Menu
Categories
Исмат Хушев: Тошкентдан Қашқадарёга сафар (18)
04/18/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

 

 

“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан

 

Исмат Хушев

 

 

1. Тенгдошларим ва синфдошларим билан дийдорлашув

 

Китоб ўзи кичкина жой. Бир гап дарров ёйилади.

 

Менинг Канададан Тошкентга келганимни китобликлар анча олдин, мен ҳали Тошкентда юрганимдаёқ эшитган эканлар.

 

–         Эшитиб ҳеч ишонмадик. Мана энди ўзингизни кўриб, ишондик, – дерди ҳайратини яширолмай дўстларим.

 

Китобда Неъмат деган бир дўстим бор, тиш духтири. Топиши ёмон эмас, ейиш ичиши яхши, ҳаётидан нолимайди.

 

Мен ҳали Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган пайтларда районга бориб қолсам, асосан ўшаникида меҳмон бўлардим. Мен билан бирга унинг гул ва райҳон иси уфуриб турган сўлим ҳовлисига район ҳокими ва прокурорлари ҳам бирга боришарди.

 

Бундан дўстим ғоят хурсанд бўлар, Тошкентда мендек “амалдор” дўсти борлигидан фахрланишини яшириб ўтирмасди.

 

Қолаверса, район ҳокими ва прокурорлари ҳар кимникига ҳам боравермаслигини, бу борилган хонадон соҳибига нисбатан алоҳида эътибор эканини у яхши билар ва бунинг қадрига ҳам етарди.

 

Энг биринчи бўлиб ўшанинг ишхонасига ўтдим.

 

У ўша пайтлардаёқ онаси яшайдиган район марказидаги ҳовлининг олдида ўзига мослаб замонавий стаматалогик жиҳозлар билан безатилган ишхона қуриб олган, оиласи ва болалари билан турадиган ҳовлиси эса алоҳида эди.

 

Мен борганда унинг қабулида одатдагидай одам жуда кўп экан. Ажаб, унинг қабулида бундан ўн йил муқаддам ҳам ҳар гал айни манзарани кўрардим. Орадан ўн йил ўтиб, бугун ҳам ўша манзара. Демак, тиш оғриғи олдин ҳам бўлган, бугун ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлади…

 

Келганимни эшитиб, ичкаридан қучоқ очиб чиқаркан, кейинги ўн йилда унинг деярли ўзгармаганини сездим. Фақат гавдасига бир оз эт иниб, салобатлашибди, ўзига ишонч руҳи уфуриб турадиган жонон бир йигитга айланибди…

 

Бир биримизни жуда соғинган эдик, бир оз суҳбатлашдик. Сўнг одамлар кутиб қолмасин деб ишдан кейин учрашишга келишиб, хайрлашдик.

У ҳамма дўстларни йиғиб,  район марказидаги ошхоналарнинг бирида дардлашамиз деди. Таклифини бажонидил қабул қилдим…

 

2. “Исмат Хушев энди ҳеч қачон Ўзбекистонга қайтиб келолмайди!”

 

Неъмат ташқарига чиқиб, хайрлашаётган маҳал Китобда: “Исмат Хушев энди  Ўзбекистонга қайтиб келолмайди!” деган гап тарқалганини, лекин у бунга ҳеч қачон ишонмаганини айтиб қолди.

 

–         Тиши оғриб ҳузуримга келган ҳоким-у, прокурорларнинг деярли ҳаммаси шу гапни айтарди, – деди у. – Фақат ҳозиргилари бундан мустасно. Улар ҳали келганича йўқ…

 

Билмадим, Неъмат “ҳозиргилари ҳали келганича йўқ” деб уларни аядими ё ростдан ҳам бугунги раҳбарлар бунақанги бетайин гап сўзларга ишонишмаганми, бу менга қоронғу.

 

Лекин нафақат Китобда, балки бутун Ўзбекистонда мен ҳақимда шундай гап тарқалгани – бу бор гап.

 

Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ нарса.  Китобнинг олдинги ҳокимлари Абдураҳмон Ашуров ва Озод Пармоновлар мен қачон районга борсам “Минг чинор”да кутиб олиб, қайтаётганда яна ўша ердан бир пиёла чой ичириб, иззат икром ва совға салом билан кузатиб қўйишарди.

 

Яширмайман, китоблик мулозимларнинг бу илтифоти мен Президентга яқин бўлиб, ишдан урилмаганимга қадар ўзгармади.

