Menu
Categories
Исмат Хушев: Тошкентдан Қашқадарёга сафар (16)
04/07/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

 

“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан

 

Исмат Хушев

 

1.     Самарқанд зиёрати…

 

Имом Ал Бухорий зиёратидан сўнг, ўша йўл билан ортга қайтсангиз йигирма саккиз километр юриб яна “Бетонка”га чиқишингиз мумкин.

 

Лекин биз Самарқандни ҳам жуда соғинган эдик. Уни кўрмай, Улуғбек билан Шоҳи Зиндага салом бермай Китобга ўтиб кетолмас эдик.

 

“Имом Ал Бухорий” зиёратгоҳидан чиқиб ярим соат юрар юрмас Самарқандга кириб бордик.

 

Самарқанд! Мен ҳар гал бу қадимий ва навқирон шаҳарга келарканман, беихтиёр суюкли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Қайта туғилмоқлик насиб этса гар, Самарқанд бўларди юртим муқаррар” деган машҳур сатрларини ёдга оламан.

самарқанд керак

Ва ҳар гал: “Нега шоир яна қайта туғилмоқлик насиб этса энди Қашқадарёда эмас, балки Самарқандда туғилишни орзу қилган?” деб ўз ўзимга қайта ва қайта савол бераман.

самарқанд зўр

 

Мана, салкам йигирма йилдирки, мен бу савол жавобини тополган эмасман.


 
самарқанд 3

Ҳали мулозимлик давримдаёқ Абдулла акадан бу ҳақда сўраганимда у киши: “Ҳа, энди бу ҳам бир гап-да, ука…” деб жавобдан қочган бўлса-да, лекин барибир ёзилган икки сатр шеърдаги бу сирли тилсим то ҳануз юрагимда ажиб бир савол бўлиб муҳрланиб қолган эди.

самрқанд 8

Самарқанд ростдан ҳам кишини ўзига тортадиган қудратга эга. Бу гал эса у ўн беш кунлик ойга ўхшаш зебо келинчакдай янада гўзаллашиб, яшариб кетибди.

 

Самарқандда энди олдинги тор ва пастқам кўчаларни, эски туски ҳовли жойларни мутлақо тополмайсиз.

 

Битта катта, кенг ва равон кўча Сизни тўппа тўғри шаҳар марказига – университет жойлашган боғда янги қад ростлаган машҳур ва улуғвор Улуғбек мажмуасига – ундан ўтиб эса Самарқанд фахри ва тимсоли бўлмиш машҳур Шоҳи Зинда, Гўри Амир ва Кўкалдошнинг мақбараю мадрасаларига олиб боради.

улугбек

Мен ҳар гал Самарқанддаги Улуғбек ҳайкалини кўрсам раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг ўша машҳур ва маҳзун сатрлари ёдимга тушади:

 самрқанд зиёрати

Самарқандга борсам мен агар,

Улуғбекни кўриб қайтаман.

У қон йиғлаб турар ҳар саҳар,

Мен дардимни кимга айтаман…

улугбек 2

 

Агар Муҳаммад Юсуф ҳозир тирик бўлганида Улуғбекнинг янги ўрнатилган бугунги  ҳайкалини кўриб энди бу қадар таъсирли сатрлар ёзолмаган бўлармиди  деб ўйлаб кетаман…

 

 

Бундай дейишимга сабаб шуки – шоир эътиборини тортган Улуғбек ҳайкалидаги ўша дард, ситам, унинг кўзларидаги ўша мунг ва жудони, ўз фарзанди томонидан қатл этилган шўрлик отанинг бўғзида қолиб кетган алвидони – видони бу янги ҳайкалда мен тополмадим…

самарқанд  6

Ҳа, Улуғбекнинг ўтган сермазмун умри, ғоят чигал ва мураккаб ҳаёт йўли нақадар сирли ва синоатли бўлмасин, у қанчадан қанча ижодкорларимиз учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмади дейсиз.

самрқанд 1

Улуғ ёзувчи Одил Ёқубовнинг биргина “Улуғбек хазинаси” ни олиб кўрайлик. Қаранг, қандай машҳур бўлиб кетди бу асар. Бугун бу китобни бутун дунё ўқияпти десак муболаға бўлмас.

