Menu
Categories
Исмат Хушев: Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳузурида (23)
06/05/2013 “Исмат Хушев: Тошкентга саёҳат" туркумидан

 

(Ёки бугунги ўзбек мулозимларида нима учун самимият йўқ)

“Тошкентга саёҳат” туркумидан

Сирожиддин

Исмат Хушев

1.

… “Вуз городок”даги талабалик йилларимни Сирожиддин Саидов, Мирзо Кенжабоевлар билан бирга ўтказганман.

Мен Қашқадарёнинг – Китобидан, улар Сурхондарёнинг – Сариосиёсидан, учаламизни бирлаштирган даргоҳ эса шеърият ва Тошкент Давлат университети эди.

Биз бир курсда бўлмасак ҳам, курсдошлардан-да яқинроқ ва аҳилроқ эдик.

Бизни сурхонлик бу икки шеърпараст йигит билан бирлаштирган омиллардан яна бири шоир Муҳаммад Раҳмонга бориб тақаларди.

У киши раҳматли отамнинг қўлида – Китобдаги болалар уйида катта бўлганларини муқаддам ёзган эдим. Кейин тақдир у кишини сурхонлик Усмон Азим, Эркин Эъзамлар билан дўстлаштирган. Адашмасам, улар ҳам ТошДУнинг журналистикасида бирга ўқишган.

Биз “Вуз городок”нинг тинч ва фусункор оқшомларида талаба қизларнинг мунис ва ишққа зор нигоҳларига боқиб, мушоира қилишни, шеър ўқишни яхши кўрардик.

Бундай шеърият кечаларини аксар пайтларда домлалардан сўрамай ёлғиз ўзим уюштирардим. Сирожиддин билан Мирзолар ҳамиша мени қўллаб қувватлаб туришарди.

Бу пайтга келиб адабиёт майдонида хийла танилиб қолган Усмон Азим, Эркин Аъзам,  Муҳаммад Раҳмон, Азим Суюн ва Хуршид Давронлар “Вуз городок”даги ана шундай жўшқин ва бетакрор шеърият кечаларининг доимий меҳмони эди.

Бир оқшом навбатдаги ана шундай шеърият кечасидан сўнг Сирожиддин “Вузгородок”даги  ётоқхонамда ётиб қолди.

Даврада у яхши олқиш олган эди.

Сўнг мушоирага ташриф буюрган шоир ва ёзувчилар билан бўлган зиёфатда ҳам роса ичилган эди. Иккаламиз ҳам жуда сархуш эдик.

Шу сархуш ҳолда сархушларча ухлаб қолибмиз.

Тонг ғира ширасида уйғониб кетдим. Сирожиддин жойида йўқ, стол устида турган бир варақ оппоқ қоғозга пичоқ санчилган эди.

Нима ёзилган экан деб, унга кўз югуртирдим. Сирожиддиннинг дастхатини дарров танидим: “Исмат, ҳаёт қандай яхши. Лекин эртами кеч биз бу дунёни бирибир тарк этишимиз керак. Сирожиддин!”

Ва ҳозиргина шариковой ручкада ёзилган шеър бор эди пичоқ санчиб кетилган ўша бир варақ қоғозда.

Бугун бу воқеаларга ҳам кўп йиллар бўлиб кетди.

Лекин ўша оқшом Сирожиддин столимнинг устига – пичоққа санчиб кетган шеър ҳануз хотирамда сақланиб қолган:

 

Умр бизга берилган фурсат.

Чегарачи ўлим қўймайди.

Умр тўхтар, вақт бешафқат,

Умр тўхтар, вақт ўлмайди.

 

Тирикликнинг кирмай сўзига,

Чегарага элтар қадамлар.

Кетмоқдамиз ернинг юзидан,

Яшамоққа шошинг одамлар.

 

Ҳаёт, сен ҳам англаб етасан,

Ҳеч иш келмас у пайт қўлингдан.

