда ғамлар
Кадрдонсиз менга барингиз
Олисдаги яқин одамлар

Пахтозорда ғўзага қараб
Вазмин вазмин ташлаб қадамлар
Юргандирсиз эгат оралаб
Китобдаги азиз одамлар…

Энди бевосита “Оқланмаган ишонч қиссаси” ҳақида.

Оқланмаган ишонч қиссасида Ўзбекистон мустақилликка эришишда ҳамда мустақилликнинг дастлабки йилларида президент Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати, ўша даврнинг мураккаб жараёнларига ечим топа билиши, ва яхши йўлбошчи сифатидаги жўшқин фаолияти тилга олинади.

Шу билан бир каторда айрим мулозимларимиз хакида хам маълумотлар берилган.

“Оқланмаган ишонч қиссаси”ни ўқиркансиз муаллиф асарга холисона ёндошгани, хамма инсонларда бўлгани каби ўзининг қатор камчиликларини рўй рост айтиб ўтганлиги ўкувчини асарга бўлган ишончини янада орттиради.

Бугун Европанинг қайсидир гўшасига жойлашиб, бизнинг тинчлигимизга раҳна солиб айрим сайтларда чиқаётган, кўпгина мақолалар киши дилини ранжитади.

Тўгри у ерларда ҳаёт бироз яхширокдир, Лекин Европани хам Европа бўлиши учун қанча меҳнат, қанчалаб йиллар керак бўлган.

Энди давлат пойдеворини мустаҳкамлаш учун кимнидир кўнгли ранжийди, кимнидир омади келади. Бу хаёт конунида. Ахир давлат негизида ўттиз милион аҳоли турибди. Шунча аҳолини тинч ва фаровон ҳаётини таминлашда сарбонлик қилаётган юртбошимиздан бундан ортиқ нима сўраймиз.

Бозорларимиз тўкин сочин бўлса, нарх – наво ҳам қўшни давлатларга қараганда анча арзон. Биргина тўйларимизни айтсак, дастурхонда ҳамма нозу- неъматлар бор. Кўчаларни тўлдириб юрган янги-янги шахсий машиналар, қурилаётган данғиллама иморатлар бу Ўзбекистонни ҳеч кимдан кам эмаслигини исботидир.

Тўғри бир иккита иқтисоди ночоррок оилалар бўлса, бу энди бутун ҳалқ қашшоқ деганимас-да. Хамма давлатда хам борку бу камчиликлар.

Ахир ўттиз милион аҳолини ҳаммаси ҳам Билл Гетс ёки Роман Абрамович бўлолмайдику…

Бу асар Исмат Хушевга катта обрў ва шон-шуҳрат келтирди. Минг-минглаб мухлислар орттирди, «Дунё ўзбеклари» сайтини дунёга танитди.

Қайсидир китобда ўқигандим:

Буюк рўс ёзувчиси Лев Некалаевич Толстой ўзиниг қишлоғи Ясная Полянада умрининг сўнгги кунларигача мухлисларидан келган қоп-қоплаб хатларни таҳлил қилар, эринмасдан жавоблар ёзар экан.

Бу улуғ даҳонинг мухлислари шунчалик кўп эканки, улар узоқ-узоқ ўлкалардан келиб суюкли ёзувчиларини юрганда, дам олаётганда, ишлаётганда кузатаркан, айтган хар бир сўзини, иборасини ён дафтарларига ёзиб оларкан, унга амал қилишаркан.

Вақти келиб уларнинг бошига бирор мушкул тушса:

Ясная Полянада Толстой бор-ку! дея ўзларига таскин беришаркан…

Мен хам баъзан бирор насиҳатгуй ёки маслахатчига муҳтож бўлсам Канадада Исмат Хушев борку деб уйлаб, ўз ўзимга тасалли бераман.

Бугун ўзбекнинг Толстойи ижодига муафаққиятлар тилайман!

Сўзим охирини шу жумлалар билан тугатмоқчиман.

Ёзувчи Тоғай Муродни «От кишнаган оқшом» асари шундай бошланади.

Бу қиссалар не бир кунларни кўрмади!

Зоти номард бўлди, ушбу қиссалар ёқасидан олди. Оғзи бузуқ бўлди, ушбу қиссаларга тупугини сочди. Қўли нопок бўлди ушбу қиссалардан бутун – бобларни ўчириб ташлади.

Оқибат ушбу қиссалар ўз вақтида пати юлинмиш тавуқ мисол чоп этилди.
Алқисса доруломон кунлар келди. «От кишнаган оқшом»даги Зиёдулла чавондозчасига айтар бўлсак …улоқ Тоғай Муродда кетди!

Оқланмаган ишонч асари хам худди шундай бўлди…

Бу асар хақида нима хам дердим. Ҳали йиллар ўтади, асрлар ўтади эртанги кун давомчилари биздан обод ва буюк ватан қолишида сарбонлик қилган президентимиз Ислом Абдиганевич Каримовнинг жасоратли меҳнатини кўкларга кўтаради.

Шунда бу қисса минг-минглаб нусхаларда чоп этилади қўлда-қўлга ўтиб ўқилади.

Кейин биз хам Тоғай Муродчасига айтадиган бўлсак, улоқ Исмат Хушевда кетади!

Комил Эгамов, Самарқанд.

Leave a Reply
*