 

Нега? Биринчидан – у бундан бир неча асрлар муқаддам ер юзида осмон тилсимларини ўрганишга илк бора бел боғлаган мунажжим бобомиз – миллатдошимиз Улуғбекка аталган.

 

Иккинчидан – уни Одил Ёқубов (суратда) ёзган!

 

 Одил акам

 

Ёки бўлмаса, Абдулла Орипов (суратда) нинг мана бу ўлмас сатрларига эътибор берайлик:
 

Абдулла акажон

 

Қотил қўли қилич солди маст,

Қуёш бўлиб учди тилла бош.

Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,

У Улуғбек кўзидаги ёш…


 
Ана шундай буюк фожеага тўла дарду изтироблар оғушида Улуғбек ҳайкали қад кўтарган янги мажмуадан узоқлашарканман, шўрлик халқим  ўтмишининг қаролигидан, ўз фарзанди томонидан қатл этилган мунажжим бобом авлодларининг то ҳануз қалби яролигидан менинг ҳам кўзларимда халқа халқа ёш маржондек шашқатор эди…

 

Гўри Амир ва Шоҳи Зинда меъморий обидалари, Ресгистон меъморчилик ансамбли ҳақида гапириб ўтиришим ортиқча деб ўйлайман. Шундоғам уни ҳамма билади ва доимо унга талпинади.

самарқанд 7

Ҳали Канадада эканман, бирор бир баҳонаи сабаб билан телевизордан Регистонни кўрсатиб қолишса, қалбим бир энтикиб, кўзларимда соғинч ва армон ёшлари мавж урар эди.

 

Айниқса юртимизга ташриф буюрган хорижлик давлат раҳбарларини Ислом Каримов энг азиз меҳмон сифатида Самарқандга олиб бораркан, ҳар гал уларга Регистонни кўрасатганида Президент кўзларида жилваланган фахр ва ифтихорни мен доим кўриб, ич ичимдан сезиб ва қалбан ҳис этиб турардим.

самарқанд 9

Мана бугун ўзим шу афсонавий заминдаман. Ўзим шу сирли ва сеҳрли обидалар қаршисидаман.

 

Бугун мен аслида мусофир ва муҳожир бўлсам ҳам, лекин ўзимни худди давлат раҳбарларидай, шоҳу султонлардай сезардим.
самарқанд 5

Негаки мен ўн йиллик айрилиқ ва жудоликдан сўнг яна ўз юртимда – она Ватанимда эдим…

 

“Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл!” деган сўзнинг асл теран маъносини ҳам мен айнан Самарқандда англаб етгандай бўлдим…

 

Ва шундагина Абдулла Ориповнинг Самарқанд ҳақида нега айнан юқоридаги икки сирли сатрни битганига қайсидир маънода энди – энди, сал – пал тушунгандай бўла бошладим…

 

2. Самарқандни қайта қурган ҳокимлар ҳақида ўйлаганларим…

 

Ҳа, ростдан ҳам кейинги йилларда Самарқандда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга ошганига гувоҳ бўлдик.

 

Бутун шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган биргина Jahon Palace меҳмонхонасининг ўзиёқ бугун Самарқандни Европадаги энг ривожланган шаҳарлар қаторига қўшади десам, менга ишонаверинг.

 

Сиёб бозори ва эски шаҳарнинг  қайта реконстуркция қилиниши, янги қад кўтарган савдо павильони ва дўконлари, кўркам ва данғиллама турар жой бинолари ва ҳовлилар, кафе ва ресторанларни кўриб Сиз кечаги Самарқандни мутлақо танимай қоласиз.

 

Назаримда бу ишлар Жиззахдан кейин Самарқандга раҳбарлик қилган Шавкат Мирзиёев (пастдаги суратда Хитой раҳбари билан) томонидан амалга оширилиб, кейин бошқа ҳокимлар томонидан давом эттирилган кўринади.

Мирзияев и Китай

Чунки Ислом Каримов Мирзиёев (пастдаги суратда Россия Президенти билан) ни Самарқандга раҳбар этиб тайинларкан, унга энг аввало шаҳарни ўз номига муносиб қилиб қайта қуриш вазифасини юклаганини эшитган эдим.

Мирзияев и Россия.

