Menu
Categories
17 декабрь – Боймирза Ҳайит туғилган кун. Уч мақола…
12/16/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

ya-boymirza

Турон. Туркистон. Ватан. Кўз ўнгимизда туркийларнинг қадимиятдан Она Ери, Турк дунёсининг тарихий Ватани — салобатли жуғрофий ҳудуд намоён бўлади. Туркистон ғояси халқларимизнинг азалий муқаддас орзуси, миллий мафкурасидир.
Бу орзу,бу ғоя миллатимизнинг икки буюк одами – Боймирза Ҳайит (17 декабр, 1917 – 31 октябр, 2006)  ва Рауф Парфи  ( 27 сентябр,1943 – 28 март, 2005) учун умр,ҳаёт,ижод ва фаолият маслаги бўлиб хизмат қилди.Туркистон мустақиллиги учун туну кун курашган Боймирза Ҳайит туғилган куни арафасида Рауф Парфининг бу улуғ зотга бағишлаган шеърий туркумини сизга тақдим этамиз. Аллоҳдан азиз инсонларга раҳмат тилаб қоламиз.

гн

Рауф Парфи
Она Туркистон

Бир умр Туркистон истиқлоли учун курашиб яшаётган муҳтарам устод
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ шарафига таъзим ила

1. ОҒРИҚ

1. О, Она Туркистон, қора дунёда,
Қисмат елкасида югурдим, елдим,
Гоҳ шавқ қанотида, гоҳо пиёда,
Юкиниб, мен сенга сиғиниб келдим.

Мен сени соғиндим ҳаддан зиёда,
Ғамли хотирангга борлиғим тўлди.
Бу узлук уммонда, бу аҳгар боғда
Сирпандим. Мен қаттиқ чирпандим. Сўлдим.

Ўткинчи ғамлардан танамда титроқ,
Ростми шу? Шеър туғар эмиш аламлар?..
Гоҳо хўрлаб, тишлаб ўтдилар, бироқ
Сен билан кечган эй илоҳий дамлар…

Балким, илҳомингни судради кўпроқ
Шон-шуҳрат буржида ёнган санамлар.
Соҳир юрагингни чақмоқ урди-ку,
Ортиқ кулфатларга доимо шайсан.

Кўзингда қотган нур порлаб турди-ку,
Сен ахир тириксан, ёниб яшайсан.
Тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб,
Ўрилган ярадан чечаклар ўсди.

Юрагингнинг йиртиқ кўйлагин ечиб
Бағрингга босарсан — бормисан, дўстим?
Дунёни шопирар ёлғонга, чинга,
Биров роҳат қилар эзғиб, кулдириб,

Изтироб уруғин сепар ичингга.
Ҳай, дейсан, не топар мени ўлдириб,
Қарайсан, кўзингга нурни тўлдириб.
Балли, қобоғингнинг улуғ кучига.

2. Ҳеч нарса юпатмас, шоир, ҳеч нарса,
Ғариб бахтиёрлик энди юпатар.
Юлиб вужудимни титиб ахтарсам
Дунёвий аламнинг тошлари ётар.

Ҳар ким ўз қалбига ўзидир ҳоқон.
Барибир, мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол, ноҳақман, эҳтимол ҳақман —
Муқаддас Туркистон сўзин изларман.

Сўз менинг кўксимга санчилар, ҳайҳот!..
Шовулла, гуркира, ҳаёт нафаси.
Руҳга иймон бергил, эй қодир ҳаёт,
Қизғонма самовий сеҳрнинг сасин…
Юрак деб аталган оғриқ бу — нажот.
Кўкрак қафасимиз — нажот қалъаси.

2. СИЁВУШ ФАРЁДИ
Судрар оёғимдан қаро ер қаъри,
Муз тоғлари ўсар кўзим ёшидан.
Дарди йўқдир кўк юзининг, йўқ бағри —
Инсон юракларин қаҳр тошидан.

Наҳот парчаланмас, бу тошлар синмас,
Кимсан, ўзлигингдан қил мени огоҳ,
Силоҳлар, занжирлар олами тинмас,
Қаён оқмоқдасан, эй олампаноҳ?

Тўхта, Сиёвушман, унутдинг, наҳот?
Қонларга ботдим-ку, ёндим, қирилдим,
Сендан, Дамованддан тиладим нажот.
Кўз очиб очунга қайта урилдим.

Тўхта, Сиёвушман, мен яна ҳаёт —
Қайта ўлиш учун қайта тирилдим.

3. ТУРКИСТОН ЁДИ

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлаб хотирамни осмон — чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.

Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилгай ҳужумлар,
Ўқ сингари хотирамни тиладир.

Теграмда зич ҳаво — она Туркистон,
Оъргай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин,
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.

Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
«Дунё менинг деганлар…» Нидо келур.
«Каркас қушдек…» Қадим сўзлар жарангги.

«Оълғон даъво қилганлар…» Сўзлар шоир.
«Оқни қаро деганлар…» Айтинг, кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш: «Ҳаром еган ҳокимлар…»

Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар — кўзларимга мил тортган чизгу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.

Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди, у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб, мен йиғлаб, бўлдим, деди.

Йиғла энди кўзим, сен-да йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий стам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол.

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

4.
Хайр, дада, биз энди кўриша олмаймиз ёруғ дунёда. Биламанки, сиз тупроқда, биламанки сиз, қалбимнинг бағрида очилган япроқда. Биламанки, мумкин эмас сизни бир бор кўрмоқ бахтини тута билмай кўкракда, ер ўпмоқ. Армоним қолди холос. Туркистонимга — армонимга сиғинаман. Сизни соғинаман. Биламанки, мумкин эмас.

5.
ТАВФИҚ ФИКРАТ КИТОБИГА ЎЗУВ

Мен ухлайман, мен ухлайман,
Рўёларга ботаман.
Тушларимда мен йиғлайман,
Булутни уйғотаман.
Боқмам ерлик наволарга,
Билмам қачон қайтаман.
Мен дардимни ҳаволарга,
Шамолларга айтаман.
Мен ухлайман, мен ухлайман.
Аста юмгайман кўзим.
Тушларимда мен йиғлайман,
Сен кулиб тур, Юлдузим.

6. АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЧЎЛПОН

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон

1.Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга — кучга тўлдинг Сен?

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.
Жигар-қон жарангги тутди жаҳонни,

Онасен. Кечирдинг, қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.

Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.
Тунлар босиб келар дунё ҳасрати
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.

Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?!
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер…
Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.

Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб —
Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни…
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

Оҳ, шоир қисмати, ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.
Тани омонатдир, нақд эрур жони,

Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

7. ОМОН АЗИЗ. «КАНДАКОРЛАР»

Ўлтиришар икки жунунваш,
Икки жаҳон билмаган жаҳон —
Икки шоир маъюс, хаёлкаш,
Ўрталикда олов — Туркистон.

Мангу ёнар лаҳзалик оташ,
Қотиб қолган хаёл бепоён:
Асрий ҳасрат, юракдаги тош,
Бир лаҳзалик шодлик намоён.

Титрар олам бир паришонҳол,
Тўрт тарафда зулматдир ғариб,
Тўрт тарафни гўё босмиш ёв.
Келажакка ёғдирар савол,

Гўё тунда имкон ахтариб
Чорлар мисда музлаган олов.

8. ШАМОЛЛАР
Шамоллар бошимда айланур, дарахтлар тебранур шамолларда, дарахтларнинг меваси ларзон, сояси ларзон. Хусусан дарахтлар… Дор: Ювилган кийимлар осилсин, томошо кўрсатсин дорбозлар. Чўян-ошхонада қозон. Дарё: нур. Темир: автомат бармоқ, Қабристон: гулзордир. Бошимда айланур шамоллар. Бошимда одамларнинг, ватанларнинг шамоллар шаклида ҳайқирган овози. Мен бепарво бўла билмасман, эй «бахтли» диёрнинг, эй бепарвоси. Қалбимни асримнинг томирига уларман: Майли, ошсин қон босим, шарт портласин кардиограмма. Кўзларимнинг деворига қараб ўларман.
Сендан аямасман умримни асрим. Бу умрим нимадир?! О, она Туркистон, бир варақ қоғоз каби ўзимни йиртмасам… нарсалар нарса эмас мен учун. Нарсаларда бор менинг ўчим, кесилган дарахтлар-тўнгакдир кесилгувчи бошларга. Дор: Энг гўзал фикрлар осилган — Чўян: осколка. Қайларга қуюлар бу дарё, бу дарё тинарми?.. Ёки яна қайтадан бизнинг ибтидомиз бошланажакми? Бу темир: Бу Ғе эмас, таркиби жон, шаҳидлар қабрига ҳусн-гажакдир. Қуёш фожеъ хотира, асрдош. Йўллар. Икки одам йўл ўртасида, бир-бирига боқар, сирдош, суҳбат қуришар улар. Иккови ҳам кетди бир томон, лекин хайрлашиб олишди асли. Нарсаларга нарсадай қарай билмасам, ёлғиз сен сабаб, шамоллар онаси, ҳей, асрим. Деразамни очади бўрон, бўрон очар эшикларни. Менга бир дам бермайди ором кўрганларим, эшитганларим.

9.
Шамол, сочларимни тарама,
Оқарса оқарсин азобдан.
Қисмат, ҳайрон бўлиб қарама,
Ахир айирмадинг ғазабдан.

Кетмакдаман энди. Тонг отар.
Алвидо, эй, Турон диёри.
Кетмакдаман, ахир, биродар,
Дунё қолур, дунё ғубори…

Олдинда кўринур баҳорлар,
Бу — Туркий Дунёнинг Баҳори.
Пичоқлар бўғзимга етганда
Қалтираб тўкмасман ёшимни,

Ҳеч нарса йўқ менинг елкамда,
Мен сенга бахш этдим бошимни.

10. БИТИКТОШ

Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
Мана, минг йилларни опичлаб келган
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.
Унга қарайману бир ҳис туяман.

Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
Юрагим тошига шеърим ўяман.

11.
Чексиз-чексиз дақиқалардан иборатдир менинг чорак асрлик умрим. Бу қандай иморатдир бунёд этган қўлим. Гап бошқа, устоз, бошқа. Эй умрим, ҳаққимдир ахир бир соатнинг ўзида бир мазмун Нозимнинг дардлари каби узун, ишончлари каби ғолиб яшашга. Эллик ёшлик бефарзанд кишининг: «Бир ўғлим бўлса эди», «бир қизим бўлса эди» — фикрларидай оғир, ёшликнинг ширин армонлари каби олғир, айни орзуларда, айни қайғуларда, айни севинчларда, айни Туркистонда яшамоқ, устоз.
Шундай бўлмаса агар, нега керак бу келбат, бу овоз. Шунчаки дарахтдай ўсмоқми, шунчаки дарёдай оқмоқми дарбадар. У пайт кўзим очиқ лекин асли кўрмасди. У пайт юрак урар лекин асли урмасди. У пайт, дарахт-дарахт, дарё-дарё, Юсуф-Квазимодо.
Мен-ку истамасман ўлимни, бироқ ҳар соатда, ҳар дақиқада бу ёруғ дунёнинг ҳар томонидан ҳукм этмоқдалар ўлимга мени. Мен — Юлиус Фучик — дорга осилди бошим.
Тўйчи Эрйигит ўғли — отим менинг — кўксимда совуган қўрғошин. Ботган кўзларимда жаллоларнинг аянч сурати қотган. Ветнамлик бир гўдакман мен — бағри яра, қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган. Мен ҳали ҳам турма панжаси ора сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман. Қарайман қуёшга. Мен ҳаёт истайман, гап бошқа, устоз, бошқа…

12. ШЕЪРИЯТ

Сени танимаган шўрликлар аянч.
Асқад Мухтор

Одам Ато ва Момо Ҳаводан олдин ҳорғин кишиларнинг руҳида бўлдинг бунёд, бунёд бўлдинг Ер ва Дунё аталган Юртда. Сен бор эдинг ҳаётбахш сувда, учар шамолда, иссиқ тупроқда, сен бор эдинг Прометей келтирмаган ўтда. Кейин даврлар, асрлар, Атом асри кейин… Дунёни қайта қурмоқ, ишончга ишонтирмоқ мумкин бўлмасди, сени билмасдан. Сени таниганнинг қўлларига дармон бердинг, кўзларига нур.
Бош отганда улуғ жангда ўлимга мағрур — ўлими гўзал эди сени таниганнинг, ўлим — мангу яшамак каби туюлди у дам. Кимдир ёқа йиртди, сени унутди, талвасада бақирди, сени танимасдан увол ўтди оламдан. Ўзи танҳо қолиб кетди қузғунларга ширин емак бўлиб бир бурда.
Шу оддий сув мавжида, заррин япроқларнинг кўксида Навоий туғилар, суронларда Нозимнинг овози. Гардандан гирдоб каби қуюлар — Элюар, Вужудимнинг ҳар бир ҳужайрасида сўзларнинг содиқ қўшини — Туркистон, Туркистон, Туркистон — Туркийнинг дунёвий қўшиғи. Йўқ, ҳали йўқ, шоир экватор бўйлаб сенинг юрагингдан отилган ўқ.
Юксак орзулари бордир шоирнинг, шоирларда бўлар фақат эзгу ният. Қалам-қалам эмас бонгга зарб ила урилгувчи чўқмор, ундан таралгувчи садо ва акс садо сен, Шеърият.
Зарб! Оқ қоғоз узра гўё ёруғ жаҳон узра урилар қалам. Зарб!!! Қасрлар, тахтлар Оъвузликлар шаклида йиқилди. Шоир кулди, Оллоҳни тан олмаган даҳрий оломон таниб олди илоҳий деб сени, Шеърият.

13. АГАР

Агар шундай бўлса агар шундайин…
Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Ҳаммаси икки карра икки, яъни беш,
Агар шундай бўлса, агар, дарвоқеъ…

Ҳаёт мураккаб, деб ўйлаймиз ҳайрон,
Гавжум — одам тўла бўшлиққа қараб.
Оқ, қора, қизил, заъфар харита —
Она Туркистонга бош қўйиб маъюс.

Бу ҳаёт мураккаб, деймиз тик боқиб
Юлдузлардек ҳадсиз ҳаёт кўзига.
Хусусан, ҳаёт кўп мураккаб, деймиз
Ўз-ўзимиз бузиб қўйгандан кейин.

Гарчанд ҳамма нарса тушунарлидир…
Барибир, бир фикр берингиз менга
Оддий «ассалому алайкум» каби
«Саломат юрибсизми она?» дегандек,

«Ўғлим қаерларда қолдинг сен, тавба?»
«Уй олдингми? Неча хоналик, иним?»
«Устинг бут, мояна қанча?» — сингари,
Одатий, кундалик гап монанд фикр.

Ва яна бир фикр берингиз менга,
Токи тоғ-тошлоқда кезайин сарсон,
Саҳрони, харсангни сўзлатмак учун,
Пахта каби юмшоқ сўзласин тошлар.

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Агар шундай бўлса, агар… дарвоқеъ…
Йиртқичлар қайтсин ўз болалигига…
Наҳотки, биз қайта билмасмиз, наҳот…

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Тушунарли, агарда шундай бўлса.
Осмонларга бош уриб ўлмак, қизиқ,
Чунки бошинг етмайди. Тушунарли.

Ўйлаб бир фикр берингиз менга,
Токи артмакка шошсинлар одамлар
Майса, япроқларнинг шабнам ёшларин,
Ботаётган кунга қараб йиғлашсин…

14.
Харита
Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг суврати — харита,
Етар.
Мен ҳали кўрмаган ороллар,
Мен ҳали билмаган ерлар, денгизлар,
Конларимда ором олар.
Қонларимни бузар.
Бунда кўринмайдир бир чайла,
Унда бақираётган бир одам…
Қалқир, қалқар ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан.
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлар отар?!
Харита — Туркистон — нафасим,
Кўзимнинг иссиғи — харита.

15. БАХТ ВА ТАШВИШ

Онам Сакина Исабекка

Бахт деб сен чеккан ташвишга ўғлинг арзирми, уза биларманми бир замон узиш мумкин бўлмаган қарзимни?! Ташвиш — қўрғошин каби оғир, Ватан каби, Туркистон каби, Бахт каби оғир, шунча ёшга келиб, шамолдай елиб нима қилдим, нима, ахир? Барибир хафа эмассан мендан, тўғрими? Мени деб ташвиш ютасан, мени дунё чоғлаб, бошингдан дунёни баланд тутасан, қизғонасан тўпори ўғлингни. Бир машъум зарб ила тўхташи мумкин тақдирлар умри… Истамайсан ваҳший вулқон ила тўсилиб қолсин Қуёш. Шундандир қуёшлар қайнови қонингда, шундандир кўзларингда доим ёш. Ҳа, дилларнинг доғи бор, умрларнинг адоғи бор бегумон. Аммо Инсон даҳшати билан бир куни, бир зумда оламдан ўтишимни истамайсан онажон. Мени бахтим деганинг менинг
бахтим эканинг. Бироқ қийнар ташвиш — бахтиёрлик каби жиддий иш. Сени хижолат этганим сени маломат этганим — дунёдан бош олиб кетганим. Майли, ҳаммаси олдинда, чекмаган заҳматим, битмаган хатим, олмаган нафасим олдинда, ташвишимни оқларман, Бахтимни ардоқларман қайта туғилган ўғилдай.

16.
Дарё каби доимо уйғоқ,
Интилишим тоғ қадар баланд,
Олис йўлга отландим, бироқ,
Меҳрим билан, муҳаббат билан,
Эй кўнглимга тугилган Ватан.
Хотиралар сўзлар ҳар бир тош,
Эсдаликлар ёғади осмон.
Тирикликнинг шоҳиди Қуёш
Эсламакдан тинмайди ҳамон.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Чақиради тоғлар, дарёлар,
Яна йўлга чорлайди мени.
Мени чорлаб қуёшлар ёнар —
Ўрганадир ёниш илмини.
Чақиради тоғлар, дарёлар.
Ҳали олдда қанчалар довон,
Ўтгунимча то уни босиб,
Сўзла, наҳот битадир дармон
Кўзларимнинг тугар зиёси?!
Ҳали олдда қанчалар довон…
Оҳ, Туркистон энг аччиқ бўса
Каби лабларимда уриндинг.
Мен олисга отланар бўлсам
Куйган юрак бўлиб кўриндинг.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Дарё каби доимо уйғоқ
Интилишим тоғ қадар баланд.
Олис йўлга отландим, бироқ
Сенга бўлган садоқат билан,
Эй, кўнглимга йўғрилган Ватан.

17. СЎЗЛАР

Дарак гап. Инсон. Ундов гап. Инсон!
Сўроқ гап: Инсон? Яшамакни ўргатар сўзлар.
Баъзан кўксимизда ташиган жонни ташламакни ўргатар сўзлар. Сўзлар керак, Бош Ҳарбларда яраланган. Бош Ҳарфлардан яралган сўзлар. Болари сўздони бир ажиб, сўзлардир пешонада тўпланган ажин, қўлларимиз фикрчан сўзлардир. Ҳаддан зиёд гўзал сўздир — Турон. «Ассалому алайкум» бу тонготар, «Ва алайкум ассаламу», «Яхшимисиз» — бу йўл. «Хайрли тун» — бу — Қуёшнинг ботиши. Йўлдаги киши: жуда ажойиб жумлага ўхшайди. Олижаноб сўзларга ўхшайди — Ер шари…
Яшамакни ўргатар Сўзлар.

18. УСМОН НОСИР
Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган.
Эҳ, кимлар чок этиб кўксини,
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

Мен билурман сени, шеърият,
Юрагимнинг сенсан улфати.
Лекин, э воҳ, шу эдими айт,
Шу эдими шоир қисмати?

У Лайло атаган шеърият,
Мажнунингни нечун ташладинг?
Шу эдими ошиққа қисмат,
Муқаддас кўзларни ёшладинг?

Хато йўлга кирган бўлса ул
Нега сен тутмадинг қўлидан?
Шундай кетди яна бир ўғил,
Сақлаб қололмадинг ўлимдан.

Она шеърият, ўйлайсанми,
Қўйдинг-ку шоирни қақшатиб.
У қурбони бўлди, дейсанми
Сўқир замонларнинг ваҳшатин?..

