Menu
Categories
Майор А.Жаҳоновни ичган қасами урди
05/02/2013 Ватандан хабарлар

Пахтакор  туман  ИИБ нинг жиноят   бўлимининг  собиқ ходимининг берган маълумотига қараганда Пахтакор туман  Ички Ишлар Бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари  МАЙОР  АКМАЛ  ЖАҲОНОВ  2013  йил 30 март  куни эгаллаб турган  лавозимидан  бўшатилди.

Майор А.Жаҳонов мансаб курсисида ўтирган пайтида  «қонун менга хизмат қилади» деб билди.  Шу  сабабли  у  хохлаган номаъқулчилигини қилди. Шундай номаъқулчиликлардан бири майор собиқ ходими Умид Бегматов (ҳозир Зарбдор  туман  ИИБга ишга ўтказилди) ва «Чаманзор»  ҚФЙ раиси Товбой Солиевнинг ёрдамида уюштирган фитнаси ҳамда Пахтакор туман жиноят ишлари бўйича суди раиси, қўғирчоқ судья А.Аҳмедовнинг чиқарган қарори асосида  2012  йилнинг  6  декабр куни Нуринисо Холбоева иккаламизни ўн беш кунга қамади. Калтаклади. Хўрлади.  Бизга туҳмат қилаётганлигини, бегуноҳлигимизни  Яратган  кўриб турганлигини  унутди.

Ўша машъум кунлар, ҳолатлар кўз олдимда муҳрланиб қолди. Бизни тиббий кўрикдан ўтказиш учун чойхонадан касалхонага олиб келаётган машинанинг олдинги ўриндиғига ўтириб олган майор А.Жаҳонов шунчалар хурсанд эди-ки, ҳатто ашула ҳиргойи қилди. Мен: «Ҳозир сиз ашула  айтаяпсиз, эртага бошқа биров айтади. Қачондир, қаердадир бу қилган жиноятингиз учун албатта  жавоб берасиз. Жиноят қилишингизга йўл очиб берган, сизни ҳимоя қилиб турган амалдорлар бугунги эгаллаб турган лавозимидан эртага кетар. Жиззах вилоятида қонун бугун ишламаса эртага  ишлар. Худо бор. Ундан қўрқинг. Қайтар дунё бу.  Бандаси нимани экса шуни ўради. Сиз ҳам кун  келиб албатта экканингизни  ўрасиз» — дедим.

Биз турган  камерага  маст  ҳолда  кириб  келган  А.Жаҳонов ўзининг номардлигидан, тубанлигидан, ожизлигидан мағрурланиб: «Хўш, ватан хоинлари, қўлимдан нималар келишини билиб олдиларингми? Эшит СЕН (у онасидан  ҳам  катта  аёлни,  мени калтаклар экан,  сенларди) йўлингдан  қайтмайдиган  бўлсанг болаларингни  ҳам, келинингни  ҳам,  ҳатто  неварангни  ҳам  аямайман. Ҳаммасини  йўқ қиламан. Ҳе–ей,  қонун борми? Қайси қонун? Қонун –  менман. Эшит! Қонун — менман. Ҳаммангни  қуритаман. Овозингни чиқарчи. Бошингга нима  кунларни соларканман» -дея одам  оғзига  олиш  у ёкда турсин, эшитишга уяладиган сўзлар билан ҳақоратлаб урар экан, юқоридаги гапларни такрор  ва такрор  айтди.