Биз одатда вилоят ҳокимларининг тез тез алмаштириб турилгани ва уларнинг аксарияти ўз раҳбарлик каръерасини шарафсиз якунлагани боис ҳам улар амалга оширган бунёдкорлик ишларидан кўз юмишга ҳаракат қиламиз.

 

Йўқ, бундай қилмаслик керак экан.

 

Хусусан орадан ўн йил ўтиб Самарқандни кўрганимдан кейин мен бу сирли ва сеҳрли диёрга ҳокимлик қилган ҳар бир раҳбарнинг, ҳар бир ҳокимнинг муборак номини, у ким бўлишидан қатьий назар, вилоят     тарихи битилган муқаддас ҳужжатларда зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйиш керак деган фикрга келдим…

 

 

3. Самарқанд Китоб йўлида

 

 

Самарқанддан то Китобга қадар роппа роса 64 километр.

 

Бир пайтлар Регистон майдонига туташиб кетувчи кўримсиз ва пастқам уйлар ёнидаги бекатдан   енгил машина ва маршруткалар Самарқанднинг тор ва лойшанг кўчалари аро Китобга қатнарди.

 

Бугун бу жойлар ҳам қайта қурилиб, тамомила ўзгариб кетибди.


Регистон майдонига туташ кенг ва равон кўча бўйлаб қандай қилиб Китоб йўлига тушганинимизни ҳам сезмай қолдик.

 

Мухолифат хорижда доим бугун Ўзбекистон хор бўлди, хароб бўлди деб аюҳаннос солиш билан банд.

 

Мен Ўзбекистонда бўлган даврим мобайнида бунинг фақат аксини кўрдим, холос.

 

Тўғри, бугун Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатларда бўлгани каби қатор қийинчилик ва ижтимоий муаммолар йўқ эмас. Лекин бу қадар шов шув қиладиган даражада ҳам эмас экан.

 

Назаримда ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг Намоз Нормўмин ва Камолиддин Йўлдошга ўхшаш ҳар икки тилда ҳам яхши нарсалар ёзадиган бир иккита истеъдодли ва фикри уйғоқ воизларини Ўзбекистонга таклиф қилиш керак.

 

Улар келиб бугунги мамлакатни ўз кўзлари билан кўришса, одамлар билан суҳбатлашишса, қариндош уруғларини кўриб, уларнинг шукроналик билан йўғрилган иқрорлари ва бошқа дил  сўзларини тинглаб, зора ўз фикрларини ўзгартиришса…

 

Машинамиз Самарқанднинг Ургут йўлига чиқиб, Тахтақарача довони томон елдек учиб борарди.

 

Ҳадемай, тамаки ва узумлари, Карим Баҳриев каби бетакрор ижодкорлари-ю, Ўлмас Маҳматмуродов каби довруғли ҳукмдорлари билан донг таратган Ургут ҳам ортда қолиб, қаршимизда залворли Ҳисор тоғлари бор бўй басти билан намоён бўлди.

 

Қизиқ, чет элда бизни Ўзбекистон йўлларида милицияга пора бермай юриб бўлмайди, ҳар қадамда “чегара ва божхона” деган ном остида бўлар бўлмас блок постлар, суньий текшириш пунктлари қуриб ташланган деб ишонтиришганди.

 

Тошкентдан то Қашқадарёгача бўлган салкам тўрт юз километрлик йўлда бизни бирор маротаба ҳам тўхтатишмаганини Сизга айтсам менга ишонармикансиз?

 

4. Қашқадарё…

 

Машинамиз тоққа қараб ўрмалай бошлади.

 

Ва ниҳоят бир оз юриб “Қашқадарё” деган лавҳа битилган чоғроққина майдончага келиб тўхтади.

 

Машинадан тушарканман, денгиз сатҳидан 1000-2000 метр баландликдаги ҳаво босимиданми ё ҳаяжонданми, билмадим, бир лаҳза бошим айланиб, кўзларим тингандай бўлди. Ҳолсизланиб, бир харсанг тош узра чўккалаб ўтириб олдим.

 

Салом сенга Қашқадарё! Салом сенга, онажон, юртим!

 

Сени ташлаб узоқларга кетган дайди ва мусофир ўғлинг яна келди сени соғиниб, қучоғингни оч!