Қандай аянч, бу надир ахир,
Кечирмасман сени ҳеч қачон.
Вужудимни ғижимлар оғир,
Руҳим ичра яланғоч виждон.

Наҳот мумкин эмасди, наҳот,
Лол турганда дунё қаршингда.
Қийнашганда ёвузлар ноҳақ,
Бир қадам тушмадинг аршингдан…

Оън, шеърият, тутунга айлан,
Оън, Туркистон, тамом бўл, жигар,
Ўз шеърини ул ўзи билан
Оъндиргани рост бўлса агар!

Шеърият, йўлларингда сенинг,
Еҳ, кимлар зору зор кезмаган,
Еҳ, кимларчок этиб кўксини
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

19. ОНА ТИЛИМ
1.Абут-турк таърихдан балки бир ҳикмат,
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис хотиротдир ўчмас фалакда.
Ҳақдан, Ҳақиқатдан кўринг, ким тонар?
Дунёвий аламнинг тийғи юракда.

Ватан деб аталган бешик, онажон,
Мен учун ёпилган эшик, онажон,
Мен сокин солланиб илғаб борарман,
Ватан деб аталган тобут қўйнида,

Чувалган булутни қордек қорарман
Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.

2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Елим, Она тилим, руҳимнинг қони
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,
Таним ёнмакдадир ишқсиз очунда.
Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,
Оёқларим менинг тупроқ ичинда.

Барчанинг бошида бирдек беомон,
Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —
Бузғун йигирманчи аср аъмоли…
Менинг она тилим, мунис, меҳрибон,

Сен Туркий дунёнинг ғолиб хаёли —
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.

3.Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.

Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!
Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод занжирбанд этса хотирот?!

Занжирбандман, она тилим, Она сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман сени кўзимга.
Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,

Бошимни қўярман Сенинг изингга…
Қудсия анфосин ёдлаб ўларман.

20. ОҲАНГ
Сени оҳанг, эй ғамли оҳанг,
Танимасдим, билмасдим олдин.
Томиримда хун талашур жанг,
Шунча ғамни қаердан олдинг?
Билмасмидим, ёруғ дунёда
Шунча алам, шунча изтироб,
Қайғуларда туйғулар ёнди,
Заҳарми симирди хотирот?!
Оъмғир гўё дийда ёшидан,
Нечун яраланди тушунча?
Аламларга тимсол ўхшайди
Тонг чоғида очилган ғунча.
Дилгир-дилгир юлдузлар ёнар,
Ой ўзини отади ҳозир.
Менинг ўйчан, меҳрибон онам —
Ер шаридан олинган тасвир.
Йўқ, сен оҳанг эмассан. Оълғон…
Сен қалбимда эшилган нидо.
Сен ҳам менга ўхшаган Инсон,
Сен ҳам дунё, шу Туркий Дунё.

21.
Яна қайтиб келдим. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.
Азиз даргоҳ остонасида
Сизни қалбим билан қучайин,
Тўйиб-тўйиб сопол косада
Муздек қудуқ сувин ичайин.
Ҳар бир нарса яқиндир менга,
Ҳар бир нарса менга қадрдон.
Қараб қолдингизми йўлимга
Иссиқ нонлар узиб тандирдан?..
Койимангиз мени бу сафар,
Унутди, деб уйни, даламни,
Не чора бор, дил ёнса агар,
Дил соғинса туркий оламни…
О, қишлоқнинг мунис чиройи…
Аччиқ пиёз тўғрайин ўзим.
Дил соғиниб йиғлайди доим
Ҳозир, майли, йиғласин кўзим.
Тарғилланиб бормоқда осмон,
Оппоқ ҳидга тўлмоқда бағрим.
Айтингиз-чи, борми соғ-омон
Шаҳло кўзли менинг тарғилим?
Оғушимда зангори сезги,
Кипригимда суюқ ҳаяжон.
Кўзларимда юмалоқ севги,
Саломатман мен ҳам, онажон.
Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.

22.
Ҳайрон, мағлуб бу коинот,
Ўйнар гуллар, ўйнар насим…
Айтинг, кимга этмиш насиб,
Бу кимнингдир ширин ҳаёт,
Ҳайрон, мағлуб бу коинот?
Майли, ҳали бор имтиҳон,
Ҳув, олдинда буюк орзу,
Уфқ ёриб кетмакда у,
Ҳув, олдинда Улуғ Турон.
Майли, ҳали бор имтиҳон.
Садолар бер, бахтли жаҳон,
Унда йўқми ёвуз ўлим?
Сарбон, қани кетдик, сарбон.
Турон сари карвон йўлим.
Ассалом, эй бахтли жаҳон.

23. «ЧЎЛИ ИРОҚ»

Уфқ ёнар, Уфқ. Уф-ф!
Карвон борар қумликда. Қум. Қум…
Туяларда ҳазин қўнғироқ,
Чўли Ироқ, чўли Ироқ
Тун… Кун… Тун…
Поёни йўқ мунгли бу саҳро
Узра ҳурмо
Ўсадир танҳо.
Ҳурмо ости ложувард булоқ.
Чўли Ироқ. Чўли Ироқ.
Юрак чапак чалади чанқоқ,
Беҳуда севинар Карвон.
Карвон учун
Энг ширин армон —
Улуғ Турон —
Ўша булоқ…
Қуриган бироқ…
Чўли Ироқ, Чўли Ироқ.
Йўли йироқ кўп ёмон…
Тун… Кун… Тун…

24.
Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,
Остонангда эй туркий тилим.
Менга бир шеър керак, эй мезбон,
Ёзилмаган шеър эрур дилим.
Айтгил, нечун бунчалар қизиқ,
Ески жаҳон, бу эски жаҳон?
Бир шеър керак нон каби иссиқ
Менга бир шеър керак, эй мезбон.
Мен ғарибман ва сен беомон,
Сен Қуёшсан, мен сўнган чироқ.
Қийнамагил мени, онажон.
Сен — абадий, мен — лаҳза, бироқ
Итоат эт менга шу замон,
Ё айлагил телбани тупроқ.

25. САМАРҚАНД ОСМОНИДА

Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.
Кўз ўнгимда қадимий жаҳон,
Асрларни бузар хаёлим.
Осмонида шунча ҳаяжон,
Тушганимда не кечар ҳолим?
Фалакларда муаллақ турдим,
Мени сўнгсиз хаёл этмиш банд.
Сенинг буюк ўтмишинг кўрдим,
Келгусингни кўрдим, Самарқанд.
Таърих айтар, аста жаранглар,
Даҳмаларда қадрдон калом.
Зиё сочар самовий ранглар,
Минорларда абадий илҳом.
Клавихо каби боқурман,
Бошинг узра келдим-ку алҳол.
Асрлик тош янглиғ қотурман
Шоҳизинда қошида беҳол.
Ошиқман-ку мен учун басдир,
Атамассан менга қаҳрингни,
Лекин барча ошиқ эмасдир
Сен уларга очма бағрингни.
Карвон-карвон келиб кетдилар,
Ҳаммасини бағрингга олдинг.
Шамол каби елиб кетдилар,
Фақатгина Сен мангу қолдинг.
Илҳом излаб келди бирови,
Биров сенга қилинди сургун.
Ким дўст эди, ким эди ёвинг,
Барчасини айтолмам бугун.
Ер талашиб келдилар ахир
Ваҳший тўда айҳоннос уриб.
Ҳаммасидан хабардор таърих,
Мен не дейин осмонда туриб.
Бўлган-ку кўп қиёмат-қойим,
Қийин эрур ахтармак қиёс.
Туркистонни ўйлармиз доим,
Келажакка буюк эҳтирос.
Тушлар кўриб ухларсан гўё,
Тушларингда қадимий қисмат,
Эй, Самарқанд, эй кўхна Дунё,
Сен уйғониб кетмагил фақат.
Кўпдир шаҳар деганнинг оти,
Имкон бўлса кўрарман бир-бир
Бироқ танҳо эрур ҳаётим,
Танҳо эрур Самарқанд ахир.
Бахти кулган элни кўргайман
Хароб бўлган бўстон жойида.
Таъзим бажо қилиб тургайман.
Кўктангрининг қутлуғ пойида.
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.

26.
Талпинади, шундай кулади
Кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарё.
Дарё узра ой ҳам қулади
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.
Талпинади яшил далалар —
Совутади асов отини.
Қуёш ширин ўйларга толар,
Бугун ёзар гул ижодини.
Совуқ юракларга ўт қалаб
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади Туронда баҳор.

27.
Дилгир мусиқи оқарди,
У пайт сўзсиз ва паришон
Бир-биримизга боқардик:
Сени алдамайман… ишон…
Дилгир мусиқи оқарди.
У пайт кўзинг эди—маъно,
Сохта туюларди сўзлар.
Орзуларим каби наво —
Сенинг каби мислсиз гўзал.
У пайт кўзинг эди—маъно.
Оқшом, Туркистон ва ёмғир,
Сен ёнимда, сен… ёнимда…
Аста тўхтар бу куй оғир.
Куй бўлиб қолдинг ёдимда:
Оқшом, Туркистон ва ёмғир.

28.
ЮРАК
Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ…
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма-аччиқ.
Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.
Балки алдаганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугунчи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан, барибир, менинг юрагим.
Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из,
Даркор бўла қолсанг йиқилғил майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.
Изн бер, ҳайқирай иймоним ҳаққи
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман холос.
Гарчи тутқунман-ку эркин сеҳрингга,
Унда собит турар мақсуд—манзилим.
Қолиб кетмасайдим сенинг меҳрингдан,
Қолиб кетмасайдим йўлда узилиб.
Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,
Шодлик ва ҳасратнинг маскани санда.
Овоз бер, айтарманми эшитиб зора
Еслаб қўярлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Айтгил, зорингни бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига?!
У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни тўкардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

29. БОҒЧАСАРОЙ ФОНТАНИ

Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир кутасан садо.
Неча-неча малак қошингда
Тўкиб солган қонли ёшини.
Сен йиғлайсан балки ўшандан
Ғамли фонтан, эгиб бошингни.
Кўнгил учун ахир кулмайсан,
Сен ҳамон йиғлайсан бечора,
Кўрганингни айта билмайсан,
Бир сўз айта олсайдинг зора…
Шу зангори осмон остида
Хаёлотдек бепоён олам,
Нуқта каби олам устида
Қрим деган бир мамлакат ҳам.
Қаҳрли, бешафқат гаройлар…
Ўзинг гувоҳ, кўз ёшинг гувоҳ,
Кечди аср. Йиллар ва ойлар,
Нелар кечди бошингдан, эйвоҳ.
Кўкка етди сабр дарахти,
Йиғла, Қрим, йиғла, тангри кўк.
Не бўлмоқда инсонлар, айтинг,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир, қандайин ҳолат,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир бўлгансан жудо.

30.
Уйғонар Туркистон, уйғонар Дунё,
Порлоқ умидларга тўлиб кун ботар.
Бахт сингари олис юлдузлар гўё
Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.
Кўнглим осмон янглиғ, ёришди осмон,
Келур от ўйнатиб Халоскор Сарбоз.
Оърқин саҳарларда Сен, Руҳим, омон
Юксак-юксакларга қилабер парвоз.
Эй Само, эй Замин, эй Инсон — қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл,
Нафосатга ахир чидамли одам.
Бу кун Сен бошқасан, Дунё бошқадир.
Сен-да Ҳур туғилдинг. Бир сўзла. Бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир Алам…

31.
Почта. Телеграф. Телефон. Кирдим.
Базўр олиб келдим оёқларимни.
Танбал, эринчак бир вужудки бу, эҳ,
Оёғим маъюсликнинг оёғидир.
Гоҳ шундай бўлурки, миямда ғашлик,
Ўзим бир челак қон, сув ва бошқалар,
На Ветнам, на Исроил, на АҚШ,
Дунё ўз йўлига, мен ўз йўлимга.
Шоҳкурсига ташлаб қўйдим ўзимни,
Юмшоқ, шилимшиқ шоҳкурсига чўкиб
Кута бошладим рағбатномалар,
Дўстларимнинг ёзмаган мактубларин.
Бошин зўрға тутар оғир устунлар
Залда уймалашган жонларга қараб,
Бу ер ғовурига бепарво, беҳис
Почта қутилари туришар узун.
Қопқоқли оғзини очару ёпар
Бу ерда елим ва сиёҳ ҳидлари.
Бу ерда қоғозлар бўлмоқда нобуд,
Гарчи воқиф эрурлар ҳар нарсадан.
Эй, бечора варақ, қафасга тушдинг,
Телефончи қизнинг овози чиқар,
Жаранглар совуқ: «Фалон Фалончиев,
Жавоб бермаётир… алло, Фарғона…
Туркистон?! Олтинчи хонага киринг…
Бу ерда сўррайиб турманг, азизим…»
Омонат кассасин қулоғи тирбанд
Ўликнинг оғзидек очиқ дарича.
Биров пул қўйишга шошар, бахтиёр,
Биров олар сўнгги сўмин паришон.
Менинг унга раҳмим келмайди. Ажаб.
Бу ерда ўйин тушар шодлик ва ғам.
Оёқларин кериб оҳанг пуркайди
Тахталар. Қандиллар жўр бўлар шошқин.
Булғаниб маст ҳолда ёзғичлар ётар
Ғижим қоғозларга боқишиб ҳайрон.
Телефонхонанинг бирида кулгу,
Бирида кулгунинг тескарисидир.
Бунда сувратлар ҳам қандайдир дардли,
Тўғриси, дардларнинг шаклидир булар.
Гоҳ шундай бўлурки миямда ғашлик,
Бурчакда оқ, жиддий туфдонлар фақат
Туфукларин сочиб турар илжайиб,
Нофелет. Фаргелет. Атчоп. Кетаман…

32. ОНА ТУРКИСТОН

Абдулла Қодирий хотирасига

1.Хотирамнинг қаър-қаърида таърих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқин қуш сингари қолурман ғариб
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.
Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шаъм
Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.
Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир — дунё.
Наҳот фарзандига — ўзига ғаним,
Ўзи юрагига жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!
2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимга эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир? У балким
Ичимни кемирган қадимий қасос.
Кўрингиз таърихни. Кўз олдим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан…
Ошно тутинардим пўлат ханжарга…
Жанг майдони сари отилардим ман…
Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошинга ўқ каби учиб борарман…
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!
Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шакланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос, деб ёнарман ҳамон.
3.Умр деганлари ўтмакда шошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг берадир таскин
Ерта узилгувчи менинг умримга.
Оҳ, Она Туркистон, куйлайин ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим туркий дунёни,
Мана мен, тайёрман энди ўлимга…
Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.
«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

33.
Муаллақ қўлларидек булутлар
Сира раво кўрмас қуёшни.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Қўйган каби кундага бошни.
Сира раво кўрмас қуёшни
Учишган булутлар саргардон.
Англамайдир бу қайноқ тошни.
Бу саҳро-қонталаш жигардан.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Кутар-туғилмаган ўт, гиёҳ.
Булутлар саҳрони унутар,
Қақраган саҳрода не гуноҳ?!
Қўйган каби кундага бошни
Сабрсиз, бу саҳро, сабрсиз.
Қайга кўмсин бу чексиз лошни,
Қабрсиз, бу саҳро, қабрсиз.

34. ХУДБИН

Ҳеч кимга инонмадим ёруғ дунёда,
Инонмадим отамга, онамга инонмадим,
Боламга инонмадим, мен — шўрлик,
Бошқасини тилга олмадим ҳатто.
Қаттиқ севдим ўзимни —
Яшадим мен унинг
Ўлимин кутиб —
Мозорида бир тўйиб йиғламак учун.

35.
Сен айт. Букун сенинг айтганинг айтган, узун каломингдан увишади жон. Туркистон сўзига кимлар ҳам ётган, Сўзнинг ҳисобига етибмиз қачон? Сўзлардан дераза, сўзлардан эшик. Сўзинг остонадир, кошона сўзинг. Сен айт. Миннатдормиз. Бошимиз егик. Сўзлар салтанатин султони ўзинг. Кимдир бузди Сўзни; кимлар ўнглади. Ким сўзнинг жаллоди, кимлар қурбони. Олимлар тинглади, яқин тинглади. Қўйнимизга тўлди Сўзлар хирмони.
Бошимизга қўниб сўзлар инглади. Кўнглимизга ботди сўзлар ҳижрони.

36. ЭСКИ ТУРКИЙЛАРДАН

Чиқмасми қуёш балқиб
Боқмасми қодир худо!
Алвидо, она халқим,
Алвидо эй, алвидо.
Ўзбекмомо авлоди,
Ўзота ўғлонлари,
Рост бўлди юрак доди,
Қонларга тўлғонлари.
Денгизи қуриб битди,
Дарёлари оқмасми,
Наҳот бизни ер ютди,
Қодир худо боқмасми?
Туркистонни бўлдилар,
Парчаланди бемажол.
Устимиздан кулдилар
Ул ёвузлар бемалол.
Чиқмасми қуёш балқиб…

37. САЙЁД НАВО

Бас эй маккор, ғайри иймон истамам,
Бори фитна, бори ёлғон, истамам,
Менга онсиз икки жаҳон истамам,
Инсонманам, ўзга унвон истамам.
Кезиб шоир тинглагай фарёдлар,
Шоир тили ўз элидан додлар,
Ёраб! Боғбони йўқ, элбони йўқ.
Бори ўғри, каззобу жаллодлар.
Онча гуноҳ, онча шафқатдурур, ёраб,
Онча зиён онча рағбатдурур, ёраб,
Онча қайғу, онча раҳматдурур, ёраб,
Онча бунёд, онча ғоратдурур, ёраб.
Куйди очун, мен учун фарёд қил,
Тутқунманам, сен мени озод қил,
Исодин кечадурмен, дейил Сендан,
Ўзни қутқор ва Сайёдни сен ёд қил.
Маним мулким, маним сўзим — жавҳарим,
Сўзимнинг шуъласи ёнган аҳгарим,
Инонмаки, ўлмас бу мулкни йитиб
Дард мулким, дарди олам меҳварим.
Бу фалак бедодидин ўртонди дил,
Ёри ағёр шевасига қонди дил,
Не наво қилди вале Сайёд Наво,
Ёнди Одам, ёнди Олам, ёнди Дил.

38. ЁНАЁТГАН АЁЛ

Тентирар Касофат ғолиб Ахраман,
Ҳақорат жар солар бунда бемалол.
Қаён кетмоқдасан ёниб, қаҳрамон,
Қаён кетмоқдасан Эй ёнғин-Аёл.

Кўксингда Ҳарорат сўниб бўлдими?
Кўзингда сўнгги шаъм ўчдими, наҳот?
Тўхта! Қолган қолди, ўлган-ўлдими?
Тўхта, дейман, бордир, бор ўзга ҳаёт.

Ёнаётган Аёл, шафқат қил, уйғон,
Ёнаётган Аёл, Хурузм паноҳинг,
Болангга қарагил у тирик Туғён.
Тирик Жасоратдир, тирик Оллоҳинг…

Қани туркийларинг, Туронинг қани?!
Ёнаётган Аёл, ёндир Дунёни.

39.
Ухлама, сен, Ҳақиқат,
Чидам билан бориб қайт,
Оқ бўлсин босган изинг
Суйиб айтгин, туйиб айт,
Ловуллаб турсин Сўзинг,
Куйиб айтгин, тўйиб айт,
Ухламагин сен ўзинг
Ухламагин сен фақат.
Мудроқ, қўрқоқ жонларни
Уйқудаги муваққат
Басирларни уйғотгин,
Норасо маконларни
Қасрларни уйғотгин.
Уйғотгин замонларни
Асирларни уйғотгин,
Ухламагин сен фақат.
Чидам билан бориб қайт,
Елни тўплаб уйғотгин.
Заҳар хўплаб уйғотгин.
Сўзларингнинг Қуёши
Аччиқ ёшга айлансин.
Ботирларнинг кўзёши
Бир кун тошга айлансин…
Сен-да дам ол ўша пайт.

