Menu
Categories
Исмат Хушев: “Тошкентдан Қашқадарёга сафар” (21)
04/30/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

 

 

“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан

 

Исмат Хушев

 

Ҳаёт – ҳар ерда ҳаёт…

 

Бугун китобликларнинг аксарияти пул топиш мақсадида чет элларда – Россия ва Қозоғистонда юрганини ҳисобга олсак, қолган аҳоли асосан ўз ҳовлиси ва ижара ерларида етиштирган деҳқончилик маҳсулотлари билан тирикчилик қилиб юрганини  кўриш мумкин.

 

Ишлаб чиқариш йўқ ҳисоби.

 

Айтиш мумкинки, бойлар ва камбағаллар орасидаги фарқ ҳам яққол кўзга ташланиб қолган.

 

Шифокорлар, ўқитувчилар ва нафақадагилар билан суҳбатлашдим.

 

Шифокорларнинг ойлиги – кам, ўқитувчиларники – нисбатан яхши, нафақадагиларники ҳаминқадар, лекин шуни ҳам вақтида олиш муаммо экан.

 

Шундай бўлса ҳам районларда иш топиш жуда қийин.

 

Бунинг устига пластик карточка тизими жорий этилганидан халқ норози. Лекин дардларини кимга айтишни билишмайди. Эшитадиган одамнинг ўзи йўқ.

 

Ҳолбуки бу карточка билан истаган кундалик эҳтиёж молларини, ҳатто бозордан мева -чева, гўшт ҳам олишингиз мумкин.

 

Лекин нақд пул барибир – нақд пул экан…

 

Ғўзани ягана қилиш, пахта ва пиллани териб олиш одамларни жуда қийнаб қўйган.

 

Шунинг учун бўлса керак, мактаб ва коллеж ўқувчи ва ўқитувчиларининг кайфияти ҳам яхши эмас.

 

Балоғатга етган фарзандини турмушга узатиш ва ё уйлантириш орзусида энди эркаклар тугун, аёллар ҳам четга бориб, пул ишлаб келиш ҳаракатида.

 

Қишлоқлар деярли ҳувиллаб қолган. Аксарият аҳоли четда ё Тошкент бозорларида пул топиш билан банд.

 

Раҳбарларнинг ҳам кайфияти ўзига яраша. Олдингидай эмас…

 

Лекин олди сотди ва савдо билан шуғулланувчиларнинг, ўз бизнесига эга ишбилармонларнинг, ошхонаси ва ресторани борларнинг, ўз машинаси билан одам ташиб тирикчилик қилаётган “такси”чиларнинг кайфияти ва ҳаёти нисбатан яхшилигини кузатиш мумкин.

 

Юқорида тилган олинган нохуш вазиятга қарамай одамлар ҳамон данғиллама уй қуриш ва ким ўзарга тўй қилиш билан овора.

 

Фақат кўчаларга қараб бўлмайди. Чунки халқ назарида – у давлатники. Уни – маҳаллий ҳокимият қуриши керак.

 

Ҳокимият эса маблағсиз…

 

Давлат тасарруфидаги завод ва фабриклар йўқ ҳисоби. Борларининг ҳам асбоб ускуналари сотилиб, станоклари талон тарож қилиб юборилган. Буни сўрайдиган, тартибга оладиган одамнинг ўзи йўқ…

 

Китобдаги катта мачит ёнида бир пайтлар шойи тўқиш фабрикаси бўларди. Юзга яқин қиз жувонлар ишлаб, маош олишарди.

 

Унинг Бурҳон Қурбонов деган директорини Китобга янги ҳоким бўлиб келган Озод Пармонов ишдан оламан деганида мен аралашиб, ўрнида қолдирган эдим.

 

Ҳар бир станоги ўз боласидай бўлиб қолган бу фабрикада Бурҳон ака йигирма йилдан бўён шойи тўқиб чиқарар, ҳаётини бу даргоҳсиз тасаввур қилолмасди.

