Menu
Categories
Муҳаммад Исмоил – Рафиқамга: Мени кечир, сени бахтли қилолмадим…
04/23/2013 Адабиёт
Muhammad Ismoil
Мухаммад гўзал йигит
МЕНИ КЕЧИР

Рафиқамга

Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Ваъдалар бергандим
қилган эдим аҳд.
Неча бор уриндим,
уддалолмадим.
Тобора узоқлаб
бораётир бахт.

Иродам синдими,
синдиришдими?!
Бир пайтлар боқардим
сервиқор, тикка.
Руҳимдан исённи
тиндиришдими?
Кўзларим тўладир
мунг ва ҳадикка.

На бир шеър на бир сўз,
на орзу, мақсад
Энди осмонимда
қанот қоқарлар
Бургутдай кўкларни
кўзлардим ҳарвақт
Менга эга чиқди,
товуқбоқарлар.

Кечир бўлолмадинг
хуррам, бахтиёр.
Тугаб бораётир
тобора имкон.
Билсайдим чоҳларнинг
турганин тайёр
Ваъда бермас эдим
сенга ҳеч қачон.

Баққолни бува деб
бол олмоқ мумкин.
Аммо ҳеч хиёнат
қилмасман шеърга.
Шайтонларга қарши
ёзмоғим учун
Худойим, менга ҳур
қаламни берган.

Дунёга эгадир
шайтонваччалар
Уларга қўшилсам
бойирдим махкам.
Аммо ҳалол йўлда
топилмаса гар,
Давлат-у бахт эмас,
тилло-ю зар ҳам.

Турибман сарсари
абгор ва тушкун
Кечир. Мажолим йўқ.
мени қил дуо.
Сен дейсан: – Мадад бор,
нотавон, мискин.
Хору – заифларнинг
дўстидир Худо!

Бор қудрат қўлида
бўлган буюк зот
Агарки қўлласа,
бўлса биз тараф
Йўлимизни очса,
ўнгласа ҳайҳот
Шудир бахт, шу тенгсиз
саодат, шараф.

Толемизни ёруғ
қилсин Худойим
Бахт бергувчи фақат
Парвардигордир.
Бизлар хор бўлмасмиз,
дунёда доим
Худони унутган
қимсалар хордир!”

Сен таскин берасан.
бахт айвонида
Сенга эрк шаробин
ичирмоқчи эдим.
Навоий қолдирган
шеър осмонида
Мен ҳам шеърларимни
учирмоқчи эдим.

Бир шеърки юракдан
кўкка ўрлаган
Гўё эрк номидан
айтилган фарёд
Бир шеърки, хавф ичра
қолганда Ватан
Гўё мард ўғлонлар
ичган қасамёд.

Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Аммо ўзимни ҳеч кечиролмасман.
Юксак парвозга шай шеърлар ёзолмадим.
Қанотлари синган, учиролмасман.

SHOIR.UZ saytidan

 

* * *

Бизга орзу ҳаёт бағишлар ҳар дам.
Умидсизликдадир барча иллатлар.
Умидсиз қолса гар, нафақат одам,
Ҳалок бўлар ҳатто буюк миллатлар!

* * *

Бизни тақиб этар хаста яшамоқ.
Эрксизлик тўсади гоҳ йўлимизни.
Аммо ижод ичра кўтариб байроқ,
Биз енгиб борамиз ўлимимизни!

* * *

Ҳар тонг вужудимни қамрайди ҳайрат
Шукрона айтаман ҳар тонг Ўзига.
Борлигим дунёда қандай буюк бахт,
Тириклигим қандай буюк мўъжиза!

SHOIR. UZ saytidan

* * *

Қара осмон қандай бесарҳад
Кўкда оппоқ ой сузиб юрар
Хаёлимда абадул-абад,
Чеҳранг шу ой сингари турар.

Ер юзида қолдирмай белги
Бир кун танни тарк айласа жон.
Кўкда қолар бизларнинг севги,
Ҳамда шу ой, ҳамда шу осмон.

SHOIR. UZ saytidan

* * *

Бир сония ичра тўсатдан,
Эвазига ўлимнинг агар.
Жаннат ваъда бўлса, ўлмасдан
Юрмас эдим ғофил, дарбадар.

