Menu
Categories
Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” китоби ҳақида…
12/08/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

 

АбдуМанноб Пўлат

Исматнинг бу хотиралар китоби тақдири, худди ўз тақдири каби, зиддият ва машаққатга, омад ”чопиши” ва унинг ”юз ўгиришлари”га тўла.

Муаллиф ҳамда ”Янги Дунё” веб саҳифасига кўра, китоб 2002-2004 йилларда ёзилган.

Китоб кенг ўқувчиларга етиб боришидан бир қанча вақт аввал, Исмат менга бу хотиралари ҳақида айтиб, уни нашр этиш имкониятлари борасида фикрим ва маслаҳатимни сўраганида, ”агар китобингиз Ислом Каримовни кескин танқиди эмас, балки илиқ ё холис руҳда бўлса, уни мухолиф манбаларда чоп этиш қийин бўлади-ёв” деган маьнода жавоб берган эдим.

Лекин мен қисман адашган эканман. Китоб кўп йилдан бери ашаддий мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари ва шогирдларининг ”Эркин Юрт” веб саҳифасида эълон қилина бошланди ва тезда ушбу нашрда энг кўп ўқилган асарга айланди.

Натижада саҳифанинг обрўси кескин даражада ошди. Ўзбек мухолиф гуруҳида бундай кўп фикрлиликка қараб қўйилган ушбу қадамдан ҳам таажжубландим, ҳам қувондим.

Кейинроқ ёпилган, лекин Тошкентда чиқаётган, истеъдодли журналист Аъло Хўжаев раҳбарлигидаги ”Трибуне-Уз” веб саҳифаси ҳам 2005-2006 йилларда Исматнинг бу китобини нашр эта бошлади.

Китобда Каримов ҳақида фақат мақташ емас, балки бироз танқид ҳам бўлиши, 1990-йиллар бошидаги ўзбек мухолифатчилари ҳақида илиқ гаплар айтилишига қарамай, у Ўзбекистонда ўзгартирмай босилиши ҳам ўз вақтида қувончли ҳодиса бўлган эди.

Афсус, ”Трибуне-УЗ” (фикримча, бошқа сабаблар билан) ёпилди, ”ЭркинЮрт” эса Исматнинг китобини чоп этишни тўхтатди. Назаримда, кейинроқ эркинюрт.орг -нинг ўзи ҳам ёпилди.

Навбатдаги “тўлқин” Юсуф Расулнинг “Янги Дунё”-си билан боғлиқ.

2008-йил сентябрида ”Ниҳоят, бирор бир ўзгартириш ва ё таҳрирсиз эълон қилиш шарти билан биз китобни чоп этишга келишиб олдик” деган аниқ ва равшан эьлон билан Исматнинг эсдаликлари қайтадан нашр этила бошланди.

Бу савобли иш 2009-йилнинг мартигача давом этиб, “ЭркинЮрт” ва “Трибуне-Уз” ҳали чоп этмаган бир қанча боблар ҳам ўқувчиларга етиб борди.

Исмат Хушевнинг ҳаёт йўли ҳеч қачон бир маромда, текис бўлмаган. Уни шахсан таниган, унинг хаёти ва ишлари билан таниш инсонлар учун бу – анчадан бери маьлум гап. Ҳатто уни яхши билмаганлар ҳам эсдаликларини ўқиб, худди шундай фикрга келадилар. Бу гал ҳам, “ЯнгиДунё”да китоб босилиши тўхтади ва бунга сал кам 1 йил бўлди…

Бу галги “дам олиш”нинг сабаби бошқачароқ бўлди, шекилли: Баьзи “арбоб”лар ҳақида ўта кескин танқидий маьлумотлар ва баҳоларга “жавобан” Исматга қарши “ҳужумлар” бошланди.

Иккала гал ҳам, кўплар қатори мен Исматдан китоб чоп этилиши нега тўхтаганини сўраб турдим.

Гарчи у очиқ айтмаган бўлсада, суҳбатларимиздан бунинг сабабини “ЭркинЮрт” ва муаллиф муросага келиша олмаганлиги, деган хулосага келдим.

Назаримда, “ЭркинЮрт” китобга Исмат қабул этишни истамаган ўзгаришлар талаб қила бошлаган (яьни, мени олдинги гумонларим қисман тўғри бўлиб чиққан).

Менимча, ўзига қачонлардир яхшилик қилган Муҳаммад Солиҳни мақташ, у ёқтирмаган мухолифатчиларни тилга олмаслик ёки камроқ тилга олишга рози бўлиш Исмат учун осонроқ бўлган.

