Ойим «Мен Наврўз кунларида туғилган эканман» дердилар. Болаликда онам туғилган кунларини нишонлаганларини эслолмайман. Йиллар ўтиб,биз — фарзандлар оёққа туриб олгандан кейин Наврўз кунларида эски ҳовлимизда тўпланиб, саноқсиз набиралар даврасида онамнинг мавлуд кунларини нишонлайдиган бўлган эдик.
Мана тўрт йилдан бери бу ёруғ дунёда онамсиз яшаяпман. Онам тириклик пайтларида Ғиёс Бойтоевнинг «Онаси бор одамлар» қўшиғини бирон бор диққат билан эшитганимни эслолмайман. Аммо, онам вафотидан кейин бу қўшиқни илк бор ишдан уйга қайтаётганимда эшитганимда, кўзимдан дув-дув ёш оққан эди.
Муслим Магомаевнинг «Она» қўшиғи ҳам ҳар гал юрагимни аччиқ хотираларга чулғайди. Онам тирикликларида қилолмаган ишларим, айтолмаган сўзларим, беролмаган меҳрим менга азоб беради.
Инсон туғилган онидан бошлаб «Онани қадрланг» насиҳатини эшитиб улғаяди. Аммо, фақат волидасини йўқотгандан кейингина бу сўзларнинг асл маъносини англайди.
Хуршид Даврон
БОЛАЛИКДА АЙТАР ЭДИМ ОНАМГА ДОИМ…
Хуршид Даврон блогидан