Menu
Categories
Муҳаммад Солиҳ: “Йўлнома” (54)
04/05/2013 Адабиёт

17.09.2005“ЭРК” ҚУРУЛТОЙИ

Қурултойга рухсат тез келди.

Хунтанинг мағлубиятидан кейин мулзам бўлган ҳукумат “хоҳлаган жойини беринглар,” деб амр қилибди ва Тошкент шаҳар Ижроқўми бизга Жумҳурият радиоси ёнида қурилган ҳашаматли “Бизнесцентр”нинг замонавий жиҳозланган залини берди.

Қурултой 25 август куни эрталаб соат 10да бошланди. Зал лиқ тўла эди. Одамларнинг кайфи чоғ эди. Байрам ҳавоси бор эди. Қурултойда шу нутқни ўқидим:

Ҳурматли дўстлар, тарихда шундай даврлар бўлади-ки, унинг соати йилларга, йили асрларга тенг келади. Бу ҳақиқат шу кунгача биз учун бир образ, китобий таъбир эди. Бугун бу нарса бизнинг кўз ўнгимизда турибди. Биз шу буюк воқеанинг шоҳиди бўлдик. 19 августда содир бўлган давлат тўнтариши ва унга қарши кўтарилган мардонавор халқҳаракати бу ҳақиқатни намойиш этди. Қайта қуриш деб номланган олти йиллик тарихий жараённинг 19 августгача бўлган қисми бир давр бўлса, ундан кейинги ўтган олти кун мутлақо бошқа бир даврдир. Бу инқилоб шу қадар тез юз берди-ки, уни ҳамон ақлга сиғдира олмаяпмиз. Чунки, ўша таҳликали уч кун ичида биз ўтган демократик йўлнинг масофаси қайта қуриш кечган олти йиллик масофадан каттароқдир. Ва бу икки инқилобнинг принсипиал фарқи шунда-ки, биринчи инқилоб тепадан бошланган бўлса, иккинчи инқилобнинг ижодкори халқнинг ўзи бўлди.

Худди шунингдек, олти йил ичида митингларда қатнашган халқдан 19 августда кўчага чиққан халқ мутлақо фарққиларди. Бу халқ шу кунгача мавжуд тузумни танқид қилиб келган бўлса, энди бу тузумни бутунлай алмаштиришни талаб қила бошлади. Аввал милитсия тўқмоғига қарши турган бўлса, бу сафар танкларга қарши, бир сўз билан айтганда, ўлим билан юзма-юз турди. Жамиятдаги бу динамизм Совет Иттифоқи деб аталган мамлакат тарихини кескин бурилишларга олиб келди.

Лекин шуни ҳам унутмаслик керак-ки, 19 августда ўлимга рўпара турган бу халқни ўша қайта қуриш тайёрлади. Бугун демократия ғалабасидан бошимиз айланиб, “қайта қуриш ва Горбачевни Елтсин қутқарди, Совет Иттифоқини Русия қутқарди”, демоқдамиз. Чиндан холос этган нарса ўша “боши берк кўчага кириб қолган қайта қуриш” эди. Шу маънода, Горбачев ўзини ўзи қутқарди, шу маънода, ўз-ўзининг ҳалоскори бўлди Шу маънода, қайта қуриш асло боши берк кўчага киргани йўқ, аксинча, у бугун ўзининг буюк ғалабасини нишонлаяпти. Қайта қуриш ҳеч қачон бугунгидай юксакликка кўтарилмаган эди. Мухолифлар “халқ оч-яланғоч, жиноятчилик кучаймоқда, иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, сенинг демократиянг нима беради?” дея савол бермоқдалар. Тўғри, халқ оч. Лекин бунга демократиянинг нима алоқаси бор? Тўғри, жиноятчилик кучаймоқда. Лекин демократияда нима айб? Тўғри, иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, уни демократия чуқурлаштирдими? Аксинча, бу фожеалар демократия ҳамон тўсиққа учраётганидан, ҳамон қуруқ сўз бўлиб қолаётганидан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётимизга сингиб кетмаётганидан эмасми?