Лекин, Каримов роса мақталган бобларга навбат келганида, китоб муаллифи ва “ЭркинЮрт” муросага келиша олмаган…

Лекин китобнинг “Янги дунё”да тўхташи, фикримча, Исматнинг хатоси эди.

Нима ёзсангиз ҳам, кимгадир бу ёқмайди, кимлардир кескин танқид, ҳатто туҳмат ва иғво, уйдирмалар билан “жавоб” қайтаради ва бу табиий ҳол.

Бу аччиқ ҳаёт ҳақиқати Исматни ҳам, бошқа муаллифларни ҳам ўз фикри, эсдаликларини ўқувчиларга етказишдан тўхтатмаслиги керак.

Шу билан бирга, ҳар бир муаллиф, ёлғон ё асоссиз эканлиги осон исботланадиган “маьлумот”, “гувоҳлик”, баҳолардан ўзини тийса, рақибларидан маьнавий устунликка эришишга умид қила олади.

Энди китобнинг ўзи ҳақида.

Афсуски, кўп бошқа “сиёсий” ёзувлар каби, кўплаб ёзувчиларнинг эсдалик ва хотираларининг жуда кўпи ўзини ёки яна кимларнидир мақташ, “қаҳрамон” қилиб кўрсатиш, бирор сабаб билан муаллиф ўзига “душман” деб билганларни эса “пўстагини қоқиш”, қоралаш, ёмонлашдан иборат, бирёқлама, юзаки бўлади.

Бунда баьзан туҳмат, уйдирмалар ҳам ишга солинади.

Исмат эса, китобида (унинг мен ўқиган бобларида) ўзини ҳеч аямаган.

“Қовун тушириш”лари, хато эканлигини кейинроқ англаб етган жуда кўп ишларини айтиб, Исмат ўзини “фош” этади.

Натижада, уни танқид қилмоқчи бўлганларни “қуролсизлантиради” – ахир унга “ҳужум” қилувчилар Исмат каби ўқувчи ва жамоатчилик ишончини қозонмаган.

Исмат эса, китобхоннинг ишончига эришади – самимийлиги, ўз-ўзини танқид қила олиши, ёзишдаги мардлиги билан…

Исмат бошқа арбоблар ҳақида баьзи кескин ё танқидий мулоҳазалар келтирган ҳолларида – хатто улар асоссиз, адолатсиз кўринган тақдирда ҳам – мен ўқувчиларни тоқатга чақираман.

Чунки, муаллиф ўзига нисбатан бундан ҳам танқидий руҳда (ҳатто баьзан “шафқатсиз”) бўла олган.

Назаримда, Исмат укам ҳатто хато қилганида ҳам одатдагидек ниҳоятда самимий ва ҳалол.

Китобнинг биринчи, асосий қаҳрамони Исмат Хушев бўлса, иккинчиси – Ислом Каримов.

Ўз сўзи билан, Каримовнинг “эркаси” сифатида, муаллиф китобнинг иккинчи қаҳрамонига холис баҳо беришини кутиш ё буни талаб қилиш учун жуда содда киши бўлиш керак.

Табиийки, Каримовнинг ишлари, сиёсати асосан илиқлик билан тилга олинган, баьзан осмонга кўтариб мақталган – буларни назаримда “лаганбардорлик” ё “маддоҳлик” деса ҳам бўлади…

Ислом Каримов ва ундан олдин Ўзбекистон раҳбари бўлган Рафиқ Нишонов – бу икки сиёсатчининг ишларини солиштириш ҳам китобда ўта бир ёқлама ва юзаки ёритилган.

Исмат Нишоновни кескин қоралаб, Каримовни роса мақтайди – лекин иккаласи ҳақида ҳам бирор жиддий асосга эга бўлмай хулоса ва баҳо беради, у ишлатган муболаға эса осмонда…

Нишонов даврида партияда (у қанча қийинчилик билан кирган комфирқада) қолиш-қолмаслик масаласи муҳокама қилинган Исмат, Каримов ҳокимиятга келгач, унинг “эркаси” сифатида жамиятда ва давлат миқёсида сал кам энг юқори поғоналарга кўтарилган.

Шу сабаб, унинг бу икки раҳбар ҳақида холис фикр билдиршини кутиш ва бунга ишониш соддаликдир.

