Menu
Categories
Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (9)
02/27/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди,

Ўн йил қишлоғимдан юрибман узоқ.

Мен юрган йўлларда ўтлар унибди,

Кўмилиб бўлибди мен кезган сўқмоқ…

 

Ёшлик чоғим эди, шўхлигим тутиб,

Исмим ўйган эдим битта теракка.

У ҳам жароҳатдай кетибди битиб,

У ҳам юксалибди менсиз юксакка…

 

Бузилиб бўлибди аллақайси дам,

Ҳовли ортидаги омонат кўприк.

Бу ерда мен билган одамларнинг ҳам,

Баъзиси энди йўқ, баъзиси тирик…

 

Ҳайратга тушмасман бу ҳолдан сира,

Дунё бу қувғинди оҳудай елар.

Дунё бу энг оддий ҳукмига кўра,

Кимдир туғилади ва кимдир ўлар…

 

Лекин қалбни босди ногоҳ бир сукут,

Ногоҳ бир ҳаяжон эзди дилимни.

Умрим йўлларини босмаганми ўт,

Хазон кўммаганми ҳаёт йўлимни…

 

Бағридан исмимни бешафқат, баттар

Ўчиргани каби оқбадан терак.

Қалбига исмимни ўйган бўлса гар,

Ўчирмадимикан бирорта юрак?

 

(Абдулла Ориповдан)

 

Азиз хўжаев

Суратда: Алишер Азизхўжаев Ислом Каримов билан. Президентнинг орқасида беўхшов тиржайиб турган оқсоч одам яқинда ишдан урилган собиқ ҳоким, раҳматли Алишер аканинг орқасида турган сариқ костюмли ўринбосар  эса бугунги Тошкент шаҳри ҳокими…

 

23. Алишер Азизхўжаев хонадонида

 

Ўзбекистон Президенти билан мустақилликка асос солинган тўқсонинчи йиллардан то икки минг ўнинчи йилга қадар бўлган йигирма йиллик даврда  мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлган Алишер Азизхўжаев агар ҳаёт бўлганида 60 ёшга тўлган бўларди.


Лекин минг афсуски,  60 ёшга тўлиш у кишига насиб этмади…

 

2012 йилнинг бошларида Алишер ака кутилмаганда вафот этганида “Озодлик” радиоси мендан интервью олган эди.

 

Мен у кишининг кутилмаган вафотини Торонтадан Нью Йоркка борадиган тезюрар   магистрал проспектда 150 минг километр тезлик билан машина ҳайдаб кетаётган бир пайтда эшитиб, йўлдан чиқиб кетишимга сал қолган эди.


Кейин ҳам орадан ўтган салкам бир йилга яқин вақт давомида Алишер Азизхўжаевнинг   бу сирли ўлими ҳақида мен Тошкентга боргунга қадар минг хил манбадан минг турли фаразлар эшитган эдим.


Ниҳоят, у кишининг хонадонида бўлиб, руҳи покларига тиловат қилиб, фотиҳа ўқиганимиздан сўнг, марҳумнинг кутилмаган бу ўлими тафсилотларига ҳам анча ойдинлик киритилди.

азиз 5

Алишер аканинг оғир касаллиги тафсилоти (диагноз) ни билишганида оила аъзоларининг қандай ҳолга тушганини тасаввур қилиш қийин.


– Ўзлари жуда иродали инсон бўлсалар ҳам, барибир бу машъум хабар у кишини ҳам бир кечада адойи тамом қилди қўйди… – дейди кўзларига ёш олиб янга…

азиз 2

Сўнг Олмонияга қатнаб даволаниш бошланди. Нур терапеяси олиш учун учинчи маротаба немис клиникасига бораётиб, самолётда кутилмаган ўлим юз берди…

 

Ўзбекистон сиёсатида, биров истайдими йўқми, бундан қатьий назар, ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган бу мулозим ҳақида ҳали кўп гапирилади.
азиз хўжаев 1

Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Президентнинг давлат маслаҳатчиси сифатида сиёсатга кириб келган ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Алишер Азизхўжаев давлат раҳбарининг энг ёш ва истиқболли кадрларидан бири эди.

