Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (7)
04/23/2013 Абулқосим Мамарасулов: Мен қандай ёзувчи бўлган эдим

абулқосимнинг янги расмиАбулқосим               МАМАРАСУЛОВ

 

 

МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ  (7)

 

Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар

 

 

Б а д и а

 

Юрагим ҳаприқиб боряпти. Сал қолди-я! Янаям худо ўнглади, бурчакдаги одам мени гапга солмаганда чиқиб кетишим аниқ эди. Кейин нима бўларди?? Безбетлик билан чиқмай туриб олганим учун ўзимдан хурсанд бўлиб қўйдим. Мирзага бордим. Бўлган воқеаларни айтдим.

– Яхши бўлипти, – деди Мирза хушнуд, –  кейинроқ бу ҳақда эсдаликлар ёзасиз. Энди иложи борича ҳамма нарсани унутинг. Бир ҳафта деган бўлса жуда яхши.  Ҳар эҳтимолга қарши икки ҳафта ўтказиб, ҳеч бўлмаганда ўн кун ўтказиб, кейин келинг. Одил ака катта киши, бир ҳафтада ўқишга вақти бўлмай қолиши мумкин. Кейинроқ келсангиз, ҳаммасини ўқиб қўйган бўлади. Сиз барини унутинг-да, яна янги ҳикоялар ёзинг. Иложи бўлса, бу келишингизда яна тўрт-бешта янги ҳикоя ёзиб келинг. (Мирза менинг янги ҳикоя ёзаверадиган  темир аппарат эканимга ишониб бўлган эди, шекилли). Топширган олтитангиз билан чегараланманг. Балки сизнинг бошқа имкониятларингизни ҳам билгиси келар. Лекин шошманг. Янги ҳикояларингиз топширганларингиздан зўр бўлса бўлсин, паст бўлмасин. Ҳар бир янги ҳикоянгиз сизнинг янги-янги қирраларингизни очиб беравериши керак…

 

1981 йил 19 март.

Бу орада “Ёр-ёр”, “Уч сўм пул” ва “Бахт” номли ҳикоялар ёздим. “Биринчи қор”ни қайта ишладим. Учта  янги ҳикоя қилиб, Одил аканинг ҳузурига бордим. Орадан роса ўн кун ўтган.

Эшикни очишим билан шу томонга қараб ўтирган Иброҳим ака Ғафуров: “Ана, ўзи келди!”, деб юборди. Ҳайрон бўлдим. Одил ака аллақандай қўлёзмани ёзиб-чизиб ўтирган экан. Бош кўтариб, мени кўрди-да, “Э, келинг, келинг”, деб ўрнидан туриб, столни айланиб ўтиб, мен билан қўл бериб кўришди. “Ечининг” деб, мен то пальтомни ечиб, илгакка илганимча, қараб турди, кейин ёнига ўтирғизди.

Нимасини айтасиз. Ана муносабат, мана муносабат! Ўн кун аввал ва ўн кун кейин!.. Нафасимни ичимга ютдим. Одил ака яна таржимаи ҳолимни суриштирди, биринчи сафар ҳам сўраган эди, аммо эсидан чиқариб юборган. Мен такрорладим.

– Ёшингиз нечада?

– 1958 йили туғилганман. Йигирма учдаман.

Жавобим Одил акани қониқтирди, шекилли, Иброҳим ака билан кўз уриштириб олди.

– Китоблар ўқиб турасизми? – савол берди Иброҳим ака.

– Ҳа-а, – дея ажабландим мен. – Ахир китоб ўқимасдан ёзиб бўлмайди-ку!

– Йўқ, сиз тўғри тушунинг, – деди Иброҳим ака, – баъзи ёш ижодкорлар бор-да, улар бошқаларнинг асарини ўқиб ўрганишдан кўра ўзлари янгисини ёзишни афзал билишади.  Шу маънода сўраган эдим.

– Шукшинни ўқиганмисиз? – сўради Одил ака бехосдан.

– Ҳа, ҳозир ҳам ўқияпман, – дея тўрхалтамдан Шукшиннинг катта тўпламини олиб кўрсатдим. Доим ўзим билан китоб олиб юрадиган одатим бор. Автобусларда, бировни кутаётганда,  бекорчи бўлиб қолган пайтларда шартта ўқишга тушаман.

