Menu
Categories
Тўлқин Қораев: Бахт энди фақат тушда (ҳикоя)
04/14/2013 Адабиёт

 бахт тушда

Келинчак йиғлайди. Яқиндагина тўй-тантаналар билан бир ёстиққа бош қўйган ёри қамоқда, у эса ёлғиз ва энди унинг умр йўлдоши жонсиз, ҳиссис бир ёстиқ. У йиғлайди. “Нега йиғлаяпсан?”- деган саволни унга биров бермаган ва яқин орада бермайди ҳам. У энди маъюс яшашга маҳкум ва аслида ҳамма билади, нега бу келинчак қон йиғламоқда. Лек биров “чурқ” этиб овоз чиқара олмайди. Унинг эрини, янгигина турмуш қурган ёрини “ваҳобий” деб айблаб қамадилар. Улар қанчадан қанча улкан орзуларни қилишаётганди, ҳаммаси бир зумда барбод бўлди. Туҳмат қилдилар ва қамадилар, энди эса биров кўмак ҳам қилмайди. Ўшандан бери фақат бир мартагина ёри билан икки соат учрашиш имконини топди ва унга эри айтди: “мени кутмагин ва бошқа эр қил, сенга талоқ бердим”.
Келин уйга қайтди ва унсиз йиғлади. Қайнота ва қайнонаси ҳам билишмадики, сабаб нима. Шундан бери ўпкаси тўлиб зор-зор йиғлайди ва эридан талоқ олганини ҳам бировга айтмайди. Тағин унинг эри ўзини қийноққа тутганларини ҳам имо-ишоралар билан тушунтирди. Шунда билдики…
Йўқ, бу даҳшат, лекин Оллоҳ меҳрибон ва у ҳамма нарсани билгувчи. Ҳа демай Оллоҳнинг ўзи унинг ёрини қутқазиб беради ва у ёри билан бирга ширин, тинч-тотув яшай бошлайди. Фақат сабр қилиш керак, йиғламоқдан на фойда. Сабр, сабр ва яна сабр! Лекин умр ўтиб кетаверади. Дарёдек ўтади ва ҳеч қачон ортга қайтмайди!
Ўзингни қийнамагин деб ҳар қанча бўлсин, ўзига ўзи далда берсада, лекин қалб барибир азоб чекар экан. Дард, аламлар қалбни тирнайди ва азоб беради… Э, воҳ, охири бормикан бу азобларнинг?! Кўргуликни қарангки, у ёқда ёрингни дўппослайдилар, ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоблайдилар. Атйишларича ваҳобий деб қамалганларни Ислом Каримовнинг суратига қараб сиғинишга ҳам мажбур қилишаркан. Карцерларга ташлаб куну-тун оч қолдириб, тағин етмаганига дўпослаб ҳам азоблашаркан. У ёқда ёрнинг жисми, руҳи синган, бу ёқда келинчакнинг қалби синган, яра бўлган.
Айтадиларку, ҳар нарсада ҳам Оллоҳниг ҳикмати бор деб. Балки бунда ҳам ҳикмат бордир. Қайдам? Анаву куни бир дугонаси гап қотиб қолди. Уни ҳам қамоқдаги эри “уч талоқ” қилибдию, кейин бошқа эр топгин дебди. Дуганасининг иккита боласи ҳам бор, бу ҳукумат ўлгур болаларига ҳам бирор арзигулик ёрдам қилмаса, ўзини эса бошидаги ҳижоби билан бирор жойга ишга олишмаса нима қилсин энди? Эр қиладиган бўлибди.
Дугонаси айтиб қолдики, чет элларда ҳам ўзбек мусулмонлари бор экан ва улар  биродарларининг талоқ олган аёлларига уйланиб олиб, Европага олиб чиқишаркан. Янги ҳаёт бошлашини, янги орзулар сари кетишини завққа тўлиб ҳикоя қилди у. Ҳа, одам тирик экан, нималарнидир орзу қилади. Ахир айтадиларку, инсонда орзулар энг сўнгида ўлади деб. Жони чиқмай турган бемор ҳам соғайишни орзу қилади. Орзулар, умидлар эса энг сўнгида, жон чиқганида вужуд билан бирга ўлади. Ўлим – кимдир биров учун даҳшат бўлса, бошқа биров учун роҳат. Бу дунёниг азобларидан қутилиб кетади у.
Янги орзулардан янги қанот чиқарган дуганасига қанчалар ҳавас қилди. Аммо келинчак бундай қисматни истамаяпди, қалби бошқа эрни ҳам қумсаётгани йўқ. Балки четга кетса яхши бўлиб қоларди, аммо унинг қамоқда қолаётган эри-чи? Унга нима бўлади энди? Наҳотки ўзбекнинг бир мусулмон фарзанди қамоқда чириб ўлсаю, унинг учун биров қайғурмаса? Йўқ! Нега? Ана, қайғураётганлар борку. Инсон ҳуқуқларими, БМТ ми, яна аллакимлар бор қайғураётган. Лекин бу қайғуришлар унинг дардига малҳам бўлмаяптику.
