Menu
Categories
Малоҳат Эшонқулова: ЎзМТРКда яна тафтиш бошланганмиш…
04/19/2013 Инсон ва қонун

малохатбонуЎзМТРК “МАРД”ЛАРИНИ МАҒЛУБ ҚИЛИБ БЎЛАДИМИ?

Шу йилнинг 14 апрель куни ЎзМТРК фаолиятига оид иккита хабар тарқатилди: бири “Озодлик” радиоси журналисти Меҳрибоннинг “Sport-TVни прокуратура босди” мавзусидаги эшиттириши бўлса, иккинчиси мамлакат отасининг қизи – президентликка бош даъвогарлардан бири Гулнора Каримова хонимнинг зерикиб қолган пайтида Twitterдаги ўз саҳифасида президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов билан бирга ЎзМТРК каналларини эрмак қилгани бўлди.

Ваҳоланки, ЎзМТРК каналларидаги кўрсатувларининг сийқаси чиқиб кетганлиги-ю, мазмунан қашшоқ эканлигини халқимиз лоф бўлмаса 100 йилдан бери билади.
Нима бўлгандаям мен бир нарсага – ЎзМТРК кўрсатувларининг савияси саёзлигини фаҳмлашга Гулнора хонимнинг ақли оқсаб қолмаганига қойилман, албатта. Ҳечдан кўра – кеч-да! Шунисигаям шукур деб юборасан киши! Ҳарҳолда биз Гулнора Каримованинг ЎзМТРК каналларида намойиш этилаётган кўрсатув ва фильмлар хусусидаги фикрларига қўшилмасдан иложимиз йўқ.

Гулнора хоним Twitterдаги ўз саҳифасида ЎзМТРК фаолиятига қарата ташлаган ўз луқмаларида нимага ишорат қилмоқчи эканлигини билмадим-у, бироқ хонимнинг ва “Озодлик” мухбири Меҳрибоннинг ЎзМТРКга оид фикрлари мени яқин ўтмишда ўтган кунлар ҳақида ўйлашга ундади…

“… Бу ерда гуруҳбозлик шу қадар авж олганки, агар гуруҳга алоқадор бўлмасангиз, кўрсатувингиз эфир юзини кўрмасдан, йиллаб чанг босиб ётаверади. Гуруҳ – раҳбарлар атрофида бирлашган ходимлардан иборат. Тўғри маҳаллийчилик ҳам бор… Мен ярим ставкада ишлайман. Итдай югуриб, оладиган ойлигим 200 минг сўмга ҳам етмайди. Лекин “гуруҳ”дагилар бир неча миллион сўмлик ойлик олишади. Канал раҳбарлари ва унинг гуруҳидагилар хоҳлаган кўрсатувнинг ижодкорлари рўйхатига ўзларининг исми-шарифини қўшиб қўяди ва ўзига истаган суммадаги гонорарни ёзиб олади. Ой охирида камида 1-2 миллион сўмлик ойлик олади. Бу камида. Таниш-билишчилик эвазига миллионлаб сўм пул олишади», дейди исмини очиқламаслик ва овозини эфирга бермаслик шарти билан Озодликка интервью берган Sport-TV муҳаррирларидан бири.

Яна ўша гап. ЎзМТРКда урчиб кетган иллат. Биз ҳам айнан ана шу қусурлар исканжасидан қутилиш учун курашга киришмаганмидик? ЎзМТРКда, айниқса, “Yoshlar” телеканалида порахўрлик, ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий талон-тарожлик, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик, гуруҳбозлик шу даражада авж олиб кетган эдики, буни бир-икки оғиз сўз билан ифодалаб бериш мушкул… Шахсан мен ЎзМТРКда 20 йил давомида фаолият юритган ходим сифатида бу даргоҳнинг сиру асрорлари, қитмирликларидан яхшигина хабардорман. Нафақат мен, деярли ҳамма. Бироқ барча “оч қорним – тинч қулоғим” қабилида иш тутишарди. Амммо қингиғ ишнинг қийиғи чиқмасдан қоларканми? Илгарилари 40 йилда чиққан бўлса, ҳозир замона шиддаткорлиги туфайли 40 кунга қолмай овоза бўлиб турибди-да! Мана, ниҳоят, ЎзМТРКдаги бошболдоқликлар биздан ўзгаларни ҳам вулқондек отилиб чиқишига мажбур қилиб қўйибдику?! Бунисига нима дейсиз энди?!