Сен бизларни ташлаб кетасан,

Поёни йўқ мангу йўлингдан.

 

Умрин яшар бардошу сабот,

Тарк этаман қисматларимни.

Сен бир куни кўрмайсан ҳаёт,

Сирожиддин, Исматларингни…

 

Гоҳ омад ёр, гоҳо беомад,

Ишқ дилларга солганда асос.

Тўлқин уриб келган шеърият,

Юрагимга санчилган қасос.

 

Бу ҳаётнинг баланд, пастига

Парво қилмай, дўстим, сен югур.

Биз яшаган умр остига

Хайрлашув деб босгаймиз муҳр…

Бу илоҳий шеър ёзилганида Сирожиддин эндигина йигирма ёшлар атрофида эди…

2.

Шоирликда Мирзо ҳам ундан қолишмасди.

Унинг “Талабаликнинг ёрқин хотираси Исмат Хушевга” номли  шеъри ҳам менга бағишлаб дўстларим ёзган ижод маҳсулининг энг яхши ва ёрқин намуналардан биридир:

Матбуотда эълон қилинмаган шеърлар

Мирза Кежабоев

Талабалик ётоқлари – соғинч ватани,
Қолиб кетар хотиротнинг сўқмоқларида.
Унда яшнар эҳтироснинг ёрқин чамани,
Ёшлик янграр талабалик ётоқларида.

Шафақларнинг оловида булутлар ёнар,
Сўнгсиз осмон кенглигида бетакрор жамол.
Хотиротнинг кўчалари чалкашиб борар,
Мана, сўлим хиёбондан жой топар хаёл:-

Энг суюкли китобларни излаб чопамиз,
Энг умидли дўконлардан қайтамиз қуруқ.
“Пул йўқми – топамиз,
Қиз йўқми – топамиз!” –
Бироқ “Евтушенко” ҳеч қаерда йўқ.

Ўқиб қалин журналларнинг ноёб нашрини,
Тўрт томонга аланглаймиз билдирмай кейин.
Ахир шеъри муҳаббатдек ёниқ шоирни,
Кутубхона жавонида қолдирмоқ қийин…

Талабалик ётоқлари – согинч ватани,
Қолиб кетар Исматжоннинг кулгуларида,
Завққа тўла ул ижара уйларни қани
Ким топaди тушларида – уйқуларида.

Тўрт талаба. Ижарачи кампир жонсарак,
Зангор шуъла Абдулланинг шеъридан титрар.
Кампир дейди: “Ё худоё, бу қандай эркак,
Қандай унинг овозида бақувват қудрат!..”

Талабанинг жисми юрак, исми ҳам юрак,
Кўринг, юрак кўзгусида ҳаёт сурури.
Унда қитмир башаралар фош бўлар, бешак,
Ҳамда писмиқ кимсаларнинг сохта cукути.

Шеьр ўқиса оҳанг кезар юлдузлар аро,
Не-не қизлар юрагида титрайди армон.
Улар билмас бир бахтли қиз – шу қизлар аро,
Исматжоннинг юрагида умрлик ҳижрон.

Тала6анинг дарди йўқдек, ҳамроҳи кулгу,
Ҳамроҳидир қаҳқаҳалар, бор ҳайқириқлар.
Ётар чоғи тўшагига кирар экан у,
Кўзларида жимирлайди пинҳон оғриқлар…

Майли, менга бағишланган бу шеър шоирнинг ижоди ҳақида маълум тасаввур берар. Лекин унинг бор ижодий имкониятларини кўрсатиб бера олмаслиги мумкин.

Шунинг учун шахсий бағишловлардан чекиниб, Мирзонинг умуминсоний ва дунёвий мавзуларда ёзилган шеърларига мурожаат қилсак.

Масалан Мирзо Кенжабоев шеъриятидаги муҳаббат мавзусини олиб кўрайлик.