40.
Эй сиз, тўйганлар,
Эй Сиз, башанг оломон,
Юзингизга сепаман сўзларимни…
Ҳа, ҳеч нарса йўқ менда, ҳеч нарса.
Хотин — йўқ,
Фарзанд — йўқ,
Дўст — йўқ
Ватан — йўқ.
Йўқотганларимнинг алами-заҳри,
Кўксимдаги санчиқ олами,
Шеъриятдан бошқа,
Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса.

2007

Boymirza Hayit. Uch maqola.

2 tashrif
Share on printShare on facebookShare on twitterShare on diigoShare on friendfeedShare on vkShare on odnoklassniki_ruShare on google_plusone

uch

Таниқли ўзбек олими Боймирза Ҳайит 1917 йил 17 декабрда Намангандаги Ёрқўрғон қишлоғида таваллуд топиб,саксон тўққиз ёшида Олмониянинг Кёлн шаҳрида 2006 йил 31 октябр куни оламдан ўтган. Унинг 9 фарзандни тарбиялаган онаси Робия Ҳайит ва отаси Мирза Маҳмудмирзоўғли маърифатли инсонлар бўлишган.
Ўрта мактабни якунлагандан кейин Боймирза Тошкент Давлат Университетига таҳсил олади ва 1939 йилда ўқишни муваффақиятли якунлайди. Айни ўша йили ҳарбий хизматга чақирилади.Иккинчи жаҳон уруши бошлангач кўп ўтмай 1941 йили немисларга асир тушган Боймирза Ҳайит кейинчалик “Туркистон легиони” сафларида советларга қарши урушади.
Уруш тугаганидан кейин Олмонияда яшаб қолган Боймирза Ҳайит асосий фаолиятини Туркистон тарихига оид изланишларга бағишлади.
Олим Шўролар томонидан “босмачилик” деб аталган, мустақилликка эришилганидан кейин Туркистондаги миллий озодлик ҳаракати деб билинган қаршилик ҳаракатлари, ХХ асрдаги Марказий Осиё республикалари тарихига бағишланган ўнлаб китоблар, ўндан ортиқ илмий рисолалар, 400 дан зиёд мақолалар чоп эттирди.
Шўролар Иттифоқида Боймирза Ҳайит асарлари тақиқланди, унга ва асарларига қарши кўплаб мақолалар эълон қилинди.
Боймирза Ҳайитнинг Мустафо Чўқай, Чўлпон ва Фитрат каби шахслар ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган асарларининг нафақат тарих, балки ғоявий кураш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга экани эътироф этилади.
Сизга Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Русия ва Чин орасида” асаридан олинган парча ва икки мақоласини тақдим этамиз.

turkiston

Боймирза Ҳайит:
ТУРКИСТОН РУСИЯ БИЛАН ЧИН ОРАСИДА
(Парча)

ЎЗБЕКЧА НАШР УЧУН КИРИШ СЎЗИ

“Туркистон,Ўрусия ва Хитой оралигида;XVIII—XX асрларда ўруслар ва хитойлиларнинг истилолари давринда Туркистон Миллий давлатлари ва миллий мужодалалари тарихи” мавзули асар,биринчи дафъа олмон тилида Амс­тердам шаҳрида 1971 йилда нашр этилган эди. 1975 йилда турк тилида нашр этилди. Ушбу асар,Оврупо,Америка ва собиқ Советлар Иттифоқида кўп танқидларни кўрди. Советлар Иттифоқида ушбу асарга қарши кўп ёздилар. Совет — коммунизм мафкураси,бунинг ичида совет тарихшунослиги,бошқа асарларимдаги фикрларимни “ҳазм” қила олмагани каби,бу асарни ҳам ўзича хавфли ўлароқ кўрди. Ушбу асарни Совет Иттифоқида ўқимоқ ва ўқитмоқ берилажак жазоларнинг бир сабабчиси бўлар эди. Аллоҳга шукр ва миллатимизга раҳмат айтмоққа бурчлимизки:миллатимизнинг истиқлоли зулматни ўртадан кўтариб ташлади;руҳимизга ва фикрларимизга нур берди. Бунинг учундирки,ушбу асарни ўз тилимизда- ўзбек туркчасида нашр этмоқ учун йўл очилди.

Ушбу китоб миллатимизнинг фожиалари ва интилишларининг бир ифодасидир. Ўрусия ва болшевизм ҳамда Хитой сиёсатининг тазйиқи остида миллатимизга ўз кечмишини ўргатиш имкони бўлмаган эди. Истиқлол давримизнинг /Ғарбий Туркистонда/ бошланиши билан ушбу асарнинг нашр этилиши фақир ҳаётимиз янги бир муҳит ичига киришининг аломатидир. Ушбу китоб Туркия Култур Вақфининг тарихий тадқиқотлар армуғонини ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Чўлпон мукофотини қозонгандир.

Ушбу асарнинг ўзбек-туркчасини нашр этишга ташаббус кўрсатишган уринган юртдошларимга жондан раҳматлар билдираман.Ушбу асарнинг чет мамлакатларда нашр этилганини ҳаммамиз биламиз. Асарда фойдаланилган манбалар чет мамлакатларнинг илмий кутубхоналарида сақланмоқда. Ўзимизнинг архивларимиз /ҳужжатхоналаримиз/ бугунга қадар илмий тадқиқотлар учун очилмади. Китобнинг нуқсонлари бўлиши табиий бир ҳолдир.

Ишонаманки,Туркистоннинг бугунги мустақил давлатларидаги олимларимиз кела­жакда бу асардан кўра жиддийрок,кўп манбаларни ўртага чиқармоқ йўли билан мукаммал асарлар ярата билажаклар. Агар ушбу асар кўпгина ҳаққоний илмий танкидларни кўтара билса,бунинг билан мағрурланаман. Холис танқидлар келажакда ўтмишимизни ўрганишга ва тадқиқотларнинг юксалишига ўз ҳиссасини қўшган бўларди.

Агар асарнинг ўзбек туркчаси нашрига 1970 йилдан кейинги тарих ҳам илова этилса,маъқул бир иш бўлар эди. Деярли сўнгги 20 йил тарихини китобнинг ушбу нашрига илова эта билмадим. Буни илмли одамларимиздан бириси ҳозирги замон қайноқлари ва руҳи билан,асарнинг давоми ўлароқ юзага чиқара олади,деган умиддаман.

Васиқаларни ўрганиш ва ўргатишда тўғри йўлда бўлган тарихчиларимиз,шоир-адибларимиз,файласуфларимиз ва журналистларимиз турли ҳукуматларнинг таёқларини едилар. Улар ўтмишдан келиб чиқиб келажак ҳақида,ҳозирдан эътиборан,ўз виждони,имони ва ҳақиқат асосида фикр юритмакка имкон топа олдилар.

Зулмдан эркинликка ўтиш даврида бир қанча қийинчиликлар кўзга ташланади . Лекин бундан қўрқмаслигимиз керак. Ушбу асар ўқув юртларимизда,токи бошқа бир мукаммал асар ёзилганига қадар,бир ўқув қуроли вазифасини бажарса,китоб ўз бурчини ўтаган бўлади. Агар ушбу китоб Туркистоннинг ҳамма шева ва тилларида нашр этилса,фойдадан холи бўлмас эди. Билмадим,онгимиздаги “маҳаллийчилик” /локализм/нинг сарқитлари бунинг амалга оширилишига имкон берармикан?

Шон-шарафлар Миллатимизникидир. Абадий ҳурматларим ила фалсафа доктори Боймирза Ҳайит.

Кёлн шаҳри,Олмония.
Апрел,1992 йил.

* * *

У Ч И Н Ч И Б Ў Л И М

ТУРКИСТОНГА ЎРУС ҲУЖУМИНИНГ БОШЛАНИШИ ТАРИХИ

1.

Ўрусия Туркистон бўсағаларида Туркистоннинг кичик ва мустақил турк давлатлари теварагида кечаётганларни англаши ва шунга лойиқ тадбирлар кўришда ожиз бўлганликлари сабабли Осиёда етакчи давлат бўлиши имкониятини йўқотди. Шунинг учун шарқда,Ўрта Осиё йўналишида ўруслар жонландилар.
Ўрусия XVI юз йилликда Туркистоннинг таҳликали бир рақибига айланди;
Туркистон давлатлари буни фаҳмлай олмадилар. Ўрусия 1480 йилда турк-мўғул истибдодидан эндигина қутулган эди. Фақат ўша замонларнинг ўлчовига кўра Ўрусия тадрижий равишда Туркистонга қарши заминли юриш қила олишини ҳеч кимса тасаввур ҳам қила олмасди. Турк ерларини қўлга киритиш учун Москав шаҳзодалари режалар ҳозирлашар ва уни амалга ошириш учун фурсат пойлар эдилар. Осиёда йирик бир мустамлакачилик сиёсатини бошлашдан аввал Русия Оврупада мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳаракат бошлади.Турклар 1453 йили Истанбулни (Константинополни) забт этгандан сўнг Москва раҳбарияти Византия императорлиги ерларини буйсундириш умидида эдилар. Чунки бу даврда Оврупада Византия императорлиги меросига ворис бўладиган даражада қудратга эга бўлган бошқа давлат йўқ эди. Шарқий Оврупада Москва шаҳзодалари орасида христианликни исломдан ҳимоя қилиш ғояси тарқалган эди. Шу тарзда III шаҳзода Иванда Византиянинг сўнгги қайсарининг жияни София Палеологга уйланиш фикри пайдо бўлди.

Никоҳ 1473 йили қайд қилинди. Шундан сўнг Венедик Сенатосу III Иванни Византия императорлигининг қонуний меросхўри,деган қарор қабул қилди. III Иван бу мерос ҳуқуқига биноан жуфт бургутни “рамз” сифатида ўзлаштирди- XVI асрнинг ўрталарида Московда “Москов 3—Румдир” деган фикр тарқатилди. Бу ғоя рус сиёсатида етакчилик қила бошлади. Шундан бошлаб Москов шаҳзодалари шу ишонч асосида ҳаракат қилдилар.

Ўрус раҳбариятининг Московни З-Рум даражасига етказиш хаёли уларни салтанат васвасасига солди. Ўзларини усмонлиларга (туркларга) нисбатан заиф ҳис этган Ўрусия “Византия” императорлигини шарқий ерларда-Ўрта Осиёда давом эттиришни режалаштирди. Ўрусия татарлар босқинидан энди қутулиб,мустақил давлат ташкил қилган даврдаёқ ўрус ҳукумати эътиборни Шарққа қаратди1-Ўрусия IV Иваннинг ҳокимияти даврида -1437 йили Олтин Ўрдадан ажраб,мустақил ислом-турк давлати бўлган Қозон хонлигини 1552 йилда,1466 йилдан эътиборан мустақил бўлган Астрахан хонлигини 1556 йилда босиб олди2- ўруслар Идил (Волга) ва Ёйиқ (Урал) дарёларига ва бевосита Хазар (Каспий) денгизига туташдилар. Бундан кейин ўруслар Шарққа юришларини тўғридан-тўғри давом эттирди. 1558-82 йилларда Сибирия қўлга киритилди. Бу истилочилик сиёсати билан Кучумхон3 идорасидаги жанубий Сибирия туркларининг мустақиллигига ҳам барҳам берилди.

Ўрусия Туркистоннинг шимоли ва шимоли-ғарбида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун славян4 ирқига мансуб бўлган казакларнинг 5 эътиборини қозонишга киришди. Казаклар ўрус қўшинлари ҳимоясида Ейиқ дарёсининг ўнг қирғоғига жойлашдилар. Улар бу ерларда Туркистонга қарши қаратилган юришнинг илғорига айлана бошладилар. Казаклар хотинларини ўзлари билан олиб келмаган эдилар. Шунинг учун мусулмон хотинларни олиб қочиш кундалик заруратга айланиб қолганди. Улар бундай ёввойи босқинчиликларни эркин амалга ошира олишга ишонар ҳам эдилар. Казакларнинг йўлбошчиси Нечай 1602 йилда Урганчда пайдо булди ва шаҳарни талади. Хоразм хони Араб Муҳаммад талончиларни таъқиб этиб,ҳаммасини асир олди ва қатл қилдирди. 1604 йили казаклар Шамай бошчилигида Хивага юрдилар. Мақсадлари бу шаҳарни ишғол этиш эди. Фақат Хива кучлари томонидан орқага қайтарилди. Кўринадики,ка­заклар Сибириянинг Ўрусия томонидан ишғол қилинишида жуда катта рол ўйнаганлар. Ўрус раҳбарияти Туркистонни истило қилишни казаклар ёрдамида амалга оширишларига ишонар эдилар. Шу мақсадда 1597 йилда Ёйиқ,казаклари ҳарбий нуктаи назардан етук бир ҳолатга келтирилди. 1775 йили Ёйиқ дарёсининг номи “Урал”га ўзгартирилди. Урал казакларининг ҳарбий бириклари ниҳоят XIX асрнинг ўрталаридан эътиборан қирғизлар (қозоқ турклари) Ўрта Осиё истилосида Ўрусия фойдасига буюк хизматлар кўрсата бошладилар. Худди шундай Сибирия казаклари ҳам 1808 йилда марказлашган ҳарбий маҳкамага буйсундирилдилар. Ўрусия аста-секинлик билан Туркистон заминига кира бошлади.

“Қозоннинг,Астраханнинг,Сибирия ва Ёйиқнинг Ўрусия тарафидан қўлга киритилиши Туркистонни унинг яқинига келтирди”8. Аслида Ўрусия XVI юзйилликдан бери қатъий бир истилочилик режалари билан Туркистон дарвозалари томон катта қадамлар ташламоқда эди.

Ўрусия билан Туркистон орасида савдо ва сиёсий муносабатлар. Туркистон савдогарлари ўрус бозорларини дастлаб кашф этганлардандир. Ўрус тарихчиларининг маълумотларига кўра,Туркистон савдогарлари 1364 йилда Нижний-Новгородга борганлар. Ўруслар ҳам Қозон ва Астраханни ишғол этгач,Ўрусия ва Туркистон орасидаги савдо муносабатларини йўлга қўйиш имконига эга бўлдилар. Бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар эса,фақат XVI юзйилликка келиб ўрнатилди. 1585 йилда Хива элчиси Маҳмудхўжа ва Бухоро элчиси Муҳаммад Али Московга келиб,чор Федор Ивановичга хонларнинг дўстлик мактубларини тақдим этдилар. Бухоро хони томонидан жўнатилган мактубда,чор ўз шахсига кўрсатилган ҳурматни етарли эмас,деб ҳисоблади. Ҳар холда чор Бухоро ўзбекларининг қудратини ва улар ватани буюклигини менсимасди. Хива ва Бухоронинг бу илк дипломатик миссиясининг натижасида аён бўлдики,чор ва унинг атрофидагилар Туркистон ҳукмдорларини майда ва кучсиз деб ҳисоблар экан. 1598 йили Борис Годунов ўз элчиси Бойбўри Тайшевни (татар) Бухорога жўнатиб,улардан ўрус ҳукмдорига бошқа ҳукуматлар каби чуқур ҳурмат кўрсатишни талаб қилди Бундай ҳурматсизликка нисбатан Бухоро хони ҳеч бир монелик қилмади.1616 йили Хива элчиси Московга келиб тижорат муносабатлари юзасидан учрашувлар ўтказди. 1619 йилда Московдан Бухорога элчи жўнатилди. Москов элчисига берилган кўрсатмада:хон элчини қабули вақтида тик туришлик,чорнинг номи тилга олинганда ва аҳволи сўралганда уни Қайсар (император) сифатида ҳурмат этиши талаб қилинди. Бухоро хони бу талабларга эътибор бермади9. XVII аср давомида Туркистондан (Бухоро ва Хивадан) Ўрусияга ўн олтита дипломатик ҳайъат борди.

Ўрусиядан ҳам Туркистонга тўққиз дипломатик ҳайъат жўнатилди. Туркистон ҳайъатларининг асосий вазифаси тижорат сиёсати эди. Ўрусия ҳайъатларида эса тижорат вазифалари қаторида сиёсий топшириқлар ҳам бор эди. Масалан,Бухоро ва Хивага юборилган ўрус ҳайъатига берилган кўрсатманинг матни шундай эди:“Зиёрат этилган мамлакатнинг сиёсати,иқтисодий аҳволи,ҳарбий тузуми ва қўшни мамлакатлар билан боғланган йўллар ҳақида маълумот тўпланиши керак” 10. I Петр Туркистонга ва Ҳиндистонга,айниқса,катта эътибор берар эди. У Ўрусиянинг Туркистондаги нуфузини савдо-сотиқ воситасида кенгайтира билишига ишонар эди. Хазар денгизининг бу мақсадни амалга оширишдаги сиёсий,иқтисодий ва ҳарбий аҳамиятини яхши тушунган эди. Бу ердан Кавказ,Эрон,Туркистон ва Ҳиндистонга йўл очиларди-да!11. I Петр бу мақсадига эришмоқ учун Туркистонга мамлакатнинг аҳволини ўз ерида аниқламоқ ниятида мунтазам равишда дипломатик ва тижорат карвонлари юбориб турди.12 Ўрус савдо ва дипломатик миссияси то Туркистонни босиб олиш учун қатъий бир қарорга келгунча бу борадаги ўз ишларини давом эттирди.

Ўрус миссионерларининг ҳарбий мақсадидан ташқари ўзига хос бошқа ҳунарлари ҳам бор эди. Булар:“ишончли хабарларга кўра” каби уйдирмалар воситасида ҳукмдорлар билан қабилалар ўртасига нифоқ солиш,пора бериш,қўрқитиш,бўҳтон қилиш кабилардан иборат эди13. Ҳолбуки,Туркистон Ўрусия ҳужумидан аввал оғир бир
ғафлатга чўккан эди. Ўрусияда бўлган Туркистон вакилларига Ўрусиянинг тузуми,аҳволи ҳақида маълумот тўплаш учун Туркистон ҳукумати томонидан қандайдир бирон-бир топшириқ берилгани ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқ. Туркистон ҳукуматлари Урусиянинггина эмас,бошқа қўшни давлатларнинг ният ва мақсадлари ҳақида маълумот тўплаш тушунчасига эга эмас эдилар,фақат “душман билан майдонда қаҳрамонларча урушмоқ”,каби қадимий,эскирган фикрлар билан яшар эдилар.

Туркистон ҳукумати ташқи сиёсатга жуда кам эътибор берар эди. Асосан,ички масалалар билан ўралашиб қолар эдилар. Шу боисдан ўз иркдошлари ва диндошлари билан кўпроқ уруш қилар эдилар. XIX юз йилликнинг бошланишида Туркистонда тақдирга тан бериш ҳукмрон ғоя эди. Бу ҳолат ҳар қандай ҳодисани тақдирга йўйишга олиб келар эди. Бухоро ёки Хивага Московдан бирор ҳайъат келганида,“кофир”ларнинг самимиятига шубҳа қилардилар,аммо ҳеч кимсанинг ақлига Ўрусия ҳақида маълумот тўплаш фикри келмасди.

Чингизхон ва Темур даврида давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бўлган жосуслик ғайриахлоқий ҳодиса сифатида талқин қилинарди ва шу сабабли Ўрусиянинг шум ниятларини ўз вақтида ўрганадиган кимса топилмади. Натижада,Ўрусия Туркистонни истило қилиш учун душманлигини билдирмасдан,мақсадини усталик билан яшириб,фурсат кутди ва ҳар гал “нормал савдо муносабатлари ўрнатиш” баҳонасида Туркистонга кириб келди.

3. Истиқлодан аввал Ўрусиянинг Туркистонга юборган ҳарбий разведкалари

Ўрусия XVI асрдан бери Сибирия йўли орқали Хитойга,Туркистон йўли орқали Ҳиндистонга ва Кавказ йўли орқали Эрон ҳамда Туркияга чиқиш мақсадида бўлса ҳам,XVIII асрнинг бошларига қадар Туркистонга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий юришни ташкил қила олмади . I Петр даврида Туркистонга юборилган ҳарбий разведка бўлинмаларидан мақсад ҳам юқорида зикр этилган ниятни амалга оширишга қаратилган эди.

