Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари”га Тошкентдан мактуб…
04/04/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

“Дунё Ўзбеклари” интернет газетаси муҳаррири Исмат Хушевга!

Дунёдаги жамики Ўзбек миллати орасида ўзининг барчага маълум объектив асарлари билан танилган ва бунинг натижаси ўлароқ машҳурликка эришган адиб, шоир, публицист, қолаверса миллатпарвар ва ватанпарвар инсон – Исмат Хушев ўзининг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони раҳбари Зелимхон Хайдаровга ёзган ўша машҳур очиқ хатида жудаям бир буюк ва савоб ишга қўл урган эди.

Мазкур хатда у Ватанимиздан турли, объектив ва субъектив сабабларга кўра, турли вақтларда мухожиротга бош уришга мажбур бўлган зиёлиларни авф этиш ва Ватанга қайтариш масаласини биринчилардан бўлиб катта саҳнага кўтариб чиққан эди.

Ушбу масала кўпчиликнинг қалбидаги ечилмай ётган бир тугун эди, чунки эммигрант зиёлиларимиздан аксарияти – “иссиқ жойга ўрнашиб олдим, энди мазза қилиб яшайман” қабилида иш тутмадилар, Ватан ишқида ёндилар, олис хорижий давлатлардан туриб-да, ўзларининг шу буюк миллатга тегишли эканликларини, унинг шодиёнаси-ю, изтиробига улар ҳам шерик эканликларини ўз чиқишлари билан бот-бот исботлаб турибдилар ва Ватанга қайтиш орзуси улар қалбида туғён уриб келаётганлиги, сир эмас, бу масала зудлик билан ўз ечимини топиши зарур эди.

Тўғри, инсон ожиз ҳолда яратилгандир – ким бўлмасин, шохми у гадоми, билибми-билмай, айб ва хато қилиши мумкин, зеро яратилган оламларнинг барчасида яккаю-ягона беайби – уларнинг Яратгувчисидир.

Агар инсон кечириб бўлса бўладиган гуноҳ этган бўлса ва у гуноҳини тушуниб, мағфират сўраса, албатта Тангрим кечиргувчидир.

Шу ўринда, эммигрант зиёлиларимизни ҳам Она – Ватаним Ўзбекистон кечиришига ўзимча ич-ичимдан амин эдим; улар ҳам шу Онанинг- Она-юртнинг фарзандлари эди, Она эса ўз фарзандларини, агар у оиласига, Ватанига хиёнат этмаган бўлса, албатта кечиради, демакки, Она-юрт кечирибдими, Юрт отаси ҳам уларни кечиришига шак-шубҳа йўқдай, мантиқан.

Шахсан мен ҳам кўпчилик каби зиёлиларимизнинг Ватанга қайтиши тарафдориман ва буни истаб Яртаганга нолалар ҳам қилганман (бошқа қўлимдан нима хам келар эди), чунки уларнинг баъзилари бир шуъла бўлса, кўпчилиги хақиқий нурдир, улар шу нурларини Ватанга сочмоқлари даркор – ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан ичидаги зиёлиларимиз билан биргаликда, маърифатга, маънавиятга, Ватанга, давлатимизга содиқ бўлишга ўргатишлари даркор, лекин шу билан бирга, улардан айримлари демократияга, давлатимиз мустақиллигига, танланган ва кетаётган йўлимизга ғайирли бўлсалар, улар бундан мустаснодирлар, чунки бу – Ватанга хиёнатдир…

Жорий йилнинг 27 мартида давлатимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳомжон Неъматовнинг Канаданинг Торонтода шаҳрида фаолият олиб бораётган “Канада ўзбеклар уюшмаси” фаоллари билан билан бўлиб ўтган расмий учрашувлари, ўзимча ўйлайманки, уларнинг Ватанга қайтишига умид борлигига катта бир сигнал бўлди.

Бундан ташқари, яқинда кенг омманинг эътиборига ҳавола этилган, Андижон вилояти прокуратурасининг ҳозирда у ҳам Канадада муҳожиротда қолаётган, миллатимнинг содиқ фарзанди Холдор Вулқонга нисбатан мазкур прокуратура ҳеч қандай жиноий иш қўзғатмаганлиги, унга нисбатан тергов ва суд амалиёти олиб борилмаганлиги борасидаги расмий хати фикрларимни тасдиқлагандай бўлади, гўё…

Шу мулоҳазаларим билан Ватанга содиқ зиёлиларни, хусусан Исмат Хушевнинг Ватанга қайтишини яна бир бор орзу қилдим, ушбу орзу мазкур шеърни битишимга етаклаб келди…

© Талант Александеров.
Тошкент, 01.04.12й. 21:57 РМ

Leave a Reply
*