Menu
Categories
Карим Баҳриев: Сабр косасининг синиқлари…
03/20/2013 Адабиёт

 

 

 

 

 
Карим БАҲРИЕВ

ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу саҳар тирил,
кўзим, тоза гулларга қара –
улар ҳозир байроқдай қизил,
юрагимдай бағри қон, яра.

Руҳим, энди шу тонгда қўлла,
ўтиб кетар бошимдаги ғам,
қара,
ўтиб кетмасдан гуллар,
учиб кетмай баргдаги шабнам.

Пок нурларни тўйиб симиргин,
ўтиб кетар дайди шаббода,
кўриб қолгин:
бир қатим ёқду
бир сен учун ўйнар ҳавода.

… Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,
учиб битма, баргдаги шабнам –
ўтиб кетар, ахир,
сизларга боқиб
йиғлаётган ана шу одам.
1984

Карим АҚШда

Суратда: Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати, таниқли журналист  Карим Баҳриев Ақмерика Қўшма Штатлари Конгрессида

ТИЛСИМЛИ ДУНЁ

Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.

Бунда сувлар шилдираб мангу
қучиб ётар тупроқни хушбахт;
бир тонг зангор гулбарг бўлар-у,
шовуллайди шамолда дарахт.

Бунда бари дилбар ва ширин,
тирикликка тўймас – дил ярим…
Юртдошларнинг қалбига яқин
йўлни излаб ўтар кунларим.

Фақат оқшом жимирлаб само
хаёлимга қуяди бир ғам –
мен севган шу тилсимли дунё
кирмас сенинг тушларингга ҳам.

1984

 

ЭВРИЛИШ

Турғун даврга чизги

Бугун Азон эмас, уйғотар Гимн,
Масжидга киришга патта керакдир.
Совутларни қўйдик йўлакка тўшаб,
Куллиётни қозон тагига ёқдик.

Энди ўт тулпорлар югурмас кишнаб,
Отни сўйиб едик, шунақа ишлар.
Жанггоҳларга пахта экиб ташладик,
Музейларга тушди кескир қиличлар.

Кесилиб қоғозга айланди изсиз
Шоирлар «сарвқад» деб ёзган чинорлар –
Уларга битилди дунёқарашни
Шакллантирувчи илғор шиорлар.

Демак, сиз бекорга турибсиз ҳуркиб,
Ҳеч ким уйғонмади биз айтган сўздан.
Бугун ўлтирибмиз чивинни қўриб,
Энди қўрқмаса ҳам бўлади биздан…

1983

 

ТАКБИР

Ғамангиз тушдан эзилиб уйғондим.

… Мен қорабайир от эмишман. Туёғимга тиллодан тақа қоқилган, заргарона эгар қошига осимлган дубулға яғримнимни яралайди. Тош йўлдан тақиллатиб чопаман. Ортимдан қирқ кокили судралиб ёш келинчак қувлайди: Туркистонни адо қилдинг. Жалолиддин Мангуберди қани?! Ботиримни кимга ташлаб келдинг, жувонмарг тулпор?» Тинимсиз чопаман. Асабий кишнайман. Дарёга ташланаман. Бўғзимгача – сув.

Эзилиб уйғондим. Бўғзимгача сув – терга тушибман.

Яхшиямки, тушим экан.

Йўқса, Жалолиддинни қайдан топиб бераман?!

Яхшиямки, туш экан бари. Тўшагимнинг бир четида аёл юм-юм йиғлайди: «Кечаси ҳам ҳаловат йўқ. Зоопаркми бу уй?! Одам ҳам кишнайдими, Аллоҳ…».

Яхшиямки, туш экан.

Шукурки, инсон туши учун тегишли идораларда жавоб бермайди.

Шукурки, инсоннинг туши изчил эмас, яъни инсон ҳар куни бир хил туш кўрмайди. Агар ҳар куни бир тушни кўрганда, яна кечда ётиб кечаги тушини давомидан кўра бошлаганида, тушлар ҳам кундузлар каби азобга айланарди. Агар мен ҳар оқшом тушимда гадо бўлганимда ҳам, ҳар кеч кўз юмиб яна годолик рутбасига миниш, дарбадарлик қилиш тунни азобга соларди. Агар мен ҳар кеча улкан мамлакатнинг шоҳи бўлганимда ҳам кундузги ишдан келиб уйқуга кетар эканман, бу оқшом яна салтанатни қабул қилиш, юртни бошқариш кераклиги, муқаррарлиги тушни ҳам уқубатга тўлдириб юборарди. Чунки дунёнинг азоби ҳам бир бошга етарликдир, ортарликдир.

Яхшиямки одам ҳар куни бир хил туш кўрмайди.

Эҳтимол, тушларимиз ҳам ҳаётимизнинг давомидир.

Эҳтимол, ҳаётимизнинг ўзи бир тушдир. Ҳар тонг уйғониб давомини кўрадиган, тунгги тушлардан бироз узунроқ, ўттиз, қирқ ёки эллик йиллик тушдир бизнинг ҳаётимиз…

1986

 

СОЧИМГА ОҚ ТУШДИ…

Чийрон сочларимнинг илдизи куйди,
Безовта шовуллар. Севгилим, боқ-чи:
Уч тола оқ тушди – қоп-қора юртга
Хуфиёна кирди уч оқ айғоқчи.

Қоракўз, силагин, тароқ қил қўлни,
Уйғот, қулоғимга сўзла уйғонч сўз –
Бўлмаса, ҳар куни қорасоч элни
Бир-бир йўлдан урар бу учта жосус.

Сочлар қаролигин охир унутар
Ва мангу юмилар сўздоннинг лаби –
Ястаниб ётади оқ-оппоқ бошим
Батамом енгилган мамлакат каби…

1983

 

ЗАМОНАВИЙ ДАҲО

Чарчадик башорат қилиб бесамар,
Буюк боболарга ҳавасда гоҳо –
Дейлик, бу дунёга келди шу саҳар
Ўша бизлар кутган Машрабдай даҳо.

Осон бўлармиди ул буюк зотга,
Шам ёқиб, ғазаллар битгайми ёниқ…
Йўқ, кўмиб ташлардик имзосиз хатга,
Сўнг ўзин ёқарди шам каби аниқ.

У тунлар боқарми фалакка масрур,
То саҳар битарми мустазод, тажнис –
Кутиб турган бўлса уни кун бўйи
Минг бир идорада минг қоғоз, мажлис.

Ёзаверармиди ўтлуғ байтларни,
Дунёга келгайми уйғоқ ашъорлар –
Унинг ҳар сатрига кўзини тикиб
Турганда турфа хил зўр идоралар.

Агар шундан сўнг ҳам даҳо бор бўлса,
Киндигига қадар осармиз унвон –
Унвонни кўтармай бўйни эгилган,
Бўйни эгилганга берилган унвон.

Унинг ўлими ҳам қизиқ бағоят,
Одамлар термулар мурдага ҳайрон –
Бўғзига тиқилар жимлиги учун
Жумҳурият солиб қўйган нон…

1984

 

УШШОҚ

Яқинда тонг чоғи тўсатдан ноаён бир дард умримда илк бор тўшакка ётқизди. Сочимдан тирноғимгача сирқирайди, қўл-оёғимда мадор йўқ, фақат тийра кўзларим жовдираб дунёга термулади… Дард-ку бир кечада ўтиб кетди. Қалбда бир оғриқ қолди: мени ҳам бу дунёга боғлаб қўймаган экан…

Шамоллар уйғонди. Барг – ҳаяжонда…
Ҳатто ер тагида қўзғолди илон.
Дунё тирилаётган шу тоза тонгда
Ўлгим келмаяпти, онажон.

Ўнгирларда кезар муздай ҳаволар,
Ишқалаб қобоғин кўтарар осмон.
Дунё кўзларини очаётганда
Мен кўз юмайинми, онажон?!

Қайдадир силкинар томчидил ўтлар,
Баргида чумоли кезади ҳайрон.
Ҳали мен кўрмаган боғлар бор экан,
Ўлгим келмаяпти, онажон.

Қизларнинг овози жаранглар мунис,
Ишқ, десам – дафтарга сачраб кетди қон.
Севмаса севмабди мени битта қиз,
Дунёда қиз камми, онажон?!

Қаёққа қочади бу иссиқ қоним,
Қўлларни соғиниб сочларим – ғужгон.
Кимга керак бўлди менинг ёш жоним,
Ўлгим келмаяпти, онажон.

Бегуноҳ биттадир – у ҳам осмонда,
Қўлга чивин қўнди, қувмоққа йўқ жон.
Чивинлар, чумчуқлар юрган жаҳонда
Менга жой йўқмикан, онажон?!

Қуёшга термулдим – кўзим қамашди,
Киприкдан шабнамдай ёш оқди маржон.
Нурларни соғиниб қақшар қовурғам,
Ўлгим келмаяпти, онажон!

Гарчанд мен қайғули шеърлар тўқидим,
Гарчанд азоб кўрдим мудом бепоён –
Мен ҳали дунёга тўйган йўқ эдим,
Дунё тўйдимикин мендан, онажон…

1985

 

ХАЛҚНИНГ БАЙРАМИ

(ёхуд «Иккинчи май»)

Мана,
тугади ўн икки соатлик байрам,
Фаррошлар қоғозларни йиғади,
деворлардан олинади суратлар кейин,
Шиорларни ўқиб тўлқинланган юрак
оғрий бошлайди яна
секин,
секин.

Мана,
тугади умумий қувонч,
яна кетмон дастасига чўзилар қўлинг,
йўрғалайсан то даланггача.
Шундай
кейинги байрамгача,
шундай
энг сўнгги байрамгача.

1985

 

МУВАШШАҲ

(ёки «Гувоҳнома»)

Бу саркашни танийсизми сиз?!
Ахир, унинг ақли йўқ сира –
Ҳар қадамда турганда «Газ-сув»
Риёзатла Оролни сўрар.
И-я, миллат, тил керак эмиш,
Етти мактаб таҳсили эсиз.
Вужуд – қалқон, бармоғи – қилич,
Кўзи чўғни танийсизми сиз?!
Ай, мен уни озроқ биламан,
Рост, йигирма йил бўлди, холос.
Иштон, кўйлак, шимин кияман,
Минғирлайман қўшиғин бироз.
Бу қайсарнинг ғайир исмидан
Елдек қочмоқ истаб турибман.
Кун-кеч олтмиш кило жисмини
Ковушимга ортиб юрибман…
Ай, тинимсиз талпиндинг!Қайга?!
Бор-ку сенга бир ютум ҳаво,
Оё, шўр бўлса ҳам сув бор-ку,
Қувонсанг бўлмасми, нотавон…

1982

 

ИНСОННИНГ БАХТИ

(ёки «Ўлим ҳақида»)

Қўзғалон – руҳимнинг қаърида,
Юрагим ёрилар ҳозир нақд.
Сезяпман, бир қадам нарида
Кўзимга кўз тикиб турар Бахт.

