Menu
Categories
Ҳалима Худойбердиева: Қандак ўрикнинг бир донаси…
04/02/2013 Адабиёт

 

Ҳалима опа онахон билан

Суратда: Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева шогирди Муҳаммад Исмоилнинг онаси Ҳожиона Зулайҳо бегим билан

ҚАНДАК ЎРИКНИНГ БИР ДОНАСИ…

Ҳожиона Зулайҳобегимнинг
85 ёшига бағишлаб

Шодлансак чопамиз ким-кимларгадир,
Онага йиғлаймиз кўнглимиз тўлса.
Айтинг она кимдир, она у надир,
Онани мевага ўхшатиб бўлса.
Қандак ўрикнинг бир донасисиз Сиз,
Дунёнинг энг гўзал онасисиз Сиз.

Тақдир ҳамиша ҳам сийламагандир,
Қай куч билан кўклаб яшнай олдингиз.
Гоҳ ҳеч ким узуғни уламагандир,
Қандоқ узилмасдан яшайолдингиз?
Саксон беш йил. Қиш. Муз синмаган кунлар,
Кўзларингиз ёши тинмаган кунлар.

Нималар ўтмади бу қора бошдан,
Ёз кунларин ёзлаб, қишларни қишлаб.
Яшарканмиз ўтлар чиқариб тошдан,
Аччиқ, азиз бахтни тишларда тишлаб.
Заҳар, болни бирдай тотиб келдингиз,
Бугун бу даврага етиб келдингиз!

Муҳиму мана шу. Бошқаси ёлғон
Бугун
Зуллайҳобегимга гуллар тўшангиз!
Дунё эски дўкон, ҳаммадан қолғон,
Биздан ҳам қолгунча яйраб яшангиз.
Қадни ғоз кўтариб, шамшод туринг Сиз,
Тўқсонга киринг Сиз, юзга киринг Сиз!

Энди Сизга тўфон даф қилолмас, чин
Фарзандлар ўрайди болу, парларга.
Худодан сўрайлик, қани қўл очинг
Ўғиллар ўхшасин пайғамбарларга!
Тоғнинг кунгай ёғи, ёнага шараф,
Муҳаммадлар туққан онага шараф!

Ҳалима Худойбердиева
Ўзбекистон халқ шоираси

Leave a Reply
*