 

Атрофимда мени ўраб турган даралар ва қирлар, улуғвор ва сервиқор тоғлар, булутларга ёндош беҳудуд кенгликлар негадир жим эди.

 

Уларнинг мана шу жимлиги ва сукунатида ҳам мен ҳали шу пайтга қадар сезмаган, пайқамаган қандайдир улуғворлик ва буюклик бор эди гуё…

 

Хуллас, залворли Ҳисор тоғларининг энг тепасида Самарқанд тугаб, журналист Исмат Хушевнинг толеига битган Қашқадарё бошланади…

 

Энди машинамиз тоғдан секин аста пастга тушиши керак.

 

Мен Канаданинг Ванкуверида ҳам, Тошкентдан водийга элтадиган Қамчик довонида ҳам тоғли йўллардан кўп юрганман.

 

Лекин Самарқанддан Китобга элтадиган Зарафшон тизма тоғларининг латофати барибир ўзгача…

 

5. Китоб…

 

Мен туғилиб ўсган Китоб таърифини ҳали ҳеч ким Абдулла Ориповчалик таърифу тавсиф этолмаган.

 

Биласиз, Китобда дунёда бор йўғи бештагина бўлган расадхонанинг бири жойлашган.

 

Шоир “Кенглик нуқтаси” номли машҳур шеърида осмон илми билан шуғулланувчи мазкур расадхона баҳонасида Китобга ҳам яхши таъриф бериб ўтган:

 

Ҳисор тоғларининг нақ этагида,

Макон бор хушҳаво, сарбаланд, юксак.

Ажиб бир осмон бу – осмон тагида,

Юлдузлар қўл чўзсанг шундоқ ергудак.

Она табиатнинг хуш санъати бу,

Инсон ва юлдузлар салтанати бу.

 

Бу ердан ўтибди ернинг белбоғи,

Беқасам тўн демак бу рангин диёр.

Фалакда юлдузлар чақнаган чоғи,

Нишондор ўзбекнинг суврати тайёр.

Улуғбек номида зўр кошона бу.

Дунёда бешлан бир расадхона бу.

 

Бу ерга термулиб паришон дунё,

Тўғрилаб олади қўлда соатин.

Не ажаб, пайт келиб айтолсак ҳатто.

Жумлаи жаҳоннинг хуш саодатин.

Шундоқ қутлуғ жой бу, қутлуғ макон бу.

Не қутлуғ, жонажон Ўзбекистон бу!

 

Атрофда водийлар товланар ҳал ҳал,

Минг йиллик чинорлар кўкка боққан тек.

Бу ерда, во ажаб, минг йиллар аввал,

Дунёга келибди султон Улуғбек.

Ажиб тасодир ё шаҳри Ҳумой бу,

Ҳойнаҳой, даҳоси туганмас жой бу!

 

Оқшом тушмасидан бунда бесабр,

Минглаб кўз термулар осмон фалакка.

Бу Зуҳал, мана бу Дубби Акбардир,

Зуҳраой пиқирлар бир четда якка.

Юлдузлар васли бу, асли жаҳон бу,

Ошиқ мунажжимга айши ниҳон бу!

 

Тонг отиб чиқар ку ишбоши офтоб,

Қошида бош эгиб қолма тағин жим.

Замон шиддатини қилолмай ҳисоб,

Ер чизиб турибди ёш бир мунажжим.

Азизим, ғам чекма, ваҳму гумон бу,

Охир тизгинингга келгай, замон бу!

 

Ҳар зумда дунёнинг бурчакларига,

Хабарлар жўнайди қатор ва қатор.

Хоҳласанг учавер Марсдан нарига,

Хоҳласанг фалакнинг у бурчига бор.

Қўлингда тап тайёр ҳадди ҳисоб бу,

Ҳадди ҳисоб берган шаҳри Китоб бу!

 

Қутлуғ жой кўп эрур ушбу дунёда,

Юлдузни кўзлаган лочин ҳам талай.

Ҳар нечук шу соат, шу сонияда,

Она юрт, мен сени созимга солай.

На мақтов, на олқиш, на пуч занаҳ бу,

Она юрт қалбисга солган фараҳ бу!

 

Кездим бу ерларда танҳо, шодумон,

Юлдузларга яқин, кўзлардан йироқ.

Қалқиб турган билан теппамда осмон,

Англаб етармидим маъносин бироқ.