Ниҳоят ноҳақликларга дош бера олмаган Sport-TV муҳаррирлари юқори идораларга арз қилишга ўзларида журъат топишибди, ҳатто Озодлик билан боғланишга ҳам ҳаддилари сиғибди: “… Бирор мавзуни ўртага ташлагач, рухсат олиш керак. Сиз гуруҳда эмассиз, рухсат беришни чўзишади. Озгина узатсангиз, мавзу тасдиқланади. Кейин сценарий ёзилса, сизга “йўқ” дейиш учун мингта баҳона бор. Бир ойдан кейин қайтиб оласиз сценарийни. Ўтираверасиз. Бу ерда ҳам қисман пул бериш бор. Лекин асосий нарса сиз ўша гуруҳда эмаслигингиз. Юқоридагиларни обедга олиб борасиз… Ишқилиб, йўлини қилиб, сценарийни тасдиқлатасиз. Кейин тасвирга олиш жараёни ва кўрсатувни монтаж қилиб, тайёр ҳолга келтирдингиз. Мана шу энг асосийси. Кўрсатув 1-2 йиллаб ҳам ётавериши мумкин. Кўрсатувни программага киритиш учун Ш. билан гаплашиш керак. Обедини қилиб берасиз ёки озгина узатасиз, кейин кўрсатув программага киритилади. Раҳбарлар порахўрлик ботқоғига бошдан-оёқ ботиб кетган…”, дея ҳикоясини давом эттиради Sport-TV ходими.

Нима ҳам дердим. Ҳамкасбимизга ҳамдардман. Дардимиз бир экан. “Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради” деганлари шу бўлса керак-да! Ўша пайтлардаги каби ҳозирги даврда ҳам нафақат Sport-TV муҳаррирларини, балки “Yoshlar”, “Toshkent” каби барча телеканалларида авж олиб кетган айнан ана шу иллатлар барча ходимларнинг бўғзидан олмоқда. Яқингинада биз ҳам ЎзМТРК раҳбарларининг ана шу каби кирдикорларига қарши бош кўтаргандик-да!

… ЎзМТРКдаги молиявий қинғирликлар билан ишим йўқ эди менинг. Агар менга журналист сифатида озгина бўлса-да эркинлик беришганларида эди ЎзМТРК раҳбариятига қарши икки дунёдаям бош кўтармаган бўлардим. Сабрнинг, бардошнинг ҳам чегараси бор дейишади. Шундай бўлди, охийри, худди бугунги Sport-TV ходимлари каби, сабр косам тўлиб – тўкилди.

Охийри ортиқ чидаб тура олмаслигимни тушундим ва ЎзМТРКдаги барча қаллобликлардан бохабар эмасманми, 2009 йилнинг 23 декабр куни Бош вазир Шавкат Мирзиёвга “Yoshlar” телеканали директори Хайрулла Нуриддиновнинг кирдикорлари ҳақида илк бор шикоят ариза йўлладим.

Тан олишим керак, Бош вазир шикоят аризамни беэътибор қолдирган эмас. Адашмасам, 2010 йилнинг 7 февраль куни менинг шикоят аризам асосида “Yoshlar” телеканалида Бош прокуратура томонидан тафтиш бошланди. Тафтишчилар гуруҳи 10 нафарга яқин эди. Улар орасида Молия вазирлиги, Адлия вазирлигининг мутахасислари ҳам бор эди.