Талпинаман. Қайга? Билмайман.
Қўймайман васлига етмасдан.
Югурсам – қувади ортимдан,
Термулар – ҳансираб тўхтасам.

Бир куни дунёни англарман,
Термулиб чарчайди кўзларим.
Мен томон сафарга отланар
Ҳазрати Бахтимнинг ўзлари.

Бу қувонч юракка каттадир,
Пиёда бормайман ўртада –
Бахт томон кўтариб борадир
Танамни тобутда тўрт одам…

1984

 

1962 ЙИЛ. 2 ЯНВАР

Мен туғилдим. Кимдир қувонди.
Кулбасида ғаюр чекди ғам.
Энди юртга тўй бераман, деб
Кўкрагини кўтарди отам.

Замҳарир қиш тиш қайраган чоғ
Бир кишига кўпайди дунё –
Йўқ, ўрнидан қўзғолмади тоғ,
Ўзанидан чиқмади дарё.

Отам – хурсанд, уялар онам,
Мен йиғлардим, ҳамма куларди –
Тоғ ўрнидан қўзғолмаса ҳам,
Бир силкиниб қўйса бўларди.

Кўзларимни ҳайрат-ла очдим:
О, поёнсиз, нотаниш олам!
Бахтни севиб ортидан чопдим,
Мени эса севиб қолди… Ғам.

Йўқ, ҳаётга ҳали қонмадим,
Англанмасдан ётибди олам.
Бахтни излаб мен тополмадим,
Лекин мени излаб топди Ғам.

Мен кетганда йиғлар куртаклар,
Тунги боғлар, қушлар билгайлар.
Шохи бешик бўлган теракнинг
Бир шохидан тобут қилгайлар.

Мен ўлганда кимлардир куяр.
Тоғ қуламас. Тошмагай дарё.
Бу тун бўлар… Ё жим-жит саҳар…
Бир кишига камаяр дунё.

1989

 

УРГУТ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Бир макон бу – Ургут аталмиш,
бошида – тоғ, теграси – чинор.
Қорлитоғда мангу музлар қиш,
Қизтепада – абадий баҳор.

Севмай бўлмас ёниб, ҳайқириб,
қучоғини тарк этган кунинг –
соғинчлари қайтарар тирик,
армонлари ўлдирар унинг.

Гули – алвон, чўққилари – чўнг,
шамоллари топ-тозадир, оҳ.
Бунда юртда яшагандан сўнг
ўтли шеърлар битмаслик – гуноҳ…

1979

 

ТУҒИЛГАН ЕРЛАРИМ, ТУҚҚАН ЭЛЛАРИМ…

Мен шаҳарга шеърлар сўзладим,
тўполонда толе изладим.
Худди шу пайт тоғли ўлкада
оёғимни қўмсаб ётибди
тупроқ йўлда қолган изларим.

Бунда кўча титмасман ҳеч вақт,
саёқликдан ўзни тияман.
Беҳудага ёнмасман,
фақат
дазмолланган шимлар кияман.

Унда базмларга дўстларга
булоқдек тинч, довулдек кўчкин
давра сўзи айтсам ўртаниб,
кулиб турмас ортимдан ҳеч ким.

Унда кезар дайди шамол, ел,
қабристонда унар лолалар,
тобут тутиб кифти қотган эл,
йўл чангитиб чопган болалар…

1980

 

БОҒДА

Ранги ўчган ўриндиққа чўкканча барглари тўкилган намчил новдани томоша қиляпман. Шу лаҳзада ундан ҳам ёлғиз, ундан ҳам сағир ҳеч нарса йўқдай. Аллақайдан қаноти ивиган қора қарға дилдираган новдага келиб қўнади. Новданинг етимлигига қайғуриб дилдираётган уйларим қарға учиб келган ёққа учиб кетдилар.

Қарғанинг уч юз йил яшаши ростмикин? Чумдугининг дарз кетганига қараганда шу қарға ҳам икки юз элликларга киргандир…

Новдасига қарға қўнган заҳоти дарахтнинг мунғайиши барҳам топди, табиатнинг бу янги сурати аввалгисидан ўктамроқ эди.

Агар шу қарғанинг икки юз элликка киргани рост бўлса, Бобур замонасини кўрмаган эса-да, Машрабнинг ўлимига гувоҳ бўлган бўлиши мумкин. Мен милодий 1978 йилнинг кузида Ғавс ул-Аъзам зиёратгоҳининг боғида чинор новдасига қўнган қарғани томоша қилиб турган пайт билан Қундузда Балх ҳокими Махмуд Қатағон томонидан Машраб осиб ўлдирилган милодий 1711 (ҳижрий 1123) йилнинг орасида 267 йил бор. Билъакс шу қарға дорга тортилган Машраб тепасида қағиллаб чарх урган бўлса, эҳтимол. Эртага бир куни уни ҳайвонот боғига тиқишар, ўлса – наботот музейига қўйишар.

1916 йилги Жиззах қўзғолони пайти оқ пошшо тўпларининг тутунидан кўзи ачишиб шаҳар деворига туртиниб кетгандир, балким…

Шунча таассуротни, тарихни митти жуссасига қандай сиғдирди экан?! Хотира юки эзғилаб қўймадикикин уни?!

Балким, унинг хотираси йўқдир, у икки юз эллик йил ҳеч қаёққа бормай, шу тоғ орасидаги боғда, зиёратчилардан қолган нон увоқларига кўникиб яшагандир. Балким, бу ёқларга адашиб келиб қолгандир…

Эҳтимол, адашиб юрган менинг мана шу хаёлларимдир.

1978

 

ХАЁРПАРАСТ УЧУН ДАРС

Руҳим,
хатарлидир бу қўрқиш,
ётаверсин уйқуда титроқ.
Орзу – қанотлари учқур қуш –
парвоз қилар тобора тикроқ.

Осон ўтаверар фурсатинг –
орзунинг беминнат карами.
Фақат сен ҳали ҳам
ердаги
икки оёғингга қарама…

1979

 

ДАНГАЛ ХУЛОСА

Вақт нимадир –
бир дамлик омад
ё ажалнинг вақтинча раҳми;
бу тилсимни тушуна олмай
ўтиб кетди умрнинг ярми.

Вақт кетди, деб чекмагин афсус,
афсус чекиб, ажрагайсан нақд.
Вақт нимадир – мана шу шеърни
ўқигунча ўтиб кетди – вақт.

1981

 

ЎЗБЕКИСТОН, АВАЙЛАГИН БОЛАЛАРИНГНИ…

Ўзбекистон,
авайлагин болаларингни,
бошин сила қошу кўзи қораларингни.
Бугун омон қолса,
эртага улар
боғлаб қўяр етмиш йиллик яраларингни.

Ана,
йиғлаб шу дунёга келди бир гўдак –
бу дунёда яшашага жасорат керак.
Энди ўчмаса бас журъати, ўти,
Аёзларда совумасин қони, маслаги –
Ўзбекистон,
болаларингни асрагин.

Ҳали улар –
юксакларни кўзлаган қушлар –
ғўза тутган бармоқларин қотирса шамол,
яралари битган қўлга қаламлар ушлаб,
биздан яхши шеърлар ёзиб бергайлар ҳалол…

Тулпор миниб туёғидан ўт чақнатган боболарини
унутмайди гул болалар, сафсар болалар,
унутмайди
элим деган ботирларнинг урҳоларини,
қовурғаси ичра қасос асраб ўсар болалар,
қайсар,
қаҳри қаттиқ,
ўжар болалар…

Ҳозирча пайкалга элтгувчи йўлдан,
ҳув, этагин судраб ўтар болалар.

1987

 

ҚАРОР

Энди Ғўсда ҳар бутоқ, ёғоч,
дилдирайди ёлғиз, яланғоч.
Сувлар тиниб қолди Ургутда.
Бугун уфққа боқдим ноилож
осмонидан айрў бургутдай.

Катта юртсан, биламан, Тошкент,
энди снга сиғсайдим кошки.
Эсиб қолди еллар жонсарак,
уч фасл мен қалбга буюрдим,
бу ёғи куз –
буюрар юрак.

Ўтиб кетди бепарво баҳор
ҳуснидан маст, бемеҳр қиздай.
Ғариб йўқдир дунёда куздай –
томоғимга тиқилди соғинч
видо учун асралган сўздай.

Энди бўлар юракнинг гапи,
аёл,
боқма бунча мутедай,
жонга тегар лутфнинг ҳам кўпи,
кетдим –
тоғни бир кўриб келай,
новдаларин қўяйин ўпиб.

Асрайверсин
хонашин,
бедард
заъфар куздан юракларини.
Мен кетдим,
бир кўришим шарт
Ғавс ул-Аъзам этакларининг
қуриётган чечакларини…

1988

 

ХАЗОНРЕЗ

Қип-яланғоч дарахтга қараб,
баданингга киради титроқ.
Атроф жим-жит,
«уф» тортсанг, етар,
йўталмаслик учун қаттиқроқ.

Эҳтиёт бўл,
ётар хазонлар,
қулаб ҳаёт тўп-талошида
шахид кетган жўмард ботирнинг
бандаргоҳда ётган лошидай.

Аллақайда қўзғалар исён,
тирилади қасос шукуҳи,
юз-кўзингга урилар мезон –
жувонмарднинг ўлмаган руҳи.

Кўкрагингга тўлар интиқом,
яшайверсанг, демак, бўлади.
… Тушаётган қор учқунидан
бўронларнинг ҳиди келади.

1986

 

ГАРСИА ЛОРКАГА БАҒИШЛОВ

Бор либосин ечиб, яланғоч
дарахтлар титрайди ҳавода
ва кузнинг девона ели оч
сўнгги баргни отар ҳавога.

Рашкчи булутлар фалакда
чидолмай кўзини ёшлайди;
уятни унутиб дарахтлар
ёмғирда чўмила бошлайди.

1987

 

ОҚСАРОЙ

Шаҳрисабз,
Оқсарой…
Кекса момолар,
қариб,
умр адоғи бўлганда зоҳир,
қалдироқ овози ногоҳ ҳаволаб,
айтарлар, уларга икки дунё бир.

Элнинг бурч-бурчида хаста овоза
яшар
қаро кунга асралган ўчдай…
Мана, салтанатдан қолган дарвоза
мунғаяр
қаноти ивиган қушдай.

Шу сарой қошида
тўзиган,
қатор,
жаҳонгирдан фатво олган қўшинлар
қанча элатларни қилдилар абгор
бехос пичанзорга тушган яшиндай.

Чексиз музофотнинг турфа ерида
палак ёзган ҳасрат, оқсаган миш-миш
шу равоққа етмай йитгандир тамом
бамисли оловга йўлиққан қамиш.

