Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари”ни ўқиётган давлат ва мамлакатлар сони 83 тага етди!
01/14/2013 Муҳаррир минбари

Яхши-суъратимИсмат Хушев

“Гаплашадиган гаплар” туркумидан

1. Яна Алишер Шарафуддинов ҳақида…

Тошкент Милиция Академиясида ўқитувчилик қилаётган Алишер Шарофуддинов ҳақида яқинда менга бир воқеани ҳикоя қилиб беришди.

Алишер Озодович Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигида кадрлар бўйича ўринбосар бўлган пайтда унга бир ёш милиция офицерини қўллаб юборишларини сўраб илтимос қилишади.

Йигит зиёли оилада ўсган, инсофли ва диёнатли қишлоқ муаллимининг ўғли  экан.

Унинг таржимаи ҳолини ўқиб, оилавий шароитини яқиндан ўрганган Алишер ака йигитни қўллаб юборишини илтимос қилган таниқли ёзувчига шундай деган экан: Бу йигит ниҳоятда билимли, назокатли, кўнгилчан, адолатпарвар бола экан.  Ички ишлар тизимига билимсиз бўлса ҳам, қўпол ва бераҳм, уришқоқ ва тўпори йигитлар керак. У бизга тўғри келмайди…

Мен Бош муҳаррирликдан олиниб, ҳибс этилган пайтимда бир ойга яқин Ички Ишлар вазирлиги ертўласида сақланганман.

У ерда кўрган кечирганларим Алишер Шарафуддинов айтган гаплар нечоғлик тўғри эканини тасдиқлайди. Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг учинчи китобида батафсил ҳикоя қилинган…

2. Нажим Раҳимович Ҳамроевнинг 80 йиллик юбилейи…

Биз 10 январь куни Тошкентнинг чеккасидаги мўъжазгина тўйхонада куй қўшиқ ва музикасиз камтарона нишонланган тадбир ҳақида ҳикоя қиламиз деб Сиз азиз ўқувчиларга ваъда берган эдик.

Мақолада юбилейда иштирок этган президентнинг собиқ сафдошлари Оқил Салимов, Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидовлар ҳақида гап боради.

Биз ваъдага вафо қилиб мазкур мақолани эрта индин ҳукмингизга ҳавола қилишни режалаганмиз.

Бу мақола Ўзбекистон ҳукумат раиси Шавкат Мирзиёев ва Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, хусусан,  Девондаги кадрлар билан ишлаш Бошқармаси раҳбарлари шаънига аччиқ таънаи дашномларга тўла бўлгани учун ҳам, уни ёзиш биздан катта масъулият талаб қиляпти.

Кеча шанба ва бугунги якшанбада биз асосан шу иш билан машғул бўлдик. Мақола тайёр бўлай деб қолди. Уни эртага яна бир кўздан кечириб,  таҳрир қилиб, сўнг ҳукмингизга ҳавола этиш ниятидамиз.

“Дунё ўзбеклари”ни кузатиб боринг!

3.  “Жигарбандим” киноси…

Ўзбекистон телевиденияси орқали кеча тунги соат учларда “Жигарбандим” фильми намойиш этилди.

“Ўзбекфильм” студиясида суратга олинган бу фильмдаги асосий ролларни Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев ва Муҳаммадали Абдуқундузовлар ижро этишган.

Суюкли куёви томонидан банкрофт этилиб, ҳовли жойи тортиб олинган қайнотанинг руҳий ҳолатлари, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик орасидаги азалий кураш манзараси фильмда яхши очиб берилган.

Биз яқин кунларда мазкур фильм баҳонасида бугунги ўзбек киноси ҳақидаги ўз қараш ва фаразларимизни “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятидамиз.

“Жигарбандим” ҳам худди “Мафтунингман” ва “Ёр ёр” фильмлари каби ўзбек кино санъати тарихида  узоқ йиллар яшаб  қолишига ишонгимиз келади…

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бизни ўқийдиган давлат байроғлари сони бугун ниҳоят 80 тага етди. Бу биз учун бағоят қувончли ҳолдир.

Leave a Reply
*