Астархон валиси 1713 йилда Астраханга келган туркман савдогари Хўжа Нафаснинг берган маълумотига таяниб,1 Петрга Хазар денгизи бир замонлар Амударё ўзани орқали Орол кўлига боғланганлигини;Амударёнинг ҳозирги қуйи қисмида ва Ёркент атрофида бой олтин конлари борлигини баён қилди. Бу хабар натижаси ўлароқ,Хўжа Нафасга “ўрус барони” унвони берилган эди.

Олтинга ўч бўлган I Петрнинг олтинни тез қўлга киритиш учун ҳарбий қисм жўнатишдан бошқа чораси йўқ эди. 1714 йил 22 майда у Буххголцга Тобол ва Иртиш дарё йўллари орқали Ёркентга (Шарқий Туркистон) юриш уюштириш амрини берди. Бу қисм 1716 йили Иртиш дарёсига етишди,лекин ойратларнинг қаршилиги туфайли ўз мақсадига эриша олмади. Шу йили Буххголц Омск қалъасини қурдирди. Буххголц отрядининг мағлубияти I Петрга Урусия Иртиш ҳавзасини ўз ҳокимияти остига олиши учун кучли қалъалар бунёд қилиши кераклигини англатди. Шу сабабли 1720 йилда генерал Лихаревни Иртишга юборар экан,Еттитом (Семипалатинск) ва Уст-Каменогорск қалъаларини иншо эттирди.

1714 йил 29 майда I Петр Хивага ҳарбий разведка уюштиришга қарор қилди. Бу ҳарбий разведкага раҳбарликни I Петрнинг мураббийси бўлмиш Б.А.Галинцевнинг куёви ва христианликни қабул қилган Александр Бекович Черкасскийга (асли исми Давлат Киздан Мирзо бўлиб,қабардали мусулмонлардан эди) топширди. Черкасский 1713 йилдан бери I Петрнинг “Шарқ масаласи” буйича маслаҳатчи мутахассиси эди.

1714 йил 28 сентябрда бу ҳарбий разведка (қўл илғор) 1900 нафар аскар билан Оксус (Амударё) атрофида ҳаракат бошлади. Разведканинг бир қисми 25 апрель 1715 йилда Манғишлоқ ярим оролига келди ва Ўрусия тарихида илк бора Оксуснинг (Амударёнинг) қуйи оқимидаги ҳарбий-илмий изланишини ўтказди. 1715 йилнинг сентябрида бу ҳарбий қисм Астраханга қайтди ва Черкасский 1 Петрдан ҳарбий разведкага янги кучлар жалб қилишни илтимос қилди. 1716 йил 14 февралда Петр Хивага жўнатилаётганган ҳайъат учун янги фармон ва Черкасскийга амалий ҳаракатлари учун 13 моддадан иборат кўрсатма берди. Бу кўрсатмага биноан:Черкасский Хива хонлигидагиларга билдирмай,Амударёнинг эски ўзани (Узбой ўзани ҳақида ran боряпти) да 1000 аскарга мўлжалланган қалъа қуриши;хонликнинг Ўрусия ҳимоясига киришини таъминлаши ҳамда Хива воситасида Бухорони асоратга олиш имконларини ва Ҳиндистонга борадиган йўлларни аниқлаши керак бўлган .

1716 йилнинг илк баҳорида 6565 аскардан ташкил топган отряд (буларнинг орасида 500 татар,32 қалмоқ,22 черкас бор эди) ҳамда 31 инженер ва 50 нафар фуқаролик маъмурлари,таржимонлар,дипломатлар ва бошқалар,138 кема билан Хива ерларида ҳаракат қила бошлади. Ҳужум чоғида юқорида номи зикр этилган Хўжа Нафас ва қозонлик Ураҳмед Аҳмедовлар бошловчилик қилдилар. Рус кучлари Хивага етмасидан олдинроқ Хива хони калмоқлар хони Аюку хон тарафидан огоҳлантирилиши эса,кўҳна тарихнинг бир жилваси эди. Чунки,бир турк ва мусулмон бўлган ҳукмдорга ўрус отрядининг шум нияти ҳақида маълумот берган,огоҳ этган одам бирор туркий ёки мусулмон эмас,балки буддист бўлган бир хукмдор эди.

1717 йилнинг илк баҳорида Черкасский 3500 аскари билан Хивага кирди. Шерғозихон (1715—1727) Черкасскийдан бунча миқдордаги аскарларни жойлаштирадиган алоҳида жой мавжуд бўлмаганлиги боис аскарларни уйларга тарқатишни илтимос қилди. Черкасский бу таклифни қабул этди. Фақат мингбоши Франкенберг Черкасскийнинг бу қарорига қарши чиқди,аммо унинг сўзи ўтмади. Рус аскарлари уйларга жойлаштирилгач,хон уларнинг барчасини ўлдиришга фармон берди. Ҳақиқатан,Черкасский ҳам бошқа бирон аскар ҳам соғ қолмади. Бундай тадбир Хоразм тарихида кўрилмаган эди;зеро,хоннинг нияти ва амрига ҳеч ким хиёнат қилмади. Бу босқинчиларни маҳв этиш билан Хива Ўрусияга мамлакатни истило этишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат шу аҳволга тушади,деган сабоқ бергандай бўлди. Ўруслар бу фожиадан кўп нарса ўрганиб,хулоса чиқардилар Ҳарбий разведканинг ачинарли оқибатини кўнглига тугиб,дастлабки қулай фурсатдаёқ Хивани жазолаш ,ундан ўч олиш йўлини излай бошлади.

Урусия бу мағлубиятдан сўнг Хивага жавоб зарба бериш учун ҳозирлана бошлади. Бу ҳозирлик зимдан,шов-шувсиз давом этди. Ўрус ҳукумати,аввало,Орол кўлининг шимолида назоратни ўз қўлига олишга интиларди. Шу мақсадда Оренбург ҳарбий чизиғини яратишга киришилди.

1717 йилдан 122 йил ўтгач,Ўрус раҳбарияти 1839 йили Хивага қарши янгидан куч ишлатиб,хонликни ишғол этишга қарор қилди. Орадан ўтган 122 йил давомида,бироз танаффуслар билан бўлса ҳам,Хива тузуми,мамлакат аҳволи ҳақида маълумот тўпладилар. Шу ниятда 1824—25-йилларда П. Циалковский бошчилигидаги қуролли бир карвон Хивага жўнатилди. Бу карвон Хива хонлиги томонидан асир олинди. 1826 полковник (албай) Берг Орол кўлининг соҳили картографиясини ҳозирлади. Рус хукмдорлари 1838 йилда Хива хонлигини рус қуроли кучи билан бўйсундириш вақти етилганлигига ишонди.

1839 йилда генерал Перовский қўмондонлигида Хивага сафар уюштиришга қарор қилишди. Бу ҳарбий бирлашма 1839 йил 14 ноябрда 5217 аскар ва 8000 нафар бошқирдлардан ташкил топган ёрдамчи куч билан бирга 30.000 от,20000 туя ҳамда 22 тўп билан Хивага тўғри юра бошлади. Генерал Перовский:“Ўрусия ивани кўз кўриб,ҳеч қулоқ эшитмаган тарзда жазолаяжак” деган ўрон (парол) ни берди ва “Биз икки ойда Хивада бўламиз ва хонликнинг бошкентида биринчи навбатда хоч (крест) ва Инжил олдида ўрус подшосининг саломатлиги ҳамда ватанимиз шуҳрати учун дуо қиламиз”,деди.19. Бу сафардан мақсад кўп эди:аввало,Хивани ўрус назорати остига олиш,ўрус савдогарларига хонлик ҳудудида эркин ҳаракат ҳуқуқини олиб бериш,ўруслар қўл остида яшаёган туркман ва қозоқларни хоннинг таъсиридан узоқ тутиш;Сирдарё атрофидаги хонлик қалъаларини йўқ қилишга хонни мажбур этиш ва ҳк. 20

Ўрус қўшини Хива лашкари билан илк дафъа 1 декабрь 1839 йилда Уст-Юртдаги Беш Тумак воҳасида тўқнашди. Дастлабки жанг 5 декабр 1839 йили бўлди. Ўруслар бу жангни бой бердилар. Ўрус аскарларининг руҳияти тушиб кетди. Бундан ташқари,Уст-Юрт баландлигининг совуғига чидай олмадилар. Туякаш қозоқлap ҳам қиш совуғида чўлда дайдиб юрган ҳарбий бирликларни кузатиб боришдан бош тортдилар. Аскарлар орасида хасталик ҳам бошланиб қолганди. Дастлабки жангда ютқазган аскарларнинг жангарлигига ҳам путур етди. Пе­ровский Оренбургга қайтишга мажбур бўлди. Урус бирликларининг тирик қолганлари 1840 йили 1 февралида Оренбургга қайтиб келдилар.

Иккинчи мағлубиятдан сўнг ўруслар эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга мажбур бўлдилар. 1852 йилгача Хива ва Қўқонга қарши йирик ҳарбий ҳаракатдан тийилдилар. Тўқнашувлар фақат чегара шаҳар ва қишлоқлар билан чегараланди. Шунда ҳам то 1852 йилга қадар Ўрусия Сирдарёнинг қуйи оқимида ўз мавқеини ҳимоя этишга муваффақ бўлди. Масалан,1847 йилда Райим қалъасини қурилиши,Орол кўли ва Сирдарё ҳавзасида ҳарбий нуқтаи назардан мавқеларини мустаҳкамлаш учун ҳаракатлари бунга бир далилдир. 1854 йили Хивага уюштирилган янги бир юриш ҳам юқоридагилари каби мағлубият билан тугади .

4. Туркистон чегаралари бўйлаб ўрус ҳарбий чизиқлари

1722 йилда I Петр:“Қирғиз (қозоқ)ларнинг ўрдалари бутун Осиё мамлакатларининг калити ва дарвозасидир. Шу боисдан бу ўрдалар ўрус ҳимояси остига олиниши керакки,улар воситасида бутун Осиё мамлакатлари билан алоқа ўрнатилсин ва Ўрусия учун фойдали ва мос тадбирлар амалга оширилсин” 23,— деганди. Бу таълимотга мувофиқ ўрус раҳбарияти ҳар уч ўрда билан алоқа қилишга киришди. Мақсадини амалга ошириш учун 1552 йилдан бери ўруслар асоратига тушиб қолган туркий жамоалар билан (бошқирд ва татарлар билан) чегарадош бўлган Кичик Юз танланди.

1734 йили Кичик Юз доирасида ўрис ҳомийлиги амалга оширилди. Юзаки қараганда,бу дашт давлатини ҳимоя қилиш учун Урусия бир мустаҳкам қалъа барпо қилиш учун мос бир ер излар эди. Бу мақсадга Ўр дарёси мавзеси мос деб топилди. Қалъани қуришдан аввалги тайёргарлик ишларини олиб бориш ва назорат қилиш учун 1734-37-йилларида Урал ва Ўр дарёларига Иван Кирилов бошчилигидаги ҳарбий разведка жўнатилган эди. Қалъа иншооти ҳақидаги топшириқда Ўр дарёсининг Талқала қишлоғида бир қалъа-шаҳар бунёд қилиш,Ўр дарёси атрофидаги табиий маъданларни тадқиқ қилиш ва Орол кўлида бир порт (бандаргох) қурилиши билан аскарларни у ерга жойлаштириш акс этган эди. Кириловга ҳарбий топшириқдан ташқари яна бир “дипломатик сиёсий вазифа” ҳам юклатилганди. Бошқа курсатмалардан ташқари бу топшириқда шундай дейилган эди:“Бошқирдларга ва қирғизларга (қозоқларга) ишонмангиз. Бу миллатлардан бири Ўрусияга қарши қўзғалган тақдирда,бошқасини унга қарши гиж гижлангиз;фақат бунинг учун тарафлардан ҳеч бирига қурол бермангиз. Урусияга қўшни бўлган барча давлатлар ҳақида маълумот тўплангиз. Жунғорларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатингиз. Хива хонлигига қарши курашда Кичик Юзга ёрдам беринг. Фақат аскар берман­гиз”24.

18 май 1734 йили подшо Анна Ивановнанинг разведка ҳайъатига берган топшириғига биноан қозоқлap Урал дарёсидан кечиб ўтиши учун рухсат берилмаган. Абулхайрхонга Оренбургда бир уй қуриб берилиб,ундан олдин эса сафарга чиқариш баҳонаси билан тутилиб,ўша уйда назорат остида сақланиши лозим эди. Қозоқ хонларининг садоқатига баъзан мукофотлар билан,баъзан таҳдид воситаси билан эришилар эди.25.

Денгиз офицерлари (субай),картографлар,муҳандислар (жаъми 200 киши) иштирок этган бир разведка 15 июн 1734 йилда йўлга чиқди ва 15 август 1734 йилда Ўр дарёсига етишди. Аскарлар қалъа қуришни бошлади. Татишчев қўмондонлигидаги аскарлар 1738 йил октябрида Оренбург қалъасига жойлашдилар. Урал дарёсида деворлар билан ўралган янги бир шаҳар — Оренбург иншооти тамомланганидан кейин,бу қалъанинг оти 1734 йили Орск (аввалига Талқала) деб ўзгартирилди. Кейинги даврларда Оренбург Туркистонни босиб олишда бир муҳим ҳаракат нуқтаси сифатида алоҳида рол ўйнади26.

Мустаҳкам Орен­бург шаҳрини қуриб бўлгач,Оренбург ҳарбий қисмини ташкиллаштириш бошланди. 1100 верст (1 верст—1,067 км) узунликдаги чегара чизиғи 1759 йилгача ҳосил қилинди. Бу чизиқ тўғридан-тўғри Туркистон чегараларида бўлиб,88 қалъани ўз ичига олар эди. Айни замонда Ишим дарёси бўйлаб ҳам иншоотлар қуриларди. (Ишим дарёсидан Иртишгача ундан Омскка қадар чўзилган чегара чизиғи). Бу чизиқ,асосан,1752-55 йилларда майдонга келтирилиб,6000 верст узунликда эди. 1771 йили бу ерларда 9 дан ортиқ қалъалар бор эди. Бу чизиқ кейинроқ Иртишга қадар узайтирилди ва “Иртиш чизиғи” номини олди. Бу чизиқ ҳам 1100 верст узунликда бўлиб,Иртиш дарёсидан Зайсан кўлига қадар бўлган ерларни ўз ичига олар эди. 1745 йилда Иртиш чизиғида 45 қалъа мавжуд эди. XIX асрнинг дастлабки ярмида,сўнгги икки чизиқнинг номлари бирлашиб,“Сибирия чизиғи” отини олди.

Ўрусия Қўқон хонлиги истилосини бошламасидан аввал Оренбург ва Сибирия чизиғида 141 дан ортиқ қалъага эга эди. 1855 йилда Оренбург чизиғида ҳаммаси Туркистонга қарши қаратилган 10 суворий полки;1867 йилда 12 суворий полки ва 9 та тўпчилар баталони,6 та казаклар полки бор эди27,Сибирия чизиғи 1854 йили Или дарёсигача кенгайтирилди. Мустаҳкам чегара чизиқлари қуриш билан бирга Орол кўлининг ва Сирдарёнинг қуйи оқими картографик ишларига жиддий аҳамият берилди ва бу ишлар 1855 йили тугалланди.Аслида Ўрусия 1850 йилга қадар Туркистоннинг шимолида (Оренбург атрофидан Или дарёсига қадар- ғарбдан жанубий-шарққа қараб) ўз “хитой девори” ёрдамида,ҳар қандай восита билан Туркистонга қарши ҳарбий юриш учун ҳозирланганди. Фақат Қрим уруши (1853—56) ва Урусиянинг бу урущдан мағлуб ҳолда чиқиши Туркистон юришига тўсиқ бўлди.

Қрим урушидан сўнг Ўрусия ташқи сиёсатини ва ҳарбий сиёсатини тамоман ўзгартирди. Урусия раҳбарияти Буюк Британияга орқадан зарба беришга қарор қилди,яъни унинг Ҳиндистондаги салоҳиятини сусайтиришга уринди. Ҳақиқатан,“Урусиянинг Қрим урушидаги мағлубияти,Урусиянинг ташқи сиёсатидаги оғирлик марказини Болқон ва Яқин Шарқдан,асосан,Ў рта Осиёга қаратишига сабаб бўлди”29. Шундай қилиб,Туркистон Урусиянинг халқаро сиёсати қурбонига айланди. Туркистонни босиб олиш муаммоси асосий режага айланди. Қрим урушининг ўртасидаёқ- 1853 йилда ўруслар Қўқон хонлигининг 0қ мачит қалъасини босиб олдилар. Бу муваффақият Урусияга бундан кейин кенг йўсинда Туркистон ичига юришни давом эттиришга жасорат берди. Қўқон хонлигига қарши урушнинг ашаддий ташвиқотчиларидан булмиш Д.А.Милютиннинг ҳарбий нозир ва бошқа яна бир уруш тарафдори булган Игнатевнинг 30 ўрус ташқи ишларининг Осиё Бўйича нозирлиги бўлимининг бошлиғи бўлиши Урусиянинг Туркистонга қарши ҳарбий сиёсатини 1861 йили энг юқори нуқтага кўтарди. Ялпи ҳужум бошлангунга қадар Урусия Туркистоннинг даштларида ҳокимиятни ўз қўлига олишга эришди.

5. Кичик Юзда рус ҳокимияти ўрнатилиши сабоқлари

Қозоқ туркларининг жунғорлардан енгилиб қочиши фожиаси бошқа бир фожианинг вужудга келишига сабаб бўлди. Кичик Юз қозоқлари рус истилочилик сиёсатининг илк қурбони бўлди. Ўрус раҳбарияти қозокларга таъсирини кучайтириш ва уларни-нг орасига кириб олиш учун бошқирдларни қўллаб қувватлашни лозим кўрдилар. Кичик Юз хони Абулхайрга Урал дарёси ўнг қирғоғидаги бошқирд қабила бошлиғи Алдарбой воситасида “қозоқлар бошқирдлар билан иттифоқда яшамоқ истасалар,Русиянинг ҳимоясига ўтиши лозим,”-деган талабни етказдилар. 1730 йил 8 сентябрда Абулхайрхон подшо Анна Ивановнага қуйидаги мазмунда хат битди:“Уралнинг нариги томонидаги бошқирдлар билан яқин муносабатимиз йўқ,. Ўрусвассали бўлган Алдарбой биздан бошқирдлар билан тинч-тотув яшашимиз учун жаноби олийларимизга бир элчи юбориб,ҳимоянгизни сўрашимизни талаб қилди”32.

Абулхайрхоннинг элчилари Сеитқул,Кундақул ва Қутлумбет Қўштойлар 1730 йилнинг октябрида Московга келдилар. Ташқи ишлар вазирлигида Абулхайрхоннинг юқоридаги илтимосини кўришди ва 30 сентябр 1730 йилда қозоқ 40000 юрт)нинг зодагонлари тобе бўлиш ҳақидаги истакларини билдирди. Фуқароликни қабул қилишни истаганлар дарҳол фуқароликка қабул қилиндилар. Сўнгра ташқи ишлар нозирлиги подшо хонимга Абдулхайрнинг устунлигини эътироф қилган икки хоннинг (Бароқхон ва Абдулмамбетхон) мавжудлигини ҳамда Тошкент (ҳукмдори — Абдулхайрхоннинг биродари Жўлбарс),тинч яшаши ҳақида ваъдаси Туркистон (ҳукмдори Семекехон) ва Сайрам (ҳукмдори Кучумхон) нинг қозоқларга қарамлигини билдирди. Ташқи ишлар нозирлигининг назарида юқорида номи зикр этилганлар ҳам уларга тобе бўлишни истарди. Шунинг учун юқорида номи зикр этилган шаҳарлар ва даштни руслар Абулхайрхон ёрдамида осонликча мустамлакага айлантирмок,фикрига келдилар. Бу ширин хаёлни амалга оширмоқ учун Ўрусияга 100 йилдан ортиқ вақт керак бўлди.