«Оқсарой устида чиқмасин булут,
Илоҳим, кенг бўлсин Амирнинг феъли», –
деб тақдирин кутган, тиланган тўп-тўп
бегона юртларнинг сардори, эли.

Улкан қароргоҳга ҳар бир мўминни
келтирган ё ажал,
ё нурли иқбол.
Бари ўтди…
Мана, уч-тўртта сайёҳ
сурат тушяпти қўрқмай, бемалол.

Зарбоф тўн илинжи унга шеър бичиб
кун кўрган шоирлар йитганича йўқ…
Чўкаётган қабр – саройнинг учган,
тўкилган четига тўкилар ёруғ.

Ҳали ҳам тик турса кўҳна Оқсарой,
битар толедаги қанча кемтиклар,
бу улкан бинога тикилган гадой
чўккан руҳларини оларми тиклаб.

Сокинман,
нафасим ютаман ичга,
қаттиқроқ йўталсанг – деворда кўчкин.
Осмонга термулиб ўлаётган қушга
ёрдам беролмайди, наҳотки, ҳеч ким…

1984

 

ҚЎРИҚХОНАДА

Сим деворнинг қошида туриб,
қалқиб кетди кўзларимдан ёш:
мана шу боғ,
мавжудот, гиёҳ
ҳозир жуда мададга муҳтож.

Бугун йитди йиртқич бўрилар,
Йўлбарсларнинг тахдиди – хаёл…
Бу ёнда – мен,
у ёнда –
ана,
жониворлар юрар бемалол.

Лол турибман –
қаршимда тўсиқ,
мумкин эмас ўтмоқ шу симдан –
бу оламни асрашар кимдан?!
… Қўлларимга боқдим уялиб,
нафратланиб кетдим ўзимдан.

1988

 

ТОШТАРОШ

Ҳар онг Киото тарафдан чиқадиган қуёш Шинжон ва Қандаҳор устидан ўтиб Киев ва Лондонга – Мағрибга йўл олар экан, ўзининг иссиқ, сим-сим нурларини Туркистоннинг баланд-баланд тоғлари, ясси-ясси кенгликлари, қақроқ саҳролари-ю шовуллаган боғлари қатори тиғдор чўққилар пойидаги мўъжазгина Ғўс деган қишлоқдан, шу жумладан, қаюристон ёнидаги тоштарошнинг ҳовлисидан ҳам аямайди. Ҳа, чексиз оламнинг бир чеккасидаги шу қишлоқ тепасида ҳам ҳар саҳар офтоб чиқади, Аллоҳга шукур.

Тоштарошнинг қишлоқ мозорига туташ, деворлари нураб бораётган лойшувоқ ҳовлиси бу тоғ қишлоғини дунё билан боғлаб турадиган ягона йўлнинг четида бўлгани учун қишлоқдан чиқаётган ёки унга кираётган ҳар бир йўловчининг назари, албатта, тупроқ устида шошиб юрганларнинг сўнгги манзили – мозоротга ва шу маконнинг ягона қоравули, боғбони ва гўркови бўлмиш тоштарошнинг кунгай бетдаги ҳовлисига тушади.

Унинг ўткинчилар билан иши йўқ, қишлоқда қазо бўлса, тонг саҳардан гўр қазишга тушади, тушликдан сўнг эса тош тарошлайди. Бу жуда майда, заҳматталаб иш – кунига бир, нари борса икки тошни тарошлайди, буюртма тушса, марҳумнинг исми-шарифини тиғ билан ўйиб ёзади. Тўқмоқни чўқморга солган пайти учиб кетган тошчалар тиззасига сачрайди, гоҳо билагини тилиб ўтарди, чилпиллаб чиққан терни қотма бармоқлари билан сидирар экан, кафтидаги кукун юқи пешонасида сомон йўлидай из қолдиради. Унинг на бу изга, на қараб кетаётган йўловчиларга ва на бу дунёга иши бор, аллақайда халқ қўзғолиб, мустақилликка эришгани, қайдададир жарроҳлар инсон юрагини бошқаси билан алмаштиргани, космик кема самога учгани ҳақида гапираётган радионинг кўҳна жавраши ҳам қулоғига кирмайди, тошни тинимсиз тарошлайверади.

Қабртошларга талаб бор – аҳолиси зич қишлоқда деярли ҳар куни кимдир туғилади ва кимдир қазо қилади. Айниқса, қишнинг охирларида ўлим кўпаяди, тош тайёрлаб улгурмайди. Ёзда бироз нафас ростлайди. Ясаган қабртошларга «эга» топилишига ишонганидан олдиндан тайёрлаб қўяверади. Энди исми-шарифи ёзиладиган марҳум бўлса кифоя.

Ўнгагидаги терни сидириб, ивиган бармоқларини шўрлаган этагига суртади-да, яна ишини давом эттираверади. Менинг термулиб турганимни ҳам сезмайди.

У ерни қазиб, мурдаларни кўмаверганидан мозорот ҳам улкан қишлоққа айланган. Қатор-қатор қабрлар ёнидаги навбатдаги гўрни кавлаб, чуқурдан чиққан илиқ тупроқни сиқимлаб хидлаётганини кўрганимда, у менга ўта нуроний, бу машғулотини кўп замонлар, минг йиллар аввал бошлагандай, бу кетишда қишлоқнинг ҳамма одамини кўмиб тугатадигандай туюлади.

Ёнма-ён териб қўйилган бети силлиқ уч-турт қабртошга термуламан. Дўмпайган қабрига бу тошлар қўйиладиган одамлар ҳали тирик. Улар ҳали ҳеч нарсадан бехабар, ер босиб юргандир. Балким гул хидлаб ўтиргандир, ухлаётган – бир ҳовуч сувни туш кўраётгандир. Ёки мозор ёнидан ўтиб, бозорга бораётган, ҳозиргина йўлдан ўтаётиб, ўзининг қабрига тош йўнаётган мана бу тоштарош устага қараб кулиб кетаётгандир… Эҳтимол, шу фикрларни ўйлаётган кимсанинг – менинг қабртошимдир бу эгасиз тош.

Бир-бирига оғаларча суяниб турган тошларга боқиб, томоғимга нимадир тиқилади: биламан, одамлар шу тошлар тайёр экани учун ўлмайди. Лекин, нима учун бу тошлар айбдордай бир-бирига мингашади…

Тоштарош навбатдаги тошни олиб текислай бошлади. Токио томондан чиққан қуёш Қобулнинг тепасидан аллақачон ўтган, қишлоқнинг кунботар томонидаги бешикчининг томи устидан Новгородга томон кетаётган эди. Дунёда на Токио, на Новгород борлигидан бехабар бир ўзбек тоштароши яна бир қишлоқдошининг қабри учун тош йўниб ётарди.

1982

 

ҚАБРТОШГА ЁЗУВЛАР

1.

Яна баҳорлар келар,
Жамбил исли ҳавони
Симиради кўк савсан.
Қари толнинг товонин
Қитиқлайди ёш майса,
Гуллар босар дунёни…
Сен ўрнингдан турмайсан –
Минг афсуски, ўлгансан,
Минг афсуски, кўрмайсан.

2.

Яна баҳорлар келар,
Тушар оғир кўйлаклар.
Дилга қутқу тўлади –
Кимнингдир шод кулгуси
Боғни нурга белади.
Сен севган ойдай дилбар
Бегонага кулади –
Сен ўрнингдан турмайсан…
Яхшиямки, ўлгансан,
Яхшиямки, кўрмайсан.

1988

ДАФН

Мана,
кеча
унга узатилмаган қўллар
тобутига чўзилди бугун.

У япроқдай титраб
ҳар оқшом кутган қоғозга
ажалининг хабарини битяпмиз тонгда
бармоқлар титраб.

Қизғаниб бетига айтилмаган эзгу сўзлар
энди айтилар
тортинмай айтилган сўзлардан ўлганнинг
қабри устида.

Сағана устида тебранар қизил гуллар,
кечикиб келган,
кечикканидан қизарган,
уятчан гуллар.

1986

***

Илк қор босган хазонни кечиб,
боғ кезардим,
хаёлларим нек –
бир қиз келар
шу ёруғ кеча
юпун шохга осилган ойдек.

Билмам, сайд ким ишқий шикорда,
кўзим, бу пок ҳуснни ичгин –
тушларига кирмаган ҳеч ким,
покизадир мана шу қордай.

Ой ҳам чўкди қароқларига,
алланени шивирлар лаби.
Севсам, сўнгги япроқлар каби
тўкилсайдим оёқларига.

Севсам… Ўтди. Мағрур. Бегона.
Телба қилма ишқни, ёруғ шаб.
Кузги боғда турибман якка
мунғайган чўнг чинорга ўхшаб…

1986

АМИРҚУЛ ПЎЛКАН

Қалб қўримни аямай
куйлайвердим, ёш эдим.
Эрмакка ёзганим йўқ,
куйиб-ёниб яшадим.

Қолдирмадим,
симирдим
қувонч, ғамнинг жомини.
Сотиб яшамадим ҳеч
боболарим номини.

Балким, яшашар узоқ
ўртанмасдан,
куймасдан?!
Кетиб боряпман,
мана,
бу дунёга тўймасдан…

Бу дилбар тирикликни
мендан кўра қаттиқроқ
севиб юрасиз, дея
сизга ташлаб борар чоғ,

хавотирим – шеърият –
бир уй дилни яралар:
кетсам, менга шеър битиб,
кун кўрманглар, жўралар…

1988

ТИЛАК

«Мусаффо ҳаво», деб сўзладинг –
Оғзингни очгин.
«Дорисиз тупроқ», деб ёзяпсан –
Илоҳим.
Кошки.

«Одамлар бахтиёр» экан-ку!
Айт, улар кулсин.
«Озод Ватаним», деб куйлайсан –
Айтганинг келсин…

1984

ТЎСАТДАН –
тарсиллаб ёрилар куртак,
қизарар уятдан шафтоли гули,
қарсиллаб чақилар момогулдурак,
жарликлар хўрсинар бехос қайғули,

гувиллаб саҳрода кезар эпкинлар,
чакиллаб сув келар асрий қорлардан,
сопол хумларидан чиқажак жинлар,
девлар ёпирилиб чиқар ғорлардан,

эртаклардан чиқар қанотли отлар,
кулларни титкилаб китоблар чиқар,
белакчакка сиғмас гўдаклар туғар
ойдан-да, кундан-да ҳур паризодлар,

кўр кўзлар очилар – қамашар нурдан,
гунгларнинг оғзидан тушар сақичлар,
қулфин дарвозалар очилар бирдан,
музей деворидан қулар қиличлар…

Воҳ, охир тугайди минг йилдан буён
нафасини ютган ернинг жимлиги –
куртаклар ёрилган шу тонг, ногоҳон,
халқимнинг ёдига тушар кимлиги…

1985

ФАЛСАФАДАН КОНСПЕКТЛАР
(Туркум)

1.ВОЛТЕР

Албатта, сиз ҳақсиз ҳаммадан:
Илоҳининг борлиги – ёлғон.
Буни англаб етган лаҳзадан
Бўшаб қолди тепада осмон.

