Menu
Categories
Исмат Хушев: Қашқадарёдан Тошкентга қайтиш (22)
05/28/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

 

Исмат Хушев

 

“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан

 

Китоб ва китобликлар…

 

Ўн йиллик айрилиқдан сўнг она юртим Китобга қилган сафарим ҳам тугаб, ниҳоят яна Тошкентга қайтадиган бўлдим.

 

Китоб ва у ерда яшаётган одамлар ўн йил муқаддам қандай бўлсалар, ҳозир ҳам ўшандай мунис ва қадрдон эди мен учун.

 

Фақат энди бу диёр ва бу одамларнинг кайфияти ўзгача – маъюс ва маҳзун эди назаримда.

 

Ё менга шундай туюлган, ё кундалик ҳаёт ташвишлари бугун Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларини бирдай ўз домига тортганидан далолат эди бу.

 

Китобда яна бир нарса эътиборимни тортди: Бу ерда ҳамма менга ҳавас билан қаради.

 

Шундай бир ҳаваски – агар мулозимликдан урилмай то бугунга қадар эсон омон раҳбар бўлиб ишлаб юрганимда ҳам тополмайдиган камёб бир ҳавас эди.

 

Шундай бир ҳаваски – одамларнинг менга термулган мунис ва маҳзун нигоҳларида айтилмай қолган чексиз бир армон-у ҳасратга йўғрилган бир ҳавас эди.

 

Чунки, улар энди менга ўз дарду ҳасратларини олдингидай очиқ ойдин айтолмасдилар.

 

Сабаби энди мен Ватандаги қудратли мулозим эмас, Ватансиз оддий бир муҳожир эдим…

 

Шундоғам улар менинг кутилмаганда ўн йиллик сукутни бузиб Ватанга ҳеч бир тўсиқ ва қаршиликсиз кириб келганимдан ҳануз ўзларига келолмасдилар.

 

Ҳануз бу сирли ва сеҳрли ташриф сабабини билолмай лол ва ҳайрон эди китобликлар…

 

Ана шу ҳайрат ва ҳасратларнинг ҳаммаси мужассам эди уларнинг бу ҳавасларида…

 

 

Хайр, Китоб, салом, тоғлар…

 

Жиян билан Тошкентга қайтарканмиз, энди машинада ёлғиз ўзим эдим.

Опам ва янгам мен Торонтага кетар пайтим Тошкентга кузатишга келадиган бўлиб, Китобда қолишди.

 

Қайнарбулоқ қишлоғидан чиқиб, “Минг чинор” ГАИ (ДАН) постига яқинлашарканмиз, энди бу ерда машиналарнинг навбат кутиб тизилиб турган карвонини учратмадик.

 

Машиналарни текшириб ўтказаётган милиция ходимлари бизни бу гал тўхтатмай ўтказиб юборишди.

 

Кўп ўтмай Ҳисор тоғ тизмалари бошланди.

 

“Минг чинор”дан ўтиб, “Минг булоқ”да янада тўхтадик. Ҳовучларимни тўлдириб муздай сувдан тўйиб тўйиб ичиб олдим.

 

“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.

 

Ҳисор тоғларининг нақ тепасидаги будкачада тандир гўшти сотилаётган экан. Тўхтаб, сотувчи билан бир оз суҳбатлашдик.

 

Сўнгра икки килосини олиб, йўлимизда яна давом этдик.

 

Бу гал нархи бошқачароқ  экан – килоси 40 000 сўмдан.

 

“Бир кунда битта қўй сотилса ҳам катта гап” дейди сотувчи. “Баъзан сотилади, баъзан сотилмай қолиб ҳам кетади…”

 

 

Унга омад тилаб, яна йўлда давом этамиз.

 

“Тешик тош” ёнидан ўтаётганда жияндан машинани тўхтатишни илтимос қилдим.

 

Бир пайтлар “Дунё ўзбеклари”да Карим Баҳриевнинг Ҳисор тоғ тизмаларида – Ургутнинг Тахтақарача довонида тушган суратларини, катта катта харсанг тошлар расмини эълон қилганимда у шу жойларни ташлаб кетмаганига, шу диёрда яшаб қолганига жуда ҳавас қилган эдим.

 

Ҳатто тўрт сатр шеър ҳам битган эдим Каримнинг лолазор бағрида тушган бетакрор расмига қараб:

 

Дўстим Карим Баҳриевга…


 

Исмат Хушев

Қулоқ тутгин ушбу нидога:

Бугун сен – шоҳ, биз эса – гадо,
Узат қайга етса дастингни.
Ургутнинг шу қирлари аро,
Лолазорда тушган расмингни –

Алишмасман бутун дунёга…

 

Мен Каримга ҳавас қилиб, шеър битарканман, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўзим ҳам шу жаннатмакон  гўшаларда сайр қилиб юришимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…

 

Бир соатлар тоғ кезиб, расмга тушдик.