Ўрус ҳукумати Абулхайрхонни ўз ҳимоясига олишга қарор қилди. Подшо Анна Ивановна 19 февраль 1731 йилги бир қарори билан Абулхайрхонни ва унинг кузатувчиларини “ўрус фуқароси” деб эълон қилди. Бу буйруқда хоннинг Ўрусияга садоқат билан хизмат қилиши,солиқ тўлаши ва Ў русиянинг бошқа фуқароларига зарар етказмаслиги кабилар акс эттирилган эди. Подшо хоним эса қозоқлapra ташқаридан содир бўладиган ҳар қандай ҳужумга қарши ҳимоя воситаларини қўллаш ваъдасини берди. Алоҳида ҳужжатда бошқирдлар босиб олган қозоқ ерларини ўз эгаларига қайтариш,хоннинг қалмоқлap ва бошқирдлар билан ни олиш топшириқлари берилди.

19 февраль 1731 йили подшо хоним асилзода бир бошқирд,яъни исмини ўзгартирмасдан аввал Мирзо Қутли Таваккал ўғли деб аталган,сўнг христианликни қабул қилгач,Александр Иванович Тевкелов33 дейилган зотни Кичик Юзга элчи сифатида тайинлади. Тевкеловга садоқат ҳақидаги қасамга Абулхайрхонни имзо чектириш вазифаси топширилганди. Қозоқларнинг тили ва дилини жуда яхши билган бу шахс 1731 йил 3 октябрда Иргиз дарёси бўйидаги Мани Тубе воҳасида жойлашган хоннинг саройига келди. Бу ерда ўзининг христианлик исмини эмас,балки мусулмонлик давридаги оти билан Мирза Қутли Муҳаммад деб таништирди.

Тавкеловнинг шахсий ҳимояси учун бошқирдлар34 ва қозорқлардан қуролли қўриқчилар ажратилган эди. Тевкелов 6 октябрь 1731 йилдан 24 ноябрь 1732 йилгача Абулхайрхон ва унга тобе булган Кичик Юз султонлари билан музокаралар олиб борди. Бу музокаралар натижасида хон қарорининг кучга кириши учун султонлар томонидан маъқулланиши шартлиги,хон эса,султонлар билан келишмасдан,ўзича подшо хонимга мурожаат эта олиши имкониятлари борлиги билиниб қолади. Тевкелов бу тарздаги ҳаракатларнинг сабабини сўраганида,Абулхайрхон рус ҳимоясини қабул қилишда барча султонларнинг розилиги ҳақидаги ran нотўғри эканлигини,зеро,бундан сўнг ҳар ким ўзича мурожаат қилган тақдирда,подшо унинг илтимосини эътиборга олмаслигини назарда тутиб,шу ишга қўл урганлигини эътироф этди.

1732 йил 10 октябрда содиқликка қасам кенгаши уюштирилиши муносабати барча султонлар тўпланди. Бу қурултойда 27 киши қатнашиб,аксарияти Русияга бир ҳайъат юборилиши ва русларга:“Биз сиз билан сулҳда яшашни истаймиз,аммо фуқаронгиз бўлишни истамаймиз”,дейилиши тарафдори бўлишди. Қурултойда фақат Абулхайрхон,Букенбой ботир ва Худойназарлар Ўрусияга садоқат қасамини қабул қилдилар,бошқа ҳозир бўлганлар эса,Ўрусияга садоқат қасамини қатъий бир тарзда рад этдилар35. Тевкелов Урусиянинг ҳимоясини қабул қилишни қозоқлар учун афзалликларини санаш билан бирга қатъий бир тарзда шуни ҳам илова қилди:“Урус императорлиги козоқлардан қўрқмайди ва машҳур қиролларнинг сиз дашт қароқчилари билан сулҳ тузишининг ўзи имконсиздир. Агар қозоқлар Урусиясининг фуқароси бўлмаса,Урусияга тобе бўлган қалмоқлap,бошқирдлар ва Сибириянинг шаҳар халқи билан Ёйиқ казаклари томонидан мағлуб этилиб,қиличдан ўтказиладилар”. Абулхайрхоннинг бу ҳатти-ҳаракати анъанага хилоф эди38. Чунки анъанага кўра,хон бу хилдаги қарорларни фақат қурултойнинг қўллаши билан қабул қила оларди.

Ўрусия Абулхайрхоннинг садоқат борасидаги қасамига кўп ҳам ишонмади.Ўғли Хўжа Аҳмадни Ўрусияга гаров тариқасида жўнатишга мажбур бўлди. Аслида у ўз одамларидан қўрққанлиги учун ҳам ўрус ҳокимиятига таяниш заруратида қолган эди. Ўз-ўзини Ўрусия тузоғига илинтирган хон ундан қутулиш йўлини билмасди.1740 йилда Абулхайрхон собиқ душмани жунғорларга (бу этнос номи турки адабиётда “қалмоқ” дейилади) бир мактуб ёзиб,унда агар жунғорлар Туркистон (Ясси),Тошкент шаҳарларини босиб олишига рухсат беришса,жунғорлар ҳимоясига ўтишга тайёрлигини баён қилган эди. Аммо бу хусусда бирон бир муваффақиятга эриша олмади.

Руслар хоннинг бу ишидан мутлақо бехабар эди.Кейинроқ,1742 йилда жунғор ҳукмдори Галдан Церен ҳузуридаги рус элчисиГладишев хоннинг бу қилмишларидан хабар топди.Шундан кейин рус ҳукумати унга мутлақо ишонмай қўйди,лекин унга қарши бирон чора ҳам ишлатмади. Ўрусиянинг Кичик Юздаги сиёсати оқибат-натижада қозоқ тупроқларини урус колониясига айлантиришга қаратилган эди. Кичик Юз устига устига юриш бу борадаги дастлабки қадам эди.

Ўзининг сиёсий кучига бино қўйган ва хонлигини Ўрусиядан тасдиқлатиб олган Абулхайрхон кейин ватандошлари томонидан бир масхарабоз шахс сифатида баҳоланди. Ушбу хусусиятларидан келиб чиқиб ,Туркистоннинг шимоли хони Ўрусиянинг Туркистонга юришларининг йўл бошловчисига айланиб қолди. Ватандошлари назарида «хоин” бўлган хонга ўруслар Туркистон даштларида ўз мавқеи ва ҳокимиятини ёйишнинг бир “воситаси” сифатида қарадилар.

Оренбургдаги ўрус идоралари хон билан доимий мулоқот ўрнатган эди.Хоннинг Ўрусия ,билан муносабати юзаки эканлигига эътибор бермас ҳамда Кичик Юзнинг ички ишларига аралашмас эдилар.Султонлар томонидан тутган йўли учун нафратга йўлиққан Абулхайрхон бор обрўсидан айрилди ва рақиби Султон Бароқ томонидан ўлдирилди. Абулхайрнинг ўрнига Нурали келтирилди. Абулхайрдан сўнг Ўрусиянинг вассали сифатида иш юритган Олтин Хон . Кичик Юзни бошқарди.Ўруслар аста-секинлик билан хонларнинг ички ишларига аралаша бошладилар. Зотан Ўрусиянинг уларга ишончи йўқ эди. Абулхайрхоннинг ўғли Хўжа Аҳмад 1732 йилдан то ўлимига қадар гаров сифатида Ўрусияда яшади.

Нуралихон Оренбург валисидан рухсат олмасдан,1748 йилда жунғорлар билан муносабатларни яхшилаш учун ёзишма бошлаган вақтда,Оренбург валисининг қаттиқ назорати остига олинди. Хоннинг атрофидагилар орасида ўрусларнинг одами борлиги ва хон бундан бехабарлиги очилиб қолди. Хоннинг жунғорларга ёзган мактубининг нусхасини ўрусларга хоннинг котиби-қозон татарларидан бўлмиш Эл Муҳаммад Нур Муҳаммад берганди. Унда қалмоқлар(жунғорлар)га асир тушган қозоқларни никоҳдан ўтгач,эркин қолдиришлари,Тошкент ва Улуғ Юз ўлкаларидан ҳарбий қисмларини олиб чиқиб кетишлари таклиф этилган эди. Вазиятдан хабар топган ўруслар ушбу турли кўринишдаги ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи йўл тутди.Бу шундай бир йўл Билан амалга оширилдики,номи тилга олинган Туркистон ерларини ва асирларни жунғорлардан қайтариб олишнинг иложи қолмади.

Ўрусия ва Кичик Юз ўртасида ўзаро ҳимоя қилиш (ёки иттифоқ)шартномаси мавжуд бўлмаганига қарамасдан,сайланган ҳар бир хон Ўрусияга садоқат қасамини ичишга мажбур эди,яъни Кичик Юзнинг ички ва ташқи сиёсатига ўрусларнинг аралашувини
оқлайдиган ҳеч бир шартнома ёки битим ҳеч қачон тузилмаганди.Шунга қарамай,ўрус ҳокимияти Кичик Юзнинг ташқи сиёсати у ёқда турсин,унинг ички сиёсати ҳам улар истаган шаклда бўлишига интиларди.Хонлар эса ўз навбатида ,лоақал ички ишларда мустақил бўлишга тиришар эди. Шунинг учун ҳам ўруслар 1837-39 йилларда Татишчев бошчилигида иккинчи бор Оренбург юришини уюштиришди.Бу сафар қозоқларни узил-кесил бўйсундириш ниятида эдилар. Аммо улар бу ниятига эриша олмадилар.

Ўруслар томонидан кўрилган кўп талбирлар-қалъаларни қуриш,хонларнинг Ўрусияга садоқат ҳақидаги қасамларига қарамай Кичик Юз халқи ўз йўлидан тоймади ва Ўрусияга қарши қўзғалди.Ўрус ҳукумати барча қалмоқларни тўплаб,уларни қурол-аслаҳа Билан таъминлаб,қозоқлар устига юриш қилиш ҳақида фармон берди. Қалмоқларга талон-тарож қилинган барча нарсалар ўзларида қолиши ҳақида ваъда ҳам берилди. Ўрус ҳукуматининг турки қабилаларни ва қалмоқларни бирини иккинчисига гиж-гижлаб уруштириб қўйиш сиёсатидаги муваффақиятлари эътиборга лойиқдир.Буни бошқирдлар мисолида кўриш масалани ойдинлаштиради деб ҳисоблаймиз.

Бошқирдлар 1755 йилда Ботиршоҳ Али (ўрус адабиётларида Алиев) бошчилигида русларга қарши бир қўзғолон кўтарадилар.Қўзғолонга бошчилик қилган бу мужоҳид Шарқнинг бутун мусулмонларини ўрусларга қарши курашга чақиради.Ўрус ҳукумати ҳам жиддий бир таҳдидни ҳис этади.Бу қўзғолонни бостириш учун Ўрусия ташқи ишлар вазирлиги кенгаши қозоқларнинг раҳбарларига мурожаат қилади.Оренбург валиси Нехлюдов қозоқлар йўлбошчиларига 50 000 бошқирд бош кўтарганини ва қозоқлар яшашни истаса,ўзларини ўзлари ҳимоя қилиши кераклигини,акс ҳолда дашт идораси қозоқлардан бошқирдларга олиб берилажагини билдирди.Бу пўписа аслида ғирт иғво эди.Нуралихон бошчилигидаги қозоқлар бу фитнани тушуниб етмадилар ва моҳиятан озодлик учун интилаётган бошқирдларга қарши кураш олиб бордилар. Исён бостирилди. 50 000 бошқирд қозоқлар ерига жойлаштирилиб ,уларга бўйсундирилди. Бу қувғин қилинганларни таъқиб ва назорат қилиб туриш учун ўрус ҳукумати 1765 йилдаёқ синовдан яхши ўтган бошқирд Тевкелевни Кичик Юзга жўнатди. Ташқи ишлар вазирлигидан Тевкелевга Кичик Юзга бўйсундирилган бошқирдлар қаерларда кўчиб юришини аниқлаш вазифаси топширилди.

1755 йилнинг 3 декабрида Тевкелев Нуралихон билан кўришди ва Ўрусия элчисига мурожаат Билан келган бошқирдларни Ўрусияга қайтариб берилишини талаб қилди.
1756 йилда бошларида Ўрусияга қайтиб кетган Тевкелев,шу йилнинг июн ойида Яна қайтиб келди ва хондан бошқирдлар қачон қайтарилишини суриштирди. 1756 йилнинг 12 августида Нуралихон султорлар йиғилиши ўтказиб,бошқирдларни Ўрусияга қайтариш ҳақида қарор қабул қилишди.Шундан сўнг 1757 йили 4502 нафар бошқирд Оренбургдаги ўрус маҳкамачиларига таслим қилинди.Бу Туркистон ялпи тарихида илк бор ёрдам сўраган инсонларга нисбатан ҳақсизлик қилиниши эди.Бу қилмиш на турки ва на исломий тамойилларга тўғри келар эди.

Зеро,мусофирсеварлик анъанаси ёрдам сўраган ва илтижо қилган кимсаларни уларни таъқиб этувчилари қўлига топширишни ғайриинсоний ҳаракат деб билади. Кичик Юз Ўрусияга бу борада ҳеч қандай ваъда бермаган бўлса-да,бу ҳодиса ўрусларнинг босқини натижаси ўлароқ юз берди. Ҳудди шундай,қозоқлар ўрусларга қарши кўтарилган чоғда,уларга қарши қалмоқлар юборилди.1763 йилда қалмоқ хони Убоши қозоқларни жазолашга бошчилик қилди. Бундан тахминан етти йил ўтиб қалмоқларнинг ўзлари ҳам ўрус иғвоси қурбони бўлди. 1770 йилда 30 000 га яқин қалмоқ оиласи Волга атрофидан Жунғорияга қочишга мажбур қилинди. !! Екатерина 1771 йил 27 январ фармонига биноан Нуралихон қалмоқларга қарши ҳаракат бошлашига ва қалмоқлар мулкини ўз мулки деб билишига очиқ изн берилди.

Ростдан ҳам,қозоқлар ўрусларнинг ва ўз хонларининг истагини амалга ошириш учун қочаётган қалмоқлар билан жанглар олиб боришига тўғри келди. Шаклан Ўрусиянинг ҳимояси остида бўлган Кичик Юзда хонни сайлаш тадбирида ҳам чалкашликлар,ғирромликлар юзага келди.Хоннинг қурултой томонидан сайланиши ва оқ ўтовда гилам устида кўтариш одатлари (булар мўғуллардан мерос одатлар) 1800 йилгача сақланиб келди. Бу одатга ҳар бир сайланган хон ўрус подшоси томонидан тасдиқланиш мажбурияти қўшилди. Агар бунга Ўрусия томонидан Кичик Юзда хоннинг ҳукмронлигини таниш,эътироф этиш,деб қаралганда ҳам,айни чоғда бунда “Ўрусияга тобелик ва садоқат”нинг ишорати бор эди.

Ўрусия қозоқларга ишонмасди,шунга қарамай,Кичик Юзни ўз қўли остида абадий сақлаб қолишга интиларди. 1756 йил 2 сентябр қарорига биноан қозоқ туркларига Уралнинг ўнг қирғоғига оёқ босиш ясоқ қилинди. Уларга ўрусларнинг мустаҳкам истеҳкомларидан чамаси 12-15 км узоқликда юриш амри берилди. 1755 йил 6 май фармони билан эса,Ўрта Юз қозоқларининг Иртиш ҳарбий чизиғига яқинлашиши ман этилди. Хонлар олган ҳар қандай тадбири ҳақида Оренбург валисига ҳисоб бериб туришга мажбур қилинди. 1770 йилдан кейин ,Абилайхон истисно,ҳеч бир қозоқ хонига ўрус таҳдидисиз бирор ҳаракат қилиш насиб қилмади. 1771 йилда хон бўлиб сайланган Абилайхонгина тўққиз йил Ўрусия Тасдиғисиз хонлик қилди. Ўрусиянинг қозоқ туркларига нисбатан “дўстлик ва ҳукмронлиги” да,хонларининг Ўрусияга нисбатан “боғлиқлик ва садоқатлари”да ёлғон ва мунофиқликлар яққол кўзга ташланади.Чунки томонлар орасида муштарак бир ишонч йўқ эди. Масалан,Кичик Юз хони Нурали ўзининг 1773 йили ёзган тарихий бир мактубида қўзғолончи Пугачёвни Ўрусиянинг подшоси деб тан олади. Бироқ ўрус идоралари хоннинг Пугачёв билан алоқалари давом этишига ғов бўлган кўринади. Туркистон даштларида Ўрусия ўз сиёсатини баралла давом эттира олишини таъмин этувчи ҳақиқий кучга эга бўлган ўрдаси бор эди.1755 йилда Оренбург ҳарбий валиси ихтиёрида 36 714,Сибирия валиси ихтиёрида 27 552 нафар аскарлари бор бўлиб,булар Туркистон билан қўшни ўлкаларга жойлаштирилган эди. Ўрус ҳукумати мунтазам равишда дашт аҳолисининг ички ишларига аралашиш йўлларини излади. Ўрусия учун ҳар қандай султонни хонга қарши гиж-гижлаб қўйиб,улар орасида ҳакамлик қилиш ички ишларга аралашишнинг энг осон усулларидан бири эди.Зарур бўлганда,обрўли қозоқнинг обрўсини тушириш йўли билан унинг халққа таъсир кучини йўққа чиқарарди. Ҳудди шунинг учун ҳам,аввало Кичик Юздаги жазо ҳуқуқлари ўзгартирилди:1799 йил 13 августида чиқарилган тарихий бир ҳужжат Билан қотилларни ўрус қонунлари бўйича жазолашга ҳуқуқ берилди. Қотилликнинг ўрус қонунлари бўйича жазоланиши ҳарбий тадбирлардан кўра кўп марта ғайриинсоний эди.Ўрусия 1780 йил 27 сентябрида ўзининг Кичик Юз билан чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ҳақида фармонини эълон қилди. Бу фармонга биноан қозоқ дин пешволари ўрнига Ўрусияга фойдаси тегадиган қозон-татар муллаларини келтирилиши;хизмат вазифаларини ўташда кўрсатган садоқат ва ғайратлари учун бу муллаларга катта мукофотлар берилиши расмийлаштирилган эди.

2 Екатерина 1784 йил 2 май буйруғи бўйича Оренбургда бир чегара маҳкамаси қурилиши кўрсатилган. Ушбу маҳкамага ўруслар томонидан 2 полковник(субай),2 нафар божхона мудири ва икки нафар давлат маъмури,қозоқлар томонидан бир султон ва 6 нафар бий(бек) киритилди. Бу буйруқда булардан ташқари Оренбург генерал валилиги қошида ахборот ишлари бўйича шуғулланадиган 2-3 йил муҳлатли бир қозоқ ҳайъати ташкил этилиши;ўрус фуқаролигини сўраб олиш юзасидан Улуғ Юзда ташвиқот ишларини йўлга қўйиш;Ҳазар денгизи билан Орол кўли ва Иртиш дарёси оралиғида келажаги бехавотир бўлган мустаҳкам чегара чизиғи ҳосил қилиш мақсадида Эмба дарёсидан то Ўр ва Тобол дарёлари қадар қалъалар қурилиши кўрсатмаси берилган эди. Кўрсатманинг сўнгги бўлимидан кўриниб турибдики,бу вақтга келиб(1812 йил,28 май) Ўрусия давлат шўроси Кичик Юзнинг ҳар икки хонини танишга қарор қилган. Оренбург валиси Волковский икки гуруҳ орасидаги ихтилофни теранлаштирмоқ учун 1812 йил 2 августида Кичик Юзнинг ягона хони сифатида Шерғозини тайинлади.

Кичик Юзнинг парчаланишининг илк белгилари,асосан ,Нуралихоннинг ўғилларидан бири бўлган Султон Бўкейнинг 1800 йилда Норин даштларига кўчиш учун Астрахан валиси Кноррингдан рухсат талаб қилишидан бошлаб кўзга ташланди. 1801 йил 11 майда Павел Бўкейга қабиласи билан Волга ва Урал орасидаги ерларда (оқимга тескари ўнг қирғоқ ерларида) кўчиб юришга рухсат берди. Бўкей бу ерларга 1803 йилда 500 чодирли қабиласи билан кўчиб келди.Императорнинг 1808 йил 19 май буйруғи билан Бўкей ўрдасининг чегаралари Ўзен дарёсидан Бўғди тоғларигача,ундан то Ҳазар денгизи қадар қилиб белгилаб берилди. 1812 йилда эса,Ўрусия Бўкейни ушбу ҳудуд қозоқларининг хони ўлароқ эътироф этди.Бу буйруқ билан ўруслар Бўкей ўрда ёки Ич ўрда номини олган янги бир автоном давлат ташкил этди. Бўкей хоннинг ўлимидан сўнг Бўкей ўрдасининг хони унинг 14 яшар ўғли Жаҳонгир бўлди. Аслида эса ҳокимият Бўкей хоннинг биродари Шиғай қўлида эди. Жаҳонгир эса 1825 йилдан кейин 1845 йилгача давлатни ўзи идора қилди. 1827 йилда Султон Қаипғали бошчилигидаги қозоқларнинг бир гуруҳи яна Кичик Юзга қайтишга қарор берди.Бу ташаббусга ўрус ҳукумати ризолик бермади.