 

Ўн йил бурун ўзим ишдан урилиб, чет элларга кетишга мажбур бўлганимдан сўнг, Китобнинг кейинги ҳокимлари уни барибир  ишдан олишибди.

 

Кўп ўтмай Бурҳон ака юрак хуружидан  вафот этибдилар.

 

У киши ажойиб ташкилотчи, шойи ва атлас тўқиш ҳамда ишлаб чиқариш устаси эдилар.

 

Одамларни, ўз касбини, ҳалол ва ситқидил меҳнат қилишни, қўл остидагиларга ўз вақтида маош бериб, уларнинг тўю, ҳашамларида енг шимариб хизмат қилишни яхши кўрардилар.

 

Ҳозир раҳматли Бурҳон аканинг бу фабрикаси талон тарож қилиниб, ҳувиллаб қолган, хизматчилар кўчага ҳайдаб юборилган…

 

Қишлоқлардаги аҳвол бундан бадтар.

 

Бу ерлардаги энг обрўли одам участка милиция нозири билан қишлоқ магазини мудири экан.

 

Участка нозири гапига кирмаган истаган одамини қамаб, умрини турмада чиритиб юбориши мумкин экан. Истак бўлса бас.

 

Ишлаб пул топиш учун ёки бошқа сабаблар билан четга кетганларнинг оила аъзоларини қўрқитиб, шантаж қилиш одат тусига кира бошлаган.

 

Магазин мудирига кундалик эҳтиёж молларини олиш учун эса ялиниб бормаган одам қолмабди. Ҳаммада ҳам пул бўлавермаскан. Магазинчи истаган одамига дафтарига ёзиб қўйиб, қарзга нарса бериши мумкин экан…

 

 

Тошкентликлар магазини…

 

Китобда “Тошкентликлар” магазини борлигини олдин ҳам эшитган эдим.

 

Илгари кичкинагина кўримсиз бир хонадан иборат бўлган бу савдо маркази ҳозир икки қаватли мўҳташам комплекс биносига айланган.

магазинда

Бу ерда кундалик эҳтиёж молларидан ташқари энди мороженое ва ширинликларни ҳам сотиш йўлга қўйилган. Бу маҳсулотларни энди шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришяпти.

 

Магазин мудираси мени бир пиёла чойга таклиф қилганини айтишганида аввал ҳайрон бўлдим. Кейин боришга қарор қилдим.

магазинда 1

Мавжуда опа очиққўнгил ва кўҳликкина жувон экан. Савдо маркази ортидаги шинамгина ҳовлида – чорпояда жой тайёрлаб, анча тайёргарлик кўришибди.

 

хонтахтанинг устида  анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса муҳайё эди. Мен бу тўкин дастурхонни кўриб, китобликлар ҳақидаги тасаввурларим бир оз юзаки эканига ишонч ҳосил қилдим.

магазинда 2

Мавжуда опанинг хўжайинлари Хайрулло Эшбоев тери таносил касалликлари (кожвен) бўйича Китоб район марказий касалхонасида врач эдилар. Неъмат акам билан мединститутда бирга ўқишган, тенгдош ва касбдош дўст бўлишган.

 

Бугун уларнинг иккови ҳам раҳматли бўлиб кетишган.


Мавжуда опа хўжайинлари олиб берган тоторларнинг кичкинагина бир ҳовлисида дўкон очиб, ўзининг ҳалол меҳнати ва ташкилотчилик қобилияти билан мана шундай каттакон савдо маркази (супермаркет) барпо қилди.

магазинда 4

Демак, елиб югурган ва ҳаракат қилган одам бугун Ўзбекистонда оч қолмайди.

 

Мавжуда опанинг қўлида 30-40 тача одам ишлайди. Уларнинг ойликлари ўз вақтида бериб турилибди.

 

Атрофимизда хизмат қилиб юрган қизларни суҳбатга тортаман. Уларнинг бири торт ва печенье, яна бири турли ширинликлар пиширар экан. Яна бири пул санаркан, бошқаси ошпазлик қиларкан.

