Menu
Categories
Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
03/19/2013 Адабиёт

 

 Одил ака хотини биланБиринчи ҳикоя

Ҳозирги Амир Темур хиёбонидаги эгизак биноларда Ўзбекистон Миллий университети (олдинги Ўрта Осиё давлат университети)нинг асосий факультетлари жойлашган бўлиб, биз учун нафақат илм мас­кани, балки илк учрашувларимизнинг гувоҳи ҳам эди.

1954 йил. Илм масканига кириш имтиҳонларига тайёргарлик авжида. Кимё факультетининг катта залида тайёрлов курси тингловчилари ўртасида география фанидан савол-жавоб бўлаётган эди. Мен дом­ланинг қатор саволларига жавоб бердим. Домлага берган жавобларим маъқул келди шекилли, менинг география факультетига ўтишимни маслаҳат берди. Мен эса филология факультетига ҳужжат топширганимни, орзуим журналист бўлиш эканлигини айтдим. Аслида эса, бунинг асосий сабаби – Одил ака билан бир бинода ўқиб, у кишини кунда кўриб туриш эди. География факультети эса бошқа бинода жойлашган бўлиб, агар шу факультетга ўтадиган бўлсам, худди Одил акани йўқотиб қўядигандек туюларди. Шунинг учун домлага ҳеч иккиланмай рад жавобини бердим.

Эллигинчи йилларда Тошкент бугунги кундагидай катта эмасди. Шаҳар марказида деярли ҳамма олий ўқув даргоҳлари: САГУ[1], Политехника, Қишлоқ хўжалик институтлари, «Искра», «Молодая гвардия», «Хива» кинотеатрлари, цирк, энг катта универмаг, озиқ-овқат дўкони, заргарлик дўкони ва энг катта китоб дўкони жойлашган эди.

Бу кўчаларда ўқишга боришда учратган одамни, қайтишда, у ким бўлишидан қатъи назар, яна кўрардингиз.

Марказга асосан 1-трамвай юрарди.

Кўпинча универмаг олдидаги чорраҳада иккимиз икки томондан келиб қолардик. Аслида бундай учрашувлар учун иккимиз ҳам пинҳона тайёрланар, бир-биримизнинг уйдан чиқишимиз-у чорраҳага қанча вақтда етиб келишимизнинг ҳисобини олардик. Худди кутилмаганда рўбарў келиб қолгандек бир-биримиз билан саломлашардик ва университетгача суҳбатимиз тугамай бирга кетардик.

Шундай қилиб, менга ҳам омад кулиб боқди. Одил ака билан бир бинода, бир коридорда ўқий бошладим. Одил ака қорачадан келган, юзлари қизғиш, сочлари қалин, кенг пешонали эди. Ўсиқ қошлари остидан тикилиб турадиган кўзларининг ўткир нигоҳидан кишини суст босарди. У жуда босиқ, кўзлари бўлар-бўлмасга аланглайвермас, ҳамиша ўйчан боқарди. «Мендай олти йил ватан ҳимояси учун жон тикиб йигитлик бурчини ўтаб келган йигитга энди қизлар қарасин», дегандек салгина мағрур қадам ташлардилар. Ўша, уларга қарайдиган қизлардан бири мен бўлдим, шекилли. Кутилган ва кутилмаган вақтларда дуч келиб қолишларимиз жуда кўп бўларди. Шулардан бирида Одил ака ўзининг янги «Икки муҳаббат» номли қиссасининг биринчи нусхасини қўлимга узатиб:

– Яхши мутахассис сифатида эътибор билан ўқиб, хатолари бўлса тузатиб, ўз фикрларингизни айтсангиз, – дедилар.