Кейин Нуринисонинг ёнига бориб: «Ёлғиз болангни қамоқда чиритаман! Эшитиб ол. Кимлигимни билдингми? Сенга айтаяпман, кимлигимни билдингми? Билдингми?- дея сочларидан ушлаб олганича  бошини деворга урди. Оғзидан чиққан ҳақоратлар урганидан баттар эди. Яна бир куни  камерага кирган вақтида у бизга қараб: «Эшитиб ол  иккаланг. Устимдаги формамни қўйиб қасам ичаман. Сен иккаланг яна бир бор интернетдан бирон нарса чиқарадиган бўлсаларинг уруғ аймоғинг билан қамоққа тиқаман. Устимда кийиб юрган формамни ўртага қўйиб қасам ичаман. Агар шундай қилмасам, формани ечиб, унга тупуриб кетаман» — деганди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим-ки, туман ИИБ ходимларининг қилаётган жиноятларида вилоят ҳокими Сайфиддин Умарович Исмоиловнинг укаси, Пахтакор туман ИИБ бошлиғи подполковник Камолиддин Умаровнинг ҳам ҳиссаси катта, чунки ўринбосари А.Жаҳоновнинг қилган жиноятларидан бошлиғи бехабар эмас. Аксинча, жиноятларнинг бошида турган К.Умаровнинг ўзи. Буни қуйидаги ҳолдан кўриш мумкин. 2012 йил 6 декабр куни Пахтакор туман ИИБ бошлиғи Камолиддин Умаров номига БИЛДИРИШ хати ёзганмиз. Бошлиқ К.Умаров бу жиноятга шерик бўлмаганида ўша куни иккаламиз ёзган билдириш хатига имзо чекиш вақтида ўқиб кўргач, биз билан сўҳбатлашган, ҳолатга аниқлик киритган, жиноятнинг олдини олган бўларди. Бироқ бошлиқ К.Умаров ўзи бошқараётган ИИБда бўлаётган барча номаъқулчиликларга йўл қўйиб бераяпти. Ўринбосари майор А.Жаҳонов қанчалик айбдор бўлса, бошлиғи подполковник К.Умаров ундан кўпроқ айбдор. (К.Умаровнинг камера ичида ўтирган пайтимизда олдимизга келиб айтган гаплари тўғрисида алоҳида ёзаман).

Майор Акмал Жаҳоновнинг ишдан кетишига айни пайтда шаърий никоҳида бўлган иккинчи хотинига: «Мен оперман. Менга шундай ҳуқуқ берилган, хоҳлаган куним эринг бўламан, хоҳлаган куним отанг бўламан» дея калтаклаб, хўрлаб азоблагани, ҳатто ҳаётига қасд қилишгача борганлиги учун, иккинчи хотини ўзининг ва болаларининг ҳаётини сақлаб қолиш илинжида Республика ИИВ га, МХХга, Ўзбекистон Бош пракурорига ёзган шикоят аризаси сабаб бўлган.

Одамларнинг миш-мишича майор А.Жаҳонов коррупцияга қарши кураш бўлимига кетганмиш, вилоят ИИБсига кўтарилганмиш, Сирдарё вилоятига  кўтарилиб кетганмиш, пенсияга чиқиб кетганмиш. Тўғри, шикоят Жиззах вилояти орган ходимларига ёзилганда шундай бўлиши аниқ эди. Шикоятчи буни сезган, шекилли, Республикага ёзибди. Қонун қандай ишлашини кузатиб борамиз. Ўзбекистоннинг бошқарув тизимида ҳам Пахтакор туман ИИБ бошлиғи подаолковник КАМОЛИДДИН УМАРОВга, унинг биринчи ўринбосари  майор  АКМАЛ  ЖАҲОНОВга, судья А.АҲМЕДОВга ўхшаганлар қонунни ҳимояловчилар курсисини эгаллаб олишмаган бўлса, ҚОНУН ишлайди.

Мансабидан, курсисидан, юлдузидан ҳаволаниб кетган, АЛЛОҲни ҳам унутган майор А.Жаҳоновни бугун ичган ҚАСАМИ урди, шекилли. Аслида, давлатнинг, жамиятнинг номини қалқон қилиб, ишониб  кийдириб қўйган формасидан, берган лавозимидан, имкониятларидан, ўтқазиб қўйган мансаб курсисидан фойдаланиб, жиноят қилиб, қонунни хоҳлаганларича бузиб, ЎЗБЕКИСТОННИ обрўсизлантираётганлар ҳам, юзини қора қилаётганлар, тузини еб тузлуғига тупираётганлар ҳам, хиёнат, ҳам хоинлик қилаётганлар шулар эмасми???.

Саида  ҚУРБОН

Жиззах.  Пахтакор  тумани.

http://uzxalqharakati.com

Leave a Reply
*