Бир кун менга қилдилар имо
Курсдош қизлар ҳуснобод қизлар:

“Бу кунларни шеър қилинг¸ Мирзо¸
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар”

 

У кунларда… Ҳув йироқлардан
Яшил зангор нафас келарди

Чинорларнинг бутоқларидан
Инқилобий бир сас келарди

 

Савр эди. Ҳаво намзада
Кулги истаб турмас эдик тинч

Тинмас эди тунлар “Ҳамза”да
Келинларнинг қўзғолони ҳеч…

 

Татабалик йилларида Мирзонинг бу шеърини ўқиб унга меҳр қўймаган, унга талпинмаган қизлар кам эди.

 

Мирзо асли сариосиёлик бўлгани учун ҳам ўзидан кейинги курсдаги юртига яқин бўлган душанбалик бир жононни яхши кўрарди.

Адашмасам унинг исми “Ҳуснобод” ё “Малика” эди…

 

Лекин кўпчилигимизда бўлгани каби студентлик йилларидаги жўшқин ва оловли муҳаббат унга ҳам вафо қилмади. Талабаликнинг бу бетакрор ва ҳижронли йилларидан бир даста ишқий шеърлар ва маҳзун хотираларгина эсдалик бўлиб қолди, холос…

 

Кейинчалик Мирзо шеъриятидаги ёр ва маҳбубага бўлган муҳаббат ўрнини Ватанга, мустақилликка бўлган муҳаббат эгаллади:

 

На ижод, на довруқ истак – нажотим,

Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан.

Буткул сабил қолсин менинг ижодим,

Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!

 

 Кўп ўтмай Мирзо ҳам Ислом Каримов ҳукмронлик қилаётган салтанатнинг  мен каби садоқатли мурувватларидан бирига айланди.

 

У Президент девонида Мавлон Умрзоқов бош бўлган кадрлар билан ишлаш Бошқармасидаги етакчи консультантларидан бири бўлиб давлат раҳбарининг назарига тушди. Лекин афсуски бу кўпга чўзилмади.

Биз “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг эрта индин эълон қилиниши мўлжалланаётган учинчи китобида Мирзонинг Президент девонидаги фаолияти ва унинг бу ердан ҳайдалиши тафсилотларига батафсил тўхталиш ниятидамиз.

4.

Адолат ҳаққи ҳурмати шуни айтиш лозимки, Ислом Каримов ҳокимиятга келган мустақилликнинг дастлабки йилларида бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар, адабиёт вакиллари Президент идораси ва ҳукумат уйидаги масъул лавозимларда ишлай бошладилар.

Жаҳонгир Ҳамидов, Бахтиёр Назаров, Шахобиддин Зиёмов, Алишер Азизхўжаев, Эркин Самандар, Муҳаммаджон Қорабоев, Шароф Убайдуллаев, Аҳмаджон Мелибоев, Омон Матчон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Ўткир Раҳмат, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Саъдулла Ҳаким, Сафар Остонов, Аҳмад Тошхўжаев, Исмоил Тўхтамишев, Абдусаид Кўчимов ва Мирзо Кенжабоевлар шулар жумласидан эди.

Лекин кейинги йигирма йил ичида уларнинг ҳаммаси урилиб, фақат пихини ёрган Хайриддингина ҳануз ўз лавозимида сақланиб қолди. Нафақт сақланиб, балки давлат раҳбарининг давлат маслаҳатчисидек улуғ бир мартабага эришди…

Эҳтимол шунинг учун ҳам  Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий вазият, хусусан Хайриддин масъул бўлган матбуотдаги ҳолат бугун талаб даражасида эмасдир.

Эҳтимол шунинг учун ҳам бугун халқ давлат ва ҳукумат идорасидаги эл дардидан йироқ мулозимлар фаолиятидан жиддий норозидир.

Билмадим, менинг назаримда юқори давлат идораларида қанча кўп  адабиёт намоёндалари ишласа шунча яхши бўларди. Чунки улар доим эл дарди ва ташвиши билан яшашади.

