Menu
Categories
Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари: Танишув ёки магазинчи йигит (1)
03/18/2013 Адабиёт

УЛУҒ ВА САДОҚАТЛИ МУҲАББАТ

 

Хотиралар

Танишув ёки магазинчи йигит

 

 

Одил ака хотини биланМен Одил акамнинг «Тенгдошлар» қиссасини «Тонг юлдузи» (ўша пайтдаги «Ленин учқуни») газетасида ўқиб чиққанман. Асар газетанинг 1951 йили ёз давомидаги қатор сонларида босилиб чиққан эди. Қиссадаги қизиқарли воқеалар, қаҳрамонларнинг тақдири мени ўзига шу қадар маҳкам боғлаб олганлигидан газетанинг ҳар бир сонини сабрсизлик билан кутардим.

1952 йил ёзги таътилда онам билан Қарноқ қиш­лоғига қариндошларимизни кўргани бордик. Ўзимиз Тошкент шаҳрида истиқомат қилсак ҳам, ота-боболаримиз юрти – Туркистон сафари биз учун жуда катта қувонч туғдирар, бундай сафарлар қалбимизда унутилмас эсдаликлар қолдирарди.

Қарноққа борган кунимоқ менинг китобга ошно эканлигимни яхши билган амакимнинг қизи – дугонам Каромат саволга тутди:

– «Тенгдошлар»ни ўқигандирсан? Жудаям зўр асар!

– Ҳа, газетада чиққанини ўқидим, асар менга ҳам ёқди, – дедим Кароматнинг саволига жавобан.

– Шу асарни ёзган ёзувчи ўзимизнинг қарноқлик– Одил ака Ёқубов. Мен унинг жияни билан ўқийман, – деди.

Кароматнинг сўзидан кейин севимли асарим – «Тенгдошлар»нинг муаллифи билан ич-ичимдан тани­шиш истаги туғилди.

 

* * *

У даврларда аёллар бозор ва дўконларга чиқа­вермасдилар. Бу юмуш кўпинча бизга ўхшаган дастёр қизларга буюриларди. Биз бозорга чиқиб рўзғорга керак­ли бўлган қанд-қурсми, игна-ипми, совун-повун дегандай, кундалик эҳтиёжга яроқли нарсаларни олиб келардик.

Шундай кунларнинг бирида магазинга янги ки­йим-кечаклар келганини эшитдик ва маъқул келган бирон нарса топсак харид қиламиз, деган ниятда у ерга бордик.

Қишлоқ магазинида Тошкентда қисқа муддатда сотилиб кетадиган, кам топиладиган кийим-кечак, қимматбаҳо матолар кўп бўларди. Камсуқум, содда қишлоқ аҳолиси бундай башанг кийимларга кўпам эҳтиёж сезавермасди.

Каромат билан магазинга кирганимизда кийим бўлмасида қорачадан келган, ўрта бўйли йигит турарди.

– Мана шу киши-да «Тенгдошлар»ни ёзган, – деди Каромат қулоғимга. Магазинда Одил ака сотувчи ўрнида ишлаб турган экан. – Аслида, у киши бухгалтер, бу ерда опаси Заҳро – сотувчи. Баъзан опага ёрдам бериш учун сотувчиликни ўз зиммасига оладилар.

Илгакда турган чиройли пальто эътиборимни тортди. «Сотувчи»дан пальтони олиб беришини сўра­дим. У менга жилмайиб қаради-да, жуда секинлик билан пальтони олиб берди. Унинг нигоҳидан юзим ловуллаб кетди.

– Тезроқ бўла қолинг, – дедим сабрсизлик билан.

Йигит жилмайиб пальтони узатди. Анчадан буён худди шу бичимдаги пальтони излаб юргандим. Уни кийиб, ёнимдаги каттагина кўзгуга қарадим. Кўзгудан сотувчи йигит термулиб турарди:

– Жуда ярашди, худди атайлаб сизга ўлчаб тикил­гандай. Жуда очилиб кетдингиз. Аслида… билмадим… сиз пальтони очиб юбордингиз шекилли… Худд­и ўн беш кунлик ойдек…

– Вой, Марям, Одил ака сенинг ўн бешга тўлганингни биларкан, – деди Каромат қулоғимга секин пичирлаб.

Кароматнинг соддалигидан кулдим-да, эгнимдаги пальтони ечиб, ўраб бериш учун сотувчига узатдим. Ўша вақтда ростдан ҳам эндигина ўн беш ёшдан ўтиб, ўн олтига кетаётган эдим.

Пальто учун сотувчи айтган пулни узатдим. Одил ака пулни жуда секин, эҳтиётлаб, қайта-қайта санагандан сўнг пальтони ҳафсала билан тахлаб, худди почтадан юбориладиган посилканинг қоидасига амал қилгандай теп-текис қилиб ўраб қўлимга тутқазди…

Кейинчалик бу ҳолатни кулиб-кулиб эслардик. «Пулни қайта-қайта санаш, пальтони шошилмасдан ҳафсала билан ўраш… – буларнинг ҳаммасини сен ёнимдан тез кетиб қолмаслигинг учун қилгандим»,– дердилар Одил ака. Пальто савдоси – илк учрашувимиз, кўзларимиз билан дийдорлашувимизга бир баҳона бўлганди. Шу-шу, Одил ака билан топишганимиз ҳақида сўрашса: «Пальто баҳона мен бу «сотувчи йигит»нинг бир умрлик харидорига айланиб қолдим», – дердим ҳазиллашиб. Одил ака эса: «Бу қиз дўконимиздан молимизга қўшиб менинг кўнглиму оромимни ҳам олиб кетган. Шўрлик ёзувчига сал бўлсаям раҳм қилмаган!» – дердилар кулиб.

(давоми бор)

 

 

Leave a Reply
*