 

Қизиқиш билан бўлиб, машина турган йўлдан бир икки километрлар тепага кўтарилиб кетганимизни ҳам сезмай қолибмиз.

 

Ортга қайтишда сезилди анча олислаб кетганимиз.

 

Наъматак ва кийик ўти…

 

Ажиб ва хушҳол бир ҳолатда яна йўлда давом этамиз.

 

Ўз она юртингда эмин эркин сайр қилиш қандай яхши!

 

Тоғдан тушаверишда – ҳали Ургут бошланмасдан туриб, эскигина бир дўкон бор экан.

 

Тоғларда бўладиган – қон босимига қарши ишлатиладиган ўт-ўланлар (кийик ўти билан наъматак) излаб ўша жойга кирдик.

 

Полкаларнинг ярми у бу нарса билан тўла, қолганлари бўм-буш. Нурсизгина, хира, тор хона.

 

Мудир дилкаш ва самимий киши экан. Бир пасда бир олам гап сўзни айтиб, эски қадрдонлардек иноқлашиб кетди.

 

Сўнг пештахта устидаги чанг босган кострюлкани олиб, чангда қолган  ним пиёлага қизил тусли суюқлик қўйиб, менга узатди.

 

Мудирнинг қўлини қайтариш ноқулай бўлади деб ўйланиб турганимни сезди шекилли:

 

–          Тортинмай ичаверинг, бемалол… – деб далда берган бўлди.

Бир ҳўплаб кўрдим. Бир чети учган, чанг ва кир латтага ўралган бу кўримсиз идишдан бу қадар хушбўй ва мазали ичимлик ичаман деб ўйламаган эдим.

 

Наматак ва кийик ўтидан дўконда қанча бўлса, ҳаммасини олиб яна йўлда давом этамиз.

 

Жомбойдаги бир лаган ош…

 

Ҳадемай Самарқанд шаҳри ҳудуди тугаб, Жомбой ерлари бошланди.

 

“Қора ойна” деб ёзиб қўйилган ошхона олдидаги каттакон дош қозонда ош дамланган, қўлида каттакон капгир тутган ошпаз уни эндигини очишга ҳозирлик кўраётган эди.

 

Биз жомбойликлар пиширган бу паловнинг мазасини татимай бу ердан ўтиб кета олмасдик.

 

Эрта индин океан ортидаги Америка қитьасига кетаётган одам учун бу ерда тўхтамай ўтиб кетиш катта гуноҳ эди. Ва биз буни яхши билардик.

 

Ошхонада одам кўп, афтидан ҳамма ошнинг очилишини кутиб турган эди.

 

Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлса ҳам, лекин ошхона хизматкорлари негадир бизга эътибор қилиб, олдимизга югуриб келишди.  Ё менда мулозимлик кўриниши бор, ёки бу ердагилар бегона одамларни бир кўргандан билсалар керак.

 

Бир лаган ош айтдик.

 

Лекин ўзим бориб суздириб олдим. Қозоннинг бошида ош сузилишини кузатишнинг ҳам бир гашти бор, ахир.

 

Аччиқ чучугу, чой нон келтиришди.

 

Оҳ, ўша бир лаган ош!

 

Бугун энди бу жойлардан ўн минг километр узоқ Канадада ўша бир лаган ошни эслаб, кечалари баъзан уйғониб кетаман.

 

Бу ерларда кейин ҳам  бир неча маротаба ош пиширдик. Оилам ошни яхши пиширади.

 

Лекин барибир Жомбойдаги, Жиззахдаги ва умуман Ўзбекистондаги ошларга ўхшамайди бу ерларда пишган ош…

 

Ошни еб, ҳисоб китоб қилиб бўлгач, ошпаз билан суҳбатлашдик. Ошхона Фарҳод ака Бурҳоновга тегишли экан.

 

Дарвоқе ҳисоб китоб ҳақида. Ўша кунги бир лаган ош нархи 5 000 сўм бўлди, холос. Чой, нон, аччиқ чучуги билан. Бу жуда ҳам арзон эди.

 

Умуман Тошкентдан то Китобгача, Китобдан то Тошкентгача бўлган Катта Ўзбек Трактининг ҳар икки томонидаги аҳоли яшаш пунктларида, машиналар тўхташ бекатлари ва савдо сотиқ дўконлари жойлашган гавжум гўшаларда фаолият олиб бораётган юзлаб ошхоналарни учратиш мумкин.

 

Бу ошхоналарда сиз истаган мазали таомингизни еб, мазза қилиб дам олишингиз, ҳордик чиқаришингиз мумкин.

 

Фақат бу ерлардаги гигиена талаб даражасида эмас.  Қўл ювиш, ҳожатхона муаммолари кишиларнинг дилини хуфтон қилишини ҳисобга олмаганда, бугунги Ватан ошхоналари ҳар куни одамлар билан гавжум.