 

Кайфиятлари яхши, шу ердаги ошхонада бепул овқатланишаркан…
магазинда 3

Супермаркет қошида қизлар учун турли хил торт ва ширинликлар пиширишни, пазандаликни ўргатадиган ўқув мактаби очишибди.

 

Икки ҳафталик бу мактабга 50 000 сўм тўлаб кириб ўқишни истаганлар жуда кўп экан.

 

“Демак, қилса бўларкан-ку” – деган умидбахш бир ўй ўтди хаёлимдан.

 

Тўғри, ҳамма ҳам Мавжуда опа бўлолмаслигини ҳам яхши тушунаман.

 

Лекин барибир “Интилганга – толе ёр!” деган гап борлигидан ва у Мавжуда опага ўхшаганлар томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётганидан қалбимда ажиб бир ёруғлик туйдим…

 

 

Китоблик ҳоким фожеаси…

 

Одатда узоқ муддат юртда бўлмасангиз, бу ерда содир бўлган воқеа ҳодисалар ҳам сизга турлича талқин ва тафсилотлар билан етиб боради.

 

Хусусан, Китоб ҳокими Лўқмон Ғаффорововнинг фожеали ўлими ҳақида ҳам хорижга турли хил башорат ва тахминлар етиб борган эди. Биров у деди, бошқаси бу деди, лекин аслида нима бўлгани ҳақида аниқ тиниқ бир фикр йўқ эди.

 

Мен Ғаффор акани яхши танирдим. У Китобнинг Севаз қишлоғида туғилиб, шу ердаги ўрта мактабни битирган, оғир, босиқ, камгап ва камтар инсон эди.

 

Қандай қилиб ва кимлар орқали Китобга ҳоким бўлганидан хабарим йўқ. Бу пайтда мен аллақачон хориж эллар сари юз буриб  кетган эдим.

 

Китоб ҳокимининг ўз кабинетида осилган ҳолда топилгани ҳақидаги ваҳимали гап сўзлар баробарида хориж матбуотида, хусусан мухолифат сайтларида Ўзбекистон мулозимлари ва уларнинг бу каби фожеали ўлимларига сиёсий тус беришга уринишлар ҳам бўлган эди.

 

Мен бугун – туғилиб ўсган она юртимга қилган сафарни якунлаб, Тошкентга қайтарканман, Китобда содир бўлиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг акс садо берган бу фожеа тафсилотлари билан “Дунё ўзбеклари” ўқувчиларини таништиришни ўзимнинг журналистик бурчим деб билдим.

 

“Озодлик” радиоси 2009 йилнинг 13 август куни ўз жонига қасд қилган Китоб ҳокими Луқмон Ғаффоров ҳақида гапириб, у ўлимидан олдин отасига юқоридаги “катта”лар ундан катта пул талаб қилишаётгани, ишлагани қўйишмаётгани ҳақида айтган деб хабар тарқатган эди.

 

Унинг фожеали ўлимини Ўзбекистондаги юқори давлат органларида авж олган порахўрлик ва коррупция билан боғлашга уринишлар ҳам бўлди.

 

Бугун Китобда бу борада айтилаётган асосий сабаблардан бири – унинг маънавий бузуқчилик қурбони бўлгани билан боғлиқ.

 

Китоб райони – Қашқадарёга кираверишда – Ҳисор тоғ тизмалари бағридаги ям яшил ва хушманзара бир гўша.

 

Бу ерда ҳамма бир бирини танийди ва ҳурмат қилади.

 

Луқмон Ғаффоров – китобликлар орасида яхши ном қозониб келаётган ёш ва ғайратли, ориятли ҳоким бўлиб, ўзидан олдинги раҳбарлардек четдан келмаган, асли шу ерлик эди.

 

Нима жин уради-ю, йигитчилик қилиб райондаги тикувчи аёллардан бири билан “дон” олишиб қолади.

 

Китоб – кичкина жой дедик. Биринчи раҳбарнинг бундай “қинғир” қадами сезилмай қолмайди, албатта.

 

Ҳар жойда бўлгани каби Китобда ҳам бировни шантаж қилиб пул ўндирувчи жиноий гуруҳлар бор экан, улар мўмай пул ишлаш илинжида ҳокимнинг изига тушишади.