Аввалига, тафтишчилар ҳафсала билан ишга тушишганди. Мен ўз шикоят аризамда 60 дан ортиқ ноқонуний ҳолатлар ҳақида хабар бергандим. Текширув давомида эса “Yoshlar”даги мен билмаган катта қаллобликлар ҳам очилиб кета бошлади. Биласиз, иқтисодий қинғирликлар тепага – ЎзМТРК раҳбарларига бориб тақалмасдан иложи йўқ. Кети очилиб қолаётганидан қўрқиб кетган Хайрулла Нуриддинов кўксини чангаллаганча, касалхонага ётиб қолди. Ётдими, ётмадими, ҳарҳолда, бизга шундай дейишганди. Эҳтимол, тафтишчиларнинг оғзини ёғлаш мақсадида сотувга қўйган пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида тиклаган 3 қаватли ҳашаматли уйининг савдоси билан шуғулланиб юргандир, билмадим. Ҳарҳолда, ўша пайтларда “Хайрулла текшир-текширни тинчитаман деб уч қаватли иморатидан айрилиб қолганмиш” деган миш-мишлар болалаб қолганди, янаям ким билади дейсиз…

“Ҳақиқат ана қарор топади, мана қарор топади” деб илҳақ бўлиб ўтиргандим, текшириш ишлари бошланганига бир ҳафта ўтар-ўтмай, кутилмаганда тафтишчилар ЎзМТРК ҳудудидан ҳайдаб солинди.

Ҳа, ҳа, ишонаверинг, тафтиш тугамасдан, кимсан Бош прокуратура ходимларини ТВ биносидан қувиб солишди. Шундан кейин тафтиш ишлари Бош прокуратура биносида номигагина якунига етказилди, холос.

Тафтиш натижаси хусусида билганларим шуки, Бош прокуратура текширув хулосалари ҳақида менга хабар бериши хусусида икки қатордан иборат хат йўллади. Бори шу. Текширув хулосасини беришларини сўраб Бош прокуратурага юз марталаб боргандирман-ов. Барчаси бесамар кетган. “Сиз аризангизда кўрсатилган фактлар қисман тасдиқланди.

Биз мавжуд камчиликларни, қонун бузилиш ҳолатларини тузатиш хусусида ЎзМТРК раисига тақдимнома киритганмиз. Давлат маблағини ўзлаштириш ҳолатлари ҳам содир бўлган. Мазкур маблағларни ўз жойига қўйиш борасида раҳбариятингизга кўрсатма берилган” дейишдан нарига ўтишмади.

Шундаям умидимни сўндирганим йўқ. Президент Ислом Каримовга, Миллий хавфсизлик хизмати раисига, Президент маслаҳатчиларига, хусусан, Хайриддин Султоновга, Бош вазирга, Бош прокурорга ўнлаб шикоят аризалари жўнатдим. Барчаси бесамар!

Кейинчалик гарчи минг карра ҳақ бўлсам-да, бу курашлардаги муваффақиятсизлигимнинг илдизларини ахтаришга киришдим.

Суриштиришларим натижаси шуни кўрсатдики – Бош вазирнинг телекоммуникация, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдулла Негматович Арипов ЎзМТРК раиси Алишер Жўрақуловичга қуда бўлиб чиқди.

“Тафтиш ишлари чуқурлашиб кетаётганлиги учун Абдулла Негматович Бош прокурор ўринбосари Шарофиддиновга битта қўнғироқ қилиб, масалани ҳал қилган. Битта қўнғироқ билан тафтишчилар ЎзМТРК ҳудудидан чиқариб юборилган” деган гаплар етиб келди қулоғимга.

Ўйлаб қарасам, 2010 йилнинг декабридан то августь ойига қадар 9 ой давомида ЎзМТРК раҳбарлари билан ёлғиз олишиб келаётган эканман. Бу пайтга келиб 2010 йилнинг қиши ортда қолиб, жазирама ёзнинг кейинги ойи ҳам ниҳоялаб борарди.