 

Ишдан олиниб, қамалиб чиққанимдан кейин Китобга борганимда Ашуров мендан ўзини олиб қочгани ҳануз ёдимда.

 

Бу ҳам етмаганидек, Қашқадарё вилоятига ҳоким бўлиб кўтарилиб кетган Озод Давронович эса айнан шу “Минг чинор” ДАН постида машинамга наша ташлаттириб мени ҳибсга олишга кўрсатма берганига нима дейсиз?

 

Ҳолбуки, мен нодон бу лўттибоз ва мунофиқ одамнинг иғво-ю, бўҳтондан иборат ўйдирма гапларини Президентга етказиб, Қашқадарёнинг ўша пайтдаги ҳокими Темур Хидировнинг ишдан кетишни ўзим билмаган ҳолда тезлаштириб юборганимни наша билан қамашганидан кейин, бошим тақ этиб Қарши қамоқхонасининг қон ва тер ҳиди анқиб турган деворларига бориб урилганидагина англаб етдим.

 

Қашқадарё ҳокими Озод Давронов вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Комил Қурбонов қўли билан амалга оширган бу жирканч ишнинг асл ҳолатини менга МХХ раиси Рустам Иноятовнинг шахсий аралашуви ва ёрдами туфайли озодликка чиққанимдан кейин Ўзбекистон Президентининг куч ишлатар тизимини назорат қиладиган Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломов ҳикоя қилиб берган эди.

 

Мана Сизга яхшиликка ёмонлик! Мунофиқлик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

 

Ҳолбуки, мен Ашуровни шахсан Президентга, Пармоновни эса Темир Хидировга айтиб Китобга ҳоким бўлиб ўтишларига асосий сабабчи бўлган эдим.

 

Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси”да батафсил ҳикоя қилинган.

 

Баъзан: “Нега ҳаёт шунақанги номардлик ва қабиҳликлардан иборат экан?” деб ўйлаб кетаман.

 

Нега Сиз дўст деб билганлар амалда юрганингизда Сизга талпинишса, урилганингиздан кейин Сиздан ўзларини олиб қочишади? Нега садоқатли дўст топиш шунчалар қийин бу дунёда?!

 

Ё “Амалдагилар учун  дўст бўлмайди, манфаатдор томонлар бўлади” дейишгани ростдан ҳам тўғримикан?

 

Яна бир қизиқ ҳолат. Менга умрим бўйи содиқ қолган – амалда бўлсам ҳам, урилсам ҳам сотмаган фақат синфдошларим бўлди. Чунки уларнинг ҳаммаси сиёсатдан йироқ, оддий ва самимий одамлар эди…

 

Бугун Абдураҳмон Ашуров ҳам, Озод Давронов эл назаридан қолиб, топган тутганидан айрилиб, судма суд овораи сарсон бўлиб юришибди.

 

Ҳатто Озод Давронов яқинда ёзувчи Ғаффор Ҳотамов маҳкамасида иштирок этиб, вилоят ҳокимлигидан урилиб “ўрмончи” бўлиб юрган пайтларида ўзини ҳимоя қилиш учун марказий газета мухбири Қўчқор Норқобилга ҳеч қачон пора бермаганман деб кўрсатма беришга мажбур бўлди.

 

Эртага ҳали бу масала бошқача тус олиб, маҳкама қайта иш бошласа ўз ихтиёри билан “Ҳа, мен пора берган эдим!” деб энди тамомила бошқача кўрсатма бериши ҳам мумкин…

 

Нима бўлганда ҳам у Қашқадарёнинг қинғир ва ноқонуний ишларига аралаш бўлган собиқ ва салбий ҳокими сифатида ҳали узоқ йиллар юртдошлари қалбида яшаб қолади.

 

“Қилма – топасан” деганлари шу бўлса керак-да…

неъмат

…Кечқурун барча дўстлар жам бўлишиб, худди олдингидай то тонггача суҳбатлашиб, дийдорлашиб, дардлашиб чиқдик.


Неъматдан ташқари барча ўртоқларимнинг ёшлари улғайиб, ҳаёт ташвишлари уларни анча эзиб қўйганига эътибор қилдим….

 

 

3. “Китобдаги синфдошларим – дафтардаги кўз ёшларим…”

 

Агар ўқиган бўлсангиз, “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи китобида шу номдаги боб бор.

 

Мен унда Китобда ўзим билан бирга ўқиган синфдошларим, муҳожирликдаги хотиралар дафтаримга улар соғинчи боис томган кўз ёшларим ҳақида баҳоли қудрат ҳикоя қилганман.