Сиз биласиз ҳаммасини, ҳа,
Мен бағриқон кўҳна сўроқдан –
Худо йўқдир, лекин бир зумда
Дунё пайдо бўлган қаёқдан?!

Айтаяпсиз: молекула, атом,
Ҳужайралар, қон, энергия…
Ҳаммасини биласиз, айтинг –
Бу ақлни сизга ким берган?!

2.АБУ АЛИ ИБН СИНО

Яшил-яшил баргларга боқдим –
Кўзларимга хазон кўринди.
Метиндевор шаҳарга боқдим –
Ул ҳам бир кун вайрон, кўринди.

Боқдим сумбул-сумбул толларга –
Тобут бўлар бир он, кўринди.
Боқдим шодмон юрган элларга –
Ич-ичида армон кўринди.

Одам танин англаб улгурдим,
Лекин қалби уммон кўринди.
Тирикликдан шартта юз бурдим –
Шунда ўлим осон кўринди.

3. АҲМАД ЯССАВИЙ

Озодлик нимадир – у қувонч эмас,
Агар шодлик бўлса сен кўрган дамлар –
Демак, ростлаяпти ғаниминг нафас,
Бир зумга ториқмиш ғаюр одамлар.

Озодлик нимадир – қадим ер узра
Таралиб турибди ҳали овозинг
Ва лекин тепангжа тинимсиз титраб,
Чайқалар минг йиллик кўҳна тарози.

Озодлик нимадир – тирикман, дея
Беҳуда севиндинг. Бор бўлса жонинг –
Бу сени Яратган унутди, демак,
Эсидан чиқибсан, демак, худонинг…

4. БЛЕЗ ПАСКАЛ

Осмон – ернинг дўпписи, тубсиз,
Мангуликда тун – бир дақиқа.
Сиз ёр ила бахтли турибсиз,
Мен ўйларман ўлим ҳақида.

Толтобутни эсламайсиз ҳам,
Ўйламасанг, йўқ каби ажал.
Мен биламан – ғилофида ҳам
Хатарлидир, кескирдир ханжар.

Жаннатдасиз, сиз учун ўлим
Айиради сафоли бахтдан.
Мен дунёдан кетарман кулиб,
Кетаётган каби дўзахдан.

Сўнгги йўлни ёдламай, хушбахт,
Дилингизда на ғам, на титроқ.
Мен ўлимни ўйлаган сари
Ҳаётимни севдим қаттиқроқ…

1984

ЗУЛФИ МОМО

Қарс-қурс синди шишадай музлар,
Шитир-шитир чечаклар унди.
Яна қушлар учар ер узра,
Зулфи момо,
Сиз йўқсиз энди.

Қалдирғочлар қайтдилар бир-бир,
Чорбоғимиз бўлди шуълакон.
Мусичалар қайтди-ку, ахир,
Қайтмайсизми энди, моможон.

Юлдуз тўла кечалар само,
Яна офтоб куйдирар кундуз.
Ўша фалак, ўшандай дунё –
Кўролмайсиз уни сиз, афсус.

Онам йиғлаб тортади қатим,
Отам мен деб хўрсинар чуқур –
Сиз айтгандай одам бўлмадим,
Бу ҳолимни кўрмайсиз, шукур…

1979

ГЎЗАЛЛИК ҲАҚИДА ШЕЪР

Қиз ўйнар.
Кеманинг елканларидек
Унинг этагидан бўронлар қўпар.
Ўйнар –
Куйлагининг шаббодасида
Қулаб кетмасайди бу қадим шаҳар.

Оҳанги титрайди ўтлуғ қўшиқнинг,
Шош-Қўқон йўлига арава тушди.
Қовурғам остида бедор ошиқнинг
Қафасга урилиб қонайди мушти.

Мана, Оғриётган юракни тутдим,
Сузяпман,
Келяпти оқ-ойдин шеърлар.
Елкам,
Кўзларимга урилиб синар
Бир менга аталган ғанимат нурлар.

Раққоса рақсга тушяпти.
Гўё
Қаҳқаҳа уради бир шода ўрик.
Нега йиғламайман, нега кулмайман,
Нега куйламайман шу қизни кўриб?!

Одамзод ўзини англаса шояд,
Севолса соф, сулув аёлларини,
Қувиб юборарми эди
Бошидан
Турфа қилвир, фосиқ хаёлларини…

Дунёдан нолима,
Бағрим,
Нафас ол,
Эсяпти бир дамлик покиза шамол.
Ана,
Шаҳмашрабнинг оҳангларида
Силкиниб ўйнайди сен севган аёл.

У ўйнар,
Минг йиллар анридан келган,
Ўйнар
Оҳу каби ҳуркак, омонат;
Шу соғлом чеҳрага муносибмисан,
Қандай яшаяпсан,
Шоири бебахт?!

Қўрқаман,
Тутмаса унинг уволи,
Сўнг излаб юрмасак йиллар, замонлар…
Ўйнар,
Чўнг кеманинг елканларидек
Қизнинг этагидан қўпар бўронлар.

1985

УЙҒОНЧ

Ситамгар шом. Қора самонинг
юзларини ювар пок сувлар.
Шу поёнсиз, чексиз дунёнинг
бир четида бўрилар увлар.

Шу поёнсиз, чексиз дунёнинг
бир четида уйғоқман, борман –
бу кеча ҳам дилхунман, жоним,
яширмайман, мен сизга зорман.

Бу кеча ҳам бўрилар увлар,
чирилдоқлар чириллар бир-бир,
қурбақани сувилон қувлар,
юваверар дунёни ёмғир.

Ғамангиз шом. Дарахт шохлари
ой нурида сутдай йўғрилар –
бундай тунда уйғоқдир фақат
ё шоирлар ва ё ўғрилар.

Бораяпман яланг, лой кечиб,
сизга зорман, қоши қийғочим.
Юлдузларга боқдим дилпарчин,
ой нурида қуриди ёшим.

Қоп-қора шом. Биламан, гулим,
бу йўлларда бевақт юрмайсиз.
Келмагайсиз, майли, севиклим,
тушларимга нега кирмайсиз71

1986

РАҚҚОСА

1.

Ўйнар Лондон, Париж саройларида,
каптар қанотидек силкинар қўллар,
зубаржад либослар яшира олмас
титроғи исёнкор кўкракларини –
бошни қуйи солар бир тўп фаранглар,
ҳаяжондан асраб юракларини.

Самарқанд, Фарғона саҳнасида завқ,
қарсакдан гувиллар саройнинг ичи,
қийқирар оқшомги шаробнинг кучи.
Қиз ўйлар – зал ичра бир йигит бордир,
у ўйнар силкиниб шу йигит учун…

Хонасидан чиқмас қолган вақтлари,
кўпдир қўлин нуқиб йўл кўрсатгувчи.
Хонада кечаги концерт гуллари,
япон елпиғичи, ҳинду сақичи.

Раққоса, оламда бор, бир йигит бор,
излагани шеъру топгани озор,
қувончи қўшиғу ҳасрати наво –
у сени саҳнага кўрмайди раво.
Биламан, унинг бу ўйлари хато,
сени қизғанади ўзидан ҳатто.

Ўйнагин чарх уриб, тошқиндай шўх-шўх,
шу қадар гўзалсан, тоза, яктосан –
сенга лойиқ йигит бу дунёда йўқ…
Шу учун дунёдан ёлғиз ўтарсан.

2.

Сен рақсга тушдинг –
гўё тонг саҳар
силкина бошлади инжабел ўтлар,
гўёки лопиллаб фалакка чиқар
кўлга сув ичгани тушган булутлар.

Олам кулиб кетар, мен билдим, билдим…

Сен рақсга тушдинг –
мен терга тушдим,
намчил булутлардан ёғди ёмғирлар.
Сен гулдай кўкардинг,
елкалар учди.
бармоқлар барг каби шитирлаб титрар.

Юрак тўлиб кетар, мен билдим, билдим…

Сен рақсга тушсанг –
парқанот қушсан,
бахт қуши, нурларинг кўмди оламни.
Мен эса шу кеча йиғладим эзғин,
силкиб қуш қўнмаган озғин елкамни…

Одам ўтиб кетар, мен билдим, билдим…

1986

АЁЛ

Ана, ўйнаб елади аёл,
Мен томонга келади аёл.

Этаклари ҳилпирар – байроқ,
Ерни нурга белади аёл.

Бу бахтиёр тунлар сўнгида
Тўлин ойдек тўлади аёл.

Дунёдан ҳам, мендан ҳам рози,
Қиқир-қиқир кулади аёл…

Ҳар не ўтса, ўзимдан ўтди –
Ҳаммасини билади аёл.

Ҳали паноҳ бўла олмаган
Қўлларимни силади аёл.

Эшиккача шивирлаб чиқди,
Ёруғ кунлар тилади аёл.

Ўзим сендан кетаётирман,
Энди нима бўлади аёл?!

… Мана, ёниб тугатётирман,
Бир балони билади аёл.

Кўзим куяр… Қулоқларимга
Қиқир-қиқир кулади аёл.

1987

УЗР

Майлими, ой чиққан шу ойдин кеча
нафас олаверсам ютиниб, хурсанд,
майлими, дунёнинг битта бурчида
мен ҳам васлингизни қўмсаб ўтирсам.

Кеча сиз ўтганда ҳарир кўйлакда
эргашган шамолнинг боши айланиб,
телбадек увиллар ҳануз йўлакда –
мен ҳам шу йўлларда юрсам майлими?!

Майлими, соғинсам ва тошса кўнглим,
йиғласам майлими, майлими кулсам?!
Ўкситмайманмикин сизни, севгилим,
агар мен шу кеча бехосдан ўлсам…

1986

ИШҚ МАРСИЯСИ

Нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,
нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон –
ахир топганим йўқ, сизни, қаламқош,
йўқотганим ҳам йўқ, демак, ҳеч қачон.

Сиз ўзга кулбага бўлганда меҳмон,
фалак ёмғир қуйгач гувиллаб, бирдан,
қонсираб кўчани кезганим – ёлғон,
куйлагим ивиди шунчаки тердан.

Йўқ, севган эмасман сизни, чилвирсоч,
фақат бир нарсага бўларман ҳайрон –
нега кулай десам, сизиб чиқар ёш,
нега оҳ чекканда, сачраб кетар қон…

1989

ТАВАККАЛ

Учмоққа шай севги қушининг
Қаноти қайрилар тезгина –
Мен сизни севаман, тушунинг,
Мен сизни севаман, қизгина.