1829 йилда Бўкей ўрдаси қозоқлари ўруслардан изн олмасдан,яна Уралнинг нариги қирғоғига кетишни бошладилар.Шу боис султон Қаипғали ҳибсга олинди.1830 йилда у Оренбург қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлди. Қозоқлар «катта бир ўрус қафаси” ичига олинганини” энди англаб ета бошладилар. Ана шунинг учун ҳам 1836-1838 йилларда Бўкей ўрдаси Истай Тайман бошчилигида қозоқлар қўзғолонининг ўчоғига айланди. Жаҳонгирга ва айни чоғда ўрусларга қарши бўлган бу қўзғолон ўрус ҳукуматидагиларни ҳам саросимага солди.Ўша пайт ҳукумати берган баҳога биноан бу қўзғолон Ўрусиянинг хавфсизлигига таҳдид соларди.Шунинг учун ҳам ўрус ижрочи ҳукумати юқори доиралардан Бўкей ўрдасини тугатишга рухсат олди ва 1845 йилда Жаҳонгирхон ўлгач,ундан кейин янги хон сайланишига йўл бермади. Ич ўрдани бошқариш учун бир-иккита қозоқлар ҳам киритилган асосан,ўрус полковник (субай)ларидан иборат бир шўро ташкил этилди.

Бу ҳолат 1917 йилгача ўзгармади. Иши ўз ҳукуматларининг кўрсатмаларини бажаришдангина иборат бўлган Оренбург ва Омскдаги ўрус идоралари имкон қадар хонларнинг ҳокимиятини чегаралаш ва йўқ қилиш билан машғул бўлдилар.Ўрус васийлигидаги Ўрта Юзнинг ҳам умри қисқа бўлди. Ғарбий Сибирия генерал валиси 1819 йил августида вафот этган Валихоннинг янги хон сайланмаслигини ва умуман “хон” унвони бекор қилинишини айтди.

1822 йил 22 июнда 319 моддадан иборат “Сибирия қирғизлари(қозоқлари) мақоми” эълон қилингач,ўрус ҳукумати Ўрта Юзни ҳам бекор қилди. Хон ва султонлар юритган идора усуллари ҳам бекор қилинди. Энди идора низоми қабила асосига таянмайдиган бўлди,мухторлик ноҳия ва вилоят асосига қурилди. Вилоят бошчисига ўрус мингбошиси унвони берилиб (“бош султон”//оға султон”),у сайланиб қўйиларди. Расман «вакил султон“ номини олган бу султонлар ўрусларнинг ерли аҳолидан ёллаган маъмурлари эди.Ўруслар бу «султонлар”га маош тўлар ва шў йўсинда янги идора механизми яратар эдилар.

Султонларни Русиянинг аслзодалар синфи қаторига қўшмадилар,бироқ ўрус ҳукумати қадимдан келаётган маҳаллий аслзодаларнинг қўллашига муҳтож эди. Шунга қарамай,султонликнинг наслий ворислик ҳуқуқи ҳам бекор қилинди. Бунинг ўрнини қоплаш учунми,бош султонга 5-7 км2,ноҳия султонига 45 десятина ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берилди. Лекин бу қонун 1868 йилдан бошлаб ўз кучини йўқотди. ХIХ юзйиллик охирларига келиб,бир замонлар қабила аслзодалари бўлганлар бутун имтиёзларини йўқотиб қўйдилар.Бугунги Қозоғистоннинг шимолий ва шарқий ўлкалари Ўрусиянинг колонияси ҳолига келтирилди (54).Ўрусия тўқсон йил(1732-1822)давомида Кичик Юздан бошлаб Ўрта Юз томон-Орол кўлининг шимоли ва Балхаш кўлининг жанубидаги Или дарёси ҳавзасида Чингизхон ёҳуд турк ҳоқонлари салафи эканлиги билан фахр этган хон ва султонларни бир четга суриб қўйишга муваффақ бўлди. Аслзодалар ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб,таваккал қилиб бош эгишди.

Ўрус ҳукуматининг “Осиё мамлакатлари комитети” 1824 йил 31 январида Оренбург вилоятининг идора услубини янгилашга қарор қилди. Бу қарорга мувофиқ Оренбург бир вилоят ва айни чоғда бир чегара ўлкаси бўлганлиги учун икки бир-биридан мустақил идорага эга бўлди.Чегара бошқармаси ўруслар тарафидан бир нозир ва нозир ёрдамчиси ,икки ассистент,қозоқлар тарафидан 4 нафар вакил ҳамда Бухоро ва Хиванинг бирор мухтор элчисидан ташкил этиладиган бўлди.Чегара бошқармасининг чегара чизиқлари ва дашт бўлимларидан ташқари уларнинг икки қуйи бўлинмаси ҳам бор эди.Чегара чизиғи бўлинмаси ихтиёрида вилоят чегара муҳофазаси билан машғул бўладиган ўрус қурилиш офицерлари уюшмаси бўлган. Бу уюшма полиция ишлари,ҳарбий қалъалар қуриш ҳамда буларнинг барчаси ўз вазифасини бажаришини назорат қилувчи ваколатга эга эди.

1824 йилнинг 31 январида махсус қарор билан Кичик Юз бекор қилинди. Хон сайланиш тизими йўқ қилинди. Кичик Юз идора ишларини дашт қуйи бўлинмаси ўз қўлига олди. Кичик Юз Ғарбий,Ўрта ўрда ва Ич ўрда деб номланувчи тўрт қисмга ажратилди. Ҳар бир қисмни идора этиш учун бир нафар “султонлик вакили” тайин этилди. Ўрус ҳукуматининг бундай қарорларига қозоқлар қаршилик қилганлиги,лекин бу норозиликларга эътибор берилмаганлигига ўша давр ўрус манбаларининг ўзи гувоҳлик беради. Оренбург вилояти бошқарув ишларида кўп ўзгаришлар қилингандан кейин 1844 йил 14 июн куни Ўрусия укумати қирғизларни (қозоқларни) бошқариш ҳақида 100 моддалик бир низом қабул қилди. Мазкур низомда ўрус тилида илк бора «Оренбург қирғизлари” бирикмаси ишлатилди. Низомнинг биринчи моддасида шундай дейилади:“Оренбург қирғизлари(собиқ Кичик Юз қозоқлари –муаллиф) Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Идорасига тобе Осиё шўъбаси воситасида ҳамда Оренбург ҳарбий валиси томонидан тўғридан-тўғри бошқариладиган Кичик ўрданинг идора маҳкамалари бир умумий ёки бир неча хусусий қисмлардан майдонга келади”. Бош идора ўрни Оренбургда жойлашган бўлиб,чекка идоралар собиқ Кичик Юз қозоқларига теккан эди (2-3 моддалар).

Бу тадбирлар воситасида ўрус ҳукумати Урал дарёсининг чап соҳилидан Сирдарёнинг қуйи оқимига қадар идора ишларини тўлиқ ўз қўлига олиб бўлган эди.Қозоқ ерлари ўрус императорлигининг ўз хусусий ўлкаси сифатида эълон этилди (4-модда). 1868 йилги идора ислоҳоти натижасида қозоқларни бошқариш вазифаси ташқи ва ҳарбий вазирликлардан олиниб,ички ишлар вазирлигига топширилди. Кичик Юзнинг сўнги хони Шерғози Оренбургга келтирилиб,назорат остига олинди.

Дастлабки вақтларда Ўрусия Туркистоннинг дашт ўлкалари билан,ҳар эҳтимолга қарши,чет давлат билан қилинадиган муомала каби иш тутишга уринарди. Лекин 1844 йилдан кейин чет мамлакат каби муомала қилинадиган мамлакатни ўрус императорлигининг бир парчасига айлантириш учун Яна 24 йил уринишга тўғри келди. 1868 йил 21 октябрида Оренбург ва Сибирия ўлкаларидаги қозоқларнинг идора мақомларини қайтадан тузиш ҳақида фармон эълон қилинди. Айни замонда 268 моддалик идора низоми ҳам кучга кирди. Забт этилган ўлкалардан Ақмўла(Акмолинск) ва Еттитом (Семипалатинск) Ғарбий Сибирия бош валилигига,Урал ва Тўрғай вилоятлари Оренбург бош валилигига тобе қилинди. Ниҳоят,бир ўрус тарихчисининг фикрини келтирамиз:«135 йил (1734-1869) қирғиз-қозоқлар (қозоқлар) бўйнига бўйунтуруқ осиш тарихи бошидан охиригача роса фойдали бўлди”. Бир туркистонлик тарихчи эса,ўрусларнинг кейинги шиддатли ҳаракатларидан 29 йил ўтгандан сўнг бундай деб ёзган:”Қозоқларни Ўрусияга ўз ихтиёри билан қўшилган дейиш афсонани ҳақиқатга йўғиришдир”.

Туркчадан Бахтиёр Исабек ўзбекчалаштирган.

turkiston

Боймирза ҲАЙИТ
ТУРКИСТОНДА ЖАДИДЧИЛИК ВА УНИНГ ТУГАТИЛИШИ

(Мазкур мақоланинг туркия туркчасида битилган нусхаси “Миллий эгитим ва култур”,“Mиллий таълим ва маданият”журналида туркия туркчасида босилган.)

Туркистонда XVIII аср охирида бошланган жадидчилик ҳаракати узоқ пайтдан буён давом этиб келаётган маданий масалалар борасидаги тортишувлар ва музокалараларининг янги шаклда намоён бўлиши эди. Жадидчилик ҳаракати,янги усулда таълим ва тарбияни теваракдаги Оврупо цивилизациясига мослаштириш эмас,балки Оврупо цивилизациясини ўрганиб,уни миллий маданиятга хизмат эттиришнинг бир ифодаси эди. Зиё Кўкалпга кўра,“замонавий-лашкок”дегани овруполиклар каби зирхлилар ,/броневиклар/,автомобиллар,учоқлар ишлаб чиқариб,уларни ишлата билмоқ деганидир:замонавийлашмоқ суратда,кўринишда оврополикларга ўхшаш керак дегани эмас”. (Зиё Кўкалп- Туркия маданият арбоби,,шоир,олим,файласуф,“Турклашмоқ,исломлашмоқ”,Истамбул- 1974,12 бет.) Туркистондаги жадидчилик жараёни ҳам Зиё Кўкалп ифодаларидаги мазмунга эга эди.

XVIII аср охирида бошланган ва ХХаср бошида Туркистоннинг ҳар тарафига ёйилган маданиятга оид курашлар,аслида ХVIII аср охиридан бери давом этиб келаётган таълим-тарбия асослари соҳасидаги тортишувларнинг энди янги давр фикрлари,шарт-шароитлари билан бойиётганини кўрсатар эди.Туркистонда янгиланиш учун кураш жараёни таълим-тарбияни янги усулда ташкил этиш орзуларидан бошланган эди.

Туркистондаги,хусусан Бухоро шаҳридаги “мадрасаларда илм ўргатиш қандай асосларга олиб борилиши керак”,деган масала олимлар орасида 200 йилдан ортиқ давр мобайнида муҳокама ва тортишувларга сабаб бўлди.

Маълумки,Бухоро мадрасалари ХVI аср охиригача,бугунги тушунчаларга солиштирсак дорилфунун табиатига эга эди. Мадрасаларда барча илмлар ўргатиларди. ХVI аср охирида фожиа бошланди. Туркистондаги Бухоро давлатининг хони Абдуллахон Бухорода ажойиб бир мадраса биносини қурдирди. У 1587 йилда бу мадрасага бир Шайх-ул-Уламо /Ректор/ танламоқ учун уламоларни бир илмий мунозарага таклиф этди. Абдуллахоннинг амрига кўра,мударрислардан Мавланий Садриддин билан Шероздан келган мусофир мударрис Мирзажон Шерозий орасида диний ва илмий мунозара очилди. Шерозий,тортишув кунларида,ўз фикрлари билан илоҳиёт таълимотини теранлаштиришни ҳимоя қилди.Бухоро мударриси Садриддин эса,мадраса таълим-тарбиясида,динний илмлар ёнида дунёвий илмларининг ҳам аҳамияти борлиги ҳақидаги фикрни илгари сурди. Мажлисга йиғилган мударрислар Абдуллахон қаршисида Шерозийнинг фикрлари устун деб қарор чиқардилар. Хон ўз номи берилган мадрасага Шерозийни Шайх-ул-Уламо қилиб тайин этди.Хон исмини ташиган бу мадраса бошқа мадрасаларга қараганда имтиёзли хисобланади. Шерозий тез орада мадраса бошқа мадрасаларга қараганда имтиёзли хисобланади. Шерозий тез орада мадраса дарслари қаторида дунёвий илмларни ўргатилишига барҳам берди.. Бундай тадбир бошқа мадрасаларга ҳам таъсир этди. Мадрасаларда 10-12 йил давомида таҳсил олувчи талабалар,ёлғиз диний илмларни ўргана бошладилар,лекин риёзиёт,хандаса,тарих,тиббия ва адабиёт илмларидан хабарсиз қолдилар.

Мирзажон Шерозийнинг машҳур Бухоро мадрасасида давом эттирган дунёвий илмларга қарши нафрат ҳаракати ХУI аср охиридан ХУII аср бошларигача ёлғиз Бухоро хонлиги мадрасалари учун эмас. балки бутун Туркистон мадрасалари учун ҳам ўрнак бўлди. Мадрасалар,эски замондаги умумилмлар маркази ролини йўқотдилар. ХIХ аср ўрталаригача баъзи Бухоро мадрасаларида диний дарслар ёнида аруз илми,қофия илми,тарих илми,табиат,хисоб илми ,мунозара илми каби илмлар ўргатилмокда эди.Фақат булар тасирли бўлолмадилар.

Бухоро мадрасаларидаги мударрислар Мирзажон Шерозий замонидан бери,дарсларнинг мазмуни масаласида,икки хил фикрдаги гуруҳларга бўлингандилар. Шерозий тарафдорлари,диний дарслар беришни илгари сурардилар. Уларнинг қаршисидаги мударрислар эса диний дарслар билан бирга дунёвий илмлар ҳам тиббия,жўгрофия,тарих,ҳандаса,риёзиёт,адабиёт ва фалакиёт ўрганилишини талаб қилардилар XIX асрда бутун мадрасаларда таасуб ҳоким эди. Бундай фикр жараёни Туркистонни маданний нуқтаи назардан руҳий тушкунлик булутлари ортида қолдирди. Аммо ,ХIХ асргача бир гурух мударрислар мактаб ва мадрасаларда барча илмларнинг ўргатилиши фикрларидан ва талабаларидан воз кечмагандилар. XIX асрда Самарқандда Абу Саид,Андижонда Фозил домла,Вобкентда Мўмин Хўжа ,Бойсунда Мулла Худойберди ва Қозонда Шаҳобиддин Маржоний каби олимлар мадрасаларда Шерозийдан олдинги илмларни кабул килиш фикрини илгари сурардилар,фақат муваффақиятга эриша олмадилар.

Туркистонда таълим ва тарбия тортишувлари давом этар экан,бу мамлакат XIX асрда рус истилосига дучор бўлди. Руслар орқали Оврупо цивилизацияси ҳам Туркистонга кира бошлаган эди. XIX асрда бутун ислом дунёсига ислоҳ йўли билан замонавийлашиш жараёни ҳоким эди. Усмонли императорлиги Истамбул,Крим,Озарбайжон,Қозон,Ҳижоз ва Ҳиндистонда,мусулмон ҳаётини ислоҳот ўтказиш йўли билан янгилаш фикрлари тарқалаётган эди. Усмонли императорлигидан Мустафо Рашид Пошоннинг ислоҳот ғояси,Қрим олими Исмоил Ғаспирали Бейнинг,Озарбайжоннинг маърифатпарвар ёзувчиси Мирза Фатали Охундзоданинг ва Қозонда Шаҳобиддин Маржонийнинг ғоялари ҳожилар,мактублар,сайёҳлар ва тужжорлар воситаси билан Туркистондаги Зиёлиларга илҳом бермоқда эди.

Туркистонда илк бора,Оврупо техникасини ўрганиш кераклиги масаласини Қўқон хони Олимхоннинг жияни Саид Муҳаммад Ҳакимхон,Русия,Туркия,Хижоз,Эрон ва Озарбайжонни саёҳат қилиб қайтгач,1843 йилда ёзган асари билан ўртага қўйган эди.

Туркистондаги жадидчилик ҳаракати XIX аср охирида қуруқ маданий ҳаракатнинг ўзи бўлибгина колмай,айни чоқда Турк-Ислом ҳуқуқий муносабатларининг янгитдан ўртага қўйилиши ва бу ҳуқуқий муносабатларнинг миллатга ўргатилиши маъносини ташимоқда эди. Миллий ва сиёсий ҳуррият орзулари жадидчилик ҳаракатининг бир парчаси эканлигини илк бора ўртага қўйган одам аслан Бухоро фуқароси,лекин Сибирияда яшаётган қози Абдурашид Иброҳим 1853-1940 бўлган эди. У Туркия,Макка ва Оврупо ўлкаларида узоқ йиллар яшади ва бу ўлкалардаги фикрларни ва ҳаёт тарзини ўрганиш ташабусида бўлганди. Иброҳим 1895 йилда Истамбулда “Чўлпон –Юлдуз”номи ила эълон қилинган рисоласида,мусулмонлар устидаги рус ҳокимиятига қарши шиддатли хужумлар килган эди. Исмоил Гаспирали Бей ҳам 1881 йилда ёзган бир рисоласида,мусулмонларнинг фикрий сукунатига сабаб бўлгандир”,дея шикоятда бўлинган эди. Узоқ йиллар Маккада,Истамбулда ва умрининг охирида Туркистоннинг Чугучок шаҳрида нашр этилган “Толфиқ ал-ахбор”номли асарида (икки жилд,1245 сахифа) рус ҳокимияти остидаги турклар учун мустакиллик талаб этмокда эди. (Заки Валидий Тўғон. “Букунги Туркэли /Туркистон/ ва якин тарихи”,II жилд,Истамбул 1942-47,542 бет).

Жадидчилик ҳаракатининг ХХ аср бошидаги етакчилари,ҳурриятга етишмоқ учун аввало ёш авлодни Оврупо илмлари даражасида тарбиялаш ғоясини илгари сурмоқда эдилар. Улар томонидан ташкил этилган Усул-и Жадид мактаблари 1890 йилда Фарғона водийсида ва 1893 йилда Самарқанд шаҳрида очилган эди. Улар Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини кезиб кўришганди. Уларнинг зиёратидан кейин Самарканд жадидчилик ҳаракатининг илк маркази ролини ўйнай бошлаганди. Шуни қайд этишимиз керакки,рус ҳокимияти остидаги турклар орасида илк даъфа Коракўл (русларча,Пржевальск) шаҳрида ташкил этилган Усул-и жадид мактаби Мулла Жўрабой томонидан 1990 йилда очилганди. 1990-йилларда Туркистон Умумий Валийлигида 80 га якин,Бухоро Амирлигида 57 янги усул мактаблари очилганди.

Илк жадидчиликнинг асос марказий муаммоси,замонавий мактаб ва замонавий маълумот эди. Шоир Садриддин Айнийнинг ХХаср бошида ёзилган қуйидаги шеъридан жадидчиликнинг ўша пайтлардаги манзараси кўз ўнгимизда намоён бўлади:

“Мактабсизлик бизни қилди яп-яланғоч,
Мактабсизлик бизни этди талон-тарож.
Мактабсизлик Турон элин ўлдирди оч,
Кўзингни оч,бу хўрликдан мактабга қоч”.