 

Назаримда инсоннинг келажакда ким бўлиб шаклланиишида унинг бошлаликдаги ўртоқлари, мактабдаги синфдошлари ва олийгоҳдаги курсдошларининг муҳим ўрни бор.

 

Ёки аксинча, агар Сиз жамиятда катта имкониятларга эга бўлиб, одамларнинг тақдирини ўзгартириб юборадиган даражадага мансаб ва имтиёзларга эга бўлсангиз, болаликдан ўзингиз яхши билган қанчадан қанча инсонларнинг ҳам келажаги ва қисмати ўзгариб, порлоқ ва истиқболли бўлиши мумкин.

 

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан мактабда ва институтда бирга ўқиган ўртоқларининг аксарияти кейинчалик вилоят ва республика миқёсидаги раҳбарлик лавозимларига кўтарилиб кетишганини яхши биламиз.

 

Ёки Россия Президенти Владимир Путин билан бир пайтлар Санкт Питербургдаги ҳуқуқшуносликни битирганларнинг кўпчилиги бугун Россияни бошқараётганлари ҳеч кимга сир эмас.

 

Албатта, Исмат Хушев – Ислом Каримов ва Владимир Путинлардек кўзга кўринган давлат раҳбари эмас.

 

У ўз бежилов ҳатти ҳаракати билан Ўзбекистондаги юқори давлат лавозимларидан ҳайдалиб, охир оқибат Канада юртидан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган шаккок ва қайсар, омадсиз бир журналист, холос.

 

Лекин шундоқ бўлса-да, у билан бирга ўқиган синфдошлари, мактабдошлари ва университетдошлари қалбида у ҳақда ҳам маълум тасаввур ва таважжуҳлар, ташаккурлар бўлиши мумкин.

 

Худди Исмат Хушев қалбида ҳам улар ҳақида бетакрор ва дилбар хотиралар бўлгани каби.

 

“Оқланмаган ишонч қиссаси”даги “Китобдаги синфдошларим мактабдаги кўз ёшларим” номли бобда булар ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

 

 

3. Абдурасул…

 

Айниқса Абдурасул ҳақидаги хотираларим кўпчиликда қизиқиш уйғотгани ўқувчилардан то ҳануз келаётган хат ва муносабатлардан маълум эди.


Китобга бориб синфдошларимдан энг биринчи бўлиб Абдурасулни изладим.

 

У мактабни битиргандан бўён  район марказидаги колхоз бозорида аравачада одамларнинг юкини ташиб умргузаронлик қилиб юрар эди.

 

Орадан шунча йил ўтиб кетса ҳам, у ҳануз аравача ҳайдаб кун кечираркан. Олдин оиласи ва болаларидан ажралгани ҳақида ёзган эдим.

Расул

Энди уйидан ҳам ажралиб Равшан деган жўрамизнинг ошхонасида қоровуллик қилиб юрган экан.  Яшаш жойи ҳам ўша ерда.

 

Мен уни кўриб аввалига танимадим. Худди “Волгадаги батраклар” (“Бурлаки на Волге”) расмидаги қулларга ўхшаб қолибди ўзи ҳам: Кийимлари қамоқдаги аристонларникидек увадаси чиқиб, титилиб қолган, юзлари рангпар ва сўлғин. Фақат кўзлари ўша ўша – маъюсгина кулиб турарди…

 

Беихтиёр раҳматли шоир Рауф Парпи ёдимга тушди. У киши ҳам аксар ҳолларда шунақа аҳволда бўлса-да, гўё шундай яшаши керакдай доим “Шу шу” деб, кулиб туриб ҳол аҳвол сўрашарди…
расул 01

Абдурасул билан олдингидай қучоқлашиб кўришдик. Олдингидай бу гал ҳам уни белидан қучиб, даст кўтариб олиб сўнг секин ерга қўйдим. Думоғимга кўмир аралаш тезак ҳиди урилгандай бўлди.

 

–         Зўрсан-ку, Исмат! Ҳалиям ўзгармабсан, ўша – ўшасан…

 

“Қаерда яшаяпсан?” деган саволимга Равшанни кўрсатиб имо қиларкан, унинг имосидан ошхонадаги қоровулхонада яшашини тушунгандай бўлдим.