 

Алал оқибат улар тикувчи хоним билан тил топишади. Қандай қилиб тил топишганини тергов балким аниқлагандир.

 

Балким, улар атайлаб аёлни ҳокимга рўпара қилишганми ёки улар топишганларидан кейин қўлга туширишганми, бу бизга номаълум.

 

Маълуми шуки, ҳокимнинг барча пинҳоний учрашувлари, ундаги ажойиб ва ғаройиб ишқий ҳолатлари бор сиру асрори билан бошидан охиригача ётоқхонада махсус ўрнатилган яширин камерага ёзиб олинган бўлади.

 

Кейин ажойиб кунларнинг бирида бу видео лавҳалар ҳокимга қўйиб берилади ва ундан катта пул талаб қилинади.

 

Берилган 20-30 минг долларга қаноат қилишмайди. Кимсан район ҳокимида пул тўлиб тошиб ётибди деб ўйлашган шекилли.

 

Ҳолбуки, Луқмон ака ўша пулни ҳам ўз ори ва номусини асраш учун бировлардан қарзга олиб берган экан.

 

Бошқа топиб бера олмаслигини айтганидан сўнг, уни ўз кабинетида секин аста қийнаб, қўл-оёқларини синдириб, пажмурда гавдасини ҳокимлик столи устидаги электр симга осиб кетишади…

 

Бу ерда равшан ва очиқ ойдин ҳолатдан кўра ноаён ва тушунарсиз томонлар анчагина.

 

Аввал қийнаб ўлдирилиб, сўнг негадир осилган ҳокимнинг (агар у ростдан ҳам осилган бўлса) бу сирли ўлими китобликларда билмадим, шахсан менда бир талай жавобсиз саволлар пайдо қилганини бугун очиқ ойдин айтишим керак.

 

Эҳтимол бу фожеанинг бизга маълум бўлмаган бошқа томонлари ҳам бордир.

 

Балки Китоб ҳокимининг фожеали ўлимига сабаб бўлган асосий омиллар бир четда қолиб, бизни атай, чалғитиш учун мана шу ишқий томонга йўналтириб юборган бўлишлари ҳам мумкин.

 

Албатта, Китоб ҳокимининг ўз кабинетида осилган ё ўлдирилган фожеали сурати ва бу жиноят тафсилотлари тўлалигича мамлакат раҳбарига етказилганига мен бугун шубҳа қилмайман.

 

Президент давлат ва ҳукумат обрўйига раҳна соладиган бундай жиноятларни беэтибор қолдирмаслигини яхши биламан.

 

Мазкур жиноятни содир этишда айбдор деб топилган ўша тикувчи хоним ва тўрт нафар шахс (баъзилар уларни ички ишлар ходими деб айтишади)  ҳибсга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

 

Хўп, маҳкама жараёни ҳам тугабди, айбдорлар аниқланибди, бу яхши.

 

Лекин нега бу фожеа тафсилотлари – агар воқеа ростдан ҳам биз юқорида таърифлагандай бўлса – халққа ошкор этилмади?

 

Мен билган Президент бундай ҳол ойдинлашган заҳоти “Буни одамлар билсин, халққа ошкор қилинглар! Радио ва телевизордан чиқиб гапиринглар!” деб айтган бўларди.

 

Бундай қилинмаган бўлса, демак Китоб ҳокимининг бу фожеали ўлими ортидан ишқий ҳолатдан ташқари яна бошқа ва энг муҳими асосий сабаблар ҳам келиб чиқққан бўлиши керак.

 

Балким ижтимоий, балким сиёсий, лекин энг муҳими ишқий бўлмаган сабаблар…

 

Агар ростдан ҳам шундай бўлган бўлса, Президент бунинг сабабларини ҳам жиддий ўрганишни ҳуқуқ ва тартибот идораларидан қаттиқ талаб қилгани табиий, албатта.