Бугун бу олий маҳкамада биргина Хайриддининг қолиши Ўзбекистонни не не балоларга гирифтор қилганини мана энди кўриб турибмиз.

Майли, мавзудан узоқлашмайлик.

 

5.

Бир бирини қувиб орадан йиллар ўтди.

Мен Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатиб, Абдулла Ориповнинг тавсияси билан Шахрисабз горкоми саркотиби Евгений Березиков қўлида серзавқ ва серҳаяжон мулозимлик даврини бошладим.

Сирожиддин эса ТошДУнинг журналистика факуьтетини тугатиб Абдулла Пўлатов деган ўзбек журналистикаси қироли билан бирга “Тошкент оқшоми”да ишлай бошлади.

Бу даврлар Ўзбекистонда Усмонхўжаев ва Нишонов ҳукмронлик йиллари эди.

Кейин Ислом Каримов ҳокимиятга келди.

Кейин Исмат Хушев мансаб пиллапояларидан шамолдай учиб кўтарилиб кетди.

Мирзо Кенжабоев ҳам, юқорида айтганимиздай, бу пайтга келиб Президент девонига ишга ўтди.

Фақат Сирожиддин ҳамон “оқшом”да оддий мухбир эди…

“Тошкент оқшоми” газетасига ўша пайтда истеъдодли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Бош муҳаррир эди.

Ўткир Ҳошимов, Мурод Абдуллаев, Сирожиддин Саййид ва Муҳаммад Юсуфларнинг ўзбек адабиёти ва жамиятида танилиб, оёққа туришларида “Тошкент оқшоми” ва унинг жасоратли, бағри кенг раҳбари Шароф аканинг муносиб ўрни борлигини улар яхши билишади ва ҳар доим эътироф этишади.

Афсуски, бугун Ўткир ака билан Муҳаммад Юсуфлар орамизда йўқ. Лекин уларнинг Шароф Убайдуллаевдан миннатдор ўтганларини биз яхши биламиз.

Майли, мавзудан чекинмайлик.

Биз Мирзо билан қанча тез кўтарилган бўлсак, шунча тез урилдик.

Сирожиддин, ажабки биз урилгандан кейин кўтарилди…

 

6.

2013 йилнинг ҳали қишнинг заҳри аримаган эрта баҳор кунларида олис хориждан, ўн йиллик муҳожирликдан сўнг Исмат Хушев Ўзбекистонга келганида Сирожиддин энди бутунлай бошқа одам, бошқа олам эди:

У энди Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари. Орден ва медаллар соҳиби. Ҳукуматнинг одами…

Ёзувчилар уюшмаси биносида унинг ишхонасини қийналмай топиш мумкин.

Худди Марказқўм котибларининг кабинетидай кенг ва баҳайбат, ҳайҳотдек бу шинам кабинет қабулхонасининг ўзиёқ кишида ваҳима уйғотади.

Ҳали онаси ҳам ўпмаган кўҳликкина, дилбар котибанинг синчков ва таманноли нигоҳлариёқ сиз билган Сирожиддин энди олдинги Сирожиддин эмаслигини англатиб тургандай таассурот қолдиради гўё…

–       Ким деб айтай, – хушламай тикилади ўша таманноли нигоҳ.

Исмат Хушев, журналист Исмат Хушев, – дейман мен ҳам бу совуқ илтифотдан ўзимни йўқотиб

Эгасининг исми шарифи жим жимадор қилиб ёзиб қўйилган ҳайбатли эшик очилиб, остонада қучоқларини очганча Сирожиддин кўринди: “Исмат Хушев дейман жўшиб!”

Бу Мирзонинг менга атаб ёзган бошқа бир балладасининг машҳур сатрларидан.  “Хайрият ёдидан чиқармабди”…

Биз эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришдик.

