Menu
Categories
Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (10)
03/06/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

26. Аёлларнинг мардикор бозорида…

 

Ҳар тонг Тошкентнинг энг ширин ва мазали ошхоналарига бориб нонушта қилишга ўрганиб қолдим.

 

Бош муҳаррирлик пайтларим Наманганга тез тез бориб турардим. Кечки зиёфатда кўпроқ ичилган бўлса, тонг ғира-ширасидаёқ шаҳар марказидаги бозорга бориб, янги қаймоқ ёки қатиқ ва иссиқ нон билан аччиққина мастава ичганларимизни ҳали ҳануз эслаб юраман.

 

Жиянлардан Тошкентда қаерда тонг чоғи мастава қилади десам, жавоб беришолмади. Демак яна Наманганга бориш керак. Лекин бунга вақт йўқ. Қолаверса, Наманган узоқ…

 

Бир гал эрта тонгда мастава ўрнига палов егимиз келди. Эрталабки ош фақат Қўйлиқда бўлиши мумкин дейишди.

 

Тонг ғира-ширасида енгил машинамиз Қўйлиқ томон учиб бораркан, “Жаркурганская” кўчасидан ўтганимиздаёқ то бозорга қадар бўлган масофада юк кўтарган ва катта-кичик арава тортган сон-саноқсиз одамларга кўзимиз тушди.

 

Тошкент шаҳрини вилоят билан боғлайдиган “Қўйлиқ” даги катта кўприкка етганимизда эса унинг тагида ўз харидорларини кутиб турган юзлаб аёл ва эркакларнинг мардикор  бозорига рўпара келдик.

аёллар бозори

Эҳ-ҳе! Ҳақиқий Тошкент бу ёқда экан-ку!

 

Машинамиз уларга яқинлашиб, секинлашган заҳоти атрофимизни бир гуруҳ ёш яланг қиз- жувонлар ўраб олишди:

 

–         Мени олинг, мени олинг, мени олинг…

 

Сизга, янги оҳори тўкилмаган спорт кийимингизга, ажиб ҳайрат билан боқиб турган чеҳрангизга умид ва илтижо билан термуларкан, шу бугун кечга қадар эмизикли боласи ва ё оиласи учун бирор егулик олиб бориш асосий мақсади бўлган бу мунгли нигоҳли муниса қизларнинг яккаю ягона умиди нима қилиб бўлса ҳам ўз харидорини, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўз халоскорини топиш эди.

 

Нимага, қаерга? Бунинг аҳамияти йўқ эди. Энг муҳими куни ўтса, бирор нарса топса бас…

 

Мардикор бозоридан аёлларни асосан тўйларга хизмат қилиш учун, коса товоқ ва ёки кир ювиш учун олиб кетишаркан.

 

Бу энди расмий шарҳ. Баҳона. Аслида нима ишингиз бўлса ҳам улар қилишга тайёр. Аниқроғи рози. Фақат ҳақини тўласангиз бас…

 

Аёлларнинг мардикор бозори ҳақида олдин ҳам эшитгандим. Олдин ҳам бир икки маротаба қизиқиб оралаган эдим.

 

Лекин олдин улар бугунгидек ҳар нарсага тайёр эмас эдилар…

 

27. “Қўйлиқ”даги батраклар…
Бир-бирига қарама қарши ва оғир хаёллар билан “Қўйлиқ” бозорига кирарканман, бу ерда эрта тонгдан харидордан кўра сотувчи кўплигига эътибор қилдим.
  мардикорлар

Уларнинг аксарияти аёллар эди. Бу тушунарли. Лекин эрта тонгдан ош пишадиган ошхонани излаб “Қўйлиқ” бозорининг орқа томонига ўтганимизда, биз ажиб бир манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бозорга келадиган асосий сабзавот  ва юклар асосан шу ердан ичкарига олиб кириларкан.