–         Сан ҳам ўзгармабсан, жўра… – Унга шундай дедим-у, лекин ёлғон гапирганим учун негадир қизариб кетдим…

 

Кейин унинг ўша қоровулхонасида ўтириб, анча гурунглашдик.

Мен синфдошимнинг тезак ва гўнг ҳиди аралаш бу кўмирхонада қандай умргўзаронлик қилаётганини тасаввур қилиш учун бу ерга киргандим.

расул 3

Хонадаги бадбўй ҳид ва захликдан у ерда ортиқ туриш мумкин эмас эди.

Лекин бу дунёда шундай ҳақиқатлар ҳам борлигини ҳис қилиш учун ҳам ўзимни мажбур қилиб ўша ерда бир оз ўтирдим.

 

Ниҳоят ташқарига чиққанимизда бу дунёда тоза ҳаво борлигини сезиб,  Яратганга беадад шукроналар айтдик.

 

Абдурасул менга бирор маротаба ҳам ҳаётидан нолимади. Фақат мени, чет элдаги оилам ва болаларимни сўраб суриштирарди, холос.

расул 2

У сиёсат ва ҳаёт ҳақида умуман гаплашишини хуш кўрмайди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, бизнинг томонларда одамлар бундай мавзуларда сўзлашишга қўрқишади…

 

Абдурасул ўша кунги суҳбат давомида Равшан унга яшаш учун жой бериб турганини, бунинг эвазига эса у Равшаннинг ошхонасини қўриқлаб чиқишини айтди.

 

Эскигина, ҳаминқадар ошхонага разм солиб унинг нимасини қўриқлаш мумкин бу ерда деб ўйладим.

 

Равшан уни шу баҳонада кўча куйда тентираб, ҳар кимларнинг остонасида ётиб юришдан сақлаб келаётганини беихтиёр сездим…

 

Буни кейин келиб суҳбатимизга қўшилган Равшан ҳам тасдиқлади.
расул 0

Лекин Абдурасулнинг олдида: “Бизнинг бутун ошхона-ю, стол стулларимизни, қозон товоқларимизни шу киши қўриқлайди, хўжайини шу киши. Ҳатто кўчадаги симёғочлар ҳам шу кишиники” деб унинг кўнглини кўтарган бўлди…

 

Абдурасул ҳануз кундузлари бозорда аравача судраб тирикчилик қиларкан. “Кунига қанча тушади?” деган саволимга “Ҳеч қанча!” деб жавоб беради  ўша беозор кулгуси билан.

 

–         Биров нон,  биров бир шиша сув, яна биров 1000 сўм берса ҳам шукр қиламан, – дейди у. – Еган ичганим билан куним ўтса бўлди…

 

Унинг ғариблик ва мутеълик билан йўғрилган беозор сўзларини тинглаб, томоғимга аччиқ бир нарса келиб тақалгандек бўлади.
расул 1

Хайрлашар пайти чўнтагимни ковлаб, унга 50 доллар пул тутқаздим.

 

– Ман буни нима қиламан, жўра? Америка доллари дегани шуми? – ҳайрат билан пулга термулади у. – Умримда бунча пул кўрган эмасман. Энди олти ой, бир йил ишламасам ҳам бўлар…

 

– Нега энди ишламайсан. Ахир яшашинг керак-ку!

 

– Мен олти ойда ҳам бунча пул тополмайман, жўра…

 

Абдурасул – ҳаётни мана шу бадбўй тезакхонада яшаш ва қандай қилиб бўлса ҳам кун ўтказишдан иборат деб билгани менга алам қилади…

 

 

 

4. Ватан ва ватанпарварлик ҳақида…

 

Сўнг бошқа синфдошларимизни ҳам излаб топдик. Қобил, Салим, Исмоил, Зубайдуллалар ҳам мен бундай ўн йил аввал кўрган йигитларга сира ўхшамасдилар.

 

Уларнинг сочлари оқариб, кўзлари киртайиб қолган, гавдалари чўкиб, ўзларини анча олдириб қўйганларини сездим.

 

“Ҳаёт – ҳар ерда ҳаёт” деганлари шу бўлса керак-да…

 

Фақат қассоблик қиладиган Салим жўрамнинг кўриниши бир оз яхши эди, холос. Лекин у ҳам негадир кайфиятсиз ва руҳсиз бир алфозда эди.

