Menu
Categories
Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (38-42)
05/31/2013 Адабиёт

Одил ака хотини биланҚаловини топса…

Одил ака янгиликка роса ўч одам бўлиб, ижодкор оддий одамлардан бир қадам олдинда юриши керак, деб ҳисоблардилар.

Шунинг учун жуда кўп газета ва журналларга обуна бўлардилар.

Ижоддан юлиб олинган бир нафасгина дам олиш вақтлари мутолаа учун ажратиларди.

Одатда атрофларига бир нечта китоб ва газеталарни ёйиб олиб, мутолаага шўнғирдилар.

Менга ва болаларга ҳам бўш вақтларингда китоб ўқинглар, деб қайта-қайта танбеҳ берардилар.

«Тўғри, телевизордан ҳам кўпгина маълумот олиш мумкин. Қўшиқ эшитиб, гўзалликдан баҳраманд ҳам бўласиз. Лекин телевизор қаршисида ўтириб ўтказилган вақт ўзини оқламайди.

Чунки телевизор фикрлашга ўргатмайди. Бунинг учун, албатта, бадиий асар ўқиш керак, яхши асарларни қайта-қайта ўқиш шарт», – дердилар.

Қиш оқшомларида ярим тунгача газета-ю китоблардан бош кўтармасдилар. А.Герцен, Л.Толстой, А.Чехов, Абдулла Қодирий каби буюк ёзувчиларнинг асарларини ёстиқларининг тагида асрардилар. Уларни қайта-қайта ўқиганлари учун китоб жавонига қўйишимга рухсат бермасдилар. Шеър ўқишни яхши кўрардилар. Пушкин, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг ва ёшларнинг шеърларини ўқирдилар. Совуқда жунжикиб китоб ўқишдан лаззат ололмасдилар. Шунинг учун қишда уйнинг совиб кетишини хуш кўрмасдилар. Мен фақат битта хонадаги печкани ёқардим, ҳамма хоналардаги печкаларга ўт ёқиб, кул олишга эринардим. Баъзан эвини қила олмаганимда уй буруқсиган тутунга тўлиб кетарди. «Ҳамма қўни-қўшнилар биттагина хонадаги печкага ўт ёқиб, ўша хонада тиқилиб бўлса ҳам қишни ўтказишади-ку, бизнинг уйда печкалар бирпас ҳам ўчмаслиги керак», – дея нолирдим. Шундай пайтларда Одил ака «Қаловини тополмаяпсиз-да, хоним. Қаловини топса, қор ҳам ёнади, дейишади-ку», – дердилар-да менинг ғазабимга сув сепардилар. Ўзлари қунт билан печканинг олдига энгашиб, гуриллатиб олов ёқиб берардилар. Кейинчалик мен учун жуда мушкул ва ёқимсиз туюлган бу юмуш болаларнинг зиммасига ўтди.

Шукурки, ҳозир печкага тезак қалаш, қўлла­римизни қоп-қора қилиб кўмир ёқиш каби юмушлар ортда қолган. Ҳар бир уйда, ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам зангори олов гуриллаб ёниб, бекаларнинг юмушларини осон қилди.

 

Талабчан дўст 

Одил акани жуда қаттиққўл ота бўлган, дея олмайман. Тўғри, у киши жеркиб, силтамасалар-да (калтак билан жазолаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас!), мени ҳам, болаларни ҳам уларнинг салобати босарди. Болаларнинг майда-чуйда камчиликларига эътибор қилавермай, назари баландлик билан енгиб кетардилар. У киши, ишонасизми ё йўқми, фарзандларимизга «дўстим» дея мурожаат қилардилар. Айрим ҳолларда фарзандларимиз менинг гапимга қулоқ солишмаса, оталарига арз қилардим. Шундай ҳолларда «гуноҳкор» ўғилни олдиларига чақириб: «Бундай ишларни иккинчи такрорламанг-да, жон дўстим», деб танбеҳ берардилар. Кейин эса менга қараб: «Қалай, бопладимми?» деб ёш боладек мириқиб кулардилар. У киши баъзан болаларимизни ўзларича бир «қўрқитмоқчи» бўлиб, «Бобомнинг жаҳли ёмон бўлган, биласанлар-а», деб қўярдилар.

