Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (14)
07/26/2013 Абулқосим Мамарасулов: Мен қандай ёзувчи бўлган эдим

абулқосимнинг янги расми

 

Абулқосим               МАМАРАСУЛОВ

 

МЕН ҚАНДАЙ ЁЗУВЧИ БЎЛГАН ЭДИМ (14)

 

  Ёки Одил Ёқубов ҳақида ҳотиралар

 

Б а д и а

Мени ташвишга солган нарса мақолаларнинг ўзи эмас. Танқидларнинг ҳар қанақа туридан қўрқмасдим. Ўрганиб ҳам қолгандим, керак бўлса, ўзим танқидчиларни излаб топиб, фикр сўрардим. Яхшими, ёмонми, ёзган нарсангга биров фикр билдирса – бу яхши, демак, ёзганинг бошқаларни лоқайд қолдирмаган.  Аммо айнан Одил Ёқубов раҳнамолигида нашр этилган китобча хусусидаги бетўхтов танқидий фикрлар айнан Одил Ёқубов бош муҳаррир бўлиб ўтган газетага  жўнатилаётган эди. Худди кимдир китобхонларнинг оммавий норозилигини уюштираётгандай. Менинг “салб юришим” “Ёшлик” остоналарида пароканда бўлгандан сўнг  дастлабки қуюндай ёпирилиб келаётган мақтовлар ўрнини энди мана шу тарздаги танқидлар қуюндай ўраб борарди.  Айниқса, Аниса Маматованинг фикрларини ўқиганда одам сесканиб кетади. Худо кўрсатмасин, 30-50 йиллар оралигида бу мақола эълон қилинганда, Абулқосим Мамарасулов деганларини  бир пасда жойини солиб ташлашарди шоввозлар.

Аниса Маматова руҳидаги яна бир одамни – Ҳамид Маллаевни 1984 йилги республика ёш ижодкорлар кўрик-танловида  кўрганман. Унинг иккита қиссаси “Ёшлик”да эълон қилиниб, анча танилиб қолган эди. Семинарда Ҳамид оққўрғонлик бир ҳикоячи қизни жуда қаттиқ танқид қилди-да, хулоса ясади:

– Сиз умуман ёзманг. – дея ҳукм қилди Ҳамид.

Ўтирганлар менга қарашди, мен кулимсираб Ҳамидга қарадим-да, оққўрғонлик қизни  уришган бўлдим:

– Ҳамид тўғри айтяпти, сиз умуман ёзманг, чунки ўзбек адабиётида Ҳамид Маллаев бор, шунинг ўзи етади. Керак бўлса, ҳаммамизнинг ўрнимизга ўзи ёзаверади.

Ўша, узил-кесил ҳукм чиқариш, ёлғиз мен ҳақман, ким менга қарши бўлса – у ҳаммага қарши, деган фикрни ўтказишга уриниш – танқидий фикрлардаги  ана шу руҳ кишини хавотирга соларди.

Бировга “сен ёзма” деб буйруқ қилиш мумкинмикан? Яна денг, ёзувчи ёзувчига?!

Буниси энди 1984 йилдаги воқеа. Ҳозирча 1982 йилда юра турайлик: Тошкентда икки, уч фикрлар туғён ураётган пайтда Жиззахда ҳам ажабтовур ишлар бошланиб кетди.  “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 1982 йил 5 ноябр сонида  “Яшашнинг йўли” номли ҳикоям босилди. Ҳикояга берилган “тақриз”нинг ўзбекчага таржимасини кўринг:

 

«1982 йил 12 ноябр  № 420

                                                                               Жиззах вилоят партия комитетининг биринчи

                                                                               секретари ўртоқ Боймиров Т.Б.га

 

     Вилоят газеталари “Жиззах ҳақиқати ва “Джизакская правда” вилоят ташкил қилинган биринчи кунларданоқ вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг бўлинмалари ходимларини коммунистик руҳда тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Газеталарнинг саҳифаларида доимий равишда  милиция ходимларининг фаолияти ва ютуқлари  тўғрисида мақолалар берилмоқда, социалистик қонунчилик қа тартиботни мустаҳкамлашга, бу ишга кенг жамоатчиликни жалб қилишга катта аҳамият берилмоқда.

   Лекин “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 1982 йил 5 ноябр сонида босилган “Яшашнинг йўли” ҳикояси бизнинг фикримизча сиёсий ва социал мазмуни бўйича социалистик турмуш тарзига, совет қурилишининг маънавий меёрларига, умуман бизнинг жамиятга тамомила зиддир.

