Menu
Categories
КАРИМ БАҲРИЕВДАН ЯНГИ ТАРЖИМАЛАР: РОМИЗ РАВШАН – ДАРДИМНИ СУВГА АЙТДИМ…
04/23/2013 Адабиёт

ромизРОМИЗ РАВШАН

ДАРДИМНИ СУВГА АЙТДИМ

Нозим Ҳикмат хотирасига

Дардимни айтишдим сувга,
Юрагим қоришди сувга,
Юрагимдан тушди сувга –
Бир кема, кетди бир кема.

Дардимга ҳамдам бўлмади,
Елканлари нам бўлмади,
Балиқларга ем бўлмади –
Бир кема кетди, бир кема.

Соҳилда бир лиман қолди,
Осмонларда туман қолди.
Юрагим қолди, ман қолдим,
Бир кема кетди, бир кема…

ЮЛДУЗЛАРНИ ОЛИНГ МЕНДАН

Бир марталик кўчиб келдим,
Ерни кўкни ўлчаб келдим,
Қоронғдан кечиб келдим,
Юлдузларни олинг мендан.

Ипак кўйлак истар дилим,
Қизил ойнак истар дилим,
Бир қиз севмоқ истар дилим,
Бу қизларни олинг мендан.

Гўдак қолмоқ истамайман,
Тез қаримоқ истамайман,
Шоир бўлмоқ истамайман,
Бу сўзларни олинг мендан…

ЮЛДУЗЛИ ОСМОНЛАР ОСТИДАН ЎТДИМ

У кеча кенг дунё менга торайди,
Юрагим сийнам чаққан арийди.
Яхшиям юлдузли осмон бор эди,
Юлдузли осмонлар остидан ўтдим.

Топилди ҳар дарднинг бирдан иложи,
Билдимки, дунёнинг йўқ менда бурчи,
На мен биринчиман, на мен сўнгинчи,
Юлдузли осмонлар остидан ўтдим.

Тотдим бу дунёнинг ҳар баҳоридан,
Тотдим севинчидан, ғам-кадаридан,
Тотдим қизларидан, меваларидан,
Юлдузли осмонлар остидан ўтдим…

КЕТМАДИМ

Ёлғиз ёки гурас-гурас,
Қадам-қадам, нафас-нафас
Бу дунёни ўлчаб бўлмас,
Дунёни ўлчаб кетмадим.

Ҳеч ким севмади отимни,
Кўплар тотдилар тотимни,
Мен куйдирдим қанотимни,
Қуш каби учиб кетмадим.

Парчалаб чопдим ўзимни,
Очдиму ёпдим ўзимни.
Яхшиям топдим ўзимни,
Ўзимдан кечиб кетмадим…

ОЁҒИМ

Найлайин, боқмас сўзимга,
Қўлимдан чиқар оёғим.
Қайдан куч келар тиззамга,
Йўлимдан чиқар оёғим.

Мен – тоқман, оёғим – қўшша,
Дейди, юргин, торқмишман.
Бу йўлларни саҳар-оқшом
Бошимга қоқар оёғим.

Йўлларни ёғишин кўрар,
Олқишин-қарғишин кўрар.
Нима бўлса, бошим кўрар –
Бас, нега қўрқар оёғим?!

Карим БАҲРИЕВ таржималари

Leave a Reply
*