 

Лекин нима бўлганда ҳам, Ўзбекистонда содир бўлган бу каби исталмаган ва нохуш ҳоллар бўйича, улар давлат ва ҳукумат обрўйига доғ туширса ҳам, барибир  одамларга батафсил маълумот берилиши керак эди.

 

Шундагина ҳокимнинг сирли ўлими боис Китобда то ҳануз айтилаётган турли туман гап сўз ва миш мишларга ўрин қолмасди.

 

Қолаверса, бу бошқа ҳокимлар учун ҳам аччиқ сабоқ бўлиб хизмат қиларди…

 

Биз кейинги пайтларда хорижда туриб Фориш тумани ҳокими Эшбек Муҳаммадиев, Жомбой тумани ҳокими Баҳодир Нурмуҳамедов, Фарғона шаҳар ҳокими Эркин Нуралиев, Нишон туман ҳокими Рустам Саъдуллаев, Термез туман ҳокими Шоймамат Шерқобилов, Бухоро шаҳрига атиги бир йилу 3 ойгина ҳокимлик қилган Ҳайит Комилов, Аввал жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажариб турган, сўнг Жиззах тумани ҳокими бўлган собиқ сенатор Маҳмуд Холбўтаев, Шаҳрисабз туман ҳокими Ўктам Хидиров ва бошқа ўнлаб ҳокимларнинг ҳибсга олинганлари ҳақидаги ташвишли хабарларни эшитиб, Ўзбекистонда ҳокимларнинг тез тез алмашиб ва қамалиб туришига кўникиб қолганмиз.

 

Лекин Ўзбекистон аҳолиси бундай хабарларни мутлақо эшитмаслигини ва билмаслигини бизга айтаркан, биз ўзбек жамиятидаги бу ёпиқликдан, оммавий ахборот воситаларининг бу “соқов ва кар”лигидан ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно бўлганимизни ҳам айтишимиз керак бўлади…

 

Майли, яна Китоб ҳокимининг фожеали ўлимига қайтсак.

 

Агар жиноятчилар ростдан ҳам ҳокимни шантаж қилиб, пул ишламоқчи  бўлишганида, ўша 20-30 минг долларга ҳам қаноат қилган бўлардилар.

 

Ёки қўлларида бўлган видео билан вақт ўтказиб, ҳокимдан яна пул ёки бошқа “илтимос” ва имтиёзларни ўндиришлари мумкин эди.

 

Ҳокимни – Президентнинг райондаги расмий вакилини қийнаб ўлдириш учун пулдан ҳам муҳимроқ – юқори давлат тизимларига дохил бошқа жиддий сабаблар бордай менинг назаримда…

 

Нима бўлганда ҳам Китоб ҳокими ўлимининг асосий сабаблари вақт ўтиб албатта маълум бўлади ва элга расман ошкор этилади. Бунга бир оз вақт керак шекилли…

 

Мен Ғаффор аканинг Севаздаги уйига таъзияга бормоқчи эдим, лекин бормадим.

 

Бунинг сабаби, биринчидан – у кишининг оила аъзоларини бундан тўрт йил муқаддам содир бўлган бу ноқулай фожеа боис безовта қилиб, хаёллари яна паришон бўлишини истамадим.

 

Чунки мен у ерга борсам, касбим нуқтаи назаридан албатта фожеа тафсилотларини сўрашга мажбурман ва бу уларнинг кўнглига малол келиши мумкин эди.

 

Қолаверса, фожеали ҳалок бўлган ҳокимнинг турмуш ўртоғи опам билан район касалхонасида бирга ишлаши боис, уларнинг муносабатларига раҳна солгим келмади.

 

Ғаффор аканинг гулдай оиласи, ажойиб фарзандлари, ширин шакар набиралари бор.

 

Уларнинг суюкли оталари билан боғлиқ бу лаънати фожеани секин аста унутаётган мажруҳ хаёлларига беилтифот кириб бориш, энди энди бошланаётган тинч ва осойишта ҳаётларига яна ғам ва алам, ўкинч ва маломат солишдан фойда йўқ эди…

 

(давоми бор)

Leave a Reply
*