Баҳорлар келади, кетади –
Мен қайтиб келмайман, сезгин-а.
Фиғоним фалакни тутади:
Мен сизни севаман, қизгина.

Бу кеча ҳам кечар, оқарар,
Сўзласам, юз ишва, юз гина –
Тушунмоқ мумкиндир ошиқни,
Ошиқман, севаман, қизгина.

Ой нури шувиллаб чақилар,
Дилимдан шубҳани қуваман.
Жуда кўп сўзладим, на қилай,
Мен сизни севаман, се-ва-ман…

1979

И.Р.га

1.

Излардим, ҳансираб, чопиб келдим-ку,
Лекин охир сени топиб келдим-ку.
Муаззам ҳасратлар ортимда қолди,
Ишқим дафтарини ёпиб келдим-ку.
Рост, шунча йил кезиб сени топибман,
Аёғинг изини ўпиб келдим-ку…

2.

Илоҳим, интизордурман – гулим қани,
Ломакондан сўрдим чўзиб қўлим, қани?!
Мунглиғ шеърлар ёзиб шамнинг ёруғида,
Ичим шамдай ёниб битди, кулим қани?!
Ранжу алам тугамади ёр келса ҳам,
Аён, ўлсам қутулгайман – ўлим қани?!

3.

Ишқингдан озурда дил хазин садо асрагай,
Лабзингдан ўлсам, шеърлар тутгай азо, асрагай.
Мунис кечалар мени тонгга еткурди умид,
Исмингни шивирладим мисли дуо – асрагай.
Равзаи тош шаҳрингдан ўтиб кетиб бораман,
Асролмадим сени мен, энди худо асрагай.

1990

ГЎЁКИ ҲАЗИЛ

Ҳамма хотинларнинг исми одмидир,
Ҳамма ўйнашларнинг исми муҳташам.
Ҳамма хотинларнинг иши – ош, кир-чир,
Ҳамма ўйнашларнинг иши – базм, ҳашам.

Хотинлар танингни асрар очиликдан,
Ўйнашлар кўнглингни шодмон этурлар.
Хотинлардан қатор болалар қолар,
Ўйнашлардан эса… шунақа шеърлар.

1988

ТАҚҚОСЛАР

Сизнинг келишингизни эшитганда
отиш ҳукми бекор қилинган
маҳбусдай қувонаман,
рост.

Бошқалар учрашганда
тилло топган қашшоқдек
бахтиёрдир,
биламан.

Биз учрашгач,
оғир аравага қўшилган отлар мисол
ҳорғинмиз,
нега?

Сиз кетдингиз,
тўшакда ётибман
сувга чўкиб кетган одамнинг
қирғоқда қолдирган кийими каби
эгасиз,

оқлов қоғозини йўқотган
маҳбусдай
маҳкум.

1989

МЕНИНГ ОТА-ОНАМ

Дунё – кенг.
Ҳув йўлнинг кунгай бетида
қўшни болаларни қошига йиғиб
достон айтар мўйсафид бир чол.
«Турналар негадир қайтмаётир…» – деб,
уфққа боқиб суради хаёл.

Ҳаводак кўлига шикорга чиқиб
парига йўлиққан Авазхон каби
олисларда юрган ўғлини эслаб,
кекса Гўрўғлидек қимтинар лаби.

Ой ҳам йитар Ғўснинг тоғига ботиб,
кампир палак тикар «ёруғлик кунга»,
ориқ қўллар билан ип, қатим тортиб –
бир орзу асрайди дилида ширин,
қишлоқнинг бўй етган гўзалларига
гоҳо ошкор боқиб,
гоҳо яширин…

Дунё – кенг,
жуда кенг,
ота,
онажон.
Сайёҳми, сайёдми, саёқми – кимман?!
Орзунгизни кўмдим кўнгил қаърига –
бунда икки дунё рози бир аёл
ўғлингизни осди ўз сочларига…

1989

ИШҚИНГ СУРАТИГА ЧИЗГИЛАР

1.

Гулим,
сиғинаман,
ишқим илоҳи.
Бағрингни жаннатдай очгин бандангга:
лаблар олмасини тишлай ютоқиб,
бошимни қўяйин кўксинг – каъбамга.

Агар гуноҳларим кўп бўлса шунча,
қисматим бўлса шу қиёмат-қойим,
кўзлар гулханига ташлагин,
қўрқма,
ёқиб юборавер,
гулим,
илоҳим…

2.

Энди тун чўкканда қадим дунёга,
совуқ тўшакларга ҳарорат қалаб,
чашминг оловига исиниб, хушбахт,
ҳусну жамолингга камолот тилаб,
ақиқ лабларингга бежаб бўсалар,
чилвир сочларингни тонггача силаб,
тунни адо қилар бахтли…
ўшалар.

3.

Кеча ҳам кечмоқда,
қайғурма,
гулим,
қалқитма киприкда титраган ёшни,
бас, мағрур кўтариб кетайлик бошни.
Мен ҳам сўкмайин шу тонгни, севгилим,
сен ҳам қарғамагин қуёшни…

1989

ОҚ ШЕЪР

Севгилим, мен қаёқларда адашиб юрдим,
чўмилгим келмоқда сочларингнинг қаро тўлқинларида,
киприкларинг юрагимга қадалаётир.
Бу пайт нега яна бошим эгилди,
Инсоннинг ўзига жазоси – хотир.

Бугун сени топиб келгунча охир
чорак аср қаёқларда юрдим адашиб –
ўйлай десам, идроким оғрир.

Худонинг меҳри йўқ, бўлса осмонда –
менинг насибамни Ургутга боғлаб
сени яратибди шу тош қўрғонда.

Севгилим,
энди бу нигоҳга дош бериш оғир,
бу кўзларга қийин чидамоқ.
Билмадим,
шунча йил қандоқ яшадим
бу дилбар чиройнинг баҳридан йироқ?!
Наҳот яшадим?!

Ҳайрон бўлиб термуляпсан,
Ўзни оқламоққа нима ҳам дердим.
Мен вақтга қалбимнинг қўрини,
кўзларимнинг нурини бердим.

Воҳ,
иқрор учун энди кеч,
ҳожат йўқ, дейсанми иқрорга, сўзга.
Наҳот шу малоҳат менга ёт энди,
Бу соғлом чеҳранинг эгаси ўзга.

Кечирдингми,
оҳ, раҳмдилсан,
сен-ку кечирарсан,
мен ўзимни қандоқ кечирай?!

Севгилим, мен қаёқларда адашиб юрдим?!

1989

ГУЛШАНАНИНГ ТАВАЛЛУДИГА

Мен – қайсар бир одам,
ишонмай қўйдим
тақдир пешонамга ёзилган хатга.
Лекин сиғинмоққа тайёрман бугун
сизни яратгани учун
қисматга.

Заминда одам кўп,
чалкаш йўллар кўп,
инсон кириб кетмас қайси бир изга.
Бизни бир манзилда учраштирган шу
йўлнинг гардларини сурарман кўзга.

Дунёда турфа хил толе бор, аён,
тақдирдош бўлмасин қуён бўрига.
Гулим, сизни яратибдилар
кимнингдир бахтига,
кимнинг шўрига…

1984

БОШҚАЛАРГА НАСИҲАТ

Ёринг бевафо бўлса,
сабоқ олгин бардошдан –
ёзу қишга бепарво
йўл узра ётган тошдан.

Айрилсанг айрилибсан –
қувонавер бу… бахтдан,
ўрган баргин йўқотиб
тикка турган дарахтдан.

Ўзгага кетса кетар,
сира куйма, йиғлама.
Ўзимми?
Мени қўйгин,
мен нодонга қарама…

1986

БИЗГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ…

Она кучаниб пешонадаги терни артади: бир одам туғилди.

Момо кампирнинг қўлидаги гўдак чирқираб йиғлайди – олам нуридан кўзи қамашади, нотаниш дунёдан қўрқади, онанинг ботинига қайтиб кириб кетгиси келади.

Одам дунёга ёлғиз келади.

Одам яшашга маҳкумдир.

Гўрков пешонасидаги терни сидиради: бир одам ўлди.

Одамнинг сира ўлгиси келмайди. Агар у ўзини ботирликка солса, ишонманг. Шарқнинг мутафаккирлари саройда шоҳни ғийбат қилмаганларидай, ўлим ҳақида кўп сўзламайдилар, чунки олам ажалнинг саройидир, Мағрибнинг нуқтадон донишлари ўлим ҳақида кўп фикрлаганлар, ўзларини ажалолди жасурликка тайёрлаганлар – бу сўзамоллик ва тайёргарликлар ҳам ўлимнинг бу дунёда улкан ва муқаррар ходиса эканидан далолатдир.

Одам ўлимга маҳкумдир.

Одам дунёдан ёлғиз кетади. Ҳеч ким бировнинг ўрнига ўлиб бермайди.

Шу мулоҳазаларни ўйлар эканман, аллақайда бошқа бир дунё бордай, кимдир бизни битта-битта бу дунёга юбориб, яна битта-битта қайтариб олаётгандай туюлади.

Қайда ўша рост дунё?!

Ким экан у – соҳибқудрат?!

Бу Буюк Тажрибачи машғулотини қачон бошлаган? Қачон тугатади?

Чархи кажрафтор айланар экан, ул Тажрибачи нега мени айнан шу замонга, шу одамлар орасига раво кўрди?

Ўзимдан сўрамай айнан шу замонда бор қилган ул Зот, ҳеч бўлмаса, кетар чоғда сўрармикин, хабардор қилармикин…

1984

ИҚРОР

Бас,
бугун ўзимни алдаб не қилдим,
йўқ, шеърлар сололмас шодликни бошга.
Улар кўнгил учун бир юпанч, холос –
дунёда бахт йўқдир васлингдан бошқа.

Висол – муқаддас кун,
жонгинам,
тинмай
мусаллас қуймагин сархуш йўлдошга.
Мени маст қилмоққа қодир,
сероташ
шароби талх йўқдир чашмингдан бошқа.

Бежиз қувонмасин бадният ғаним,
у мамнун боқолмас қабримда тошга.
Бағрингда ўлмасман –
ошиғинг учун
қазои ҳақ йўқдир ҳажрингдан бошқа…

1978

ФИРОҚ ТУНИ

Фироқ туни сен – йироқ юлдуз –
Хотирамдан боқарсан бесўз.
Шу қафасни бугун синдир, буз –
Қучоғимни тўлдира қолгин.

Ёшлик – хушбахт кун ёнди, етар,
Ағёр шунча қувонди, етар.
Бир бор бахтга ишонтир, етар –
Кулдир мени, кулдира қолгин.

Куя-куя ой бўлди адош,
Қалбда умид кўтармоқда бош.
Салоқатда топмасанг илож –
Майли ўлдир, ўлдира қолгин…

1977

БАЛОҒАТНИНГ ОСТОНАСИДАН РЕПОРТАЖ

Деразангни чертади ёмғир,
шивирлайди тинмай то саҳар.
Сенинг ёлғиз ҳамроҳинг – ёстиқ,
суюк жазманларинг – кўрпалар.