 

Дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳаёт давом этаяпти.

 

Фақат ўзбек ҳукумати бу ошхоналардаги биз юқорида айтган муаммоларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳам ўйлаб кўрсалар яхши бўларди.

 

Иложи бўлса бу ошхона мудирларини ўз ҳисобларидан бир ҳафта бир ҳафта Канада ёки Американинг энг чекка ва олис ҳудудларидаги ошхоналарга хизмат командировкасига юбориш керак.

 

Улар бу ердаги тозалик ва гигиена даражасини ўрганиб, ҳожатхона ва қўл ювиш хоналаридаги шарт шароитларни ўз кўзлари билан кўриб, Ўзбекистонга қайтсалар, ўз ошхоналарини ана шу талаб ва мезонлар асосида қайта қурсалар айни муддао бўлур эди…

 

Бу йўллар куп қадим йўллардир…

 

Яна йўлда давом этамиз. Хаёлимизда эса беихтиёр қайсидир шоирнинг болалик йилларимизда ёдлаган сатрлари чарх уриб айлана бошлайди:

 

Бу йўллар куп қадим йўллардир.

Жаҳоннинг фотиҳи Искандар,

Рус қайсари қотил Жўжи,

Темурланг қолдириб кимсасиз из,

Қон дея, қон дея босароқ кечмишдир…

 

Жиззахдан ўтирканмиз, яна  йўл четида қатор териб қўйилган олмаларга кўзимиз тушди.

Орадан ўн йил ўтиб кетган бўлса ҳам, бу ерларда ҳануз олма сотилади.

 

Жиззах олмасининг таъми бўлакча. Еб тўймайсиз…

 

Тошкент вилоятининг Чиноз райони ҳудудидаги балиқ пиширувчилар олдидан яна бепарво ўтиб кета олмадик.

 

Қорнимиз тўқ бўлса ҳам икки кило балиқ пиширишларини илтимос қилдик. Қолганини ўзимиз билан олиб кетамиз деб ўйладик.

 

Лекин ҳаммасини бир ўтиришда еб қўйдик. Бу ердагилар балиқ пиширишни қойиллатишади. Иложи бўлса одамлар Чинозга бориб, балиқ пиширишни улардан ўрганишлари керак.

 

Фақат нархлар ҳам шунга яраша экан. Бир кило пишган сазан балиғи нархи 30 000 сўм. (10 АҚШ доллари атрофида)

 

Китоб тоғларидаги қўйнинг бир кило тандир гўшти ҳам агар эсласангиз шу нарх атрофида эди…

 

Салом, Тошкент, гўзал пойтахтим!

 

Ниҳоят олисдан Тошкент кўринди.

 

Бетонкадан ғизиллаб келаётган машинамиз юриши секинлашганидан пойтахтга яқинлашиб қолганимизни сездик.

 

Энди машиналар карвони пойтахтга кираверишда яна милиция назоратидан ўтиши керак.

 

Лекин бу ерда бизни қийнамай жуда тез ўтказиб юборишди. Беш ўнта машинадан шубҳали туюлган бирортасини ушлаб текширишмаса, деярли ҳеч кимни тўхтатишмасди.

 

Ниҳоят биз Тошкентдамиз.

 

Салом, Тошкент, гўзал пойтахтим!

 

Ажаб, киндик қоним томган Китоб аслида – она юртим.

 

Лекин барибир мен Тошкентни соғинган эдим…

 

Тошкентга кириб келарканман, эрта индир бу юртни яна тарк этишим боисми, билмадим, негадир бу гал Абдулла Ориповнинг мана бу

маҳзун сатрлари хаёлимни банд этган эди:

 

Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида,

Секингина зирқирайди беором қалбим.

Мен умримнинг бу суронли кечаларида,

На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.

 

Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар,

Энди сендан кетгаймиз ўдеб сўрайди жавоб.

Қўймайдилар бир зум ҳам ҳол жонимга  улар.

Қўймайдилар орзуларинги чиқди деб сароб…

 

тандир

 

тандир 1

 


тошкентга қайтиш

чинозда 11

чинозда 10

 


жиззах олмалари жомбой

 

ошхона

ошхонада

тоғл

тог

то

т

тоғлик

тоғда

тоғлар 3

 

тоғлар 2

 

тоғлар 1

 

тоғлар

 

кийик ўти дуо

кийик ўти 1

 

кийик ўти

 

тоғ

 

(давоми бор)

"1" Comment
  1. Gigienani organish uchun yakinrok Turkiyaga borib kelishsa ham bolaveradi . Albatta Kanadaga borish shart emas . Turk restoran va oshhonalari dunyoda birinchi orinda turadi . Togri, hammani ozini milliy taomi va ogzi organgan taomlar mazasi farklidir . Bu mavzuda siz haklisiz .

Leave a Reply
*