Шуниси қизиқ-ки, давлат тўнтаришини ташкил этган ҳарбий-партиявий хунта ҳам айнан ўша халқнинг очлигини, иқтисодий бўҳроннинг чуқурлигини рўкач қилиб майдонга чиқди. У бир ҳафта ичида аҳволни тубдан ўзгартиришга ваъда берди. Бунинг далили сифатида Москвадаги дўконларда узоқ кутилган озиқ-овқат пайдо бўлди. Агар хунта яна ўн беш кун яшаса, бу неъматлар бошқа шаҳарлар дўконларида ҳам пайдо бўлар эди. Бунга шубҳа йўқ. Лекин халқ алданмади. У нон эмас, озодликни танлади. Чунки, бу халқҳатто нон ҳам озодлик ўрнини босишга қодир эмаслигини англаган халқ эди. Мен халқ деганда, рус халқини назарда тутаяпман. Бу ҳақиқатни тан олиш керак. Зотан, хунтанинг йўлини тўсган асосий куч – москваликлар ва Русия ҳукумати бўлди.

Хунта ўз режаларини эълон қилгандан сўнг, баъзи жумҳуриятларда иккиланиш яққол кўзга ташланди. Нафақат жумҳуриятлар, балки, чет давлатларининг деярли ҳаммаси дастлабки соатларда берган маълумотларида хунтага қарши бирон гап айтолмади. Фақат халқнинг қўзғолганини кўриб, унга суянган Русия ҳукуматининг журъатини кўриб, иккиланганлар қарори қатъийлаша бошлади. Фақат шундан кейингина улар рус халқини қўллай бошлади. Бундан келиб чиқадиган сабоқ шуки, фақат халқнинг ўзигина ўзини қутқариши мумкин. Агар халқ уйғонмаса, чет эл ҳам, унинг иқтисодий ёрдами ҳам унга нажот бўла олмас экан.

Яна бир сабоқ бор. Буниси маънавий сабоқдир. Хунта даврида иккиланган жумҳуриятлар ҳам эришилган ғалабадан баҳраманд бўлажаклар. Худога шукр. Аммо биз шуни унутмаслигимиз керак-ки, ҳеч қачон ҳеч бир халқ бошқа бир халқ кураши эвазига озод бўлмаган. Агар бўлса ҳам, бу озодлик унга татимаслиги аниқ. Чунки, бу совға қилинган озодликни ҳимоя қиладиган халқ бўлиши керак. Акс ҳолда, бундай озодлик қанча тез қўлга киритилган бўлса, шунча тез йўқотилиши муқаррар. Ҳеч ким танк олдига ётиб, Конституцияни муҳофаза этмайди, чунки, халқ Конституция нима эканлигини билмайди. Ҳеч ким “демократия учун” дея ўққа кўкрак тутмайди, чунки, халқ нонни озодликдан устун қўяди. Ҳеч ким президентни ҳимоя қилиб кўчага чиқмайди, чунки, бу халқни кўчага чиқишга ўргатишмаган. Хуллас, совға қилинган озодликни фақат ўша совға қилган халққина ҳимоя этишга қодир. Ҳали “ҳимоя қиламан,” деб кеп қолмаса яхшийди. Бу аччиқҳақиқат ва унга тик қарай билишимиз керак. Ва айни шу сабаб, “Эрк” партиясининг биринчи вазифаси – халқни уйғотишдир. Бусиз мустақиллик бугунгидай қоғозда қолаверади.

Халқлар устида уч кун осилиб турган таҳлика Ўзбекистонга қандай таъсир қилди? Биз ўзимизни қандай тутдик? Эҳтимол… Хуллас, “эҳтимол”лар кўп. Шахсан мен бу таҳликали кунларда кўрганим – бир лавҳани ҳеч унутолмайман. Йигирманчи август куни ҳукуматимиз ташкил қилган мажлисда Шайхов ва Ўразаев деган депутатлар чиқиб, хунтанинг бошлиғи ҳақида “ўртоқ Янаев ҳам айтдилар. Ўзбекистонга қўшин киритишга ҳожат йўқ экан,” деганларида, ер ёрилиб, ерга кирмадим. Чунки, бу вазиятда “қўшин кирмагани” биз учун шараф эмас эди. Чунки, бу қўшин қонунни ҳимоя қилиш эмас эмас, қонунни топташ учун кирар эди. Бу қўшин демократияни тиклаш учун эмас, уни йўққилиш учун кирар эди. Айтмоқчиманки, шубҳасиз, зиёлилардан бўлган ва шубҳасиз, ўзларини инсонпарвар санаган бу одамларнинг фаросати шу бўлса, ўқимаган, далада умр бўйи кетмон чопаётган деҳқондан – халқимизнинг қарйиб саксон фойизини ташкил қилувчи оммадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.