Одил ака бир зум менга меҳр билан тикилиб қолди. Иброҳим ака ҳам хурсанд, ҳар замонда менга қараб қўяди. Хуллас, муомала тамоман бошқача. Мен уларнинг қўлига ногоҳ тушиб қолган тилладай эдим, агар адашмасам. Одил ака менинг олтита ҳикоямни  столининг олти жойига алоҳида-алоҳида терди. Кейин бир чеккадан ҳаммасига ўз фикрини айтиб чиқди:

– Ҳаммаси ҳам яхши, бўладиган, бемалол газета-журналларда чиқариб юборишга арзийдиган ҳикоялар. “Сомон ўғрилари” эмас, “Сомончилар” деб қўяйлик. Майлими? Ниёзмат яхши одам. Чудак-да бу, чудак. Сомон ўғирлаши бор нарса. Ўғирликка кирмайди. Вақтида бизлар ҳам сомон ўғирлик қилганмиз.

– Мен ҳам сомон ўғирлик қилганман, – дедим жонланиб.

– Жуда яхши. Мана буни “Олишув” эмас “Алибек” деб атасак тўғри бўлади. Қарши эмасмисиз?

Нимаям дердим. Дамимни ичимга ютиб, маъқул тарзида бош ирғаяпман. Тўғриси, сарлавҳага  уста эмасман. Одатда кўп ижодкорлар аввал сарлавҳа қўйиб, кейиб ёзадилар. Мен аввал ҳикояни ёзиб бўлиб, кейин унга сарлавҳа ахтараман. Кўплар буни қоралашади. Начора! Менинг бўлганим шу. Кўпинча ҳикоя ёзаётганимда қаҳрамонимнинг тақдири нима билан тугашини  ҳам билмайман. Илҳом билан ёзаётиб, асарга шунақа шўнғиб кетаманки, ҳамма нарсани унутаман. Воқеалар ривожини кузатиб, қоғозга тушириб боравераман. Ишга киришганимдан сўнг қаҳрамонлар менинг измимдан чиқиб, мустақил ҳаракат бошлайдилар, мен бор-йўғи кузатувчига айланаман.  Масалан, “Йўловчи”да қамоқдан чиққан Тўлқин дастлабки режамга кўра ишга кириши  керак эди. Аммо у яшаётган жойда қандайдир ҳодиса юз бериб, дарров буни Тўлқиндан кўришиб,  айбсиз одамни қамаб қўйишлари керак эди. Ёзишни бошлагандан кейин эса мутлақо бошқа вазиятга дуч келдим. Қачон, қандай қамалганини эслаб кетди.  Изтиробга тушди. Хотини, ўғлини соғинганини англади. Қорни очиқди.  Ва ҳоказо… Мен мутлақо холис киши сифатида ҳолатларни, воқеаларни қоғозга туширавердим, холос.

– Алибек, Ниёзматлар чудаклар. Биласизми, Шукшиннинг ҳамма қаҳрамонлари чудаклар – ғалати одамлар. Айнан бизнинг ўзбек  адабиётимизда шунақа образлар кам. Йўқ даражада кам. Сиз нимани қандай ёзиш кераклигини тушунипсиз. Бу жуда яхши. Сизга ўргатиш, йўл кўрсатишнинг ҳожати йўқ. Сиз нима қилиш кераклигини яхши биласиз.   Бизлар айнан сиз  ҳозир  тушунган нарсани – нимани ёзиш кераклигини тушунганимизча кўп йиллар ўтиб кетди. Кўп кучимиз сарфланди. Сочларимиз оқарди. Бизлар адабиётга кирганимизда “конфликтсизлик назарияси” ҳукм сурарди. Бўш, олди-қочди асар бўлса ҳам мавзуси, кўтарилган муаммоси фаол бўлса, – шунинг ўзи кифоя эди. – Осмонларга кўтарилаверарди. Мақталаверарди. Ана шунақа асар ёзилиши керак, дейишарди. Жуда ёмон давр эди.  Биз ҳам “шундай ёзиш керак экан”, деб юраверганмиз. То тушуниб етганимизча ёшимиз ҳам бир жойга етиб қўйди. Сиз эса ҳозирдан тушунипсиз.

Одил аканинг гапларини тингларканман, ҳатто нафас олишга-да чўчирдим. Биронта сўзини эшитмай қолишдан қўрқардим.

давоми бор)

Leave a Reply
*