Menu
Categories
Нусрат Раҳмат: Меҳрибон қизим!
04/30/2013 Ватандан хабарлар

Нусрат ака оила аъзолари билан

 Суратда: Ёзувчи Нусрат Раҳмат оила аъзолари билан
  • “МЕҲРИБОН ҚИЗИМ!
    АЛЛОМАЛАР ЎЗ ЎГИТНОМАЛАРИНИ НУҚУЛ:
    “ЭЙ ПИСАР!” ЯЪНИ ЭЙ ЎҒИЛ, ДЕБ БОШЛАШГАН. УЛАР НЕЧУНДИР ҚИЗЛАРИГА МУРОЖААТ ЭТИШМАГАН. ЭҲТИМОЛ ЎША ЗАМОНЛАРДА БУ ТАОМИЛГА КИРМАГАНДИР?! БАЛКИ УЛАРНИНГ КЎНГИЛЛАРИ ҚИЗЛАРИДАН ТЎҚ БЎЛГАНДИР — БУСИЗ ҲАМ ОДОБЛИ БЎЛИШИГА ИШОНИШГАНДИР.
    МЕН ҲАМ СЕНИНГ ОДОБЛИ ВА ШОҲИСТА БЎЛИШИНГГА ИШОНАМАН. АММО БИЗНИНГ УШБУ НОХУШ МУҲИТИМИЗДА ЭЗГУЛИКНИНГ МУНАВВАР ЙЎЛИДАН АНДАК БЎЛСА ҲАМ ЧАЛҒИБ КЕТИШИНГДАН ХАВОТИР ТОРТАМАН.
    ҲА, БИЗНИНГ ЗАМОНДА АЁЛ БЎЛИБ ТУҒИЛИШ ОСОН ЭМАС. БОЛАЛАРНИ ВОЯГА ЕТКАЗИШ; ЭР ВА БОШЛИҚҚА БЎЙСУНИБ ЯШАШ, ФАҚАТ ФАРЗАНДЛАРНИГИНА ЭМАС, УЛАРНИ (ЭР ВА БОШЛИҚНИ) ҲАМ ТАРБИЯЛАШ, БИЛСАНГ — ОҒИР ҚИСМАТ! АММО АЁЛ ҚАЛБИ БУ ҚУДРАТГА ҚОДИР! ФАҚАТ КАТТА, ЖУДА КАТТА МАҚСАДЛАР КЕРАК!
    СЕНИНГ БАҲОРИЙ ВУЖУДИНГНИ КЎРИБ, ИЧ-ИЧИМДАН ҚУВОНИШИМ, ФАХРЛАНИШИМ ВА ЗОҲИРИЙ ХАВОТИРГА ТУШИШИМГА ЭНДИ ИШОНГАНДИРСАН. ЖОҲИЛЛАР ВА ЯРАМАС ОДАМЛАР НОМИНГГА ДОҒ ТЕККИЗИШЛАРИДАН, РУҲАН ОЗОР ЕТКАЗИШЛАРИДАН; ЎЗИНГГА БОҒЛИК БЎЛМАГАН ФАЛОКАТЛАР ҚАДДИНГНИ БУКИБ ҚЎЙИШИДАН ЧЎЧИБ ЯШАЙМАН! СЕНГА КЎЗ ТИККАН БАЛОЛАР, МАЙЛИ МЕНГА ТЕГА ҚОЛСИН, ДЕЙМАН! ЧУНКИ МЕН КЎПРОҚ УМР КЎРГАНМАН ВА СЕНДАН КЎРА БАРДОШЛИРОҚМАН!
    БИЛАМАН, СЕН АВЛОДИМИЗНИ УЛУҒЛАШ УЧУН КУРАШАСАН, ОИЛАНГНИ ЭЪЗОЗЛАЙСАН, ЛЕКИН ФАҚАТ РЎЗҒОРИНГ УЧУН ЯШАМАЙСАН ОДАМЛАРГА НАФ КЕЛТИРИШНИ, ЭНГ ЗАРУР ДАҚИҚАЛАРДА УЛАРГА ҚЎЛ ЧЎЗИШНИ ОДАТ ҚИЛАСАН.
    ҚИЗЛИК ВА НАВЖУВОНЛИК ФАСЛИ КЎЗ ОЧИБ ЮМГУНЧА ЎТИБ КЕТАДИ. МЕН ЎША ОТЛИҚ ҚИЗНИ ИЧКИ БИР ЭНТИКИШ БИЛАН ҚЎМСАГАНДАЙ ОДАМЛАР СЕНИ ҲАМ ЭЗГУ ТУЙҒУЛАР БИЛАН ЭСЛАШЛАРИНИ ОРЗУ ҚИЛАМАН. СЕРШАВҚАТ ВА РАҲМДИЛ БЎЛ, БОЛАКАЙЛАРНИ БАҒРИНГГА БОС, ПЕШОНАСИДАН ЎП; ДИЛШИКАСТА АЁЛЛАРНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИНИ АРТИБ ҚЎЙ, ЖОНИВОРЛАРНИ ЗОЛИМЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛ!
    МАЙЛИ, ЁШЛИГИНГДАЁҚ ОВРУПО ВА ҒАРБ АДАБИЁТИ, МАДАНИЯТИГА МЕҲР ҚЎЙ, АММО ОЁҒИНГ МЎЙСАФИД ШАРҚ ТУПРОҒИДАН УЗИЛИБ КЕТМАСИН! УРФ-ОДАТЛАРИМИЗ, АНЪАНАЛАРИМИЗ, ДИНИЙ ЭЪТИҚОДЛАРИМИЗГА БЕПИСАНД БЎЛИШ — ОТА-ОНАГА, БОБОЛАРГА ҲУРМАТСИЗЛИК ЭКАНЛИГИНИ УНУТМА!
    ХУДО КЎРСАТМАСИН, БОШИНГГА ОҒИР КУНЛАР, НОГАҲОНИЙ МУСИБАТЛАР ТУШГАНДА РУҲИНГ ТУШИБ, ҚАДДИНГ БУКИЛИБ ҚОЛМАСИН!
    ОЛДИНГДА ҲАЛИ ШУЪЛАКОР ВА МУНАВВАР КУНЛАР КЎПЛИГИНИ ЁДДАН ЧИҚАРМА!

