Menu
Categories
Муҳаммад Солиҳ: Укамга хат…
04/28/2013 Адабиёт

Sarvar Usmon shared Ulugbek Ashur‘s status update.

 

Мен хурмат қилган шоир ва ёзувчи Мухаммад Солиҳ, ўзининг бу хикоясини 1977 йилда ёзган экан. Бундай асарлар, хар доим “эндигина тандирдан узилган нондек” таъсир қилади ўқувчига… Сиз хам ўқиб кўринг.УКАМГА ХАТ

Ука, менинг бу гапдонлигимни кечирасан деган умиддаман. Одам маслаҳат тинглашга қанчалик зор бўлса, маслаҳат беришга шунчалик ишқибоздир. Мен ҳам акамдан сўкиш эшитиб, сенга маслаҳат бераяпман.
Сенга ўхшаган китобхон болалар Ўзбекистонда жуда кўп бўлган, ҳозир ундан ҳам кўп.
Шунинг учун хатимни ҳикоядан бошламоқчиман…
Уруш йилларида сенинг тенгдошларинг ҳам ўқиб, ҳам далада ишлашга мажбур бўлган. Пахта билан бирга ўсишган. Жисмоний ишга ярамаганлари катталарга чой қайнатиб берарди. Ундан кичикроқлари эса, қишлоққа хат ташиган. Оқ ва қора хатларни (шу мавзуда ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Яхшилик” деб номланган ҳикояси бор. Ўқимаган бўлсанг, албатта топиб ўқи). Бу болалар адресларни ҳижжалаб ўқиб савод чиқарган.
Ўшалардан бири ширинликдан кўра, китобга ўчроқ эди. Бундан онаси хурсанд бўлса, отаси норози бўлган. Чунки, она болага ширинлик топиб беришдай оғир вазифадан қутулган бўлса, отаси китоб учун пул беришга мажбур эди. Уруш қишлоқда ҳам урушлигини қилган.
Яхшиямки, боланинг бахтига, колхоз идорасига жойлашган кутубхона бор эди. Отаси пул бермаганида, у яхши кўрган китобларини ўша ердан олиб, қайта ўқиб чиқарди.
Боланинг ғалати одати бор эди: китоб ўқиётганида кимдир кузатиб турса, жон-пони чиқиб кетар, гўё унинг овқат еётганини томоша қилишаётганидек хафа бўларди. Аксига олиб, кичкина синглиси китобдаги суратларни севар, акаси китобни очган заҳоти унинг тепасида туриб оларди. Мабодо, китоб суратсиз бўлса, қизалоқ шовқин кўтариб, онасига шикоят қиларди: “Анавини қаранг, яна суратсиз китоб опкелибди”, деб йиғларди.
Болага суратли китоблар ёқмаса, нима қилсин. Китобдаги ҳар қандай сурат унга халақит берарди. Боланинг тасаввури “фалон қаҳрамон мунақа” деса, сурат ўжарларча қотиб: “Йўқ, мана бундай”, ― деб кўзига қадалиб тураверарди. Суратларнинг бу хусусияти боланинг асабини қўзғар, у иложи борича суратга қарамасликка ҳаракат қилар ва ҳатто уларни йиртиб олиб, сингилчасига берарди.
Қизалоқнинг жанжалидан қўрққан бола, ҳамма уйқуга кетганидан сўнг китоб ўқишни одат қилди. Бир куни, хона совуқ эмасми, телпак кийиб олиб, китоб устида мудраб кетди. Китоб билан ёнма-ён турган чироқдан телпагига ўт кетиб, уй ёниб кетишига сал қолди. Шу воқеадан сўнг болага кечалари китоб ўқишни ман қилиб қўйишди. Китоб ёниб кетганми, йўқми, бунинг тафсилотини ҳеч ким билмайди. Аммо ёнғин ўша бола онгида ҳозир ҳам ўчмаган.
Қиссадан ҳисса шуки, сен тунда китоб ўқиётиб, ҳеч маҳал мудрай кўрма ― ёнғин чиқиши мумкин. Ўша бола китобни севарди, аммо унинг танидаги чарчоқ хоинлик қилди. Чарчоқ мажбурий лоқайдликни ― уйқуни келтириб чиқаради.
Суратсиз китоблар эмас, ғоясиз китоблар китобхонни шундай ухлатиб қўяди. “Ғоявий бузуқ китобларни ўқима”, деб ўқитувчиларинг тўғри уқтирган. Мен сенга: “Ғоясиз китобларни ҳам ўқима”, деб маслаҳат бераман.

1977

"1" Comment
  1. Muhammad Solihning bu nodir hikoyasini topgan Ulugbekka ham, uni bizga ulashgan haqiqiy muharrir Ismat Xushevga ham ming rahmat!

Leave a Reply
*