Ногоҳ хаёлига “милт” этиб бир фикр келди. Эримнинг ҳам биродарлари борку! Ахир улар мусулмонлар ва мусулмонлар ҳаммалари бир бирларига биродардирлар. Шундай деб Исломни келтирган пайғамбар айтган ва нега энди унинг эри учун номусулмонлар қайғурсин? Биродарлар нега сукутда?
Келин йиғларди. Анаву дугонаси айтди, қаергадир чет элга бориб учрашибди бўлғуси эри билан ва унга “бегим, жоним бегим” дея мурожаат қилганини, биргаликда тунни кунга улаб янги орзулар қилганини ҳикоя қилди. Қизиқ, яқиндагина унинг “беги” бошқа эди ва ҳозир эса у қамоқда чирияпди. “Наҳотки мен билан ҳам шундай бўлса?” – дея фарёд қилди келин.
Йўқ, унинг фарёдини биров эшитгани йўқ. Юзини ёстиққа босиб ҳўнграб, ҳўнграб фарёд қилди у. Қалбида қичқириб, фалакка нидо билан фарёд қилди у. Ёстиқ унинг кўзидан оққан ёшлардан жиққа ҳўл бўлди, лекин сасини чиқара олмайди. Нариги хонада қайнотаси, қайнонаси бор ахир. Келинчак уларнинг оромини бузишни истамайди. Аслида-ку қайнота ва қайнонасига ҳам ором йўқ. Улар ҳам мижжа қоқмай шифтга тикилиб ётишгандир, балки улар ҳам йиғлаётгандир. Қайдам, келинчак ахир ўзининг хонасида, кўз ёшларидан нам тортган ёстиғини қучиб ётибди.
Ёстиқни қучиб ётган келинчак бир сонияда ўзини бошқа эрнинг оғушида ҳам тасаввур қилиб кўрди. Аврупонинг қай бир мамлакатидан бирор янги эр чиқиб қолса-чи. Унда ҳаммасини қайта бошлаши ҳам мумкинку. Аммо улар иккинчи хотин, учинчи хотин қилиб олишаркан.
Айтишларича, чет эллар мусулмонлар учун жаннат экан. Улар тўйиб, тўйиб озиқланишаркан, чиройли машиналарда сайр қилишаркан, табиат қўйнида ўтириб тандир кабаблар қилишаркан. Бир эмас, бир неча хотин олиб, тинч тотувликда яшарканлар. Ҳа, Оллоҳга шукрким, ғами бўлмаган мусулмон ҳам бор экан дунёда. Нега улар ғамсиз? Жилла қурса ноҳақдан зулм тортаётган биродарларининг ғамида эмаслар? Улар ҳам мусулмон ахир ва улар ёрининг биродарлари, лекин нега улар жим? Келинчак унсиз йиғларкан, бу саволларга жавоб топа олмасди.
“Қўрқишади!” – ногоҳ хаёлига келган бу фикрдан келинчакнинг эти жунжикиб кетди ва ўзидан ҳам нафратлана бошлади. – “Нега энди қўрқишаркан?”. Ахир улар мусулмон, мусулмон эса фақат Оллоҳдангина қўрқади ва фақат Оллоҳгагина эътиқод қилади. Аммо эрининг биродарлари Оллоҳнинг қаҳридан эмас, золимнинг зулмидан қўрқаётган бўлса, унда уларни нега «мусулмон» аташ керак?
Омади чопиб қолса чет элда ҳузур-ҳаловат билан яшаётган бирор мусулмонга иккинчи хотин бўлиб олар. Оллоҳнинг карами кенг, бордию шундай бўлиб қолса қамоқдаги ёрини унутармикан? Унута олмайди, фақат янги ёри, чет элдаги янги мусулмон эрига эслата олмайди холос. Жаҳли чиқиб, у ҳам талоқ бериб юборса яна азоблари бошланади.
Йўқ, ундай эмас! Келинчак ўзини ўзи овутди ва унинг бор вужудини ютиб юборгудай бўлиб турган қоронғу хонада ёлғиз, унсиз йиғлаб, йиғлаб уйқуга кетди. Ҳар доимгидек, бу сафар ҳам қамоқда ётган ёрини тушида кўради у. Тушида унинг билан бирга орузлари сари сафар қилади, ёрига чой дамлаб беради, унинг оғзига таом тутади ва хандон отиб кулади. Бахт нуридан қамашган кўзларидан оқаётган шодлик ёшларини артиб, хандон кулади. Нақадар катта бахт муслима келин учун бу! Ёрни лоаққал тушида бўлсада кўрмоқлик, ўз ёри билан бирга бўлмоқлик. Ўнгида эса даҳшат, ваҳшат, кибр, ёлғонлар ва бошқа иллатлар — бахт эса фақат унинг тушида холос.

Тўлқин Қораев
Швеция.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Leave a Reply
*