Во, ажаб! Сирожиддиннинг бағри ўша ўша кенг ва қадрдон, иссиқ эди. Лекин унда олдинги, талабалик йилларидаги ҳарорат ва тафт йўқ эди…

Фақат, фақат бу қучоқлашишда бағирга босишдек оддий бир инсоний мулозамат бор эди-ю, лекин олдинги самимият, соғинч ва эҳтирос йўқ эди.

Йўқ, у сираям ўзгармаган. Ўша ўша узун бўйли, хипча қомат. Ҳамон ўша – томоғидаги кекирдаги ўйнаб кулади…

Ўша котибаникидек синчков нигоҳлар. Йўқ, назаримда котиба бу синчковликни ўз хўжаси Сирожиддиндан ўрганган бўлиши керак.

Сирожиддининг кабинети ҳам қабулхонасига мос  –  узун, кенг ва  мўл экан.

У менинг келганимдан қувонган бўлса-да, лекин барибир ҳушёрлигини йўқотмаган эди.

Ҳар қалай Ислом Каримов даврининг ҳушёр ва синчков мулозимлари-да. Биз синчков ва ҳушёрликни йўқотиб, мана, топганимиз аввал ҳибс, сўнг хориж бўлди.

–       Москвадан бир телефон қилганимда гўшакни олмадингиз? Ҳол аҳволни йиғиштириб, чапанилик билан гина қилишдан бошладим мен ҳам

Бундан беш олти йиллар муқаддам  Торонтадан Амстердам ва Берлин орқали Москвага келганимда унинг телефонини топиб қўнғироқ қилган эдим.

Ўшанда ҳам унинг котибаси ким деб айтай деганида: “Исмат Хушев. Москвадан Исмат Хушев!” деб ҳаяжон билан худди маҳкамада тақдири ҳал бўлаётган айбдордек кутган эдим унинг телефон гўшагини кўтаришини.

Лекин ўшанда Сирожиддиннинг котибаси икки уч дақиқа йўқ бўлиб кетиб, сўнг: “у киши ҳозир бандлар кейинроқ қўнғироқ қилинг!” деганида ўлимга ҳукм қилинган маҳбусдай дунё кўзларимга тор бўлиб, ўзимдан ўтганини ўзим билган эдим.

Ўшандаги ҳолатимни айтиб беролмайман…

Мана энди 2013 йилнинг эрта баҳор насимлари эса бошлаган муборак кунларининг бирида мен Тошкентда – унинг кенг ва мўл кабинетида – шундоққина рўпарасида – синчков кўзларига ним табассум ва чексиз бир ҳаяжон билан шодон тикилиб  ўтирар эдим…

Йўқ, мен Сирожиддиндан хафа эмас эдим. Уни, умуман бугунги ўзбек мулозимларини тушуниш керак.

Кейинги йигирма – йигирма тўрт йил ичида Ўзбекистонда одамларни ҳукуматга ёқмай қолгани ёки мухолиф фикрли бўлгани учун, борингки, ҳатто мухолиф фикрлилар билан мулоқот қилгани учун таъқибга олиш, репрессия қилиш каби бемаъни ва шармандали одат кенг тус олди.

Бугун менинг бу сўзларимни ўқиб, мен айтган бундай аянчли ва изтиробли ҳолни ўз бошидан кечирган минглаб, эҳтимол миллионлаб муҳожирлар, мухолиф фикрли кишилар бор бугун ер юзида.

Менинг Москвадаги тушкун ҳолимга тушган дунё ўзбеклари тушунишар менинг бу гап сўзларимнинг асл маъносини…

–       Энди Исматбек, шу юрт ва шу Ватаннинг нафақат гул чечаклари, балки янтоқ ва тиканлари, ажриқлари ҳам биз учун азиз ва муқаддас бўлиши керак, – узоқдан сўз бошлади Сирожиддин.

 

–       “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир!” демоқчисиз-да, унинг Шерали Жўраев айтиб, машҳур бўлиб кетган шеридаги сатрлар билан жавоб беришга ҳаракат қиламан. – Қўрқманг, мен шу юрт эгасининг рухсати ва таклифи билан келдим Ватанга!