Ҳар нечук, билганим, юлдуз фишон бу,

Порлоқ Ватанимдан битта нишон бу!

 

Бор бўл, тафаккурга ёр бўлган диёр,

Бор бўл, юлдузли тун, оқшомлар майин.

Битта мунажжиминг мисоли бедор,

Она юрт, мен сенга мафтун ўтайин.

Балки шоирлик ҳам яхши отдир бу,

Улуғбек юртидан хотиротдир бу!

 

Ҳисор тоғларидан секин аста пастга энаркансиз, қаршингизда ям яшил кенгликлари, гул чечакли саҳролари, мовий даралари ва қир адирлари билан гўзал Қашқадарё намоён бўлади!

 

Бир пайтлар:

 

Кун кеча Нишонда ёвшан оралаб,

Нортуя қувганлар айтсинлар аён.

Қашқадарё дея сўзга очсанг лаб,

Тап тақир саҳрони англарди жаҳон.

 

деб шеър ёзганида шоир минг карра ҳақ эди.

 

Лекин энди Қашқадарёни тап-тақир чўл деганлар адашади. Бугунги Қашқадарё – Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ каби боғу роғлар, анорзорлар, узумзорлар ўлкаси.

 

Ҳатто ўша Нишон ҳам эндиликда ёвшан ва қамишзорларидан секин аста қутулиб, таниб бўлмас гўзал бир қиёфа касб этган…

 

Машинамиз секин аста тоғдан пастга эниб, “Минг булоқ” чашмаси ёнига келиб тўхтади.

минг булоқ

Илгари мен оилам ва бола чақам билан Тошкентдан уйга ёки уйдан Тошкентга жўнаб кетарканман ҳар гал мана шу чашмада тўхтаб унинг зилол сувларидан тўйиб тўйиб ичишни одат қилгандим.

минг булоқ 1

Ёз ойлари бу жойлар жуда ҳам гўзал ва гавжум бўлади.

минг булоқ 2

Чорпояларда тўшалган атлас кўрпачаларда ўтириб арчада пиширилган тандир гўшти ва шашлик кабоб емай бу ерлардан ўтиб кетишга кўзингиз қиймайди…

минг булоқ 3

Салом сенга, қадрдоним “Минг булоқ!” Наҳотки сен ўн йилдан бўён ҳануз тўлиб тошиб оқиб ётган бўлсанг! Шу қадар тубсизми сенинг булоғинг?

минг булоқ суви маза

Зилол, ширин сувга ҳовучимни тўлдириб, тўйиб тўйиб сипқораман!

 

минг булоқ тепасида

Таним яйраб, ўн йил муҳожирликда кўрган азоб уқубатларим бир лаҳзанинг ўзидаёқ Ҳисор тоғларининг беҳудуд кенгликларига, қир адирларига таралаб кетгандай бўлади…

минг чинор

“Минг булоқ” чашмасидан кейин “Минг чинор” ресторани келади.

Агар эсингизда бўлса, биз қайсидир бир шеъримизда:

минг чинор 2

Мен аниқ биламан, келар бир замон
Кимдир ёд этади тақдиримизни.
Биз юртга қайтамиз саломат, омон
Ватан қучоқ очиб қаршилар бизни.

 

Ҳали Қашқадарё Китобларида,
Тўйлар ўтказамиз алёрлар билан.
Ҳали “Минг чинор”нинг кабобларида,
Давралар қурамиз дўст-ёрлар билан.



деган сатрлар битган эдик. Мана, ўша орзу ушаладиган кун бугун.

 

Лекин биз “Минг чинор” га бораётиб йўлнинг шундоққина ўнг томонида – унинг рўпарасидаги ошхонада эндигина очилаётган тандир гўштини кўриб, беихтиёр тўхтадик.
авто

Ҳозиргина пишиб, оғзи очилган заҳоти атрофни қизиган тандирдан чиқан қўй гўшти билан арча ҳиди тутиб кетса ва у Сизни ҳали машинадаёқ иштаҳангизни қитиқлаб, ҳушингиздан тамом айирса, Сиз унинг ёнидан бепарво ўтиб кета олармикансиз?

тандир гўшти

Йўқ, ўтиб кета олмайсиз! Биз ҳам ўтиб кета олмадик. “Минг чинор”га етмай тандир гўштига таслим бўлдик!

