Menu
Categories
Қутлибека РАҲИМБОЕВА: “Шеърларингиз-ку яхши экан, ўзингизни қаердан топаман, Шамсияжон?”
05/22/2013 Адабиёт

ADABIYOT MANZARALARI
 қутлибека
Қутлибека РАҲИМБОЕВА:1994 йилнинг кузида “Саодат” журналида иш бошлаган кунларимда тортмамдаги қўлёзмалар орасида бир шеърий туркум диққатимни тортди. Остига “Шамсия Худойназарова” дея имзо қўйилган бу шеърлар тиниқ, самимий эди. “Мен осмон қизиман” деб умумий сарлавҳа қўйиб бир туркумини журнал учун тайёрладим, ёнига: “Шеърларингиз-ку яхши экан, ўзингизни қаердан топаман, Шамсияжон?” деб ёзиб қўйдим. Орадан бир икки ойлар ўтгач, таҳририятга мовий кўзли, ихчамгина жуссали бир қиз кириб келди.
– Мен Шамсияман, – деди одатдаги “Кимсиз, қаердансиз?” тарзидаги сўроқларимга жавобан.
Шамсия билан танишувим шундай бошланди.”Саодат”нинг навбатдаги сонида чоп этилган туркуми ҳақда бош муҳарриримиз Ойдин Ҳожиевадан бошлаб таҳририятимиз ходимлари илиқ фикрлар айтишди.
Шундан буён 18 йил ўтибди. Шамсия Ўзбекистон Миллий университетини муваффақиятли тугатиб, Ўзбекистон телерадиоканалининг Ёшлар таҳририятида ишлай бошлади. Ёшлар қалбига яқин эшиттиришлари билан уларнинг меҳрини қозонди.
Шеърий китоблар чоп эттирди. Даврий матбуотда эълон қилинган шеърлари устоз ижодкорлар, адабиётшунослар эътиборига тушди.
Изланишлар, топишлар, эътирофлар аро шоира ижодкор сифатида улғая бошлади
Одатда, ижодкорлар орасида: “Қизлар турмушга чиққунча яхши ёзади”, тарзидаги бироз ҳазиломуз гаплар юради. Шамсия ўз ижоди билан бу фикрларни рад этди.
У ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўзига чинакам йўлдош, суянч бўла оладиган йигит – журналист Нарзулла Охунжонов билан тақдирини боғлади. Бугун уларнинг оиласида Фарзона, Фаёза, Умида, Дурдона, Шукрона (кўз тегмасин) исмли бири-биридан ширин фарзандлар камолга етяпти.
Оналик, маҳбубалик, радиожурналистикадаги шиддат, тезкорлик Шамсияга янги фикрлар, янги руҳ берди. Шоиранинг мазкур тўпламдаги шеърлари шундай фикр билдиришга асос беради.Тақдир тегирмони айланар неча,
Синовлар ичрамиз ҳар кун, ҳар кеча.
Дунёдан ўтса бир ишқли бойбича,
Фирдавс маконини кенг қилгин, Раббим…