Мен бу ердаги ғала ғовур ва ур-сурни кўриб беихтиёр болалигимизда “Книга для чтения”дарслигидан ўқиган “Бурлаки на Волге” деган суратли мақола ёдимга тушди.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Унда ўрта асрларда Волга бўйидаги деҳқон ва ҳунармандларнинг жуда оғир ва ўта аянчли аҳволи тасвирланган эди.



Ўша суратда агар ёдингизда бўлса эрта саҳарлаб елкасига оғир юк ташиётган чоллар, аёллар ва болалар ҳақида ҳикоя қилинарди. Ва бу суратли мақолага дарслик муаллифлари ҳақли равишда “Бурлаки на Волге” яъни “Волга бўйидаги батраклар” деб сарлавҳа қўйишган эди.

 

Лекин ҳозир ўрта аср даври эмас, 2013 йилнинг  январь – февраль  кунлари эди. Воқеа  ҳам чор Россиясининг энг қолоқ ва чекка қишлоғида эмас, балки мустақил Ўзбекистоннинг “Қўйлиқ” бозорида содир бўлаётган эди…

мардикорлар 2

Ўзидан икки баравар оғир ва катта-катта, бесунақай қоп судраган нозик ниҳол аёллар, чоллар ва болалар диққатимни тортди. Атроф қий-чув, тўс-тополон, биров билан бировнинг иши йўқ…

 

Мен бу воқеаларни тасвирлаб, Ўзбекистонда ҳаёт жуда оғир экан демоқчи эмасман. Бу шундоғам тушунарли. Яшаш учун кураш ҳамма вақт ҳам осон кечмаган.
Мен бу  билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш борасида ҳукумат фаолиятидан ҳануз қониқмаётганини, Бош вазирни бу масалага панжа орасидан қарашда айблаганида нечоғлиқ ҳақлигини назарда тутяпман, холос.

 

Ҳа. Бугун Ўзбекистонда ҳаёт кечириш, умргузаронлик қилиш осон эмас. Лекин одамлар барибир яшаяпти.

 

Бу воқеаларни ўқиб, хорижда ўз халқига таъна-ю, маломат ёғдириб юрган такасалтанг мухолифат аъзолари,  ўзбекларни қўй ва қора молга ўхшатиб завқ оладиган баъзи “лидер”лар бу шўрлик халқ шу Ватан ва шу мустақил юртни ташлаб ҳеч қаёққа кетмаганини, улар шу оғир шароитда ҳам сиёсатчиларга инсоф тилаб, яшаш учун мардонавор курашаётганликларини эслатиб қўймоқчиман, холос…

 

28. Эрталабки ош…

 

Эрта тонгда “Қўйлиқ”да ош пиширадиган ошхона ҳам ана шу “батраклар бозори”да жойлашган экан. Бу ерда асосан китоблик мардикорлар ош ейишаркан. Ошхона хўжайини ҳам асли китоблик бўлиб, Қорабулоқ қишлоғидан экан.

 

Жиянлар билан ошхонага кирарканмиз, ҳамманинг нигоҳ бизга қадалди. Бегона одамни дарров сезишди. Қолаверса, ишчилар ошхонаси ҳисобланмиш бу емакхонада  биздан бошқа ҳамма ишчи кийимида эди.

 

– Ассалому алайкум, Исмат ака, ошхонамизга хуш келибсиз! – Ошхона мудири мени дарров таниди. Ногаҳоний бу илтифотдан кўнглим кўтарилиб, мен ҳам яхшилаб сўрашдим.

 

Атрофдаги столлардан бирини тезгина бўшатиб, жой ҳозирлай бошлашди. Ошхонада одам тирбанд эди.

 

Жой тайёр бўлганча бориб ош пишган қозондан сузилаётган паловга разм солиб турдим. Ҳил-ҳил пишган сабзи ва гўштларни кўриб, рости иштаҳам очилиб кетди.