Гарчи Каримов ҳокимиятга келиши арафасида Исматга бўлган тазйиқ Нишоновнинг бевосита кўрсатмаси билан амалга оширилмаган бўлса да……

Тошкент “Оқ Саройи”даги ички сиёсий ва шахсий курашлар, “сарой ўйинлари”, Каримовнинг иш услуби, ўз ходимлари ва “эркалари”га бўлган муносабати, давлат раҳбари атрофидагилар, сарой муҳити – булар ҳақида ишонарли маьлумотлар, мен ўқиган бобларда, афсуски, жуда кам.

Балки, кейинги бобларда кўпдир. Чунки, Исматнинг ўз иқрорлигича мен тилга олган бу мавзулар асосан китобнинг иккинчи қисмида ёзилган ва у энди эълон қилинса керак.

Бу мавзуларда ёзилган бошқа муаллифларнинг олдинги китоб ва мақолаларида ҳам ишонарли маьлумотлар топиш мушкул.

Исматнинг китоби эса ишонарлилиги билан эьтиборга лойиқ ва муҳим. Қолаверса жуда маҳорат билан, қизиқарли ёзилган.

Исматнинг баьзи арбобларга берган баҳолари, уларни таьрифлашига қўшилмаслик мумкин ва ҳатто зарур.

Лекин Исматнинг деярли барча шахсий гувоҳликлари ишонарли ва ҳалол – буларга мен аминман.

Китобхонлар бу эсдаликларни ўқиганларида ҳеч бир гап, маьлумот ё баҳони кўр-кўрона қабул этмайдилар деб умид қиламан.

Нафақат Исмат Хушевнинг айтганлари ва ёзганлари, балки бошқа барча муаллифларни ҳам.

Ҳеч кимнинг гапини кўр-кўрона қабул этмаслик керак.

Ҳар бир фикр, маьлумот, баҳо, шарҳни ўқувчи ўз ақл-фаросати, билими, ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, танқидий қабул этиш ва тушунишга интилиши муҳим.

Жумладан, мени ёзганларим ҳам бундан истисно эмас, албатта.

1990-йилларнинг бошларида Каримовнинг энг яқин сафдошларидан ва Ўзбекистоннинг иккинчи кучли ва қудратли сиёсатчиси (яна бир қанча йил – Каримовнинг энг кучли рақиби!) Шукрулло Мирсаидовни Исмат аввалига илиқ ва анча холис таьрифласа, Мирсаидов ва Каримовнинг ораси бузилиб, уларнинг кураши бошланган давр ҳақида ёзганида, Исмат Мирсаидовни қоралайди.

Менимча эса, 1991-йилда бошланган бу икки арбоб орасидаги зиддиятлар ва кураш Исмат ёзганидан кўра анча мураккаб ва кўп қиррали бўлган, ҳамда ўша даврда Москва, собиқ Совет Иттифоқининг кўп бурчакларидаги жараён ва ҳокимият учун курашларга ўхшаш.

Китобдаги яна бир қанча бир-ёқлама таьрифлаш ва танқид – Жаҳонгир Муҳаммад (Маматов) ҳақида…

Исматнинг бу эсдаликлари тўла чоп этилганида, мен унда чизилган Каримов, Нишонов, Мирсаидов ва Маматов, балки яна бир қанча арбобларнинг портрети борасида батафсилроқ тўхталиш ниятим бор.

Афсус, ҳозирча менда Исматнинг бу китобини ҳали чоп этилмаган бобларини ўқиш имкони бўлмади.

Лекин, тўй ошига баҳо бериш учун унинг ҳаммасини ейиш шарт эмас, бир неча қошия (жуда борса ярим лагани етарли), деган мулоҳаза билан, бу эсдаликларни китобхонларга ишонч билан тавсия қиламан.

Бу “иррационал” дунёда мантиқ, маьно, мазмун излаш – қийин иш, балки бефойда…

Лекин бунга интилиш ҳам керак.

Назаримда асосан Ўзбекистоннинг бугунги тузумига қарши бўлганлар ўқийдиган бу веб саҳифада Каримовни анча мақтаб ёзилган ушбу китоб эьлон қилинаётгани ва ҳозирча умуман олганда ижобий қабул қилингани Юсуф Расул укамиз ўз саҳифаси атрофига анча фикрлашга интилувчиларни йиға олганидан далолат.

“Янги Дунё”га мана шу йўналишда янги муваффақиятлар тилайман.

Исмат Хушевнинг ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган бу сиёсий хотиралар китоби ва унинг яна эълон қилина бошланаётгани мана шу йўналишда янги умидлар туғдиради.

Leave a Reply
*