Ел ўйнайди пардани тортиб,
ётоғингга кирмоқ – шоҳ ният.
Сен эса оқ тўшакка ботиб,
оппоқ тушлар кўрасан фақат.

Тонг отади.
Бир қучоқ ёғду
тор хонага кирар югуриб.
Кўкрагингни тўлдирган туйғу
тўшаклардан олар суғуриб.

Ташқарига чиқарсан, дилбар,
ошиқ дунё шод чиройингга.
Орзусига етишган барглар
хазон бўлиб қулар пойингга…

1979

ОШИҚОНА

Энди навбаҳорнинг шамоли – дайди –
чилвир сочларингни ўйнаб қочар шод,
ишқингда тун бўйи кўтариб фарёд,
остона ортида ёмғир тинмайди.

Энди ҳуснинг ортар яна минг бора,
оппоқ кўкрагингда кўклам ҳавоси.
Бандай малоҳатнинг топмай қиёсин
Ёниб кетмасинми шоир бечора?!

Армон йўқ лойиқ сўз битмоқдин ўзга,
бу қадар латофат оламда якто.
Агар шу кўнгил ҳам қилмаса вафо,
имкон йўқ кўз юмиб кетмоқдин ўзга…

1978

ЎТИНЧ

Яна кўкда ғолиб баҳор қуёши,
уйқусин тарк этди пурвиқор тоғлар.
Нозик майсалардан меҳр сўроқлар
булоқ – кетаётган қишнинг кўз ёши.

Қадим боғлар аро – инжа навбаҳор,
ёмғир савалайди адир сабзасин.
Чақмоқ ҳам айириб булут пардасин
кўпчиган заминга боқади хуштор.

Бугун кўҳна дунё ёшдир нақадар!
Сен ҳам гиналарни унутгин, эй ёр.
Ҳаётни етаклаб келганда баҳор
айрў яшамоқлик гуноҳдир, дилдор…

1979

СИЗНИНГ БАҲОРИНГИЗ

Ерга ёшлигини қайтарган кўклам
сизнинг чаккангизга тақди ғунчалар.
Айтинг, шундоқ гўзал бўларми одам,
ҳамроҳин ёққайми, айтинг, шунчалар?!

Лоладан ранг олган лабларингиздан
гулшанга таралар қўшиқларингиз.
Дунё аямаган борини сиздан,
энди куйиб ўлар ошиқларингиз…

1979

МАЛОҲАТ

Япроқларга боқарсан маъюс,
кўзларингда ўт ёнар, дилбар,
этагингга эргашади куз,
оёғингга йиқилар барглар.

Барг ҳолига ўксинма, гулим,
кузги япроқ – нақадар майин.
Йиғласанг ҳам, боқсанг ҳам кулиб,
улар эрта тўкилар тайин.

Қаро сочинг тортқиллашиб, шўх,
рашким қўзғар дайди ел, кўчкин.
Аввал менга боққин, раҳми йўқ,
мендек сени севолмас ҳеч ким!

Аввал менга боққин, куз эзғин –
сариқ барглар тўкилди, ғариб…
Мана, сенга термулиб ичкин,
охир ўзим қолдим сарғайиб…

1978

БАҲОРНИНГ ШЕЪРИ

Энди тунлар энг кичик терак
қўл узатиб юлдузга етар
ва севинчга чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.

Энди ўтлар дилбар чиройда
безар юртнинг дала-қирини,
ажабмаским, сув тошган сойда
айтиб қўйса тош ҳам сирини.

Энди кунлар бошланар ўзга,
ғамларини унутар олам.
Балким, бўғзим тўлдириб сўзга
шод қўшиқлар айтарман мен ҳам…

1980

УМРИМ –
тонг елидай омонат нафас,
қиличнинг тиғидан сачраган учқун,
ўлимдан олинган қиёматли қарз,
йигирма уч мингу икки юз уч кун…

Куним – кипригимдан томаётган ёш,
юрагим – чирсиллаб синаётган тош,
Шу тошга бошимни уриб, бешикдан –
токим тобутгача қилурман бардош.

1980

КЕТАВЕРГИН,
ортингдан ўксиб
эргашади кунларим, дилбар.
Кўзларингга юлдузлар чўксин,
оёғингга йиқилсин барглар.

Кетавергин,
кечадай қаро,
кундек ёруғ қош-қароқларни
ардоқласин садоқат, меҳри
мендан кўра яхшироқларнинг.

Кетавергин
ўша шаҳрингга,
йиғлама, арт кўз ёшларини.
Мен ўзимга тилайман энди
тоғларимнинг бардошларини.

1984

***

Қўшиқ айтар дилбар шивирлаб,
Қўшиқ айтар менга севгилим:
«Муҳаббат – бу дунёдек кўҳна,
Муҳаббат – бу қуёшдек қадим»,

Қароғингда кўрдим қуёшлар,
Сен бор – ёруғ кечам, кундузим.
Асло қадим эмассан, дилбар,
Сени бугун кашф этдим ўзим…

1979

ОРЗУ
(Халқ йўлида)

Ҳув тоғлардан сой келар,
Сой бўйида қайроғоч.
Сой бўйидаги дилбар,
Шўх сойга ювдингми соч?!

Сойлар бўйингни тутса,
Мавжида чўмилайин.
Агар сени унутсам,
Қаърига кўмилайин.

Қанийди мен сув бўлсам,
Оқиб кетсам йироққа,
Сўнг оппоқ булут бўлсам,
Қор бўлиб ёғсам тоққа.

Эриб қуёш тафтида
Сой бўлсам шўх, беармон.
Тошдан тошга урилиб
Оқиб келсам сен томон.

Мен туганмас ёнингда
Бир умр оқиб турсам.
Юзингга сув сепганда
Ҳуснингга боқиб турсам…

1978

***

Кузакнинг шўх, дайди еллари,
йўлакларда эзилган хазон,
кўчаётган турналар – бари
ёдга солар сени беомон.

Энди қалбда тошар бир тўфон,
етим каби маҳзун сўзларим –
ёт чеҳрага термулар ҳайрон,
сени излаб топмас кўзларим.

Суратимни ташлаб қочар жон
бегонанинг қучоқларидан.
Энди юрак қололмас омон
хотиротнинг пичоқларидан…

1982

САВОЛЛАР

Боғларга қор ёғди, музлар кўмилди,
Йўлда биз қолдирган излар кўмилди,
Қалбда айтилмаган сўзлар кўмилди.
Қалб кечарми дала-тузлар кўмилгач
Ё ёнгайми токи кўзлар кўмилгач?!

Бир кун найсон етиб қорлар эригай,
Муз қотган булоқнинг кўзи ёригай,
Майсалар бошидан туман аригай.
Турналар келтирса юртга баҳорни,
Тақдир яна дучор қиларми ёрни?!

Майли, хуршид етсин тоғнинг қошига,
Баҳор етаверсин боғнинг қошига,
Ёр келмасин бағри доғнинг қошига.
Энди ёндирмасми хуш дамларимни?!
Шолмон кулдирмасми душманларимни?!

1977

***

Хотиралар – ёлғиз юпанчим –
Сиз гоҳида нечоғ бешафқат.
Тушларимга кирмагин, севгим,
Йиғламагин, олис муҳаббат.

Кўпирмагин, томиримда қон,
Бечора қалб, талпинмагин, бас.
Янгиликмас дунёда севмоқ,
Айрилмоқ ҳам кашфиёт эмас.

Сўқмоқларинг кўп кездим, очун,
Катта йўлинг топдим-ку, ҳаёт.
Қолиб кетган гуноҳлар учун
Хотиралар жазодир, наҳот?!

Дилбар, сен ҳам соф кўзлар билан
Бунча ҳайрон боқма шу оқшом.
Бағрингга ол, қутқаргин мени,
Хотиралар ўлдирмай тамом…

1985

ТИЛЧИНИНГ ҚАЙДЛАРИ

«Шабада» деган заҳоти ростдан ҳам тишнинг орасидан бир ютум ҳаво шовуллаб чиқиб кетади. «Шамол» сўзидан совуқ изғириннинг гувиллаши эшитилади. Ишонмасангиз, талаффуз қилиб кўринг-а: «Ш -ш-ш-а-м-о-л..»

Тил – табиатга тақлид, муқаллид.

«Тўқмоқ», «таёқ» сўзларидаги «қ»нинг қаттиқлигидан биров бехос бошга тушуриб қоладигандай бўлади. «Қамчин», «хивич» сўзларидаги «ч» ҳавони чириллаб тилиб ўтади, чирсиллагани қулоқда садо беради.

Балким, шеър ёзиш шарт эмасдир. Анави қизчанинг ковуши остида қорнинг ғичирлаши – ана шу етим товуш қаҳратон қишнинг аниқ тасвиридир. Баҳор келганда – жилмайиш, куз келганда хўрсиниш кифоядир. Шунинг ўзи шеърдир, эҳтимол.

Эҳтимол, шундайдир…

«Эҳтимол» сўзи бунчалар юмшоқ, бунчалар илиқ, киприкда сизиб турган, чуқуррроқ уф тортсанг тўкилиб кетадиган кўз ёшига ўхшайди тилнинг учидаги «эҳтимол» сўзи.

1984

РАҲМИНГ КЕЛСИН БОҒЛАРГА, ГУЛИМ…

Келдинг –
субҳидамда барҳақ қуёшдай –
толеимга чиқдинг талпиниб,
кулиб.
Гўё эриб кетди пойингда тошлар,
чинордек йўлингда кўкардим, гулим.

Жилмайиб куласан,
сумантар,
гулхад,
йиғлайсан,
куласан мени қучоқлаб.
Ана, шовуллайди дарахт ҳам хушбахт,
бизнинг севгимизни тушунар боғлар.

«Севармиз…» – шу сокин қўшиғимизни
илиб кетган еллар энтикар,
кулар.
Жонгинам, қайғурма,
фосиқлар каби
ётга сиримизни сотаслар улар.

Ана,
ку-кулади бир жуфи мусича,
севгимиздан шоддир ҳатто шу қушлар.

Бир исён бағрингда етилса, дариғ,
фитналар уйғонса кўксингни муштлаб,
кетма –
мен чидарман бу ғамга, балким,
лекин чидолмайди бечора қушлар…

Кетма,
раҳминг келсин боғларга,
гулим.

1986

***

Яшнаётган гулим, гулшаним,
Соф кўзингда дунёлар яшар.
Лабларингда жилмаяр бахтим,
Сенга фақат кулмоқ ярашар.

Тангри бахтга яратган сени.
Юракларга солгин деб титроқ.
Майли, ғамлар қулатсин мени,
Сенга зарра тегмасин бироқ.

