Menu
Categories
Хосият Рустамова: Боряпман… Нишонга тегмаган ўқдай, Кафтимда дунё бор – гўё бир сиқим…
07/19/2013 Адабиёт

Хосият Рустамова расми.

 

БИР ОСМОН ЮЛДУЗНИ КЎТАРИБ БОШГА

 

***

Бўлди қайтармайман саволларимни

Биламан, барига жавоб берасан.

Боши очиқмикан хаёлларимнинг,

Нега қўрқмай кириб келаверасан?

 

ЁМҒИР

Булутлар ёйилди кўкни тўлдириб,

Шамол қувиб кетди совуқ қишларни.

Яна дарахтларни ўйга чўмдириб,

Қораси кўринди оппоқ қушларни…

Бугун ҳам отгиси келмай отди тонг,

Бугун ҳам дардини ичига ютди.

Кексайган ҳолига қарамай осмон,

Сузғичдан ўтказиб олар булутни.

 

***

Дарахтлар ўзини зўрға ушлади,

Силкинди жонини қўлига олиб.

Эрта куздан кетиб қолган қушларни —

Баҳор ҳайдаб келар олдига солиб.

Бугунча далалар қамчилайди от,

Эртага…

Эртани Худо билади.

Ерни кўрмай қолган боғларни Ҳаёт,

Оёқлар остига ташлаб кулади.

 

***

Боряпман…

Нишонга тегмаган ўқдай,

Кафтимда дунё бор – гўё бир сиқим.

Шунча оломоннинг ичидан қўрқмай,

Юрагимни баланд кўтариб чиқдим.

Нима ҳам кўрибман қирқ йил ичида,

Яшаб ҳам бўлдимми?

О, нақадар оз

Онт ичишим мумкин. Бари беҳуда —

Фақат муҳаббатим муҳаббат, холос!

 

 Хосият Рустамова

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*