 

У кишининг қаттиққўл ва принципиал мулозим сифатида кишилар хотирасида яшаб қолиши Бош вазир ўринбосари сифатида Вазирлар маҳкамасида ижтимоий масалалар, медицина ва олий ўқув юртлари фаолиятини назорат қилиш Комплексини бошқарган йилларга тўғри келади.
азиз 3

Яна бир қизиқ факт: Алишер Азизхўжаев бу лавозимдан олинганидан сўнг унинг ўрнига Ҳамидулла Караматов тайинланган эди.

Орадан маълум вақт ўтгач, Давлат ходимлари ва мулозимларини тайёрлайдиган Академияга раҳбарлик қилган Алишер Азизхўжаев, не тонгки, шахсан Президент Фармони билан яна ҳукуматдаги айнан шу лавозимга қайта тайинланган эди.

 

Айтиш мумкинки, бу Ўзбекистон сиёсатида, хусусан Ислом Каримов раҳбарлик қилган сиёсий тажрибада мутлақо учрамаган, ўхшаши бўлмаган ғаройиб бир ҳол эди.

 

таъзия 7

 

Тўғри, кейинчалик айни ҳолат Исмоил Жўрабеков масаласида ҳам такрорланди. Лекин бу энди алоҳида мавзу.

 

Ҳали шундай давр келадики, Алишер Азизхўжаевнинг ҳар иккала “срок”да ҳам Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган сермазмун ва жўшқин йиллар Ўзбекистон сиёсатидаги ҳозирги ва собиқ мулозимлар томонидан қайта ва қайта эсланади, таҳлил ва тадқиқ қилинади.

 

Алишер акада туғма сардорлик ва йўлбошчилик фазилати бор эди. У ўз атрофига одамларни тўплай олиш хислатига эга инсон эди. Ислом Каримов Алишер акани айнан ана шу фазилати учун ҳам ёнига олган бўлса ажаб эмас.

У кишини бир кўрган одам рўпарасида   давлат мулозими турганини ички бир туйғу билан сезарди.

азиз 4

Биз хорижда яшарканмиз, Алишер Азизхўжаевнинг маданият ва спорт ишлари вазирлигидан кутилмаганда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби этиб тайинлангани ҳақидаги хабарни эшитиб, ажиб ҳайратларга ошно бўлган эдик.

 

Бу самимий ҳайратнинг сабаби эса оддий: Биринчидан, Алишер Азизхўжаев журналист эмас, ҳуқуқшунос эди ва бизнинг бу ҳайратимиз Алишер Азизхўжаевнинг касбий номутаносиблиги билан бевосита боғлиқ эди.
азиз 6

Иккинчидан, ҳали Ўзбекистон сиёсатида ҳеч ким вазирлик лавозимидан Президентнинг матбуот котиблигига ўтказилмаган эди.

Бу бир томондан амалда пасайиш ҳисобланса-да, шу билан бирга, иккинчи томондан давлат раҳбарининг алоҳида эътиборидан ҳам далолат берарди.

 

Нима бўлганда ҳам Алишер Азизхўжаев Ислом Каримов раҳбарлик қилган давр солномаси ёзилганда, тарихчилар томонидан таҳлил қилинганида, ўзига хос ўринга эга бўлган арбоблардан бири сифатида қайта ва қайта тилга олинишига мен бугун заррача ҳам шубҳаланмайман.

 

24. Таъзия…

 

Тошкентнинг Бодомзорида Алишер Азизхўжаевнинг уйини топиб бориш жуда осон кечди. Уларнинг уйини ҳамма биларкан.

таъзия

Польша республикаси элчихонаси жойлашган ҳашамдор ҳовлидан ўтганингиздан сўнгги кўзга кўринарли данғиллама уйлардан бири Алишер акаларники экан.

 

Биз борганда икки табақали ҳашаматли дарвоза ёнида турган чет эл русумидаги машинани артаётган ҳайдовчи шу уй Алишер акаларники эканини тасдиқлаганидан сўнг, дарвозада ўрнатилган мегафон тугмачасини босдик.