тандир гўшти 1

Ошхона олдида тўхтаб, машинадан тушарканмиз, одамлар аллақачон бизни таниб, атрофимизни ўраб ола бошлашди.


Чунки биз илгари – ҳали амалда бўлган пайтимизда ҳам бу ерлардан ҳеч қачон лоқайд ва бепарво ўтиб кета олмасдик.

 

Ҳамиша – очмизми, тўқмизми, бундан қатьий назар, машинадан тушиб, одамлар билан кўришиб, суҳбатлашиб, чақ чақлашиб гурунг қилардик. Улардан ҳол аҳвол сўрардик…

 

Шунинг учун ҳам бу ерда ошхона қурганлар бутун оила аъзолари билан бизни таниб қолишганди. Бугун ҳам улар бизни дарров танишди.

 

Қучоқ очиб кўришиш ва қуюқ сўрашишдан сўнг, бизга ажратилган чоғроққина чорпояда ўтириб, 2 кило тандир гўшти буюрдик.
тандир гўшти 2

Шашликни ўзлари “биздан” деб жўнатишди…

 

Кетар пайти “пулини олмаймиз, Сиз азиз меҳмонсиз бугун” дейишди.

 

Биз эса “бу пул мозор босиб келган АҚШнинг пули” деб қўлларига зўрлаб тутқаздик…

 

Қанчалар бағри кенг, саҳийсан, халқим!  Эҳтимол, уйда дастурхонинг тешик, кемтикдир, лекин қўлинг доим очиқ, танти миллатсан!

 

Бугун Китоб тоғларидаги бир кило тандир гўшти 30 000 сўм (10 АҚШ доллари) экан. Икки килоси 60 000 сўм (20 АҚШ доллари) бўлади. Чой пой, нон пон, дастурхон ҳақи ҳам шунинг ичида…

 

6. Китобга кираверишдаги йўлтўсарлик…

“Минг чинор”дан кейин тоғ тугаб, йўл ингичкалашган жойда – Китобга кираверишдаги ГАИ  пости жойлашган.

 

Илгари бу маскан тоғдан тушаверишда минг чинорга етмай – тепароқда  эди.

 

“Оқланмаган ишонч қисасаси”да ёзилганидай, мени 1997 йил дебрида наша билан айнан мана шу ерда ҳибсга олишган эди.

 

Бугун бу ҳибс ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Китобда батафсил ёзилган.

 

Бугун фақат айтмоқчи бўлганим шуки, ўша мени наша билан қамашганларидан кейинги шов шувдан сўнг вилоят раҳбарлари негадир чегара постини ресторандан пастроққа кўчиришган эди…

 

Қизиқ, боягина Тошкентдан то Китобгача бўлган 364 километр масофада милиция бизни бирор маротаба ҳам тўхтатиб текширмади деб ёзган эдик. Ва бу рост эди.

 

Ҳақиқий текшириш бу ёғда – Китобда экан!

 

Ҳали постга етмасиданоқ қаторлашган узун машиналар карвонига кўзимиз тушди.

 

Ярим соатлар кутишга тўғри келди. Беш олтита милиция ходимлари  машиналарни ағдар тўнтар қилиб, қайта қайта  текширишарди.

 

Буни кузатиб туриб, улар атай шундай қилишаётганини беихтиёр сезиш мумкин эди.

 

Мана, энди мухолифат айтаётган гап сўзлар секин аста ўз исботини топа бошлади.

 

Қани нима бўларкин деб, охиригача жим кузатишга қарор қилдим.

 

Бир машинани беш минут, ўн минут, борингки йигирма минут тинтиш мумкин. Лекин ҳеч нарса тополмаса қайта қайта тинтиш мантиқсизлик эканини ҳамма билади.

 

Китобдаги милиция постидагилар айнан шу йўл билан “пора” ёки “улпон” йиғишга қарор қилганликлари шундоққина кўриниб турарди.

 

Баъзи машина ҳайдовчилари милиционерлар талаби билан “пост” деб ёзиб қўйилган будкачага кириб чиқишганидан кейингина шлагбаум очилар, у ўтиб кетганидан кейин ёпилиб, яна бояги ҳол такрорланар эди.

