Menu
Categories
Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
04/10/2013 Адабиёт

ОПА
СИЗ БИЛАН МИННАТДОР ХАЙРЛАШАРМАН…

Неники шароб деб ўйлаб югурдим,
Сароб бўлиб чиқиб, қоқилдим йўлда.
Қаердаки кўм-кўк жаннатни кўрдим,
Учиб етгач ҳайрон, тентидим чўлда.

Нени ой деб ўйлаб, кўзимни тикиб,
Заррин шуъласига юз тутдимки зор,
Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб,
У отган ўқлардан кўксим ярадор.

Неники мангу деб ушлаган пайтим,
Баликдай сирғалиб чикди қўлимдан.
Ортиқ олди, аммо бермади қайтим,
Савдогарлар чиқиб баъзан йўлимдан.

Қай боғ қоровулин ғафлатки олди,
Боғни талон этар ўғрию каззоб.
Бу кун дармон кетиб тизларим толди,
Сизки ёнимдасиз, ёнимда азоб.

Ким мен кушча мисол талпинган дамим,
Қарғадай хўмрайиб ташлади назар.
Бу кун уларда бор ўчим, аламим,
Бу кун мен улардан қиларман ҳазар…

… Бу чигал хатолар тўйдирди жуда,
Тилагим оқ, сизга дуч келсин бахт, шон.
Аммо менга айтинг бир оғиз видо
Ва узилсин бизни боғлаган арқон.

Ва мен
Сиз билан миннатдор хайрлашаман…

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

Leave a Reply
*