“Эрк” тутган позитсиясига келсак, бу ҳаммангизга маълум, Демократик партия ўлароқ, “Эрк” биринчи куниёқ бу машъум тўнтаришга ўз муносабатини билдирди. Унинг хунтага қарши Баёоноти ва Елсинга мадад телеграммаси шу куниёқ дунёга тарқалди. Маҳаллий матбуотда эълон қилиш имкони бўлмаганидан, бу ҳужжатларчэт эл радиостансияларидан, хусусан, “Свобода” ва “Свободная Европа”лардан ўқиб эшиттирилди.

Бу тарихий воқеадан учта хулоса чиқади:

1. Мавжуд система қанчалик демократияга интилмасин, жамият учун хавфли бўлган ва уни ўн йиллар ортга улоқтириб ташлашга қодир механизмни ўзида сақлаб келаяпти. Горбачев давлат тўнтарилишигача учта кеманинг бошини тутиб келди: КПСС раҳбари, Президент ва Бош қўмонодонлик вазифалари. Шу учта кучни қўлга олиш учун хунтанинг битта одамни – Горбачевни четлаштириши кифоя қилди. Бир-неча соат ичида улкан бир мамлакат реал хавф остида қолди. Демак, токи ҳуқуқий давлат тузилмас экан, ҳокимиятлар қатъий ажратилмас экан, давлат тўнтарилиши хавфи тураверади.

2. Ҳар қандай “суверен давлат” деб аталган субъетнинг ўзини ҳимоя қиладиган армияси бўлиши шарт. Акс ҳолда, бу “суверенлик” сохтадир. Буни Русия ҳукумати хунта хуружқилаётган кунларда чуқур тушунди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тушунмоғи лозим.

3. Биз тўла мустақил бўлмас эканмиз, фақат иқтисодий эмас, сиёсий ҳам мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай “янгиланган федератсия” бизга нажот бўлолмайди. Чунки, бу система ҳамон бир шахс иродасига боғлиқ бўлган система бўлиб қоляпти. Бугун Елсин бор, Горбечев бор. Лекин эртага Янаев келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Кафолат – халқимизнинг тўла мустақиллигидир.

Бу ҳақиқатни сўнгги икки кун ичида Совет Иттифоқида юз берган воқеалар исбот қилиб турибди.

Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазият янада шиддатлироқ ўзгара бошлади: КПСС сиёсий партия сифатида парчаланди. Мустақилликка ўтиш даври кечаётган иккита болтиқбўйи жумҳуриятлари – Эстония ва Латвия ўзларининг тўла мустақиллигини эълон қилдилар.

Кеча Украина парламенти ҳам бу жумҳуриятнинг тўла мустақиллигини эълон қилди. Маълумки, тузилаётган “Иттифоқ шартномаси” асосан учта славян жумҳуриятлари – Русия, Украина, Белорусия ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан Қозоғистон ўрталарида тузилиши мўлжалланаётган эди. Бу субъктлар ичида энг нуфузлиси – Украина Иттифоқдан чиқиб кетар экан, “Иттифоқ Шартномаси” аввалги моҳиятини сақлаб қололмайди.

Бу воқеа шу кунгача “Шартнома”нинг марказий субъектларидан бири бўлиб турган Русиянинг ҳам позитсиясини ўзгартириши муқаррар. Бу ерда иккита вариантни тахмин қилиш мумкин. Биринчиси: Русия, агар “Шартнома” тарафдори бўлса, аввал сўраётган имтиёзларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. Бу ҳолда бугунги Марказ ўзининг марказлигини бутунлай йўқотади ва Русия Марказга айланади. Бу янги вазият мустақилликка интилаётган Ўрта Осиё жумҳуриятларининг шу кунгача олиб бораётган сиёсатини кескин ўзгартиришини тақазо этади: улар ўз жумҳуриятларининг ҳам тўла мустақиллигини эълон қилишлари ёки янги тузилган марказлашган бир давлатнинг бўлаклари сифатида қолишга мажбур бўлажаклар. Иккинчи вариант: Русия ҳам Иттифоқдан чиқиб, ўзининг тўла мустақиллигини эълон қилши мумкин. Бу ҳолда Иттифоқҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз зудлик билан Ўзбекистон олий Кенгашининг фавқулодда сессиясини чақирилишини талаб қиламиз. Унда бугунги сиёсий вазият очиқ таҳлил этилиши лозим.

Ўзбекистоннинг тўла мустақилликдан бошқа йўли йўқ. Бугунги тарихий имконни қўлдан бой бермаслигимиз керак”.

 

 

Leave a Reply
*