Беҳишт эмас – бойлигим – умрим,
Лекин тилар тилагим – ҳақдир.
Қароғингда муҳаббат кўрдим,
Кўзларингда – муқаррар тақдир.

Қаршингдаман – қувониб, тўлиб,
Толган қалбга илҳом солгин, бас.
Яшар бўлсанг ёнимда, гулим,
Бошқа ғамлар қўрқинчли эмас…

1977

***

Нуроний тарихни титганда гоҳ-гоҳ
Идрокимга титроқ солади сирлар.
Юртга ёв келганда, дастида яроғ,
Дуч келар,
Шоҳлармас,
Мудом ботирлар.

Интиқом сўнгида етганда зафар,
Балким қазо топар марди сарбаланд.
Ғалаба майини сипқорар беклар
Ботирнинг хушқомат беваси билан.

Адолатинг қани, эй қадим дунё,
Хиёнатдан хунмиз, кўз ёшига ғарқ.
… Майли, ўтаверсин шоҳлар бебақо,
Сен унутмасанг, бас, омон қолган Халқ!

1980

БОБОРАҲИМ МАШРАБ

Мен ҳам шу дунёга келдим кўз очиб,
Кўрдим – номард кетар мардидан кечиб.
Тангрим, дейман, қалбим билан талошиб,
Шу байтул-аҳзонда яратдинг нечун?!

Золим эгаллабди давра тўрини,
Қўйларга шоҳ қилиб қўйдинг бўрини,
Касу нокас ейди бири-бирини,
Иккисин бир онда яратдинг нечун?!

Тулкига кулибди бу ажаб замон,
Йўлбарснинг пинжида қуёнлар омон.
Тангрим, ғазабланма, қилсам мен исён,
Йўқ эса жаҳонда яратдинг нечун?!
1980

РАҲМДИЛ
(Бир мунаққидга)

У жилмайиб шоир ўлдирар,
сўйиб қўяр бирам беозор.
Йўқ, бу ўлим эмас – садоқат,
мўминликнинг иқрори, холос.

Оғу берар бошингни силаб,
қазо вақти чекмасин, дер – дард.
Сўнгги йўлга кузатар кулиб,
қотилликмас, йўқ бу – саҳоват.

Оҳ, унинг юз, кўзлари масъум,
ажал эмас,
бу – оташ майдир.
Сен ўларсан –
боз тирик қолиб
унга озор бергинг келмайди.

У – мард –
сўнгигача қилар ишини,
қабринг узра зўр нутқ сўзлайди,
гул ҳам екар ерни титкилаб,
хотирангга битар китоб, битиклар.

… Фақат қабрингдаги гуллар унмайди.

1985

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ МАЖЛИСИДАН РЕПОРТАЖ

Қараманг ва қарғаманг, қарға,
Йўқми ўзи сиздан ҳеч қарзим?!
Уч юз ёшга кирганмисиз, ҳа,
Гулханийни кўрган чиқарсиз,
Қодирийни кўмган чиқарсиз…

Мусичахон, бунча оро, зеб,
Майса ўтлар кимнинг қасдида? –
Бизга соя солаяпти, деб
Хатлар ёзсин дарахт устидан.

Эҳ, ассалом, ҳурматли чумчуқ,
Зерикмадингизми денёда, дўстим.
Нега бизнинг магазинда йўқ
Сизникидай табиий пўстин…

1986

***

Серёғду кун кечар – ёнаман,
Қоронғу тун кечар – ёнаман.

Ёнаман – куз етиб келганда,
Ёнаман – дўст алдаб кетганда.

Ёр ёниб қучганда – ёнаман,
Сўнг тониб кечганда – ёнаман.

Ёнаман – кечади дамларим,
Ёнаман – ёқаман ғамларим.

Ачинмасман вақт, ҳавасларга,
Ачинаман… ёнолмасларга.

1979

***

Бўрилар, қон тўлган кўзингиз тикиб,
Шернинг боласига бақрайманг ҳайрон.
Тилка-пора қилинг, ғажиб, энтикиб,
Қора қалбингизга бу ҳам бир дармон.

Сиз, олчоқ тулкилар, тозилар, очкўз –
Ёвузга хушомад қилинг яхшироқ.
Шер боласин есин – у ҳали ожиз,
Аждодлар шонини унутмас бироқ.

У ҳали кучсиздир, митти, чалажон,
Гарчанд эгмас сизга мағрур сарини.
Бугун емасангиз, эрта кўрасиз
Шербаччанинг шердек қилиқларини…

1990.

ДИАЛЕКТИКА

Қоронғудан қўрқадиган одам ухлашга ётганда ҳам чироқ ёқиб қўяди.

Чироқни шамол ўчирган заҳоти қоронғулик чопиб келади. Яна гугурт чақиб, чироқни ёқиб қўйсангиз, зулмат икки қадам қочади, чекинади.

Одамнинг ҳаёти ҳам ана шу чироққа менгзагуликдир. Қоронғуликда ёниб турган чироқдай дунё водийсида ё-н-и-и-и-б ётади инсон. Яна неча дақиқага, неча кунга, неча йилга етаркин чироқнинг пилиги, ёғи?!

Ўлим ҳақида гапирсанг, шу заҳоти ўлимнинг ўзи етиб келадигандай, шу яқин-атрофда изингга қараб тургандай туюлади.

Ажал талвасаси – ўргимчак тўри кабидир. Қурбон ўзини қанча кўп у ён-бу ёнга урса, ташласа, шунча қаттиқ ўралаверади, боғланаверади, чиқиб кетолмайди. Тирикликни чўзиш – нафас ютиб ўлимни кутмоқдир.

Балким, учиб бораётган ўқдир – умр, тезликни тўхтатса, шу заҳоти тугар…

Эҳтимол, учаётган қушдир инсон, бир дам қалб қанотини қоқмай қўйса, қулар.

Ким билсин…
1979

***

Майли, суратимга боққину қувон,
Лекин сийратимга ташлама назар.
Абдулла Ориф

Кўзларингда илоҳий ўтлар,
Сазовори дўзах этма, ёр.
Боқишларинг ханжари билан
Дил қатини титмагин зинҳор.

Бугун сенга келгунча етиб,
Йигирма йил тентидим жаҳон.
Тақдир озғин қўлимдан тутиб,
Минг кўчада айлади сарсон.

Қароғингга дучор бўлгунча,
Минг кўлмакнинг лойига ботдим.
Сочинг ҳидлаб тўймадим, ғунчам,
Минг тиконнинг заҳрини тортдим.

Бозор каби турфа бу олам,
Аралашдир яхши-ёмони.
Бир инсондек яшадим, эркам,
Ўтолмадим четлаб хатони.

Умр йўли узун ва серчоҳ,
Содиқ йўлдош бунда жуда кам.
Омад кетса – кетар дўст, ҳамроҳ,
Омад кулса – кулар қизлар ҳам.

Йўллар аро кетмадим қолиб,
Ўтганлардан сўрама, жоно.
Мана, кулиб турибман ғолиб,
Суратимга боққину қувон.

1989

ЎН ОЛТИ ЁШ

Сен ётибсан – тўшагинг оппоқ,
Туш кўрасан – тушинг ҳам оқдир.
Кўзинг очгин, бу оламга боқ,
Наҳот сенинг шафқатинг йўқдир.

Сен ётибсан – сочларинг учин
Шамол ўйнар йўлдошин излаб.
Ошиқларин ўлдирмоқ учун
Бу дунёга келарми қизлар?!

Сен ётибсан – кўзларинг беркдир,
Ёноқларинг энтикар, кулар.
Лабларни оч, тилларга эрк бер –
Эзгу сўзни айтсинлар улар…

Сен ётибсан – тўшагинг оппоқ…

1978

ҚАДИМИЙ ҚЎШИҚ

«Муҳаббат – бу яшил дарахт,
биз барглармиз…
Хўп… Майли…
Тўкилади яроқлару
лекин шихлар синмайди…
Хайр…» дединг.
Кўмилди ишқ
туғилмоққа улгурмай.
Йироқ ҳовли.
Узун-узун
нола чекар қўшсурнай.

Жаранг кулгу,
хушбахт қўшиқ,
қўни-қўшни шодумон –
улар кулмай нима қилсин,
текин бўлса дастурхон.

Кириб келдим,
мана, мен ҳам –
қўшиқларим сойдайин.
Суйиб-суйиб… ётга бердим,
куйиб-куйиб айтайин.

Мен куйлайман –
қўшиқларим
чиқар қалбнинг тоқидан –
ўспириннинг ушалмаган
орзулари ҳақида…

Кетдим,
етар, ёниб бўлдим,
кўпирма, бас, қалб қони.
Чироғи йўқ уйга кириб
ахтараман арқонни.

Қўйқўтонга бошим суқиб –
озод насим – пок насим –
оқ қўчқорни бўшатаман –
у ҳам озод яшасин…

Мана, ип ҳам топилди…
Хўш…
Мана, дарахт.
Хўп … Майли…
Яроқлари тўкилару
шохлар – кучли…

Синмайди.

1979

ҚИЗ БОЛАНИНГ ҚЎШИҒИ

Субҳидамда боғ оралаб ким ўтди,
хуштак чалган елми –
туннинг эртаги.
Чап кўксимда нимадир дук-дук этди…
Вой ўлмасам,
шоир зоти тентаг-ей.

Тош кўзгуга боқдим –
сийнам тўлишиб
кундан кунга кўйлагим чок, қурама.
Энди ҳар кеч
тушларимда сут сўраб
тамшанган соғ чақалоқни кўраман.

Ким не деса, десин,
чиқдим югуриб,
қасам ичма, шеър ўқима шу фурсат.
Ёлғон бўлса – бас, доғингда куймайин,
Рост бўлса ишқ – дийдорингни бир кўрсат.

Хавотирда тўрт тарафга боқма зиқ,
бундай бахтни ағёр фақат туш кўрсин.
Бевафолик қилсанг бир кун,
водариғ,
қурғишим шу:
урса,
сени ишқ урсин!

1977

СЎРОВ

Қўмсаб тургандирсан ишқнинг гаштини,
Кезиб чиқдингми ё жунун даштини.
Мендек саҳройининг букма шаштини –
Субҳу шом сўрайман сендан, эй бебош.

Юкуниб турибман қаршингда – осий,
Ё излаб кетайми лутфинг қиёсин.
Бир йигит умрими ҳуснинг баҳоси –
Бир оқшом сўрайман сендан, қорақош…

Қисмат судраб келди қошингга токи,
Кўксим ёқаётир кўркинг фироқи.
Ошиқ атайсанми, мухлисми ёки –
Рост калом сўрайман сендан, ўтқарош…

Бугун кулиб турган чоғи дунёнинг,
Кел, ҳаётим бўлсин садқаи жонинг.
Йўқса қаҳри келар еру самонинг –
Ишқий жом сўрайман сендан, бағри тош…

1984

1.ОҚ ШОМ

Кеч. Дунёни тун босди совуқ
Ташқарида эси оққан қор.
Менинг эса хаёлим ёруғ –
Уйда баҳор… Уйда аёл бор.