Сирожиддин жаҳлим чиққанини сезди. Лекин сездирмасликка ҳаракат қилди.

“Сирожиддин! Мен сенинг олдингга Ўзбекистоннинг янтоқ ва тиканлари ҳақида фалсафа эшитиш учун келмадим. Мен сени соғиниб келдим, Сирожиддин!  Студентлик йилларимиздаги, “Вуз городок”даги дилбар хотиралар олиб келди мени ҳузурингга, Сирож! Наҳот сен шунчалар ўзгариб кетдим, дўстим. Ахир бу амал кимга вафо қилибдики, сенга вафо қилса. Кўзларингни оч!”

Мен эса ҳамма нарсани унутиб шеър ўқир эдим…

(видео берилади)

У ҳам ноқулай вазиятдан чиқишга сабаб топилганидан хурсанд бўлиб менга жўр бўлди. У қовун туширганини, менга Ватан ва унинг тиканлари ҳақида насиҳат қилиб, хато қилганини англаб етди.

Мен ўша – Сирож студентлик пайтимизда тунда ёзиб, столнинг устида пичоққа қадаб кетган шеърни эҳтирос билан ўқий бошладим. Баъзи сатрлари ёдимдан кўтарилган экан, Сирож тўғрилаб айтиб турди.

Шеърият қандай яхши! Абдулла Орипов унга “Онажоним, шеърият!” деб жуда тўғри ташбеҳ берган.

Биз икки дўст, икки оғайни, лекин Ватан ва унинг тиканларини икки хил тушунадиган икки ижодкор, бири мулозим, бири муҳожир, барча гина кудуратни унутиб, армон билан, ҳаяжон билан бор дунёни унутиб шеър ўқир эдик…

7.

Эҳ, Сирожиддин, Сирожиддин!

Талабалик йилларимиз қандай тоза, ҳалол ва бегидир дам экан. Биз ҳам ўша дамларда умримизнинг энг тоза ва фаришта онларини ўтказган эканмиз.

Кейин йиллар ўтиб иккимиз ҳам ўзгариб кетдик.

Мен ҳам фаришта эмасман. Мен амалда бўлганимда эҳтимол Сендан-да худбинроқ бўлгандирман. Лекин одамлар билан, дўстлар билан муносабатларим барибир самимий эди.

Нега одамлар амалга чиқса ўзгаради, самимият йўқолади, муносабатлар расмийлашади? Нега?

Мен бундай ўзгариш ва бундай муносабатлар сабабини тушунгим, англаб етгим келади.

Ўз ўрнида гир айланадиган юмшоқ креслолар одамнинг бошини ҳам айлантириб қўйса ажаб эмас.

Оддий бир деҳқоннинг боласи Тошкентдай азим юртга келиб, минг бир сўқмоқлардан, қил кўприқлардан омон эсон ўтиб, не не давру давронларни кўриб бугун мана шундай улуғ бир даргоҳга эгалик қиларкан, бу ҳашам ва мабоҳатларни юқотиб қўйишдан чўчиб, менга шундай ҳушёрлик қилаётан бўлса не ажаб.

Лекин тажриба кўрсатадики, бу ҳадиксираш ва бу қўрқув кимларнидир ўз мақсад ва мансабларига етказиши мумкин. Лекин у зинҳор базинҳор шоир одамга, ижодкорга  ярашмайди.

Шоир агар ўз номи билан шоир бўлса, агар унга бу хислат ва бу фазилат Оллоҳ томонидан ато этилган бир неъмат бўлса, унинг қалби бу ҳашам ва мабоҳатлардан юқори туриш керак.

Энг муҳим у агар шулардан юқори тура олсагина ўша Оллоҳ берган иқтидорини, талантини сақлаб қола олади.