Нимадир бўлди-ю, тутдек тўкилиб турган кунларимнинг бирида “Давр” ахборот дастурининг мухбири Саодат Омонова ҳам ҳақсизликлардан тўйиб кетган эканми, ёнимга келиб, “Мен сиз биланман, опа!” деди.

Ёлғиз эмаслигимдан қувониб кетгандим ўшанда. Ниҳоят Саодат билан “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташановлар кўмагида 23 август куни ЎзМТРКдаги қаллобликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказишга муваффақ бўлдик.

Матбуот анжуманидан кейин ЎзМТРКда кенгайтирилган йиғилиш бўлди. Роса пўстагимизни қоқишди. “9 ойда бир бола дунёга келади. Бу жараёнда ҳам шундай бўлди. Эшонқулова 9 ойлик кураш давомида битта инсонни – Саодат Омоновани болалади, дунёга келтирди” дея нотиқлик маҳоратини кўрсатиб, ўзича қизиқчилик қилиб залдагиларни кулдирган эди “Yoshlar” телеканали касаба уюшмаси раиси Жалолиддин Ботиралиев.

Аммо биз бу дағдағалардан ҳайиққан, чекинган эмасмиз. ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг қудаси – бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович Ариповни “таъзирини” бермас эканмиз, ТВда адолат ўрнатиш душвор, деган хулосага келдик.

Натижада, 2010 йилнинг охирига келиб, 6 декбарь куни Мустақиллик майдонида норозилик намойиши ўтказдик. Қўлимизда “ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев, “Yoshlar” телерадиоканали Хайрулла Нуриддиновлар ноқонуний қилмишлари учун қонун олдида жавоб берсин!”, “А. Хаджаевнинг қудаси – бош вазир ўринбосари А. Н. Арипов ЎзМТРКдаги ноҳақликларни ҳаспўшлаётганлиги учун истеъфога чиқарилсин” деган мазмундаги шиорлар битилган плокатлар бор эди.

Орадан 3 кун ўтиб, кимсан бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович Ариповнинг истеъфосини сўраб “тўпалон” кўтарганимиз учун муносиб “тақдирландик” – 2010 йилнинг 9 декабрь куни кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ноқонуний тарзда ишдан ҳайдалдик. (О-ооо, бу йиғилишга гувоҳ бўлганингизда эди! Дахшат! Биргина йиғилишнинг ўзи катта бир китоб бўлади!)

Ишдан ҳайдалгач ҳам ноумид бўлмабмиз биз лақмалар. Президент қабулига қатнайвериб бир нечта пойабзалимиздан айрилганимиз қолди холос.

Бизларни қабул қилишларини сўраб, Каримовга бир эмас, 56 маротаба мурожаат қилибмиз-а? Мен ўшандагина мамлакатни Ислом Каримов бошқармаётганлигига амин бўлгандим!

Ҳар галги мурожаатимизда “Бизни қабул қилинг. Хатимиз сизга етиб бормас экан, қабулингизга кирмас эканмиз, очлик эълон қиламиз. Токи қабул қилмагунингизга қадар очликни тўхтатмаймиз!” деб ёзибмиз, 56 маротаба буюртма хат қилиб жўнатибмиз-а?!

Бирор зоғ бир эмас, икки журналистнинг зорига миқ этмайди, кимсан, нимасан деймайди…

Очлик акциясини ўтказишга мажбур бўлдик. Эвазига суд томонидан ҳар биримизга 3 миллион сўмлик жарима ҳадя этилди!

Маҳкама жараёнида қози жаноблари “Қонунга мувофиқ очлик эълон қилиб Президент аппарати ёнида намойиш ўтказишларингиз ҳусусида белгиланган тартибда ҳукуматни хабардор қилмагансиз” деган айбловни туфлаб ёпиштирди қўйди.