Дилим ойдин нурларга тўлди.
Шу бахтиёр, шу телбавор тун,
Аёл, менга яна не бўлди?!
Титраяпман. Бўлаяпман хун.

Қайда юрдим йигирма беш йил?!
Кўзи – ханжар, қошлари – камон,
Сен – ойнинг нуридай тозасан,
Мени ёққан шубҳалар ёлғон.

Кечир мени булоқдай кўчкин
Росту ёлғон сўзларим учун,
Бу норасо дунёга боқиб
Хира бўлган кўзларим учун.

Шу гуноҳкор қорачуқлар-ла
Соф чеҳранггат термулдим ҳайрон.
Воҳ, бўғзимга тиқилди жоним,
«Жоним!» – деб юбордим ногаҳон.

Мана, гулдай очилиб кетдинг,
Гулхан тафти урилди юзга,
Шу биргина томоқни йиртиб
Ташқарига отилган сўздан.

Мен тепангда чўккалаб тушдим,
Бошим қўйган оқ кўксинг – қибла.
Қулаяпман… Танамга кўчди
Киндигингда қўпган зилзила.

Терлар оқди. Ҳўл бўлди бадан,
Сувга ботди титраб ич-этим.
Чўкаётган кўҳна кемадай
Чайқалади иссиқ вужудим.

Бу тунгача не кунни кўрдим?!
Қулаяпман… Мени суягин.
Қучоқлайман. То саҳаргача
Қисир-қисир синар суягим.

Тонг отди… Эҳ, ойдин тонг отди,
Бу кечадан наҳот соғ қолдим?!
Бу кеча бир лаҳзадай ўтди,
Нега ўсиб кетди соқолим?!

2.ОҚШОМ

Шамол турди.
Барг учди хиёл.
Яна ботди уфқига қуёш.
Яна тушдинг ёдимга, аёл,
Кўзларимни куйдирмоқда ёш.

Гарчанд йўқсан ёнимда, дилбар,
Чиқаверар ҳар саҳар қуёш.
Ҳали кўпдир умримда кунлар
Ҳали купдир кўзларимда ёш…

1989

СЕВГИ ЙЎЛЛАРИДА…

Ҳамма унга кўз тикар беор,
у – ҳеч кимга боқмайди, мағрур.
кўзи – қора, юзи – шуълакор,
ўзи тоза – бамисоли нур.

Қамиш каби шовуллаётган
сочларига қўл теккан эмас.
У гул каби бўй сочиб ётган
тўшагига ҳўл теккан эмас.

Дилидадир муқаддас сўзи,
кокилини ўйнар шаббода –
шундай гўзал,
шундай покиза…

Қиз бормикин ўзи дунёда.

1979

ТОПИШМОҚ

Мактуб битдим саҳар ўртанган пайтим,
Унда тунлар чеккан ноламни айтдим,
Айтдим ҳажр деганнинг бесаслигини,
Зинҳор бу умрнинг қайтмаслигини.
Зинҳор қолганини айтмасман, чунки –
Ахир, муҳаббат – бу икки қалб мулки.
Мана бу шеърни-чи, ўқишлари мумкин.

1985

ДОСТОНДАН СЎНГ…

Гарчи офтоб чиқар ҳали ҳар саҳар,
Гарчи безайверар баҳор дунёни –
Бугун Боботоғдан қолмади асар,
У ердан топилмиш тошкўмир кони.

Гарчанд муҳаббат – бу минг йиллик хониш,
Гарчанд айрилиқдан ҳамма дилпарчин –
Ҳарбий хизмат учун кетди Алпомиш,
Пахтага эгилиб чўкди Ойбарчин.

Майли, кўнглимизнинг бир чети чўғли,
Майли, дил мозийни эслар энтикиб –
Офтобга исиниб турар Гўрўғли,
Нафақа пулига кўзини тикиб…

1984

ШЕЪР ИЗЛАЁТИБ…

Бу Ватаннинг эгаси кимдир,
Кимникидир бу улуғвор тоғ?
Қуйидаги зангори ўтлоқ,
Баргида чумоли юрган отқулоқ?» –
Осуда йўл бўйлаб бораркан,
Томоққа тиқилар бир тўда сўроқ.

Мен – хотирни елкамга ёпиган одам,
Орзуни дўппидай бошга кийгайман.
Бугун лойшанг йўлдан кетаётганда
Шарқдаги ярим тун тахтини ташлаб,
Элнинг аҳволини билмоққа чиққан
Гадо ридосида шоҳга ўхшайман.

Агар шундай бўлса, саройда не гап?
Балки бундаймасдир… Мен бугун
Бирор-бир баҳона топишим керак.
Бўлмаса, лойшанг йўлдан кетаётганда
Ёрилиб кетиши мумкиндир юрак.

1980

УШБУ ШЕЪРНИ ЎҚИГАНЛАРГА

Сиз шу шеърни ўқиётган пайт
(ё мен уни ёзаётган дам)
аллақайда букилди бир қад,
тобут тутиб эгилди одам.

Сиз шу шеърни ўқир маҳали
(ёмен уни ёзган ёз куни)
араванинг тагида қолиб
бузилди бир чумоли ини.

Сиз шу шеърни ўқиётган он
(ё мен уни ёзган шу фурсат)
хиёбонда илк бор баргидан
айрилгандир ям-яшил дарахт.

Гўзал дунё ҳайратга арзир,
гўзал эди у барг ҳам жуда.
Демак, кулманг, демак, мен ҳозир
йиғламаяпман, ахир, беҳуда…

1987

НАЧОРА

(Мустамлака кунларда)

Энди кунчиқардан чиққан қуёш йўқ,
Вале кунни кутган қоши қийғоч йўқ.

Отфтоб – соя каби, совуқдир нур ҳам.
Дилда омонликдан қатра қувонч йўқ.

Сув шўрдир, ҳаво – дуд, заҳардир тупроқ,
Тош бору ёрай деб ургувчи бош йўқ.

Диллар озурдадир, тил ҳам – бегона,
Дард кўпдир, енгмоққа сабру бардош йўқ.

Бу ғам сўнгсиз – минг йил йиғласанг арзир,
Йиғламоқ истармиз, кўзларда ёш йўқ…

1983

УЙҒОНИШ

Дунё яна баҳорга етди,
Фазоларда булут исёни.
Чақмоқлар ҳам аёвсиз йиртиб,
Парча-парча қилар самони.

Энди бўлмас хонада ётиб,
Кўчаларга отаман ўзни.
Орзу қўймас юракка ботиб,
Ўтли сўзлар ёқар бўғизни.

Ваҳшат солиб ўкрар қалдироқ,
Титроқ босиб сесканган боғдир.
Қувончига чидолмай ногоҳ
Шаррос қуйиб юборар ёмғир.

Шаршарада чўмилар дарахт,
Яланғоч тан сув ичра қолар.
Йўловчида саросима, шахд,
Гавдасини панага олар.

Кетолмайди боғ, кўча, адир,
Денгиз – боғнинг оқ танларида.
Бу ёмғирда чўмилганларнинг
Яра чиқмас баданларига…

1978

СЎНГГИ АВТОПОРТРЕТ

Сукунатнинг қароргоҳига
келтирурлар совуқ вужудни;
бир вақт ёниб яшаган таним
қучоқлайди асрий сукутни.

Мен дунёга келганда йиғлаб
кулиб қарши олган одамлар
бугун ерга узатар чоғда
ўкраб-ўкраб юборар ғамдан.

Кўзлар ётар – кўриб тўймаган,
эзгу сўзлар айтмаган – тилим…
Оқшом келар рост сўзлаб илк бор
тиригимда келмас севгилим.

Гарчанд ўкинч алами тахир,
бир кун маъюс унутар санам.
Кулиб юрсин тириклар, ахир,
муроди шул марҳумларнинг ҳам.

Бош устимда йиғлар аллаким,
шивирлайди оғриниб, эзиб.
Айтганимни шамолга бердим,
ёзганларим юрар юрт кезиб.

Оҳ, биламан, дафтарим – ярим,
юрагимда қолар бир кўчкин.
Сиз – ёзилмаган шеърларим,
энди сизни ёзмайди ҳеч ким.

Мен ҳам кетдим – юрагим зада,
сизга исм излайман – кимсиз?!
Сиз яшайсиз мангу азада,
ёзилмаган шеърлар – етимсиз…

1987

ЭРТАЧИ ХОТИРАЛАР

«Йўқолган кундалик»дан

Ўзи қишлоқда ўсган дўстимнинг шаҳарда туғилган ўғилчаси қишлоққа бобосини кўргани эргашиб борди. Товуқни кўриб: «Вой, буларнинг чумчуқларининг катталигини!» – деб юборди. Кейин дукур-дукурни эшитиб, кўчага чопиб чиқди. Дарвоза томондан унинг қувониб қичқиргани эшитиларди: ”Ана, от! Тирик от! Юриб кетаяпти!”»

***

«Ўлди. Кечагина кулиб, юриб турган одам ўлиб кетаверса-я… Кечқурун қоронғу кўчага чиқишга қўрқарди раҳматли. Қоронғу гўрга, зах ерга қўйдик. Қўрқмаётганмикин?!.»

***

«Нега метродаги одамларнинг мотам тутаётгандай боши қуйи? Нега автобусга чиқаётган, автобусдан тушаётган одамлар бир-бирига салом бермайди? Нега…» Биринчи марта қишлоқдан шаҳарга келган одам ҳайрон бўларди.

***

Мен ҳеч қачон енгимни симариб юролмайман. Гўё ким биланжир жангга, ёқалашувга тайёргарлик кўраётгандай бўлавераман…

Агар милтиқ сотиб олиб, шунчаки деворга осиб қўйсанг ҳам, отилиб кетадигандай туюлади.

1974-1989

ЯНА ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу тонгда қўзғол,
кўзим, тоза гулларга қара –
шафақ ҳозир қонимдай қизил,
юрагимдай афғони яра.

Кўзим, тоза гулларга қара
шу ғанимат, омонат чоғда –
ҳилпирайди қип-қизил гуллар
муассаса узра байроқдай.

Ухлаётган дунёдай карахт,
вайрон бўлиб, нолиб ўтирма.
Шу покиза гулларга қара,
уйғонганлар юлиб улгурмай.

Очилинглар, эй гуллар, сара,
термуламан сизга ботинмай.
Булбул, сен ҳам бошимда сайра,
юрагимнинг товуши тинмай…

1989

Шоирнинг илк китоби
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти

Тошкент-1990

 

Leave a Reply
*