 

Биз ҳаёт ҳақида умуман гаплашмадик. Шундоғам уларнинг ҳаёти қандайлигини сезиб турардим…

 

Улар менга ҳали Бош муҳаррир пайтимдаёқ Китобга ҳар гал хизмат “Волга”си билан келганимда қандай ҳавас билан қарашган бўлса, бугун ҳам ўшандай  интиқлик билан қарашар, фақат бу гал уларнинг бу меҳрли қарашида ҳавасдан кўра ҳайрат энди устунроқ эди.

 

–         Санга барибир қойилмиз, жўра. Қаерда бўлсанг ҳам ишингни уддалаб юрасан. Биз рўзғор ва бола чақа ташвишлари билан ўралашиб шу ерларда қолиб кетдик, санга ҳавасимиз келади, Исмат…

 

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Биз Ватансиз хорижда яшарканмиз, ҳеч қаёққа кетмай ўз юртида яшаб юрган мана шу оддий одамларга, уларнинг Ватанда эканлигига ҳавас қиламиз.

 

Улар эса доим бизга – хорижга кетиб қолганларга ҳавас қилиб яшашларини эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

 

Дарвоқе, Ватан нима ўзи?

 

Яшаш қийин бўлса ҳам, эркинлик ва ҳур фикр бўлмаса ҳам, лекин Ватан деб шу ерларда яшаб қолганлар тўғри қилишадими аслида ёки уни ташлаб четга кетганларми?

 

Нега оиланг ва бола чақангни боқолмай, ё бу юртда яшолмай ёт элларни ихтиёр этсанг юртга, Ватанга душман деган ном оласан?

 

“Исмат Хушев энди ҳеч қачон Ўзбекистонга қайтиб келолмайди!” деганлари каби…

 

Ҳолбуки, шу гап сўз қилаётганларнинг ўзлари эрта-ю, кеч чет элларга кетишни орзу қилиб юрган бўлсалар-чи?

 

Бунга нима дейсиз? Бунинг жавоби қаерда? Уни ким айтиши мумкин менга?

 

Албатта, Ватанпарварлик, халқпарварлик ва фидойилик деган сўзлар бу ерда ортиқча эканини яхши биламан.

 

Бир лаҳза бўлса ҳам шу ҳавойи гап сўз ва сиёсий атамаларсиз гаплашсак дегандим…

 

Ҳолбуки Ватанни ва ватанпарварликни хорижда яшаётган ўзбеклар ватанда яшаётганлардан ўн карра, юз карра зиёдроқ ва теранроқ ҳис этиб яшаётган бўлсалар-чи?

 

Ватанга бўлган муҳаббат ватансизларда ватандагиларга қараганда минг марта, миллион марта кўпроқ ва кучлироқ десам бугун менга ишонасизми?

 

 (давоми бор)

"4" Comments
  1. Раҳмат Исмат ака! Чин кўнгиллигингиз учун, ўзингиздаги ёзувчилик талантини ривожлантирганингиз учун, тўғри ва холис сўзлигингиз учун…
    Сизни яратган, шакиллантирган, ўз вақтида йўлингизнга бош бўлган Ота-Онангиз, Ўқитувчиларингизга раҳмат!!!

  2. Bu onlarni kiymatini anglaganlarga sabok va dars bolsin yozganlaringiz . Hammalarimizga ham Vatan va dostlar- yakinlar ziyoratlari nasib olsin . Duo va yahshi tilaklar bilan yashayotganlarga , ibratli hayot lavhalarini doimo serob kilsin .

  3. Исмат Хушевнинг асарлари,ортикча безакларсиз,ёлгонларсиз,хаётни кандай булса шундайлигича таърифлаши билан ажралиб туради.Бугунги кунда Узбекистонда хакикий ахволни ёзадиган ёки курсатадиган бундай инсон йук.Биздаги ижодкорлар,ХАЛК,ДАВЛАТ ВА ПРЕЗИДЕНТ душманларидир.Хайбаракаллачиларнинг килаётган бу ишлари,ташкаридан келадиган хар кандай душман тажовузидан минг чандон дахшатлидир.КИМ КИЛМАГАЙ-КИМ ТОПМАГАЙ.Исмат Хушев-бугун хам Исмат Хушев.Озод Пармоновдайлар эса бугун ундай,эртага бундай,индин??

  4. Juda gamgin bir hikoya bo`libdi bu ham. Faqat Abdurasulga ko`proq pul bersangiz bo`lardi. LEKIN SHUNISIGA HAM RAHMAT. Umringiz uzoq bo`lsin ilohim. Haqiqiy MILLATPARVAR ODAM EKANSIZ.

Leave a Reply
*