Сизга тақдим этилаётган “Маҳбуб куйлар” шеърий иктобида шоиранинг лирик қаҳрамони илк сўзиданоқ шеърхонга ўзини шу сифатда – “ишқли бойбича” тарзида таништиради. Ва барча шеърларида шу сифатига содиқ қолади.
Шоиранинг лирик “мен”и ўзини яхши билади, комил ишонч билан:
Мен эса ана шу ёмғирлар билан
Руҳ қанотин ёза-ёза ёғарман.
Телбадай яшнатиб Гулларингизни,
Бир умр ёғарман, тоза ёғарман, –
дейди.
Лекин унинг танлаган ишқ йўли равон, текис эмас. Шунинг учун:
О, муҳаббат, хушбўй атиргул,
Бандинг узиб, бармоғим қонар, –
дея аламланади.
Кокилларим – туннинг хивичи,
Тўқсон тандир ичинда ичим.
Ловуллайди гулхан хушбичим,
Эсларингдан оздириб келдим, –
дея ўртанади.
Бу аламлар, ўртанишлар недан? “Мен”нинг бунга жавоблари аниқ:
Шодмисиз дард достонин ёздириб,
Бир фақир оқилни ҳушдан оздириб,
Кетдингиз паймол этиб ишқ ғунчасин,
Ўз дилимдан ўзимга чоҳ қаздириб…
Лекин бундай ҳолат Шамсиянинг лирик қаҳрамони учун ўткинчи ҳолат. У ўзининг муҳаббати қудратига ишонади:
Бас кела олмагай сузук мастонлар,
Байту баҳорлару матал, чистонлар,
Қадим ишқ илмида хос бир достонман,
Мен сизни ҳеч кимга бериб қўймайман!
Шоиранинг лирик “мен”и ишқни бўлакларга бўлмайди. У “ўша”сига нисбатан қандай ўтли муҳаббатни ҳис этса, киндик қони томган Олтинсойга ҳам, Сурхондарёга ҳам, хоки Олтинсой тупроғига қўшилган ота-онасига, қолаверса, буюк юрт – Ўзбекистонга ҳам шундай буюк муҳаббатни ҳис этади.
Шеърни “Шеър – ҳикмат дунёсин порлоқ тожидир”, дея баландларга кўтарса, “Она, қора қайғуингизни оппоқ умрим билан оқлугум”, дея энг азиз зот хотирасига ваъда беради.
Лирик қаҳрамоннинг онтидан ҳам, шодлиги, қайғусидан ҳам севги ҳиди келади. Шуниси билан у юракка яқин, руҳга яқин.
Шу ишқ воситачи бўлгани учун, шоира шу ишқни ўртага қўйгани учун:
Ҳаққим йўқ – лутф этмай жим яшамоққа,
Билганига бахил пирга ўхшамоққа,
Ки башар аҳлига етгулик меҳрим
Бўла туриб, четда қон қақшамоққа
Ҳаққим йўқ!
Шоир бўлмасликка ҳаққим йўқ менинг! –
деган ҳайқириқларига ҳам ишонамиз.
Шамсиянинг шоир сифатида шеърдан шеърга улғайиб бораётгани унинг шаклий изланишларида ҳам сезилади. Китобдаги бармоқ вазнидаги салмоқдор, вазмин оҳангли шеърларни халқона бахшиёналар тўлдиради.
Тўртликлар, бешликлар, олтиликлар, “Дағи ишқ базмида кўнглимни очдим, Дағи ишқ тирноғи тилди юзимни” тарзидаги мумтоз услуб, “Ҳо, дурма, дурма, дурма” шаклидаги халқ қўшиқларининг йўли, “Дунё-ю, ю-ҳо, оҳу” сингари зикрга ҳамоҳанг бир жарангдорлик – буларнинг ҳаммаси шоиранинг фақат шеърият ботини учун эмас, зоҳири учун ҳам гўзаллик, жозиба ахтараётганини далиллайди.
“Бу юрак, бу юрак – севгизор”, “Осмон чапак чалди чақмоқ товушли”, “Кел, дилингни сўнгги бор чайгин, кўзларимнинг кумуш сойина” каби ташбеҳлардан ҳам Шамсиянинг шоир қалби бор жозибаси билан кўриниб туради.
Элда “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деган нақл бор. Мен зоҳиран муниса, мулойим кўринса-да, ботинида халққа дахлдорлик, миллатга дахлдорликдек катта масъулият, катта бурч яшаётган шоира синглимнинг бир китобга жамлаган шеърларидан кўпроқ фазилат изладим. Топганимда қувондим.
Шамсиянинг ҳаётини ҳам, ижодини ҳам Ақл бошқаради. Ниманики шеъриятга бегона билса, ундан ўзи воз кечишига ишонаман. У бир шеърида:
Сўздан Сўзга ўсиб боряпман. Мени
Юксалтирар Сўзлар пиллапояси…
дейди. Бу унинг фақат ўзига ўзи берган баҳоси эмас, эртаги кундан умиди, ижодининг эртасига, сўзга, адабиётга садоқатига ишончи.
Бу ишончга ишонаман.

ШАМСИЯРўйинг аро боққан қалбми ул,
Ё ёноқда рангингму ёнар.
О, муҳаббат, хушбўй атиргул,
Бандинг узиб, бармоғим қонар…Орзулар-ла бўлиб ман машғул,
Ой нурини ичмоқ истадим.
О, муҳаббат, хушбўй атиргул,
Бўйларингни қучмоқ истадим.

Балки ҳаддан ошибман буткул,
(Телба руҳим байрамлади-да…)
О, муҳаббат, хушбўй атиргул!…
Ошиқ йигит найрангларидай:

Нағмаланар найнинг навоси,
Айт, не сирни англатмоқда ул?
Ҳаётимнинг мушкин ҳавоси –
О, муҳаббат, хушбўй атиргул!…

ШАМСИЯДўстлар, мендан воз кечолмайсиз,
Мажлис аро ўз овозим бор.
Торингизга тегмас бармоғим,
Ўз баёзим, куй-у созим бор.Дарпардани ёпманг зардали,
Бир рубобга тортилган тормиз.
Айро-айро товуш берсак ҳам
Сўз санъати ичра ҳамкормиз.

Гоҳ дилимни оғритиб қўйиб,
Дилгинангиз оғригани рост.
Гоҳ саҳнидан сазойи қилиб,
Хаёлингиз соғингани рост!

Гарчи ўтган ишга саловат,
Озорингиз қилмасман таъна.
Жонгинангиз бўлсин саломат,
Одамийлик қилсин тантана!

Дўстлар, мендан воз кечолмайсиз,
Мажлис аро ўз овозим бор.
Торингизга тегмас бармоғим,
Ўз вазним, авж сўз- у созим бор!

Шамс отлиғ осмоний исмим,
Кўкка етар ишқу додим бор.
Ёнингиздан йироқ кетсам ҳам,
Аммо ёдингизда ёдим бор!
Дўстлар, мендан воз кечолмайсиз…

"1" Comment
  1. Qutlibeka Rahimboevani ko`proq bering Ismat aka, bu ayol juda yaxshi narsalar yozadi. U biz tomonlardan. Bir paytlar biz ham unga muhlis bo`lib orqasidan chopib yurardik. Miraziz A`zamning oilasi bi kishi. Juda yaxshi va ahil oila. Ho`jayinlarining ham ijodidan o`qiylik. Rahmat!

Leave a Reply
*