таъзия 1

Ичкаридан аёл кишининг “Ким у?” деган саволига “Таъзияга келдик” деб жавоб берарканман, негадир беихтиёр “Канададан…” деган сўзни ҳам қўшиб айтдим…

 

Катта темир дарвоза автоматик тарзда очиларкан, бизни қўлини кўксига қўйган хизматкор йигит кутиб олиб, ичкарига бошлади.

 

Ичкаридан кутилмаган ташрифимиздан шошиб қолган хонадон соҳибаси бизга пешвоз чиқди.

Катта ва ёруғ залнинг ўртасидаги шундоғам тузатиб қўйилган стол устини қайта тузатаётган хизматкорлар бир пасда кўздан ғойиб бўлиб, хонадон бекаси билан ёлғиз қолдик.

таъзия 2

Таъзияга келганимиз аён эди. Бундай пайтда ҳол аҳвол сўралмайди. Бошларимизни эгиб  узун ва катта стол атрофида қўл қовуштириб ўтирарканмиз, жиян секин аста қурон тиловатни бошлади.

 

Тиловат тугаганидан сўнг янгага: “Исмат Хушев, журналистман, Канададан келдим…” деб ўзимни таништирдим.

 

Алишер аканинг вафоти муносабати билан таъзия билдирдим.

таъзия 3

Сўнг бир пиёла чой ичилгунча қисқагина суҳбатлашдик.

 

У киши Алишер аканинг оиласи эканини, атрофимизда хизмат қилиб юрган гўзал қиз кенжа қизлари эканини айтаркан, беихтиёр “Шу қизимизнинг тўйини кўролмай кетдилар” деб кўзларига ёш олдилар…

 

Алишер аканинг тўртта фарзандлари бўлиб, Шерзодхўжа, Сарвархўжа ва Ҳилолалардан олти нафар ширин-шакар набиралари бор экан.

таъзия 4

Тўртинчи ва кенжа қизлари – Адибага умрларининг поёнига етганини сезиб: “Сенинг тўйингни кўзим очиқлигида ўтказиб беролмадим, қизим, узр” деб армон қилган эканлар.

 

Мен янгадан бу иқрорни эшитиб, Алишер ака ўз касалликларини билармидилар деб сўрадим. “Ҳа, у киши иродали одам эдилар. Рак бўлганларини яширмагандик” деб жавоб бердилар…

таъзия 5

“Врачларнинг маслаҳати билан Олмонияга бориб икки маротаба нур терапеяси олиб, даволандилар. Учинчи маротаба боришларидан олдин негадир кўнгиллари чопмай, янги йилни сизлар билан ўтказай, кейин борарман деб вақтида кетмадилар. Аслида декабрда немисларнинг клиникасига етиб боришлари керак эди. Оёқлари тортмади ёки ниманидир сезганлар…

2012 йилнинг 9 январида Олмонияга учаётган самолётда кутилмаганда вафот этдилар. Доғда қолдик. Боя “Янги йилни сизлар билан кутай” деганларига қарамай декабрдаёқ жўнатиб юборсак бўларкан…” деб армон қилади янга.

таъзия 6

Янганинг сўзларини эшитиб, томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди.  Юрагим сиқилиб, йиғлагим келди…

 

Раҳматли Алишер ака “Тўйингни кўролмадим…” деб армон қилган Адибага энди нон ушатилган, куёв бўлмиш банкда ишларкан, тўй апрелга белгиланган…
таъзия 10

Алишер ака вафот этганида хориж матбуотида бу кутилмаган ва сирли ўлим ҳақида турли хил фараз ва қарашлар, фалсафа ва кашфиётлар баён этилган эди.

Уларнинг аксариятини ўқиб, ўзини “ўзбек мухолифатиман” деб юрган худо бехабар суллоҳларнинг нақадар юзсиз ва виждонсиз эканига яна бир бор гувоҳ бўлган эдим.