    ЭЙ, ФАРЗАНД! ОИЛА ЖАМИЯТ БЕШИГИ БЎЛСА, ФАРЗАНД БЕЛНИНГ ҚУВВАТИ, ЗУРРИЁТНИНГ ДАВОМЧИСИ, ЧИРОҒИМИЗНИ ЁҚИБ ҚОЛУВЧИ ИРСИЯТИМИЗДИР!
    ШУНИ БИЛКИ, БОЛАКАЙЛАР ШОВҚИНИ ЭГАЛЛАМАГАН ХОНАДОННИ АСТА-СЕКИНЛИК БИЛАН ЗОҲИРИЙ ВАҲИМА ШАРПАСИ ЭГАЛЛАЙ БОРАДИ.
    ТАҒИН ШУНИ БИЛГИНКИ, БУ ДУНЁДА СОҒЛОМ ФАРЗАНДИНИ КЎТАРИБ ТУРГАН ЖУВОНДАН ГЎЗАЛ, ЖОЗИБАЛИ САНАМ ҲЕЧ ЕРДА ЙЎҚ ВА БЎЛМАЙДИ ҲАМ!
    БАСКИ, ШУНДАЙ ЭКАН, ФАРЗАНДЛАР МЎЛ, СОҒЛОМ, АҚЛЛИ, ЎҚИМИШЛИ БЎЛИШИГА ЭРИШМОҚ КЕРАК. ШУНДАЙ ИШ ТУТМОҚ ЗАРУРКИ, БОЛАЛАРИМИЗ, ФАҚАТ УМРИМИЗ ДАВОМЧИСИ БЎЛИБ ҚОЛИШМАСИН, БАЛКИ БИЗДАН ҲАМ УСТУНЛИКЛАРГА ЭРИШСИН. ФАН НОМЗОДИНИНГ ЎҒЛИ, МАСАЛАН, КАМИДА ФАН ДОКТОРИ БЎЛМАСА, АВЛОД ТАРАҚҚКИЁТГА ЭРИШОЛМАЙ ҚОЛАДИ-КУ! СЕН ФАРАЗ ҚИЛАЙЛИК, УЧ ТИЛНИ БИЛАДИГАН БЎЛСАНГ, БОЛАНГ КАМИДА БЕШ-ОЛТИ ЗАБОНДА БУРРО БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ.
    АФСУСКИ, ҲАЁТДА НОҚОБИЛ ОДАМЛАР ОЗ ЭМАС. ҚОТИЛЛАР ВА СОТҚИНЛАР, ГИЁҲВАНДЛАР ВА ФОҲИШАЛАР, БЕЗОРИЛАР ВА ҚАЛЛОБЛАР…
    ЭҲ, УЛАР КЎП! БУ ОДАМЛАРНИНГ БИРОРТАСИ ҲАМ ЁМОН БЎЛИБ ТУҒИЛМАГАН. ОИЛАВИЙ ТАРБИЯНИНГ ҚЎПОЛ НУҚСОНЛАРИ САБАБ БЎЛИБ, АНА ШУНДАЙ НОБОП ЙЎЛЛАРГА ЧАЛҒИБ КЕТИШГАН УЛАР.
    БИОЛОГИК ЖИҲАТДАН КИЧИК ҲАРФ БИЛАН ЁЗИЛАДИГАН ИНСОН СУТ ЭМИЗУВЧИЛАР ОИЛАСИДАГИ HOМO САPИЕНС ТУРИГА МАНСУБ БЎЛСА ҲАМКИ, КАТТА ҲАРФ БИЛАН БИТИЛАДИГАН ИНСОН — КЎЗЛАРИДА НУРИ МУНАВВАР, ҚАЛБИДА ЭЗГУЛИК ШАМЧИРОҒИ, НИЯТИДА УСТУВОРЛИК, СЎЗИДА ЭМИНЛИК БЎЛГАН ОЛИЙ ЗОТДИР!
    ОТА-ОНА ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИНИНГ ҚИЛМИШЛАРИ УЧУН БУТУН ЖАМИЯТ ВА ТАРИХ ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРИШИ КЕРАКЛИГИНИ БИР ДАҚИҚА БЎЛСА ҲАМ ЁДДАН ЧИҚАРМАНГЛАР!
    ФАРЗАНДЛАРНИНГ МУРҒАК ҚАЛБЛАРИГА ЗАРИФЛИК, ЗАКИЙЛИК ВА ШАФҚАТ УРУҒИНИ КЎПРОҚ, СЕПИНГЛАР; УЛАРНИ ЗУККО ТАРБИЯЧИ, ШОҲИСТА МУАЛЛИМЛАР ҚЎЛИГА ТОПШИРИНГЛАР, ТОКИ КЕЛАЖАКДА ФАҚАТ ЎЗ ОИЛАСИГАГИНА ЭМАС, МИЛЛАТИ, ХАЛҚИ, ВАТАНИГА ҲАМ ШАРИФЛИКЛАР КЕЛТИРСИН! “
    “Фарзандга ўгитлар” китобчасидан

Leave a Reply
*