Бировлар очиқ ойдин “пулим йўқ. ака, илтимос, ўтказиб юборинг” деб ялинишар, лекин уларнинг оҳу зорига биров қулоқ солай демасди…

Во ажаб! Мана Сизга халқни очиқ ойдин талаш! Бу ёғи қандоқ бўлди, Исмат Хушев!

 

Мен енгил машина олдида – ҳайдовчининг ёнида ўтирган эдим. Олдинига мени танишмади. Кейин кимдир таниди, шекилли, шошиб ичкарига кириб кетди.

Кўп ўтмай у ердан бир йигит чиқиб, милиционерларни уриша кетди:

 

– Нега машиналар навбат кутиб қолди. Нимасини бунча титкилайсан!

 

У шу гапларни гапираркан, икки кўзини мендан узмас эди…

 

Машинамиз шлагбаум ёнига келиб тўхтаркан, деразани очиб бояги ходимларини уришган йигитни худди бошлиқлардай кўрсаткич бармоғим билан имлаб ёнимга чақирдим:

 

– Йўқ нарсани излаб, одамларнинг асабини бузаётган ана у ходим ким? Фамилияси нима? Сиз ичкарида нима қилиб ўтирибсиз?

 

Мен ҳали Президентга яқин бўлиб юрган мулозимлик пайтларимдаёқ бунақа пайтларда ўзимни қандай тутишни ва орган ходимлари билан қанақа муомила қилишни яхши ва мукаммал ўзлаштириб олган эдим.

 

У шошиб қолди. Рўпарасидаги машинада гарчи спорт формасида бўлса-да, лекин бошқа бўйсўнувчиларга ўхшамайдиган одам ўтирганини у аллақачон англаб етган эди.

 

– Фамилияси Оқмирзаев, бизга Чироқчидан “усиления”га юборилган, Исмат ака, узр, биздан айб ўтди, Сизни танимай қолдик…

 

Унинг хуш муомиласидан бир қадар таскин топиб, шлагбаумдан узоқлашдик…

 

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Ўзим асли Ватандан ҳайдалган бир муҳожир бўлсам, қандай қилиб ва нимага асосланиб давлат вакилларига бундай қўполлик қилишим мумкин бўлди ўша кун?

 

Биринчидан, мен журналист эдим. Бундай адолатсизликни кўриб жимгина ўтиб кета олмасдим. Олдин ҳам шундай эдим, ҳозир ҳам шундай.  Ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолсам керак.

 

Иккинчидан, ўшанда юрагимга куч қудрат берган нарса – мен Ўзбекистонга шахсан Президентнинг рухсати билан келганлигим эди…

Ниҳоят лаънати шлагбаум ҳам орқада қолди. Биз қандайдир кўнгилхиралик ва нохуш бир туйғу билан Китобга кириб бордик.

 

Мен Тошкентдан то Китобга қадар Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлигини қўриқлаётган милиция ходимлари  ҳақида шу кунгача эшитган барча гап сўзлар иғводан бошқа нарса эмас деб келаётган эдим.

Лекин ўзим туғилиб ўсган она юртим дарвозасида менинг қалбимдаги барча эзгу ният ва хуш кайфият тамомила барҳам топди. Китоблик милиция ходимлари куппа кундуз куни одамларни талаётган эдилар.

Ўзбекистон Ички Ишлар тизимидаги бу каби талончилик ва коррупция ҳақида мен олдин ҳам эшитган эдим. Олдинги вазир Зокиржон Алматов  билан ҳам айни мавзуда доим тортишиб келардик. Ахир бунга ҳам мана салкам ўн йил бўлди. Бугун бу тизимни янги вазир бошқаряпти. Соҳада ижобий ўзгаришлар қилгандир деб ўйлагандим.

Лекин  одамларни одам ўрнида кўрмай, куппа кундуз куни сурбетларча, қароқчиларча талаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилиш –  бу энг катта жиноят-ку!

Бунга ахир қандай қилиб чидаб келаётган экан одамлар?

Матлюбов

Эй, Сиз, Президентнинг кўзини шамғалат қилиб, уни алдаб: “Бизда ҳамма нарса жойида!” деб лақиллатиб келаётган Ўзбекистон Ички Ишлар вазири, генерал полковник Баҳор Матлюбов жаноблари!