Акс ҳолда Оллоҳ берган бу иқтидор, бу истеъдод ва салоҳият ўша маҳобатли идораларнинг майда чуйда кўрки-ю, ҳашамларига тўқнашиб, парчаланиб, чил парчин бўлиб кетмаса деб қўрқаман…

8.

Бир пайтлар Сирожиддиннинг “Ит ва шиор ҳақида” ги балладаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котибаси Раъно Абдуллаеванинг ғазабига учраган эди.

Унда армиядан суюкли севгилиси истиқболига соғиниб қайтган йигитга қиз қайрилиб ҳам қарамайди. Энди у бошқа йигитга кўнгил қўйган эди. Лекин шоир бундан қаттиқ изтироб чекади. У ҳатто қизнинг ити уни таниб, унга суйкалиб, эркалиқ қилишидан ҳам поэтик маъно излаб: “Хатто бир итчалик ҳам вафо қилмадинг” деб фиғон чекиб, шеър ёзади…

Буни тушунишга ожизлик қилган Марказқўмнинг мафкура котибаси эса “Итдан бошқа мавзу қуриб кетганми?” деб тўполон қилган эди ўшанда.

Худди шундай шеърини тушунмай, Марказқўмга чақириб шоирнинг танобини тортиб қўйиш Сирожиддинга қадар Муҳаммад Солиҳ билан ҳам бўлганди.

Дарвоқе, Муҳаммад Солиҳни, унинг Ёзувчилар уюшмасида котиб бўлган саксонинчи йилларни эслатди менга Сирожиддиннинг ёзувчилар уюшмасидаги бугунги котиблиги.

Иккаловининг характери ҳам ўжар ва шаккок, бўйсунмас, иккиси ҳам истеъдодли, ҳатто бўйлари ҳам деярли тенг экан.

Лекин Муҳаммад Солиҳ ўз юзини сақлай ола билди бу лавозимда. Сирожиддинники эса ҳали номаълум…

9.

Мен Сирожиддиндан хафа эмасман. Уни тушунаман…

Ва тушунганим учун ҳам Сирожиддинни ўша мен билган самимият ва истеъдод, илоҳий шеърлар тарк этмаса дейман.

Албатта бу маҳобатли идорада ижод қилиш осон. Айниқса давлат ва ҳукумат ҳақида шеър ёзиш ундан ҳам осон.

Чунки арбоб Сирожиддин қанча яшаса яшар, лекин шоир Сирожиддин йўқолиб қолмаса деб қўрқаман.

Арбоблик вақтинча экан, шоирлик доимийдир.

Сирожиддиннинг бу ҳашаматли кабинетида мен кўп нарсаларни кўрдим. Лекин эҳтирос ва самимиятни кўрмадим  Чин эҳтирос ва самимят йўқ эди. У ҳайдаб чиқарилган эди Сирожиддиннинг котиблик кабинетидан…

Юракда алам ва дард бўлса, инсоний изтироблар бор бўлсагина яхши ва илоҳий шеърлар ёзиш мумкин.

Тагингда хизмат машинаси “гижинглаб” турса, муаммолар ўз ўзидан ҳал бўлиб турса, ижод бўлмайди.

Яхши ва ҳаётий шеър ёзиш учун шоирнинг қайғулари у билан ёнма ён бўлиши керак.

Бу маҳобатли идорларга қайғу ва алам, халқ дарди кира оладими?

Бундай синчков ва таманно котибалар уларни ичкарига киритармиди?

Шоир халқ дарди билан яшаши керак…

Сирожиддин 1

Сирожиддин 2  

(Давоми бор)

 

 

"1" Comment
  1. Sirojiddin Sayyid haqida, umuman bugungu o`zbek mulozimlarining shu kunlrdagi real portretini hali hech kim Ismat Xushevchalik ob`ektiv chizib bera olmagan edi. Bunday iste`dodli va jasoratli jurnalistni Karimov horijga haydab katta hato qilgan!

Leave a Reply
*