Болалар мактаб ёшига етганида (у даврда ўзбек зиёлиларининг жуда кўпчилиги болаларини рус мактабларида ўқитишни обрў деб ҳисоблашган) бамаслаҳат фарзандларимизни 99-сонли ўзбек мактабига бердик. Фарзандларимизнинг ҳаммаси ана шу мактабда ўқиб вояга етишди. Мактабда таълим-тарбия бинойидек эди.

Одил ака болаларни эрта уйғотиб, тоза ҳавога чиқарар, бадантарбияга кўниктирардилар. «Қани, туринглар, дўстлар, «қаймоқдай ҳаво» экан», дердилар. Кейинчалик болалар бир-бирини уйғотиб: «Қани, юр қаймоқхўрликка», дейишарди ҳазил аралаш.

Одил ака «дўстим» деб мурожаат қилиш билан бирга жуда кўп юмушларни фарзандларга ишониб топширардилар. Айниқса, болалар улғайишгач, машинани уларга топшириб қўйдилар. Тўғри-да, ижод кишиси машина тозалаш, уни таъмирлаш, бензи­н қуйдириш каби ишлар билан оғримаган бошини оғритиб юрадими? Фарзандлар машинани ювиб-тараб, оталарини тўй-маъракаларга олиб бориб келишарди. Менинг барча борадиган жойларим, бо-
зор-ўчарларимга ҳам фарзандлар олиб бориб келишарди. Ўзбошимчалик қилишмасди, оталарининг ишончини оқлашарди. Ота, ахир, уларни «дўстим» дерди-да!

Болаларимизнинг биронтаси ҳам Одил аканинг ортидан бориб, адабиёт соҳасини танламади. Чунки олий таълим олиш, қайси касбни танлаш ва эгаллашни уларнинг ўз хоҳишига қўйиб берган эдилар. «Ижодга бўлган салоҳият туғма бўлиши керак. Бошқа касбни ўқиш-ўрганиш, тажриба орттириш билан эгалласа бўлади. Лекин қалам тебратиш бундан мустасно», дердилар. Фарзандларимизнинг ўзларида у қадар хоҳиш бўлмаса-ю, биз уларни адабиёт соҳасига йўналтирсак, яхши натижага эришолмай қолишларидан қўрқардилар.

 

«Ҳикоянгни айтиб бер…»

Юқорида фарзандларимиздан бирортасининг ёзувчи бўлишни ихтиёр қилмаганини айтдим. Шунингдек, Искандарнинг адабиёт аҳлига бир озгина яқинлиги ҳақида ҳам гапирдим. Шу ўғлим озми-кўпми ёзув-чизувни яхши  кўрарди.

Бир куни ўғлимнинг жуда ҳам бесаранжом бўлаётганини сездим. Сабабини сўрасам, гапирмайди. Бир-икки суриштирганимдан кейин Одил ака секингина имо қилдилар. Ҳеч нарсани тушунмай ёнларига бордим. «Индама, у менинг фикримни кутаяпти», дедилар. Кейин изоҳ бердилар. Маълум бўлишича, Искандар болаликдаги таассуротларидан завқланиб, ҳикоя ёзишни машқ қилган экан. «Меҳр» ва «Уй» деб номланган ҳикояларини олти ой отасига ўқитиб кўришдан уялиб юрибди. Охири, пайт пойлаб машқларини отасининг қўлларига тутқазибди-да, гап ораларида қолишини илтимос қилибди.

Ўғлим шу куни кечгача уйга кирмай юрди. Бир вақт, қош анча қорайганда ҳовлига кирди. Одил ака унинг эшикдан кирганини билсалар ҳам, индамадилар. Бир пайт:

–  Болам, бу ёққа кел, ўтир-чи, – дедилар чироқ тагидаги скамейкага ишора қилиб.