 

Бундай пайтда 50 грамм ичмаса, айб бўлади. Ароқ борми деб сўрасам, бор дейишди.

 

Жойимга келиб ўтирганимда столнинг устида бир шиша ароқ билан бир тарелка қип қизил тузланган (солённый) помидор турарди…

 

29. Азамат Суюнов билан учрашув.

 

Даврада мендан бошқа ҳеч ким ичмасди. Ошхона мудирини ёнимга чақириб, журналист Азамат Суюновни танийсизми, у ҳам китобдан, Қорабулоқдан дедим. Бу номни эшитиб, унинг чеҳраси ёришиб кетди.

 

–         Мен куёви бўламан, – деди шошиб.

 

–         Куёви бўлсангиз тез топинг уни, – дедим ҳам буйруқ, ҳам илтимос оҳангида.

 

Ажаб, орадан ярим соатлар ўтар-ўтмас ошхонага менинг қадрдоним Азамат Суюнов кириб келди. Кириб келди-ю, мени кўриб, қучоқлашаркан, негадир ҳунграб йиғлаб юборди.

 

Биз икки жўра, икки ҳамкасб, икки райондош орадан ўн йил ўтиб, “Қўйлиқ”нинг асосан китобликлар ош ейдиган паловхонасида учрашиб турар эдик.

 

Азамат Суюнов ҳақида мен “Оқланмаган ишонч қиссаси” нинг биринчи китоби (“Ижодкорлар ётоқхонаси”) да батафсил ҳикоя қилганман. Азамат бегидир, кўнгли тоза, самимий ва дилкаш йигит.

 

Мен уч маротаба қамалиб, уч маротаба яна Бош муҳаррир этиб тайинланарканман, у Ўзбекистон Президентининг менга нисбатан бу кечиримли меҳри ва хотамтойлигидан ҳайратланиб: “Жўра, сен уч маротаба қамалсанг ҳам яна уч маротаба Бош муҳаррир бўлдинг. Мен бирор маротаба ҳам қамалганим йўқ. Агар Бош муҳаррир бўлиш учун қамалиш керак бўлса, қамалишга ҳам розиман. Мен ҳам шу мўъжаз умримда ҳеч бўлмаса бир маротаба Бош муҳаррир бўла олармиканман” деб армон қилган эди…

 

Азамат билан ўша куни “Қўйлиқ”даги китобликлар ошхонасида бошланган гурунгимиз кун бўйи давом этди. У ўша куни кун бўйи ишини ташлаб биз билан бирга бўлди. У ҳозир ҳам ўн йил олдингидай республика Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг матбуот хизматида ишларкан.

 (давоми бор)

 

"3" Comments
  1. Ayollar mardikorligi xaqida uqib yuragim achishib ketdi.
    Bu masalada Karimovdan foyda yuq.
    Shunday bozorga G.Karimovani loqal bir marta oborib kursatish kerak.Xech bulmasa mana shu maqolani uqitish kerak unga.

  2. Sizning ishongan prezidfntingiz I.A.Karimov 20yildan buyon nega ish o’rinlari ochmadi?Bilmaydi deysizmi!?Biladi u O’zbek xalqini GENITSIT qilish bilan shug’ullanadi.Qzbeklar burlak bo’ladimi qul bo’ladimi I.Abdug’anievichni yana 100yil taxtda o’tirsa ham qiziqtirmaydi.Muxolifatga tosh otmang.Nega O’zbekistonn tashlab chiqqaningizni unitdingizmi.Hofizning(D.Hasanov)duosi yordam bermadimi?

  3. Ha yashang Ismat aka! O’zb.da qogozda ish o’rinlari yaratilyapti, president to’gri tanqid qilgan bu masalada. Bu masalani qattiqroq nazorat ostiga olishi kerak. Yuz minglab yoshlarimiz ishsiz!

Leave a Reply
*