Биламан, Сиз барибир Зокир Алматов бўлолмайсиз!

Лекин, барибир кўзингизни каттароқ очинг! Китобдаги қароқчиларингиз бутун Ўзбекистонга ёйилиб кетмаган деб ким кафолат бера олади?

Тизимда зудлик билан тартиб ўрнатмасангиз бунинг оқибати жуда ёмон бўлади!

Устозим Абдулла Ориповнинг бир шеъри бор, шуни бугун Сизга ўқиб берай, яхшилаб ёдлаб, қулоғингизга қуйиб олинг!

Юлғич ва диёнатсиз, имонсиз ходимларингизнинг бу ноқонуний ва жиноий ҳатти ҳаракатлари  туфайли эрта бир кун Ватанга ўт кетса, афсус ва надомат қилиб юрманг яна:

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда миллат яшар, унда тил яшар.

Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,

Унда истиқомат қилади башар.

 

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда она яшар, яшайди Ватан!

Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,

Ҳайҳот! Қўзғолмасин бу Қалб дафъатан!

 

Назаримда, бу ерда бошқа гап ортиқча бўлса керак…

 

7. Опамникида…

Аввал опамники бордик. Олдинлари бу ерларни беш қўлдай билардим.

Бугун Китоб маркази тамомила ўзгариб кетибди. Колхоз бозори ёнидан ўтиб, марказий шифохона бўйлаб кетарканмиз, йўлнинг ҳар икки томони савдо дўкони ва бизнес офисларига айланиб кетганига гувоҳ бўлдик.

 

Ажаб, катта ва довруғли шаҳарлар қиёфасига кира бошлабди Китоб ҳам…

 

Фақат опамнинг кўчасига буриларканмиз, атрофдаги дабдабали уйларни кўриб, қанча қувонсак, шундай гўзал ҳовли жойлардаги ботқоқ, лойшанг кўчаларни кўриб, шунча ранжидик.

 

Одамлар ўз турар жойларини обод қилишни ўйлаб, кўчага пул сарф қилишни ўйламаганликлари нишонаси эди бу.

 

“Уй меники, уни чиройли ва озода сақлашим керак. Лекин кўча ҳамманики – буни ҳукумат қилсин!” деган аччиқ бир иддаони сезгандай бўласиз бу файзли ҳовлиларга элтадиган файсиз кўчаларни айланиб…

 

– Одамлар уйига 80 000 – 100 000 сўмлик дарвоза ўрнатишга ишқибоз, лекин кўчасига атиги 5000 сўм сарфлашни исташмайди, – фиғони фалакка чиқади жияннинг.

 

У Китобда иш тополмай Тошкентга кетган, ўз тижоратини очиб, икки боласи ва оиласи билан ижара уйда туриб рўзғор тебратиб келади.

 

Ўша куни опамникига тумонат одам йиғилди.

 

Урф одатимиз бўйича, “Шу кунларга етказганига шукр” деб, “қон” чиқардик. Муллони чақириб, ўтганларнинг руҳи покига дуои фотиҳа қилдик.

 

Қариндошлар, дўстлар, қўни қўшнилар билан алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик…

 

(давоми бор)

 

 

 

 

 

"2" Comments
  1. Сизга катта рахмат Исмат ака!Худди Ватанга бориб келгандек булдим.Самарканд хакида тугри ёзибсиз.Шавкат Миромонович хоким булиб келгач,худди ухлаб ётган шахар уйгонгандек булди.Бутун шахар буйлаб ободончилик ишлари бошланиб кетди.2001йилда мени хам вилоят хокимлигига чакиришиб,Навоийда ишласанг хам Самаркандда яшайсан,курилишга катнашгин дейишди,узимнинг хам ниятим шу эди.Регистон майдонини таъмирлаш ишларига хиссамни кушганим,Ватан олдидаги бурчим эди.Кузда ёш билан укиб чикдим.Накадар табиий.

  2. Raxmat Ismat Xushev. Biz ham siz bilan Kitobga borganday bo`ldik. Milisiyalarning boshligiga aytgan hamma gaplaringizga qo`shilaman. Kitobdagi “Ming chinor” DAN postidagilarning hammasini qamash yoki peshonasidan otish kerak. Men ham bu joyda ko`p taxqirlanganman.

Leave a Reply
*