“Ҳой, яхшилар! Ҳукумат ким?! Давлатнинг каттаси ким? Каримов эмасми? Биз шахсан ҳукуматнинг каттасига – Каримовга очлик эълон қилишимиз ҳақида хабар берганмиз, ҳукуматни огоҳлантирганмиз. Нақд 56 маротаба. Мана қўлимизда далили: почта орқали юборилган буюртма хатларининг квитанциялари!” дея ҳақлигимизни исботлаш учун жонимизни Жабборга бердик. Қайда, қулоқ солишармиди? Мана, сизга биз излаб топган адолат тантанаси – ҳар ёнда ҳақсизлик!

Фақат шунинг ўзигина эмас. Ноҳақ ишдан ҳайдалганимизни исбот қилиш учун йиллаб маҳкама эшигида сарғайдик. Натижаси яна самарасиз!

ЎзМТРКнинг оёғи узангида бўлган корчолонлари олдида икки ҳимоясиз журналист ким бўпти! ЎзМТРК арбоблари учун бизни янчиб ташлаш чўт эмаслиги аниқ эди, албатта. Шундай ҳам бўлди. Ишга тиклаш борасидаги даъво талабларимиз рад этилгани етмаганидек, Саодат Амонова ва менинг мамлакатда ҳаракатланишимизни чеклаш мақсадида ЎзМТРК корчолонларининг кўрсатмаси билан пойтахтдаги доимий “прописка”миз турли усуллар билан бекор қилинди. Ҳар иккаламизни ҳам ноқонуний йўллар билан доимий рўйхатдан чиқариб юборишди. Бизни таъқиб ва таҳдидлар гирдобига отишди. Мана сизга биз ахтарган адолат ғалабаси – ҳақсизлик!

Ўйлаб қарасам, ЎзМТРК раҳбарияти билан олишиш жараёнида шу даргоҳда “сув келса симириб, тош келса кемириб” бир йил фаолият юритибман.. Шу давр мобайнидаги босимлар, таҳдидлар, руҳий эзилишларнику, сиз сўраманг, мен айтмайин, қўяверинг, кўнгилнинг ўртангани қолади.

Ана, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, биз илк бор истеъфосини сўраб чиққанимиз – бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович Арипов ким бўлиб чиқди?

Хусусий самолёт сотиб олган бойваччами? Қанчага? 150 миллон доллармиди-я, нархи? Шу-ууу… рақамлар эсимда туравермайди-да! Хўш, бош вазир ўринбосари бўлмиш Абдулла Негматович отлиғ ул жаноб океан ортидаги давлатнинг шунча “кўкати”ни қаердан олдийкин? У ўлгур ўтлоқдаги майса эмаски, ўриб олақолса?! Ҳарҳолда тер тўкиб топмагандир?

ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев жаноблари Медиа Марказ қурилиши учун давлат бюжетидан ажратилган сармояни қуда бўлимиш Абдулла Негматович жанобларига садақа қилиб юборган бўлмасин тағин?

Бу ерда эътибор беришингиз керак бўлган яна бир муҳим гап бор: илгарилари ЎзМТРКга Асака банк хизмат кўрсатарди. Бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович ҳам, ЎзМТРК раиси Алишер Жўрақулович ҳам алоқанинг, телекоммуникация тизимининг “одам”лари эмасми, э-йўқ-бе-йўқ, ЎзМТРКнинг ҳисоб рақамини ўз-ўзидан Асака банкдан олиб, Алоқа банкга ўтказишди-қўйишди. Нега?

Ваҳоланки, Алоқа банк деганларини ҳатто ЎзМТРК ходимларни бир ойлик маош билан ҳам таъминлашга қурби етмаслигини ҳамма биларди-ку? Менга қўйиб беришса, иқтисодий жиноятларнинг илдизини очиш учун, энг аввало, Алоқа банк билан ЎзМТРК ўртасидаги “олди-берди” ҳужжатларини ҳижжалаб чиққан бўлардим. Абдулла Негматович билан Алишер Хаджаев қандай ўйин қилган бўлса Алоқа банкнинг “қўли” билан қилганлиги аниқ!

