Menu
Categories
Ўзбекистон: Қотиллар ёлғиз қарияларни ўлдиришдан тўхтамаяптилар. Милиция ожизлигини кўрсатиб қўйди
04/11/2013 Ватандан хабарлар

қотиллик

11.04.2013 11:01 msk

Фарғона

Тошкентдаги мустақил саналган Узметроном сайтининг хабар беришича, 2013 йил 8 апрель куни пойтахтнинг Миробод туманида номаълум қотилларга эҳтиётсизлик билан эшигини очган яна бир ёши улуғ аёл ўлдириб кетилган. Одатдагидек, тезкор қидирув тадбирлари натижа бермаган. Ҳолбуки, ёлғиз қарияларни ўлдиришда гумонланган жиноятчиларнинг фотосуратлари бутун шаҳар бўйлаб осиб қўйилган.

Кўринишидан, дея ёзади Узметроном, сўнгги ўн беш йил давомида бутун эътиборини пул чиқадиган йўналишларга қаратиб келган милиция ходимлари кўча жиноятчилигига қарши курашиш бўйича уқувини йўқотиб бўлганга ўхшайди. Мисол учун, ўтган йили Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида аёлларни ўлдирган қотилларни Ўзбекистонда эмас, Қозоғистонда қўлга олдилар.

Эслатиб ўтамиз, “Фарғона” олдинроқ биз 22 март куни Миробод тумани Боғишамол кўчасида 64 ёшли аёл бўғиб ўлдирилгани ҳақида ёзганди. Ўз уйида куппа-кундузи ўлдириб кетилган ёлғиз пенсионер аёл Гулсум Қосимовани қўл-оёғи боғланган, оғзига кенг пластирь ёпиштирилган жонсиз жасадини тасодифан қўшнилари топишган.

Олдинроқ талончиларга эҳтиётсизлик билан эшигини очган ёш уй бекаси ўлдирилганди. Тақдир тақазосига кўра, бу аёл Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси биноси яқинидаги уйда истиқомат қилган ва жиноятчилар милициянинг деярли рўпарасида шавқатсиз жиноятини содир этиб кетишган.

Шу йилнинг 17 февралида эса таниқли ўзбек маърифатчиси, шоир ва педагог, жадидлик ҳаракатининг намояндаси Абдулла Авлонийнинг қизи, 91 ёшли Ҳакима ая Авлоний ўз уйида ўлдириб кетилган эди. “Фарғона” манбасининг таъкидлашича, ўтган йилнинг охиридан бошлаб шу чоққача Тошкентда 20 дан зиёд қотилликлар содир этилди, қурбонларнинг аксариятини қариялар ва аёллар ташкил этади, уларнинг орасида ҳатто ёш болалар ҳам бор.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

"1" Comment
  1. Бу булган ва булаётган котилликлар нима сабабдан очилмаётганлигини яхшилаб уйлаб караган одам 10-15та сабабларини калаштириб ташлайди.Энг асосий сабаб каерга бориб такалишини хам биласиз.Халкни куркувда ушлаш,уларнинг асосий вазифаси.Бир бирини яхши таниган одамларгина,бир бирини тополмаслиги мумкин.Агар бошка давлатларда шундай вокеаларнинг 30фоизи содир булсин эди,Вазир истефога чикар эди.Бизда тескариси,канча оддий милиционер ишдан кетар экан.Балик бошидан сасиб,думидан тозаланади.ШАРМАНДАЛИК

Leave a Reply
*