Демак,илк жадидчиларнинг энг катта дардлари янгича яъни замонавий мактаб очиш масаласи бўлган эди. Жадидчилар қолоқлик ва ғафлатдан қутилиш учун аввало тез ва қулай ўқиш-ёзишни ўргатмоқ ғоясини илгари сурдилар. Мактабларда ислом асослари билан бирга ,жўғрофия,тарих,турк тили,кимё,физика ва ҳисоб илмларини ҳам ўргатаётган эдилар. Мактаблардаги дарслар туркча эди.

Туркистондаги ўқитиш системасининг Овруподаги мактаб системаларидан орқада қолаётганидан шикоят қилардилар.Таввало тахаллусли шоир бир шеърида қуйидагича киноя қилган эди:

“Сизнинг бола ўқийди китобга қараб,
Бизнинг бола ўқийди осмонга қараб,
Олиб келинг аэропланингизни,
Варрагимиз ила солиштирамиз.
Олиб келинг автомобилингизни,
Қўқон араваси ила чопиштирамиз”.

Усул-и Жадид мактаблари бой турклар томонидан курилаётган ,уларнинг мудирлари ва ўқитувчилари эса мадраса таҳсили кўрган,Оврупо ва бошқа турк мамлакатларидан келаётган фикрларни газета ва журналлар воситаси ила ўрганган зиёлилар эди. Янги усулда дарс бериш йўлини ўрганмоқ учун Туркистондан Кримга вакил ўқитувчилар юборилганди. Мактабларда турк тили грамматикасини қулай ўргатмоқ учун Мунаввар Қори 1901 йилда “Адиб-и соний”номли китоблар ёзган ва нашр эттирган эди.

Мунаввар Корининг бу асарлари Туркистонли муҳожир Мавлоно Аъзам Ҳошимий томонидан Карочида (Покистонда) 1965 йили янгитдан нашр этилди.

Жадидчилар араб харфларини қулай ўргатмоқ ва туркчани тўғри талаффуз эттирмоқ учун араб ҳарфларидаги фатха,касра ва замма ишоратлари ўрнига алохида харфларини илова қилгандилар.Улар бу алифбега туркларнинг энг эски “нг”ҳарфини ҳам қўшдилар.Туркистонда алифбе шу тариқа яратилганди.

Туркистондаги жадидчилик ҳаракати,янгиланиш фикрларини ташвиқ этмак ғоялари билан нашр этилган газета ва журналларда алоҳида қадрини топганди. Жадидчилар 1905 йилларга қадар ўз газеталарини чиқаришга имкон топа олмагандилар.Улар ,1906 йилдан эътиборан “Тараққий”,“Хуршид”,“Шуҳрат”,“Осиё”,“Бухорои Шариф”,“Турон”,“Самарқанд”,“Садои Фарғона”,“Садои Туркистон”,“Қозоқ”,“Болопон”газеталарини,”Ойна”,“Ислоҳ”ва “Юрт”журналларини нашр этдилар. Бу газета ва журналлар Туркистонда жадидчилик матбуотининг қисқа бир вақт ичида ташкил топганини кўрсатмокдадир. Биргина Самарқанд муфтиси Маҳмудхўжа Бехбудий томонидан нашр этилган адабиёт журнали –“Ойна”1913-15 йилларда узлуксиз чиқиб турди. Жадидчилик газеталари туркистонликларни замоннинг янги шароитларига қараб ҳаракат қилишга даъват этарди. Чунончи,1914 йилдан чиқа бошлаган “Садойи Туркистон”газетасининг 1 сонида қуйидаги фикрлар ёзилганди:

“Биз ҳали ҳозирда на замонга,на Шарият-Исломияга кўра ҳаракат қиламиз. Шу жаҳолат муқаддас ватанимиз ва меҳрибон онамиз бўлган Туркистонга карши бир хиёнат дея ҳис этганимиздан бу газетани таъсис этдик.”

Туркистондаги жадидчилик ҳаракати ўз адабиётини яратишда ҳам орқада қолмади. Жадидчилик адабиёти билан,Туркистон адабиёти тарихининг янги даври бошланди. Жадидчилик адабиётининг ХХ аср бошидан 1937 йилгача бўлган даврида шундай улуғ шоир ва адиблар фаолият кўрсатдиларки,уларнинг орасида қуйидаги сиймолар алоҳида танилганлардир:Мулла Нафас,Авлиё Қули,Мискин Қилич,Комил Хоразмий,Муҳаммад Аминхужа Муқумий,Зокиржон Фурқат,Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий,Иброиҳим Қўнанбой-Aбай,Мурёқуб Дулат,Абдурауф Фитрат,Ашурали Зоҳирий,Тавалло,Убайдулло Завқий,Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон,Аваз Ўтар,Абдулла Авлоний,Ҳамза Хакимзода Ниёзий,Садриддин Айний,Абдулла Қодирий –Жулқинбой,Мулла Қилич,Мухтор Аваз,Қосим Тинистон,Мағжон Жумабой ва ҳ. к. Шу нарса ҳам таъкидланиши керакки,Жадидчилик Адабиётининг вакиллари миллий жаҳолатга қарши жабҳа очишга ва мустақиллик йўлини излаб топишга даъват этдилар. Жадидчилар театр асарларига алохида эътибор бердилар.

Беҳбудийнинг “Падаркуш”номли театр асари жадидчилик адабиётида драмматургияга йўл очган эди. Беҳбудийга кўра,ўқимаган,жоҳил қолган фарзанд отасининг қотили бўлиши ҳеч гап эмас. Кейинги давр жадидчилик драмматургиясининг такомилида Абдурауф Фитратнинг катта роли бордир. Фитрат драматик асарларининг мавзусини Туркистон тарихидан олган ва “тарихни гапиртириб”ёшларни Туркистон миллий ҳаётига боғлашга ҳаракат қилганди.

Жадидчилик адабиёти бугунги Туркистон турк адабиётига ҳам таъсир этгандир. Афсуски,бу кунга қадар жадидчилик фикрлари ва адабиёти дунёнинг ҳеч бир ерида туркологлар томонидан теран тадқиқ этилмагандир.

Жадидчилик ҳаракати Чор Русияси ва Бухоро Амирлиги ҳукуматининг контроли ва душманлик сиёсати остида давом эттирилган бир фаолият жабҳаси эди. Чор Русияси жадидчиликдан қўрқаётган эди,чунки жадидчилик,ёшларни миллий тарбия йўли билан Рус ҳукуматига қарши сафарбар бўлиш нуқтасига кетаётган эди. Бухорода ва умуман Туркистонда мутаасиб диндорлар ҳам жадидчиликни исломга душман бир ҳаракат шаклида кўраётган эдилар. Бухоро Амири ва унинг ҳукумати жадидчиликнинг энг жиддий душмани ролини ўйнади. Бухоро Амирлигида жадидчилик қўрқуви буюк эди. Қаердаки,бир жадидчини кўрсалар ва унинг фаолиятини сезсалар ўша ерда уни ўлдирардилар. Шунга қарамай Бухоро Амирлигидаги жадидчилик фаолиятлари ҳам шиддат билан давом этган эди.

Туркистонда маданий кураш туркистонликлар орасида 1917 йилга қадар икки оқимни ташкил этарди. Зиёлилар жадидчилик ва қадимчилик гуруҳларига бўлингандилар. Ҳар иккисининг ҳам қўрқинч душмани рус ҳокимияти эди Аммо қадимчилар буни англамасдилар. Қадимчиларнинг таъсири катта эди. Шунга қарамай жадидлик энди тўхтатиб бўлмас бир фикр жараёни моҳиятини олганди. Аммо,жадидчилик ҳаракати 1910 йилгача бир ташкилот қура олмаган эди. Руслар маданият ташкилотлари ташкил қилишга рухсат бермасдилар. Жадидчилик ҳаракати бир ташкилот характерини олмаган эди. Жадидизмнинг кўзга кўринган вакилларидан Файзулла Хўжанинг фикрича,жадидчилик ҳаракати 1910 йилдан кейин Турк ва Эрон инқилобларининг таъсири остида бутун мусулмон шарқининг уйғона бошлаши билан бир ташкилот характерини олди.(Файзулла Хўжаев. “К истории револдюций в Бухаре”. Тошкент,1926. 6 бет.) Мустамлака бўлган Туркистонда жадидчилик 1917 йилга қадар бир ташкилот шаклини олаолмади. Лекин ярим мустамлака бўлган Бухоро амирлигидаги жадидчилар 1910 йилда яширинча “Жамияти тарбиаи атфол” номли бир ташкилот қурдилар. Бу жамият 1911 йилда Истамбулда,Туркистон (ва Бухоро)дан талаба ўлароқ жўнатилган Абдурауф Фитрат,Муқумиддин Бекжон ва Содиқ Ашур ўғли кабилардан ташкил топган ҳайъат “Бухоро марифат жамияти”ни қургандилар. Бу жамият Туркистон ва Бухоро амирлигидан Истамбулга жўнатилган талабаларнинг моддий ва маънавий муаммоларига ёрдамчи бўлганди. Жамиятнинг 17 моддали низомномаси,аъзолари ва фаолиятлари бўлганлиги тўғрисида маълумотлар учрайди…

Русияда 1917 йил февраль инқилобидан кейин Туркистон жадидчилари Мунавар Қори раҳбарлигида “Шўрои Ислом” исмли ташкилот туздилар. Бу ташкилот уларнинг маданий ҳаётидаги илк ва очиқ бир ташкилот эди. “Шўрои Ислом” бир тарафдан Туркистоннинг ҳар тарафида маданий ҳаётни жонлантириш учун фаолият кўрсатди,бошқа тарафдан Туркистоннинг туркистонликлар томонидан идора этилиши тушунчасини ишлаб чиқди. Рус ҳокимияти остидаги Туркистон жадидчилари Бухоро амирлигидаги жадидлар билан яқин алоқаларга киришдилар. Жадидчилар ўзларининг “Шўрои Ислом” ташкилолти воситаси ила Туркистонда ҳеч бўлмаса,Миллий мухторият (автономия) қозонмоққа ҳаракат қилардилар.

Большевик руслар 1917 йил ноябрида Тошкент шаҳрида Туркистон учун Совет ҳокимияти режимини эълон этганидан сўнг,Туркистон миллий зиёлилари ва Русияга қарши бўлган барча иш одамлари Қўқон шаҳрида тўпландилар. 1917 йил декабрида Туркистон миллий мухторият ҳукуматини қурдилар. Бу мухторият Туркистоннинг туркистонликлар томонидан идора қилинишига асосланган эди. “Шўрои Ислом” ташкилоти Русия большевизмига қарши Туркистон миллий давлатчилик ғояларини жиддият билан олиб борган ва биринчи бўлиб,“Туркистон уломолар жамияти” билан бирликда Қўқон шаҳрида Туркистон мухториятини эълон қила олганди. Совет тарихчиларининг фикрларига кўра “жадидчилар,Туркистонни русиядан айиришни ўйлардилар” (Б.Ф. Ғафуров. “История таджикского народа”. М.,1949. 451 бет.) “Шўрои Ислом” ташкилоти 1920 йилда Совет ҳукумати томонидан таъқиқланди (очерки “Истории Комунистической партии Туркистана”,Т.,1958. 95,96 бетлар).

Русия Совет ҳукумати 1917 йилдан эътиборан жадидчилар ила иш бирлиги қилмоқ тактикасини олиб борди. Жадидчилар Чор Русиясидан озод бўлганлари учун мамнун эдилар. Ва Совет ҳокимиятининг илк даврида миллий маданий сиёсатларини давом эттира олдилар. Жадидчиларнинг “Турк эли”,“Турк сўзи”,“Улуғ Туркистон”,“Эл байроғи”,“Чўлпон” номли газеталари 1918 йилнинг ёз ойларигача ўз миллий ғояларини баён этиб улгургандилар. Жадидчилар билан иш бирлиги қилган Совет идорачилари ҳатто “Коммунизм Туркистонда жадидизм йўли орқали майдонга чиқа олди”,дея фикр билдиргандилар. (Қаранг:Б. Ҳайит. “Бухоро ва Хива мустақиллигининг битирилиши тарихи ҳақида баъзи мулоҳазалар”,“Миллий Туркистон”,1967 12 номер,12,19 бетлар) Совет идоралари жадидчиларнинг юқорида зикр этганимиз,газеталарини ёпдилар. Улар,1918 йилдан эътиборан ўз руҳларида ўнта газета нашр этдилар. Жадидчилар Совет газеталари йўли ила ўз фикрларини билдира бошладилар.

Бухоро Амирлиги ва Хева Хонлигидаги жадидчилар:булар “Ёш бухороликлар”,“Ёш хиваликлар” номлари билан танилгандирлар,Усмонли императорлигидаги “Ёш турклар” ҳаракатининг таъсири остида қолгандирлар. Уларнинг бир гуруҳи Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини йўқ қилиб,буларнинг ўрнига жумҳуррият қурмоқ ниятида Советлар билан,ҳатто қурол билан иш бирлиги қилдилар. Совет коммунизм режими ила бирликда ишлаш масаласида жадидлар икки гуруҳга бўлинадилар. Бир гуруҳ жадидчилар Советлар томонидан Бухоро ва Хива ярим мустақил давлатларининг ишғол этилишига рози бўлмайдилар,лекин бир қисм жадид раҳбарлари Совет қизил армиясининг Бухоро ва Хивага ҳужум қилишига тарафдор бўлдилар. Совет русия қўшини 1920 йилда бу икки давлатни ишғол этар экан,жадидчиларга суянди ва жадидлар ҳам уларга қурол бўлдилар. (Болшая советская энсклопедия,4 жилд,199 бет)

Совет маданий сиёсатининг таъсири билан жадидчи ижодкорлар 1919 йилдан эътиборан,икки гуруҳга бўлинишганди. Мирёқуб Давлат,Мағжон Жумабой,Абдурауф Фитрат,Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон каби шоирлар фикрларини ўзгартирмай,Совет маданият идораларида миллий мафкура миллий маданиятнинг такомили учун фаолиятларини давом эттирдилар. Жадидларнинг эски таъсирли шоирларидан Садриддин Айний,Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий,Абдулла Авлоний ва Сакен Сайфуллин кабилар,шеърларида ва бошқа фаолиятларида коммунизм руҳини ташимоқ ролини ўйнай бошладилар.

Совет Русиясининг Туркистондаги идорачилари 1930 йилгача жадидчиларнинг фикр ва фаолиятларига изн бердилар. Фақат 1934 йилдан эътиборан,жиддият билан,“мафкура майдонида кураш” шиори остида жадидизм мафкурасидан қутилиш ҳаракатига тушдилар. Жадидларнинг ҳаёт бўлган катта бир қисми Совет давлати,коммунистик партияси ва маданият муассасаларида 1937 йилгача ишлай олдилар. Совет режими буларнинг контрол остида ишлатаётган эди,лекин ҳаётларига тажовуз қилмаётган эди.

Совет Русиясининг 1937,39 йилларда давом эттирган “давлат ва коммунистик партия идораларини халқ душманларидан ва миллатчилардан тозалаш” сиёсати натижасида жадидизмнинг Совет идораларида ишлаётган барча вакиллари қамоққа олиндилар. Буларнинг кўпчилиги тройка (уч кишилик яширин маҳкама) қарори билан отиб ташланди.

Демакки,1939 йилни Туркистонда жадидизм фаолиятларининг охири деб ҳисоблаш мумкин. Жадидчилик Коммунизм режимининг зўровонлик сиёсати остида миллий маданиятнинг такомили ва миллий давлат ҳаётини қозонмоқ йўлидаги фаолиятларини тўхтатиш мажбуриятида қолди. Жадидчилдик ҳаракати Туркистондаги фикр ҳаёти тарихининг бир парчаси сифатида давом эта бошлади. Жадидизм тугутилиши масаласида Совет Иттифоқида нашр этилган бир энсклопедияда шундай дейилгандир:“Жадидизм Совет ҳокимиятига қарши курашда сиёсий босқинчилик (бандитизм) шаклини олди. Жадидчилар чет империалист ҳукуматларининг жасуслари ролини ўйнадилар. Жадидизм оқибатда СССРда социализм зафарларидан сўнгра битказилди. (“Правда Вастока”,1962,26 январь яна қаранг:кузатувчи Б. Ҳайит:“Нега жадидчиликдан қўрқмоқдалар?”,“Миддий Туркистон” 1963,92 номер,28,30 бетлар. “Шарқ юлдузи”,Т.,1980,8 номер 100 бет.)

Советларнинг “Жадидизм сиёсий босқинчилик шаклини олди ва чет империалистларининг жасуслари ролини ўйнади”,деган фикрлари туҳматнинг бир кўринишидир. Советлар “Социализм зафари”,деганда 1938,39 йилларни тушунадилар.

Советлар жадидчилик ҳаракатининг баъзи очиқ фаолиятларига барҳам бердилар. Лекин,Туркистон зиёлилари орасида жадидизм руҳидан то ҳозирги пайтгача қутила олмадилар. Баъзи Туркистонли тарихчи ва адабиётчилар,1956 йилдан кейин жадидизм жараёнининг тарихий ҳодиса сифатида қурилиши масаласини ўртага қўйдилар. Баъзилари эса,очиқча жадидизм ғоясини ҳимоя қилиш истагида бўлдилар. Коммунизм режими буларнинг қаршисида ҳам жабҳа очиш мажбуриятида қолганди. Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби Ш. Рашидов режимнинг талабларини шундай ифода этган эди. “Баъзи инсонлар Сталиннинг шахсига қарши кураш билан бирга,жадидчилик ва унинг ғоясини ҳам ҳимоя қилмоқчи бўладилар. Биз бунга хайриҳоҳлик қилаолмаймиз ва бунга йўл қўймаймиз. Шахсга сиғиниш даврида баъзи жадидчилар ва уларга яқин бўлган ўқитувчилар,ёзувчилар ва газетачилар тазйиққа дучор этилдилар. Кейинги пайтларда улар афв этилдилар. Аммо,тескаричи ва аксилинқилобчи бўлган жадидизм афв этилмади. Панисламизм ва пантуркизм жадидчиларнинг асос ғояси эди. Кимки,жадидчиликни ҳимоя қилмоқ ҳаракатида бўлса,у душманни ҳимоя этаётган бўлади.” (“Правда Вастока газетаси”. Т. 1961,26 январь. Яна қаранг:“Миллий Туркистон” 1963 94 номер,28,30 бет)

Бу кунги (1981йил…)Туркистонда жадидизм йўқ. Лекин Совет режимида жадидизмдан қўрқув бор. Жадидизм мафкурасининг қолдирган таъсирлари бор. Туркистонда у замоннинг жадидчилари,шоир Абдулла Авлоний тилидан:“Тур,эй,миллат уйқудан,ҳасратлашайлик” (“Шарқ юлдузи”,1980 8 номер,100 бет) дейишарди. Бу кунги зиёлилар,миллатнинг уйқудан уйғонганини сезардилар. Улар миллатни туришга чақираётирлар,миллатни,мустақилликни олишга даъват этаётирлар.

1981 йил.

Туркия туркчасидан Миразиз Аъзам таржимаси.

turkiston

Боймирза Ҳайит
ТУРКИСТОННИНГ МУСТАҚИЛЛИККА ҚОВУШАДИГАН ПАЙТИ ҚАЧОН БЎЛАДИ?
(Мақола 1984 йилда эълон қилинган)

Туркларнинг бешиги сифатида қабул қилинган Туркистон бу кун Ўрта Осиё ва Қозоғистон деб юритилмоқда ва 4 миллион квадрат километрли тупроқлари билан Совет Иттифоқи ҳудудининг 20 фоизини ташкил этмоқда. 15 иттифоқдош жумҳуриятдан 5 таси (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) Туркистондир.

Туркистон, маълумки, дунёнинг муҳим сивилизатсия марказларидан ҳисобланади. Бу ўлка 1925-йилдан бери Совет терминологиясида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” бўлиб қолди. Совет идора органлари бу ўлканинг исмини рад этиб, туркистонликлар орасида миллатга мансублик онгини йўққа айлантириш ниятида зўр бериб “Туркистон” номининг қўлланилишига қаршилик қилдилар.