Бош вазир ўринбосари Абдулла Негматович Ариповнинг “ишдан урилиши” ҳақидаги хабарни эшитган ЎзМТРК раиси Алишер Жўрақулович бежизга шайтонлаб қолмаган бўлса керак?! Ҳа, нима, шайтонлаб қолгандирки, ўзга қўшиб “тортиб кетишидан” ўтакаси ёрилган Хаджаев Абдулла Негматович билан алоқа ипларини узиш мақсадида қуда-андачиликка шоша-пиша нуқта қўйган-да. Бу ҳақда сайтларда тарқалган хабарларни бир эслаб кўринг-а? “Нега қудачиликка барҳам берасан?!” дея Абдулла Негматович эмасмиди ЎзМТРКга, раис қабулхонасига кириб Алишер Хаджаевнинг ёқасига ёпишган?! Мана, сизга текин томоша! Гапнинг очиғи, Алишер Жўрақуловичга ўхшаган дўстинг бўлса, душманнинг кераги йўқ, аслида. Тириклай гўрга тиқади-қўяди! Шу вазиятда ҳам ёш оиланинг бахтини эмас, ўз курсисини, омонат амалини ўйлаганини қаранг-а?! Афтидан, Алишер Хаджаев ЎзМТРК раислиги курсиси менга бир умрга никоҳлаб берилган деб ўйлайди чоғи!

Sport-TV ходимлари адолатсизликка қарши курашиш учун ўзларида куч топа олганликларига севиндим, албатта. Бироқ, истаймизми, йўқми, тан олишимиз керак, Sport-TV, “Yoshlar” телеканали каби ЎзМТРКнинг барча тизимларида порахўрлик, таъмагирлик, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий жиноятчилик шу қадар чуқур илдиз отиб кетганки, энди бу илдизни қўпориб ташлаш учун жуда катта билак, тенгсиз куч керак бўлади. Афсуски, ҳозирча, мамлакатда мен ЎзМТРКдаги адолатсизликка барҳам бериши мумкин бўлган бундай катта кучни кўрмаяпман.

Тўғри, ЎзМТРК катталарини қўллаб турган битта устун – Абдулла Негматович Арипов қулагани рост. Бироқ… бироқ яна битта лекини … аниқроғи, ЎзМТРК корчолонларини қувватловчи Абдулла Негматовичдан ҳам қудратлироқ кучлар бор!: Шу боис, қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиқади десангиз, ишонишим мумкиндир, бироқ, ЎзМТРКда содир бўлган иқтисодий жиноятларнинг очилишига ишона олмайман. Сабабини биласизми?

ЎзМТРКда иқтисод масалалари бўйича раис ўринбосари – “ТВдаги барча ҳурилиқоларни “постелим”дан ўтказганман” дея мақтанишни хуш кўрадиган Фарҳод Рўзиев бор. Иқтисодий масалалар бўйича раис ўринбосари курсисига елимланиб қолган бу шахс, адашмасам, 100 йилдан буён ўринбосарлик қилади-ёв!

Токи Фарҳод Рўзиев ЎзМТРКнинг молиявий масалаларига мутасадди, жавобгар экан, бу даргоҳда молиявий ўғирликларга оид қинғирликларнинг очилиши амри маҳол. Бунинг боиси ҳам нимада эканлигини билмассиз?

Иқтисодчи Фарҳод Рўзиев мамлакат катта хоними Татьяна Каримованинг энг яқин ва яхши кўрган шогирдларидан бири бўлади дейишади. Қашқадарёдан илим истаб келган Фарҳод Рўзиевнинг айнан Татьяна Каримовага шогирд тушиб қолиши ҳам тасодифий эмас. Узун қулоқ гапларга қараганда, мамлакат президенти Ислом Каримов қачонлардир Қашқадарё вилоятига бош бўлган пайтларида айнан мана шу бизнинг Фарҳод Қўзиевичнинг падари бузруквори билан “ош-қатиқ” бўлган эмиш.

