Menu
Categories
Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (28-29)
04/28/2013 Адабиёт

Одил ака хотини биланМукофот 

1974 йилда фан, техника, санъат ва адабиёт соҳасида энг яхши асар учун Ҳамза ва Беруний номидаги давлат мукофотларига танлов эълон қилинди.

Газеталарда исм-шарифлари эълон қилинган номзодлар орасида Одил ака ҳам бор бўлиб, мукофотга «Улуғбек хазинаси» тавсия этилган эди.

Номзодлар рўйхатини газеталарда ўқиган таниш-билишлар, дўст-ёрлар самимий табрикларни бошлаб юборишди.

Одил ака «Ўзбекфильм» бўладими, Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти бўладими, қайси даргоҳда фаолият юритмасинлар, одамларга қўлларидан келганича яхшилик қилиш, кўнгил олишни одат қилган эдилар. Шунинг учун Одил аканинг дўстлари, шогирдлари, ҳамфикрлари жуда кўп эди. «Дўстинг мингта бўлса ҳам оз, душманинг битта бўлса ҳам кўп», деган гапни бот-бот такрорлардилар.

Мукофотни бериш вақти яқинлашиб қолганда, Одил акани «юқори»га чақириб: «Сиз бу йилча сабр қиласиз. Кейинги йил мукофот, албатта, сизники бўлади», дейишди. Шундан кўриниб турибдики, у даврларда мукофотлар танлов йўли билан эмас, нав­батда туриш, сабрли бўлиш, «юқори»дагиларнинг гапига бўйсуниш каби талабларга риоя қилинган ҳолда берилар эди. Икки-уч йилдан кейин мукофот олувчилар «навбати»да кутиб турганимизда, ҳовлимизни ҳали олинмаган мукофот билан табрикловчилар «қўшин»и тўлдириб юборди. Дўст-ёрлар ва китобхонларнинг шу умиди ва эътирофи Одил ака учун улкан мукофот бўлганди.

Ниҳоят, уч йил ўтиб, китобхон халқимиз дилидан жой олган «Улуғбек хазинаси» Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўша йили  оиламизда қўш байрам бўлди: Одил аканинг укаси, сув муаммолари бўйича етук мутахассис Холдор ака Ёқубов ҳам Беруний номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

 

Тантана

«Умр – оқар дарё», деганлари рост экан.

Ҳаёт қувончи ва ташвишларини, фарзандлар тарбияси ва ижод машаққатларини ортмоқлаб кун кетидан кунлар ўтаверди. Одил ака ҳам элликка кириб қолдилар. Ўша йили у киши Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриётида ишлардилар. Туғилган кунларида ҳамкасбларидан уч-тўрт киши уйга келадиган бўлишди. Дастурхонимиз тайёр бўлганда қутловчилар кетма-кет уйга кириб кела бошлашди. Лекин уч-тўрт киши эмас, ҳовлимиз одамга тўлиб кетди. Нафақат уйга, куз бўлишига қарамай, ҳатто айвонга ҳам жой қилишимизга тўғри келди. Дам еб турган бир ярим килоли ошимиз урвоқ ҳам бўлмади. Одил ака яна бозорга қараб югурдилар. Шундай қилиб, уч-тўрт киши билан бошланган туғилган кун тантанали юбилейга уланиб кетди.

Рус академик драма театрининг ҳозирги биноси ўша вақтларда «Билимлар уйи» деб юритиларди. Юбилей кечаси ўша «Билимлар уйи»нинг залида ўтказилди. Зал торлигидан келганларнинг ярмидан кўпи тик оёқда туришга мажбур бўлди. Ҳукумат табриги ўқиб эшиттирилганда, залда ўтирганлар ўрниларидан туриб кетишди. Одамлар тик турганларича тинмай қарсак чалишди. Ҳукумат табригидан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари сўзга чиқишди, Одил аканинг дўсти Чингиз Айтматовнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Тантанада Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев ҳам иштирок этиб, самимий табрик сўзларини айтди. Ундан сўнг қозоқ адиби Олжас Сулейменов Одил акани минбарда туриб табриклади. У:

– Одил, мен удумимизга кўра, сенга бир зўр араби тулпор атагандим. Лекин бу ёққа келаётганимда мени самолётга чиқаришди-ю, отни паспорти йўқлиги учун чиқаришмади. Энди ўзинг Сариағачга борасан, ўша ерда совғамни топшираман, – деганида зални гулдурос қарсак тутиб кетди.

Юбилей жуда кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир сўнгида Одил ака сўзга чиқиб, бундай эътибордан жуда мамнун эканликларини билдирдилар ва Худо берган умримнинг сўнгигача халқим учун яна янги-янги асарлар ёзиб, туҳфа қиламан, деб ваъда бердилар.

Дўстларнинг, меҳнатинг қадрига етадиганларнинг борлиги яхши. Шундай кунда кишининг кўнгли тоғдек кўтарилар экан.

 

 

 (давоми бор)

"1" Comment
  1. Juda yaxshi va samimiy xotiralar, Maryam xola, xudo sizga sabr bersin. Odil aka ulug inson edilar, lekin tirikligida Xayriddinlar u kishini xor qildi. Hali bular ham jazosini oladigan kunlar keladi.

Leave a Reply
*