Бир сония ичра бўлсайди,
Бир зарб билан етишсам бахтга.
Интилганим сонсиз лаҳзалар,
Орқасида туюлган аҳдга.

Аммо фақат келар дақиқа,
Аммо фақат келади ҳукм.
Ва юзага чиқмас ҳақиқат,
Ва мен эплай олмовчи ҳужум.

Ва кўринмас бирор натижа,
Ва аламга тўлгувчи умид,
Ва фурсатни кутмоқ ҳамиша,
Ва нусратга нолойиқ муҳит.

Ва чидамнинг сўнгги лаҳзаси,
Ва тўхтатиб бўлмайдиган қасд.
Ва ожизлик, хўрлик азаси,
Ва қайтадан терс қайтувчи шаҳд.

Олий бахтга интилсанг жондан,
Ҳар сония йиллардай узун.
Йиллар керак экан бир онда,
Сўнгсиз бахтга етишмоқ учун.

НИДО
Баҳор келгани йўқ, қиш кетгани йўқ
Бошимда офтоб-у, пойимда қорлар.
Яна қайлардандир келтирмоқда чўғ,
Кеча мени ташлаб кетган баҳорлар.

Фарзандларим бордир топмоқда камол
Шеър ёздим гоҳ илҳом келган маҳали
Оллоҳ, сен уларни тарбиянгга ол,
Ўзим ёш болага ўхшайман ҳали.

Фақат дўст орттирмоқ орзуим эди,
Атрофимни зирҳдай ўради душман.
Тангрим, не қилмоқни билмасман энди,
Энди сен яшашни ўргатадурсан.

Ўзинг шеър ёзмоққа этарсан қодир
Шеър бер тонг сингари севимли, эрка.
Элга шеър бермасам, эрк деган нодир,
Сўз тўфони умрим совурар елга.

Тангрим фазлинг буюк, қудратинг буюк,
Фақат шер зотидан туғилгандай шер.
Ўзбек жавҳарида жон каби суюк,
Туғилди дунёга зийнат Алишер!

Ўзбек табиатин ҳикмати мисол,
Рамзи мисол шу тоғ, қир – адирларни.
Сен бердинг бу улуғ миллатга тимсол,
Амир Темурларни, Яссавийларни.

Ким бўлгайман ахир сени унутсам,
Ҳайбатинг, даъватинг унутсам хорман.
Кўкларга кўтардинг ерга йиқилсам,
Ўзингга ўргатдинг, минг бор қарздорман.

Қарздорман дунёга келганим учун,
Бу ёруғ оламни кўрдим, қарздорман.
Сенинг борлигингни билганим учун,
Сенинг мўмин банданг бўлдим, қарздорман.

Бир шеър бер таъзимим бўлсин мужассам.
Зотан мўъжизадир сув, ҳаво, тупроқ
Зотан не яратдинг бари мукаррам,
Яратгувчи йўқдир сендан улуғроқ.

Зотан, сен бермасанг шоир не қилар,
Ўзин ҳар ён уриб чопгани билан
Ҳар ким буюк, ҳар ким бек бўлар,
Сенинг берганингни топгани билан.

Мулкинг эрур фалак. Бу чарх, бу даврон
Ер кўк тавофда, тинмай урар бош.
Миллатимга яна бергин шараф – шон.
Менинг ҳам кўзимдан оқизмагин ёш.

Ё Оллоҳ, нолон-у, нотовонинг ҳам
Бу ҳаёт қошида тизилгандир мард.
Ҳар ўзбек, ҳар тонгда ичгайдир қасам
Бу буюк эл ичра, буюк бўлмоқ шарт!
Муҳаммад ИСМОИЛ 

"2" Comments
  1. Alisher AYMATLI

    Juda go’zal misralar!!!Men she’riy paloponlarni Hazrat Alisherning nazm burgutlari bilan baqamti ko’rdim. Tasanno!

  2. Mingta hurliqoga atab ishqiy she`r yozgandan keyin ahvol shu da, shoir…

Leave a Reply
*