таъзия 7

Умри у ёки бу сабаб билан поёнига етган марҳумни айнан Ўзбекистон Президентига яқин ва садоқатли бўлгани учунгина ҳақорат ва тўҳмат билан эслаш, унинг ҳали совумаган қабрини иғво-ю, бўҳтонга тўлдиришдек жирканч ва қабиҳ иш фақат ва фақат ўзбек мухолифатигагина хос бўлган ёмон ва юқумли, жирканч бир иллатдир!

(Муҳаммад Солиҳ жаноблари бундан мустасно, албатта. У киши ҳеч қачон вафот этганлар ҳақида ёмон гап гапирмаган)

 

Гўё улар ҳеч қачон ўлмайдилар, шу дунёга устун бўлиб мангу қоладилар гўё.

 

Уларнинг тириклар-ку майли, ҳатто ўлганлар ҳақида ҳам айтадиган тутуриқсиз ва маъносиз “фалсафа”ларини ўқиб, Ўзбекистон Президенти қўлидан иғво ва бўҳтондан бошқа бир тийинлик иш келмайдиган бу тентак ва ақлсиз лўттибозларни Ватанидан қувиб жуда тўғри қилган экан деб ўйлаб кетаман баъзан…

таъзия 8

Мен бугун бу сўзларни эрта қайтиб боражак жойим – мухолифат бешиги бўлмиш – хорижга кетишдан олдин она Ватаним Ўзбекистонда – Тошкентда, ўлганидан кейин ҳам ноҳақ айбланган ва ҳақорат қилинган марҳумларнинг оила аъзолари олдида туриб айтишим шарт!

 

Алишер Азизхўжаев каби Ўзбекистон Президенти билан бир сафда туриб ишлаш бахтига муяссар бўлган ва бир кун келиб бу ёруғ оламни тарк этган бошқа кўплаб давлат ва сиёсат арбоблари, мулозимлар руҳи поклари ҳаққи ҳурмати, мен бу гапларни бугун рўй рост, очиқ ойдин айтишим керак!

таъзия 9

Оталари қандай улуғ ва оташқалб, Ватан ва халқ учун қанчалар фидойи ва садоқатли инсон бўлганини Адиба ҳам, унинг опа-акалари ҳам, янга ҳам, умуман бутун Азизхўжаевлар сулоласи билиши керак!

 

Улар Алишер ака билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди!

 

Рўпарамизда бошларини эгиб, отасидек улуғ инсонга хос одоб ва улуғворлик билан бу ёруғ дунёни жуда эрта тарк этган падари бузрукворининг сўнгги суратларига ўйчанлик ва жудолик дарди билан разм соларкан, Адибанинг ҳам шаҳло кўзларидан ёш томчиларди…

таъзия 10

Суратлар эса Алишер Азизхўжаевнинг Ўзбекистон Президенти билан бирга турли сафар ва учрашувларда акс этган, энди ширин хотирага айланиб, мангуга муҳрланиб қолган тарихий ва табиий ҳолатлари эди…

 

25. Чин ўзбек иши…

 

Бодомзордан қайтар эканман, янга менга эсдалик сифатида тақдим этган Алишер аканинг китобига кўз югуртирдим.


таъзия 11

Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишланган “Чин ўзбек иши” номли бу китобнинг биринчи фасли “Давлатчилик ва маънавият” деб аталаркан.

 

Дарҳақиқат, кейинги йигирма йил ичида Ўзбекистон Президенти билан бирга ишлаш бахти камдан кам ва омадли кишиларгагина насиб этди.

Лекин Алишер Азизхўжаевдек Ислом акага ниҳоятда садоқатли ва фидойи инсонни топиш энди қийин бўлса керак.
таъзия 7

Ўзбекистон мустақиллигини авайлаб асраш ва ҳозирги дориломон кунларга қадар сақлаб келиш осон кечдими? Кимлардир бу курашда юртбошига ҳамкор ва мададкор бўлишган бўлса, кимлардир уларни бу шонли йўлдан исёнли ва ғалаёнли кунларга қайтармоқчи ҳам бўлишди…

 

Эҳтимол шунинг учун ҳам Алишер Азизхўжаев китобининг иккинчи фасли “Мустақиллик: курашлар, изтироблар ва қувончлар” деб номланган бўлса, не ажаб!