Одамни ҳайратлантирувчи ва янглиш бир шаклда, баъзан ғарблик тадқиқотчилар ҳам 1950-йилдан буён совет таъбири бўлган “Ўрта Осиё”ни қўлламоқдалар. Шу тариқа ғарб афкори умумиясида ва Ислом оламида “Туркистон” калимасининг унутилишига ҳисса қўшиб, совет нуқтаи назарига хизмат қилмоқдалар.

Туркистон бутун Ўрта Осиёни юзага келтирмоқда, фақат Ўрта Осиё тупроқлари ичида бўлмоқда. Дунё қомусларида (масалан: Америка энсиклопедияси, Британия энсиклопедияси, Брокҳаус энсиклопедияси ва бошқаларда) бу ўлка жўғрофий жиҳатдан очиқ-ойдин суратда “Туркистон” сифатида зикр этилмоқда.

АҚШ Конгрессининг 1959-йил июл ойида қабул қилинган “Асир Миллатлар Ҳафтаси” номли қонунида ҳам аён суратда “Туркистон” исмининг қўлланилиши диққатни ўзига тортади.

Шуларга қарамай Радио Либерти (“Озодлик” радиоси)нинг раҳбарияти 1978-йил кузида ўз нашрларида “Туркистон” ўрнига “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” таъбирини қўлланиш мажбуриятини ўртага қўйди.

Шундай қилиб, жуда катта обрўга эга бўлган Америка ташкилоти, АҚШ Конгрессида қабул қилинган қонунга зид иш қилди. Агар Ғарбда, совет терминологиясида Ўрта Осиё (“Сентрал Асиа”) атамаси ўрнига “Туркистон”ни қўлласайдик ва ўзимизни совет таъсиридан ҳимоя қилиб, бу ўлканинг миллий борлиги ва шахсиятини рад этмасайдик, фойдалироқ ва одилроқ бўлардик.

Бу кун Туркистонда яшаётган 42 миллион инсондан 32 миллиондан ортиғини турк ва мусулмон бўлган ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар, уйғурлар, татарлар, озарбайжонлар ва тожиклар ташкил қилмоқда. Булардан қолган халқ эса рус мустамлакачилари (идора персоналлари, аскарий персонал) ва бу минтақага жойлаштирилган украинлар, белоруслар, эстонлар, литваликлар, олмонлар ва корейслардир.

Умуман, маълумки, Туркистоннинг бу кунги тупроқлари 1715–1897-йиллар орасида Россия томонидан одим-одим ишғол этилгандир. Шунга қарамай, Бухоро ва Хева давлатлари Чор Русияси замонида ич ишларида мустақилликларини сақлаб қолгандилар. Фақат бу давлатлар ҳам 1920-йилда совет тажовузи оқибатида “Бухоро ва Хева совет Халқ Жумҳуриятлари” ўлароқ эълон этилдилар. Совет ҳукумати бу икки давлатнинг мустақиллик ҳақларини музокаралар чоғида қабул этган эди. Аммо 1924-йилда совет ҳукумати бир уруш оператсияси йўли билан бу икки давлатнинг чегараларида ёйилиб ва таҳдид этиб, давлат борлиқларига барҳам бериб, амалда тупроқларини ҳам ўзига қарам қилди.

Совет Иттифоқининг идора кучлари, Туркистоннинг дунё сиёсатидаги ва стратегик аҳамиятини халқлардан яширмоқдалар. Биз бу ҳолни хусусан қуйидаги соҳаларда кўряпмиз.

Туркистон Осиё ва Оврупо орасида боғланиш бунёд етган кўприкдир

Туркистон Татар-Бошқирдистон, Сибирия, Мўғулистон, Хитой (Хитой ҳокимиятидаги Шарқий Туркистон билан), Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Кавказия билан муштарак чегаралари бўлган жўғрофий бир макондир. Туркистонга қўшни бўлган бу ўлкаларнинг катталиги 33 миллион квадрат километрга тўғри келади. Бу ўлкалар Туркистоннинг 4 миллион квадрат километрлик юз ўлчови билан биргаликда жуда катта жуғрофий минтақа еканлиги шак-шубҳасиздир.

Туркистон ва унга қўшни бўлган ўлкалар маданий, иқтисодий ва диний нуқтаи назардан бир-бирлари билан мустаҳкам боғлиқдирлар.

Туркистондан Оврупога ва Ўрта Шарқ ўлкаларига қулай ва қисқа йўллардан бориш-боғланиш мумкин.

Масалан, Москва Туркистон чегарасидан ҳаво йўли ила 1000 км, Краков – Украина 770 км, Ростов – Дон 711 км, Арзрум, – Туркия 1010 км, Бағдод – Ироқ 1210 км, Теҳрон – Ерон 640 км, Кобул – Афғонистон 290 км узоқликдадир.

Рақамлардан ҳам англашиладики, Туркистоннинг Оврупо, Ўрта Шарқ ва Ич Осиё билан боғланиш имконлари жуда қулайдир. Бундай бир геополитик минтақа узра жойлашган Туркистон Совет Иттифоқига ҳар турли ташаббуслар имконини бермоқда.

Туркистон Совет Иттифоқининг бебаҳо ҳарбий истеҳкомидир

Совет Иттифоқи Туркистонда қўшни ўлкаларга қарши икки ҳарбий округига эга. Туркистондаги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон Совет Жумҳуриятлари орқали Ўрта Шарқ, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ва Ўрта Осиёдаги Қозоғистон, Қирғизистон Совет жумҳуриятлари орқали Хитой ва Мўғулистон давлатлари контрол қилиб борилади, керак бўлганда ижро этиладиган ҳарбий оператсиялар шу икки ҳарбий округ томонидан планлаштирилади ва амалга оширилади.

Ҳар икки ҳарбий округ ҳам энг замонавий қуроллар билан таъминланган бўлиб, совет ҳарбий идораси томонидан ҳам ҳамлакорлик кучи жуда юксак баҳоланмоқда.

Бу икки аскарий қўмондонлик айни замонда Шарқда кўтарилиши мумкин бўлган масалаларга қарши совет аскарий идорасининг стратегик ва тактик жиҳатдан илк планлаштириш марказлари бўлиб қабул қилинмоқда.

Туркистон, Ўрта Шарқ, Ич Осиё, Оврупога қарши совет планлари ва амалга оширадиган тадбирлари жиҳатидан ҳам етакчи куч сифатида саналмоқда.

Бутун дунё жамоатчилиги, 1979-йил декабр ойидан буён Совет Иттифоқининг Афғонистонга қилган урушининг Туркистондаги ҳарбий округ томонидан планлаштирилганини яхши билиб олди. Туркистон геополитик ва табиий жўғрофияси ҳолатига кўра (жуда кенг ва ранг-баранг майдон эканлиги: саҳролар, водийлар, жарлар, тоғлар) атом бомбаси, ракеталар, учоқларнинг эҳтиёт қисмлари каби совет уруш воситалари ва Совет Армиясининг едириб-ичирилиши учун керакли бўлган маҳсулотларни сақлай олувчи асосий омбор бўлиб диққатни тортмоқдалар. Совет Иттифоқи ракеталарини ўт олдирувчи ва ҳаракатга солувчи майдон ҳам Туркистоннинг Бойқўнғир шаҳрида жойлашгандир.

Совет Иттифоқи керак ҳолларда эҳтиёжи бўлган уруш материалларини Туркистонда созлаб (ўнглаб) олиш имконига ҳам эгадир. Сталин 1943-йилда сўзлаган бир нутқида ўз фикрини изоҳлаб: “Ўрта Осиё Совет Жумҳуриятлари ва Қозоғистон (яъни Туркистон) Қизил Армиянинг енг муҳим қурол омбори бўлганини” маълум қилган эди. Биз, бошқа совет нашридан ҳам 1942-йилда Совет Иттифоқининг бутун тупроқларида фойдаланилган ҳарбий материал Иккинчи жаҳон урушидан олдин Туркистонда тайёр қилиб қўйилганлигини ўргандик. Бундан ҳам, Совет Иттифоқи керакли ҳолларда Совет Армиясининг эҳтиёжи бўлган бутун ҳарбий материлалини Туркистонда созлаб олиш имконига ега, деган маъно чиқмоқдадир. Туркистондаги совет қуролли кучларининг Ўрта Шарқдаги бутун ўлкалардан кучли еканлиги очиқ-равшандир.

Туркистон Совет Иттифоқининг хом-ашё базасидир

Афкор оламга маълумки, Туркистон советларнинг энг қимматли хом ашё базасидир, буни советларнинг ўзи ҳам бир неча бора эътироф этганлар. Совет индустриясининг хом моддага бўлган эҳтиёжини қоплашда бу ўлка ҳал қилувчи рол ўйнамоқда.

Бу ҳақда “Бу кунги Туркистоннинг сиёсий ва сотсиал манзаралари” номли мақоламизнинг бир бобида баҳс юритгандик. Бу ердаги гапларга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Туркистонда яна ниҳоятда бой запасга эга бўлган уран, олтин, кумуш ва платина конлари мавжуддир. Бир совет газетасида Туркистоннинг бой қазилма бойликларига мисол қилиб шундай маълумот берилган: “Қозоғистон Совет Жумҳуриятида ҳар йили 120-130 миллион тоннага яқин темир, 100 миллион тонна нефт ва 35 миллион тонна пўлат олинади”.

Туркистоннинг ер ости манбалари нормал бир шаклда Совет Иттифоқининг бутун эҳтиёжларини қоплайди.

Туркистоннинг зироат бойликлари ҳам кенг бир суратда маълум бўлмоқда. Совет Иттифоқидаги бутун пахта ҳосилининг 95 фоизи, мева маҳсулотларининг 60 фоизи, каноп ҳосилининг 100 фоизи, пилланинг 75 фоизи, гуручнинг 65 фоизи, каучукнинг 100 фоизи, қоракўлнинг 100 фоизи Туркистонда тайёрланмоқда. Туркистон айни замонда Совет Иттифоқининг учинчи катта ҳубубот ётоғидир. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари Совет Иттифоқига дунёнинг иқтисодий сиёсатида бир супер куч бўлиб ўз сўзига ега бўлиш имконини беради. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари бўлмасайди, Совет Иттифоқининг еришган муваффақиятларига эришуви тўгрисида гап ҳам бўлолмасди.

Туркистон Шарқда коммунизмнинг таъсир марказидир

Туркистон коммунизмнинг Шарқдаги энг илғор қуролли кучи бўлиб майдонга чиқиши керак, деган тушунчаси, совет идорасининг қуйидаги ғоялари коммунизмнинг Шарқда ёйилиши борасида Туркистоннинг ўйнаган ролини тўла-тўкис намоён этмоқда.:

“Туркистон Шарқда ғояларимизнинг таъсир марказидир”;

“Туркистон коммунистик инқилоб микробини Шарқдаги ёювчиси бўлиши керак”;

“Туркистон тарихда Осиёнинг Оврупога очилган эшиги ролини ўйнаган. Ҳозир эса Оврупо учун (Русия учун деб тушунаверинг) Осиёга очилган эшик ролини ўйнаши керак”;

“Шарқ халқлари келажакда сотсиализм ва коммунизмдан қочиб қутулолмайдилар”.

Совет Иттифоқининг Шарқ сиёсатида Туркистон қандай масалаларда керак бўлиши ва янада аниқроғи Шарқда коммунизмнинг ёйилишига хизмат қилиши зарурлиги мавзуида совет идорасининг бундан бошқа яна бир қанча кўрсатмалари бордир.

Кенг жамоатчиликка маълумки, советлар коммунизмни Шарқда (айниқса, Ўрта Шарқда) тарқатиш учун олис масофаларга қўл узатганлар. Бу ерда мисол тариқасида совет ибораси бўлган “Тошкент руҳи”нинг туғилишини кўрсатиб ўтиш ўринли бўлар эди. Осиё, Африка ва Жанубий Америка ўлкалари учун 50-йиллари Туркистонда ташкил қилинган халқаро конференсия ва симпозиумларда Туркистоннинг оз ривожланган мамлакатлар учун “Совет системасининг мўжиза модели” сифатида тақдим этилганини ва кам ривожланаётган мамлакатларда кўпгина тарафдор ва симпатия қозонилганини эслайлик. Аслида Совет Русияси ҳокимияти остида эзилиб ётган Туркистон гўё ривожланган машъал жумҳурият сифатида кўрсатилиб, у орқали советлар тарафидан Ислом ўлкаларида қанчадан-қанча тарғибот олиб борилганини унутиб бўлмайди.

Совет Русияси Афғонистонни ишғол этгандан кейин, коммунизм аввал Русиядан Туркистонга киритилганлиги ва қурол кучи билан ўрнатилганлиги ойдинлашиб қолди. Коммунизм бу сафар айни ўша методлар билан Афғонистонда иш олиб бормоқда. Бу орада 20000 дан ортиқ туркистонлининг Ўрта Шарқ ўлкаларида совет мутахассислари сифатида иш кўрганлиги ва советларнинг обрўсини орттириш мақсади билан қўлланганлиги ҳам қайд етишга арзигулик бир хусусдир.

Совет рус империализмининг миллий мустақиллик масалаларидаги афсоналари ва буларнинг Шарқдаги таъсирлари дунё аҳлига маълумдир.

Руслар томонидан икки марта забт этилган Туркистон (биринчиси чоризм даврида, иккинчиси Совет Русияси замонида) мустамлака сифатида миллий борлиғини давом эттиришга, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурриятларидан баҳраманд бўлишга ҳақли эмасдир.

Туркистон Москванинг жуда кескин ва қаттиқ контроли остида қолган. Совет Иттифоқи Туркистонни босиб ушлаб туриш учун қўлидан келган ҳар нарсани қилган. Шунга қарамай, Туркистон ҳақли равишда мустақиллик истагидан ҳеч қачон воз кечмаган. Биз бу ҳақиқатни 1918–1934-йиллар орасида (1923-йилгача жуда кенг миқёсда) олиб борилган миллий-озодик урушларидан, совет маданияти остида яшаётган туркистонлиларнинг миллий маданиятлари, урф ва одатларини сақлаб қолиш учун олиб борган курашларидан, ислом динининг коммунизмга қарши олиб бораётган кураши таъсирларидан ва ниҳоят, туркистонлиларнинг Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги курашларидан тушуниб олишимиз мумкин.

Бу кун Афғонистонда сиғинди бўлиб яшаётган минг-минглаган туркистонлиларнинг (ўзбек, туркман ва тожик) совет ёйилмачилигига (совет аскарлари ва ғояларининг Афғонистонга зўравонлик билан киритилиши ва у йерларда ўрнашиб қолиб кетишга интилиши назарда тутилмоқда) қарши афғон муҳожирлари билан бирга енг олдинги сафларда урушганлари ҳар бир киши билиши лозим бўлган ҳақиқатдир.

Айни чоқда, Совет Армиясининг Афғонистонга киритилиши асносида совет сафларидаги туркистонли аскарларнинг Афғонистонга қарши жанг қилишга рози бўлмаганлари ҳам аён бўлди. Советлар шу сабабли мусулмон ва турк бўлган бу совет ватандошларини жабҳадан қайтармоққа мажбур бўлгандилар. Мана шуларнинг ҳаммасидан, коммунизм туркистонлилардан содиқ совет ватандошларни бунёдга келтириш имконига ега бўлолмаган, деган ҳақиқат келиб чиқади.

Туркистонда мустақиллик курашининг бошланиши дунё сиёсати ва хусусан, Ўрта Шарқ сиёсатида ғарбли кучларга ва шарқдаги мусулмон ўлкаларга қимматли бир стратегик позитсия олиб берди. Туркистоннинг миллий мустақиллика қовушишини талаб қилувчи асосий иш шундан иборатки, енг олдин Туркистонда миллий шуурнинг катта куч касб етишига еришиш керак. Фақат шундан кейингина Туркистон муаммоларини ҳал етиш мавзуи билан шуғулланиш мумкин бўлади. Ғарбли кучлар ва ислом ўлкалари Туркистон миллий мустақиллигини таъмин етиш йўлида муштарак дўстлар бўлиб биргаликда курашмоқлари лозим. Мустақил Туркистон давлатининг қурилиши – Русия ва Хитойнинг бир-биридан ажралишини, Ўрта Шарқда совет таъсирининг тугатилишини, шундагина Ўрта Шарқ ўлкаларининг бехавотир яшашлари мумкинлигини англаб йетмоқ керак. Фақат шундагина Туркистон Шарқда, ислом оламига ва ҳур дунёга очилади ва ҳур дунё ҳам Туркистон экономикасига боғлана олади. Фақат шундагина Туркистоннинг миллий борлиғи таъмин етилади.

Туркистон мустақиллигини талаб этиш асло Совет Иттифоқининг ички ишларига аралашиш деб баҳоланмаслиги керак. Совет Конститутсияси шаклан бўлса-да, Совет Жумҳуриятларига хоҳлаганлари тақдирда СССРдан чиқиш ҳуқуқини берган. Байналмилал принсиплар ўрин олган декларатсияларда, масалан, Бирлашган Миллатларнинг 14-декабр 1960-йилда эълон қилинган “Мустамлакачилик ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқлари” номли декларатсия ва 19-декабр, 1968-йили қабул этилган “Миллатлараро пакт”, “Маданий ҳуқуқлар” билан боғлиқ декларатсияда “Туркистоннинг миллий борлиғини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари” рад этилмагандир. Дунё тарихида биринчи марта 1959-йилда АҚШ Конгресси қабул қилган “Асир Миллатлар Ҳафтаси” қонунида Туркистон ҳам асир миллатлар орасида саналгандир. Бу қонун мустақиллик талабларини ўртага қўйиш учун бебаҳо бир маънавий манба бўла олади. 1965-йил май ойида Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтган “Дунё мусулмонлари бирлиги” халқаро йиғилишида Туркистон билан алоқадор бўлган қарорлар қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеяси йиғилишларида “колониализм”га оид олиб борилган муҳокамаларда Туркистонда рус колониализмига барҳам бериш ва бу ўлканинг миллий мустақилликка қовуштирилиши мавзуларида байналмилал чиқиш фурсатлари бўлди. Юксак тараққий этган миллатлардан инглиз тамсилчиси 26-ноябр 1962-йилда бўлган Бош Ассамблея йиғилишида сўзга чиқиб, жумладан қуйидаги очиқ гапларни ўртага қўйди:

“Айни тарихларда мустақил Марказий Осиё давлатларининг ўз маданиятлари билан бирга руслар томонидан мустамлака қилинганлиги ҳаммага маълум. Сўнгра Қозоқ давлати 1854-йилда рус бўйинтуруғига кирди. 1876-йилда Туркистондаги уч ўзбек давлатининг ишғоли тугалланди. 1880-йилда бутун Туркманистон Русия ҳокимияти остига кирди. Ўртача ҳисоб билан айтганда бир аср кейин, 1957-йилда Гана, 1960-йилда Нигерия мустақилликка қовушдилар. Ўрта Осиё тупроқлари (Туркистон)нинг мустақилликка қовушадиган пайти қачон бўлади?”

Сўралиши керак бўлган асил сўроқ шудир. Совет ҳукумати бу саволга бу кунгача жавоб бермади. Лекин Бирлашган Миллатларга аъзо ҳеч бир ўлка Совет Иттифоқидан, бу саволга қачон жавоб бўлади, деб сўрагани йўқ. Шу сабабли савол ҳамон жавобсизлигича турибди. Дунё афкори умумияси “Совет ўрта Осиёси” (“Туркистон”) қачон мустақиллигига қовушади, саволини беришга, Москвадан бу борада бир жавоб олишга, берилажак жавобни муҳокама қилишга ва бу йўлда Туркистоннинг мустақиллиги учун тайинли бир кунни белгилашга ҳақлидир.

http://kh-davron.uz

"1" Comment
  1. Agarda birisi , men Turkistonning ozodligi uchun kurashaman desa , Albatta Boymirza hayyit hayyotlarini ehtiromlar bilan organib chikishlari eng zarur vazifa deb bilamiz …

Leave a Reply
*