“Тегирмон навбати билан” деганларидек, пойтахтга келган ўртоғининг ўғлини қўллаб юбориш мавриди айтишларича, Каримовнинг чекига тушганмиш….

Фарҳод Рўзиевнинг минг йилдан бери ЎзМТРКдек катта даргоҳда иқтисодий масалалар бўйича раис ўринбосари сифатида ялпайи-иииб ўтиришининг ҳам асл сабаби ана шу таниш-билишчиликда эмиш…

Бу каби миш-мишлар Фарҳод Қўзиевичга алоқадор одамлар томонидан тўқиб чиқарган чўпчак бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ, бу Фарҳод Рўзиевнинг ЎзМТРКнинг масъул лавозимида – иқтисодий масалалар бўйича раис ўринбосари амалида “асрлар” давомида клейланиб қолаётганлиги кишида шубҳа уғотади, иккиланиш ҳосил қилади-да.

Амалининг бардавомлиги юқоридаги “миш-миш”ларнинг чинлигига ишоратдек гуё, ишонмайман десанг ҳам бўлмайди-да кишини! Кўнгилларда шубҳа уруғини ундиради!

Хуллас, Sport-TV ходимларини-ку, қўя турайлик, Гулнора Исломовна ЎзМТРК хусусида нима деб ўйлаши, нима деб сўйлашидан қатъий назар, бу “контора”нинг катталарини “синдира олмайди”-ёв. Қурби етмайди. Чунки ЎзМТРК амалдорларидан бири бўлмиш Фарҳод Рўзиевнинг илдизи бориб кимсан, шахсан Каримов ва Каримова хонимнинг ўзига бориб тақалганидан кейин ЎзМТРК арбобларига кимнинг ҳам тиши ўтарди дейсиз?

Шу маънода Гулнора хонимнинг Twitterдаги ўз саҳифасидаги қочиримлари менга танти қизнинг навбатдаги тантиқлигини эслатади. Демоқчи бўлганим, мамлакатнинг эрка “қизалоғи” чекка-чеккада туриб қандай харахаша қилишидан қаътий назар, кўрсатувлар савиясини ошириш, тележурналистларнинг оғирини енгил қилиш, адолат ўрнатиш учун ЎзМТРКда туб бурилиш ясаш масъулиятини ҳатто У ҳам элайолмайди.

ЎзМТРКда адолат тантана қилиши учун Гулнора хоним мамлакат президентига – ўз отаси Каримовга қарши туришига тўғри келади. Қиз ўз отасига қарши чиқармиди, чиқа олармиди?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг собиқ ходими, журналист.

"2" Comments
  1. Малохатхон!ёзганларингизни укиб чикиб,Узбекистонда порахурлик кириб бормаган соха колмаганлигига,халкнинг дарди узидан нарига боролмаслигига ишондим.Прокуратура ва Суд одамгарчилик,конун,виждон сузларини унутганлигини билар эдим.Хакикат карор топадиган даврларга озрок колди.Юртимизда сизлардек хакикат учун охиригача курашадиган 100тагина инсон булса эди,бу Бури ва Тулкиларга сичконнинг ини минг танга булар эди.Даврлари тугаётганини узлари хам билиб колишди шекилли,халк кузи учун хакикат килишади

  2. нуриддинбой

    Қойил Малоҳат сингил, жасоратингизга балли! Худо хоҳласа телевидениедаги қинғирликлар, Хайрулла Нуриддинову Хайриддин Султоновларнинг барча қилган ҳунарлари очилишига оз қолди. Мана ман деган эркакларнинг шивирлаб айтишга ҳам юраги дов бермайдиган гапларни ёзибсиз, қойил! Емоқнинг қусмоғи бор албатта. Хайрулла Нуриддинов бир пайтлар президентга пахта қўя-қўя шу мансабларга эга бўлувди, лекин ҳалол ишлолмади. Хўжаев ҳам, телевидениени ҳамма катталари ҳам ботиб кетган ҳаромхўрликка, соғи қолмаган

Leave a Reply
*