 

Ва ниҳоят бешинчи фасл “Нурли келажак концепцияси” деб аталибди.

таъзия 13

Менинг назаримда Алишер ака Ўзбекистоннинг нурли келажагига чин дилдан ишонган. Ишонгани учун ҳам шу китобни бизга ёзиб қолдирган.

 

Ҳали шундай кунлар келадики, йигирма йилдан зиёд умрини  кеча-ю кундуз Ватан равнақи, халқ бахт-саодати ва қувончу-ташвишига бағишлаган Алишер Азизхўжаев номи Ўзбекистон мустақиллиги тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилажак!


Мен бунга ишонаман!

 

(давоми бор)

 

"7" Comments
  1. ишни суд жараёнида исботлаб,заказчиларнинг умидини карийиб чиппакга чикарди.Аммо хал килув суди 2007йилнинг 7ноябрига белгиланган эди,афсус,бир кун олдин адвокатим,эртага судга келманг,кози аканинг,акаларини ишдан олдиришса керак,у киши энди тугри карор чикаролмайдилар дедилар.Мен 2007йил ноябридан буён Россиядаман.Алишер Азизхужаев оиласи билан инсофли,диёнатли инсонлар эканлигига узим гувох булганман.У кишининг ишдан олинишини уюштирганларни укалари яхши биладилар.Отани канотсиз килишди улар!!

  2. Хурматли Исмат ака!Алишер Азизхужаев хакида хакикатни ёзганлигингиз учун катта рахмат.У кишининг 2007йил ишдан олиниши,нохаклик булиб,уюштирилган ифлос бир тадбир булиб тарихда колди.Ташкиллаштирганлар албатта жазосини олиши керак.Улар Отанинг обруларига соя солишди.Алишер ака ишлаб турганида айрим номакул ишлар руй бермаган булар эди.Укаси судья булиб турган пайтда 2007йил сентябр-ноябр ойларида бир заказ ишни суд килдилар.Судни ута малакали олиб бориб,Прокуратура томонидан тухмати тайёрланган

  3. Алишер Азизхужаев улимини мен шахсан у кишига якин доиралардан биридан эшитдим. Хакикатан у киши ватанпарвар булган. Миллийликка харакат килган. Каерга борса миллий тилимизни илгари суриб келган. Хозирги кунга кадар давлат иш юритишлар ёки хамма узбек булса хам давраларда русча мулокотлар булиши одамни энсасини котиради. Бундай ишларга факат АА карши булган эканлар. Узимдан гувох узимнинг илмий мавзуимни узбек тилида тингловчиларга сузлаб берай деганимда, даврадаги олиму домлалар йук русча кил

  4. Otabek Toshev

    Президент академиясида ишлаётган дустларимдан эшитганман Алишер Азизхужаевни мард шижоатли инсон эканлигини. Менинг назаримда бу одам, бошка амалдорларга ухшамаган холда уз йули ишлаш услуби бор эди. Шу туфайли булса керак президент кайта- кайта ишга тайинлади. Бундай мансабдорлар афсуски кам булиб, купчилиги оким билан бирга сузишни узи учун тинч осойишта деб билади. Албатта мархум А.Азизхужаев бошкалардан фаркли уларок куп жойларда эсланади.

  5. Adiba qizi baxtli bo`lsin. Oila a`zolariga hamdardlik.

  6. ALISHER azizxo`jaevni ko`p yomonlashardi. Ismat Xushevning yo`zganlarini o`qib bu kishiga hurmatim oshdi. Joyi jannatda bo`lsin.

  7. Uy joyni boplagan ekan. Bunaqa hovlini maoshga qilib bo’lmasligi aniq! Maosh oyiga 1000 dollar bo’lsa ham bunaqa hovlini qilib bo’lmaydi. Ehsiklarni va mebellarning har biri kamida 1000 dollardan.

Leave a Reply to tolibi ilm
*