Мен улардан сал узоқроқда турган бўлсам ҳам
сезяпман, ҳаяжондан энтикаяпти, ўғлим. Бунинг устига ўзини қандайдир ноқулай ҳис қиляпти шекилли, тинмай бармоқларини ўйнай бошлади.

Бир муддат сукунатдан кейин Одил ака гапларида давом этиб:

– Ҳикоянгни айтиб бер-чи? – дедилар паст оҳангда.

Эҳтимол, отасининг салобатлари босгандир. Шундай бўлса-да, Искандар ўзини қўлга олиб, ҳикоясидан икки-уч абзацни, худди шеър ўқигандай, бир лаҳзада гапириб берди. Отаси унинг «монолог»ини бўлиб:

– Ана, кўрдингми? Қандай гапирган бўлсанг, шундай ёз! – дедилар қатъий. – Ортиқча сўзлар керакмас. Умуман олганда, ёмон эмас. Деярли қалам теккизмадим, – деганларича яна ўйланиб қолдилар. Сўнг давом этдилар. – Бу ишинг яхши. Ёзишдан сира қўрқма. Мана, Абдулла Қодирий. Ҳаётий воқеаларни оддий сўзлар билан ҳикоя қилиб кетган… Жимжимадор, гажак гаплар керакмас. Узундан-узун абзацлардан воз кечиш керак. Толиқтиради. Қўрқмасдан бир нечт­а бўлакларга бўлиб юбориш керак. Бу гап­лар сенга тааллуқлимас. Умуман айтаяпман. Чеховни ўқиб кўргин… Майли, «асар»инг ёмонмас. Истасанг, бирор газета ё журналда бостириб чиқарарсан. Ўзингниям ҳамма танийди, – деб гапларини чўзмасдан тугатиб қўя қолдилар.

Лекин негадир Искандар шу воқеадан кейин бадиий нарса ёзишга бошқа уриниб кўрмади.

Аслида ўғлимнинг ҳикоя ёзишдан мақсади қишлоқдаги болалик завқлари бир баҳона бўлиб, суюкли Гулшан бувисини тилга олиб кетиш бўлган. Бунга қадар Одил ака волидалари, оталари ва боболари хусусида ҳеч нарса ёзмаган эдилар. Одил ака анча кейин, етмиш ёшдан ўтганларидан сўнггина боболари, ота-оналарининг тақдирларини қаламга олдилар.

 

«Умидим сиздан, ука»

Одил ака ижод қилиш билан бирга узоқ муддат турли раҳбар лавозимларда ҳам хизмат қилиб, ўттиз йилдан зиёдроқ вақт давомида хизмат машинасидан фойдаландилар. Қаерда ишлашларидан қатъий назар, ўша ерда ишлаб келган ҳайдовчини бирон марта алмаштирмадилар. Янги лавозимга борганларига қадар ишлаган ҳайдовчилар токи ишдан кетгунларигача алмашмасди. Айрим кунларда ҳайдовчилар эрталаб кечга қолсалар, ортиқча асабийлашиб дарвозадан кириб чиқавермасдилар. Машина ўз вақтида келмадими, катта йўлга чиқиб, такси тўхтатиб, ишга кетардилар. Энг асосийси ишга кечикмаслик, деб ҳисоблардилар.

Кечикиб қолган ҳайдовчи Одил аканинг кетиб қолганини билгач, капалаги учиб кетарди, «Кеннойи, кетганларига қанча вақт бўлди, роса жаҳллари чиққан бўлса керак-а? Бирон нарса демадиларми?» – деб саволга кўмиб ташларди-да, жавобимни эшитар-эшитмас машинасига газ босарди. Кечки вақт эса яна иккаласи ака-укадек ҳангомалашиб кириб кели­шарди.