Мен бундай илтифотдан хурсанд бўлдим. Китобдан кўзимни узмай, бир нафасда ўқиб чиқдим. Қиссани ўқиш давомида Одил аканинг сиймоси кўз ўнгимда турди. Унинг мазмуни қуйидагича эди: йигит ва қиз бирга ўқишади. Бир куни ўқув юртида бўладиган давомли йиғилишлардан сўнг уйга қайтишга кеч қолган қиз йигитдан кузатиб қўйишини илтимос қилади. Йигит бажонидил рози бўлади. Аллақачон ишдан келган қизнинг дадаси ёшларни яхши қабул қилади. Йигитнинг аъло баҳоларга ўқиши, жамоат ишларида фаоллигини эшитиб, қизи ва йигитга агар ўқишни шундай руҳда давом эттирсалар, келажакда мартабалари улуғ кишилар бўлиши мумкинлиги ва бунга ўзи бош-қош бўлишини айтади.

Ёзги таътилда йигит ўз қишлоғига боради. Уйда уни одмигина кийинган, сочини рўмолнинг устидан танғиб боғлаган бир қишлоқ қизи кутиб олади. Маълум бўлишича, бу қиз аллақачон ўқишни битирган, қишлоқ мактабида ўқитувчилик қиларкан. Йигитнинг онаси ёлғизлиги сабаб қишлоқда турар жойи бўлмаган ўқитувчини ўз уйининг бир хонасида яшашга таклиф қилади. Қиз саранжом-саришта, ширин муомалали, мулойим… Йигит қизнинг оқилалиги, онасига жуда меҳрибонлигини кўриб хурсанд бўлади. Қиз билан узоқ-узоқ суҳбат қуради. Худди шаҳарда юриб кўнгли ёлғизланиб қолган-у, қишлоққа келиб йўқотиб қўйган дилдошини топгандек бўлади… Охир-оқибат улар аҳду паймон қилишади. Келажак режалари, орзулари амалга ошишини тилаб хайрлашадилар…

Бу қиссанинг илк нусхасини менга беришлари замирида: «Мен ўқишни тугатсам, қишлоғимга кетиб, мактаб ўқитувчиси бўламан, устоз деган номни улуғлайман. Сиз-чи, мен билан қишлоққа кетишга розимисиз ёки катта лавозимларни орзу қилиб шаҳарда қоласизми?» деган маъно бор эди. Мен эса аллақачон бир қарорга келиб қўйгандим. Қалбимдаги бу қарорнинг тилимга чиқишига андиша йўл қўймасди.

Одил ака шиддатли, сўзлари ўткир, ҳар қандай одамни ҳам ўзига ром қила оладиган ва яна, энг муҳими, шогидларидан яхшилигини аямайдиган саховатли йигит эди.

Талабалик йилларимиздаёқ Одил ака ёш ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг  илк ҳикоясини у билан биргаликда ўқиб, таҳрир қилганлар ва «Шарқ юлдузи» журналида чиқартириб бергандилар. Дастлабки ҳикояларини таҳрир қилиб, йўл кўрсатган барча шогирдларининг янги асарларини мунтазам ўқир ва керакли маслаҳатлар бериб борардилар.

Агар Одил ака ёзувчи бўлмаганларида жуда моҳир педагог, рус тили ва адабиётининг билимдони бўлишлари аниқ эди. Уларда устозлик қобилияти юқори эди. Жуда куюнчак, келажак авлоднинг таълим-тарбияси учун бор билим ва куч-қувватини аямайдиган фидойи ўқитувчи бўлардилар.

Кейинчалик билишимча, мактабда ўқиб юрган пайтларида нафақат гуманитар фанлар, балки аниқ фанларни ҳам яхши ўзлаштирган эканлар. Айниқса, математика ўқитувчиси «халқ душмани»нинг боласи билағонлигига тишини-тишига қўйиб, базўр чидаркан. Айрим ҳолларда у мукаммал бажара олмаган масалаларни Одил ака осонлик билан ечар, бу ҳолатга ўқитувчининг ранги гезариб, лаблари титраб қараб тураркан…



[1] Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети у вақтларда САГУ (Ўрта Осиё давлат университети) деб аталган.

 (давоми бор)

Leave a Reply
*