Кўпинча ҳайдовчилар Одил акадан нолигани-нолиган эди. Бир куни ҳайдовчи ўғлим Искандарнинг елкасидан тутиб гаплашаётгани қулоғимга чалинди:

– Укажон, Одил акага ҳам ҳайронман. Машинага биронта жиҳоз, янги баллон олай, демайдилар. Ҳатто ҳамма ўринбосарлари машинасини янгилади, гилам дейсизми, радио дейсизми, ҳаммаси рисоладагидай. Биз бўлсак, ҳамон мана шу эски аравада юрибмиз. Ўзим: «Одил ака, бу машинани янгилайлик, янги жиҳозлар олайлик», – деб айтай дейман-у, салобатлари босиб, ҳеч гапиролмайман. Яна камига бошқа раҳбарларга ўхшаб орқа ўриндиқда эмас, ёнгинамда ўтирадилар, айтмоқчи бўлган гапим бўғзимда қолиб кетади. (Ҳатто таниқли журналист Аҳрор Аҳмедов отам билан бир суҳбатида «Одил ака, нега хизмат  машинангизни олдинги ўриндиғида ўтирасиз», деб савол берган эди. – И. Ё.) Гараж мудирига бир оғиз телефон қилсалар кифоя, ҳаммаси жойида бўлади. Жон укажон, ҳамма умид сиздан, акага айтинг, бизни ҳам ўйласинлар, илтимос, бир оғизгина сўзлари, холос»,– дерди у.

Искандар эса у кишига: «Отамни биласиз-ку, ортиқча ҳашамга тоқатлари йўқ. Лекин бир гап нишаби келса, илтимосингизни айтишга ҳаракат қи­ламан»,– деди.

Ҳайдовчининг қайта-қайта илтимосидан кейин ўғлим шу ҳақда гап очган эди, Одил ака эса:

– Машина туфлидек бир гап. Ишхонагача етиб олсам бўлди. Унга ортиқча зебу гардоннинг зарурати йўқ. Ҳозирча ялангоёқ эмасман, ишга бориб келишга яраяпти-ку, бўлди-да, – дедилар, холос.

Хуллас, бу камтарликми, эътиборсизликми, билмадим, лекин Одил ака ишга борганларида берилган машинадан токи шу лавозимдан кетгунларига қадар фойдаланардилар.

 

Яшаш учун ейиш керак… 

Одил аканинг биронта овқатни хушлаб, кўп еганларини ва қайта-қайта пиширишни буюрганларини эслолмайман. Ош қиладиган бўлсак, унинг тайёрланиш жараёнида ёнимда турардилар. Тўғралган сабзидан бир-икки донасини оғизларига солардилар. Мен: «Бутун сабзи ёяқолинг», десам, у киши: «Сизнинг қўлингиз билан тўғралгани бошқача-да», – дердилар. Тайёр бўлган ошни мақтаган бўлардилар-у, жуда оз ердилар. Минг ҳафсала билан қилган паловимдан бир-икки «чўқиб», қўлларини артсалар, хафа бўлардим. «Сиз учун атайлаб пиширгандим. Қаранг, лаганнинг бир чети ҳам бўшамади-я», – десам:

– Ширин нарсанинг ками яхши. Кўп ейишга ўрганиб қолсам, кейин қорнимни тўйдиролмай қоласиз, ўшаниси ёмон. Қолаверса, мана тўртта полвонимиз бор, улардан ош қолармиди? – деб вазиятдан чиқардилар.

– Энди сиз учун овқат пиширмайман, – дердим, шунда ҳам гинам тарқамай.

– Одам ейиш учун яшаши керак эмас, яшаш учун ейиши керак. Мана шу еган овқатим эртагача яшашимга ва қалам тебратишимга етади, – дердилар.

Хамир овқатни жуда ҳурмат қилар, лекин семи­риб кетиш муаммосидан қочиб, камгина танаввул қилардилар. Ҳар хил «ошхўрлик»ларга дўст-ёр­лар дийдори учун борардилар. Ҳар сафар уйдан чиқаётганларида «Шу «ошхўрлик»ни жиним суймай­ди-ю, лекин дийдор ширин-да», – деб таклиф этилган жойга отланардилар.

 (давоми бор)

Leave a Reply
*