   Бош қаҳрамоннинг уйланиши мисолида, яъни шофёр Сайфининг тили билан шундай фикр келтириб чиқариладики, гўё ўзбек миллий тўйи  қалинсиз бўлмайди, ёш келин-куёв албатта катта қарзга ботиб қоладилар ва узоқ йиллар давомида қарз тўлашга мажбурдирлар. Муаллиф А. Мамарасулов  бу ҳолат ўзгармаган анъанавий ҳолат деб ҳисоблайди, ўқувчининг қулоғига қуйиш мақсадида кичкина ҳикоя давомида етти марта қайтаради, ҳатто қалин ҳажмини ҳам уч минг сўм деб кўрсатади.

   Одат тусига кириб қолган ана шундай турмуш тарзида ҳикоя қаҳрамони Сайфининг асосий мақсади  пул топиш, бойлик орттириш бўлиб қолади. Унинг учун муаллиф шиор топиб берган: “Ҳамма нарсанинг отаси ҳам, онаси ҳам пул”. Ана шу фикр мунтазам равишда ўқувчининг қулоғига қуйилади, ўн марталаб қайтарилади. Бунинг устига пул топиш йўллари ва пулнинг кучи муаллиф томонидан турлича, жамиятимизга ва социал ҳаётимизга қарши аспектлар билан кўрсатиб берилади.

   Масалан, текст бўйича: “Ҳозир аниқки, ҳужжат тўғрилашдан осони йўқ, ҳаммасининг отасиям пул, онасиям. Катталарга қоғоз керак. План бажариляптими? – Бажариляпти. Ҳужжат борми? – Бор. Бўлди”.

     Ёки бошқа мисол: (текст бўйича): “Давлатнинг берадиган ойлигига  ҳозир ким ҳам қаноат қиларди. Ҳамма қандайдир йўллар билан пул топишни  ўйлайди”.

   Бизнинг жамиятимизга ёт бўлган ана шу ҳаёт позициясини  (балки муаллиф позицияси) ёритиш учун шофёр Сайфи танлаган йўл ҳар жиҳатдан кўрсатиб берилади: “Кимга фундамент учун тошу-ғишт керак, кимга цементу, кимга  бошқа нарса, ишқилиб ўмарганини ташиб кунини ўткизади”…

“…Тўғрисини айтганда, буям яшашнинг бир йўли-да!..” “…Бари бир қандайдир йўллар билан яшаш, яшашга усул излаш керак”.

   Сайфи танлаган йўлни одатий ҳол деб ўқувчилар онгига сингдирилиши чидаб бўлмас ва йўл қўйиш мумкин бўлмаган вазият деб баҳоламоқ керак, Ҳикояда тўғридан тўғри Сайфига қарашли “МАЗ” машинаси ҳисобда турган транспорт ташкилоти ҳайдовчиларни текшириб  турмаслиги, шунинг учун шофёрлар машинани ҳар куни гаражга олиб келмаслиги, ҳатто ойда икки-уч марта катталарга кўриниб қўйиш кифоялиги, сўнгра машинани отасининг мулкидай ўзи хоҳлаган ерга ҳайдаши кўрсатилади.

   Ҳикоя қаҳрамони Сайфини ҳаётда бор ва йиғма образ сифатида талқин қиларкан, муаллиф бизнинг жамиятимизда ана шундай ҳаёт йўлини танлаганлар кўпчилик деган фикрни олға суради. Лекин  ҳикоянинг бирон бир жойида Сайфининг иш жойи, бу ташкилотнинг номи, Сайфи мулоқотда бўлган кишиларнинг исми-фамилияси конкрет кўрсатиб берилмаган.

   Шунингдек муаллиф томонидан милиция участка инспекторининг шахси бузиб талқин қилинган. Бунинг устига ички ишлар органи ходимининг образи. Давлат ҳокимиятининг вакили ўқувчига гўл, журъатсиз киши сифатида етказилади. Марказий эпизодларнинг бирида «чап»  юкни тушираётиб, ашёвий далиллар билан қўлга тушган Сайфи милиция участка инспекторининг раҳмини келтиради, ахмоқ қилади, сўнгра билдирмасдан унинг киссасига пора солади ва милиционернинг устидан кулиб кетади.

   Муаллиф А.Мамарасуловнинг асари унга қизил ипдай тизилган фикр билан, ҳатто ҳаяжонли ишонч билан якунланади: “Ҳа, ҳа-а, пул зўр, зў-ўр! Пул ўйнатади!”

   Ички ишлар бошқармаси Сизга шуни маълум қиладики, бу ҳикоя ўзининг қатор негатив ҳолатлари билан бирга “Жиззах ҳақиқати” газетасида  Улуғ Октябр Социалистик революциясининг 65-йиллигига бағишланган байрам сонида босилган. Шу йилнинг 5 ноябрида чиққан бк №133  (1322) газета чиройли безаклар билан, байрам чақириқлари билан, Ленин портрети билан безатилган. Ана шу тантанали материаллар билан бирга бу танқидий материал – ҳикояни бериш мумкин эмас эди.  Бу ҳикоя ўз мазмуни билан вилоят меҳнаткашларини революция ва меҳнат руҳида тарбиялашга хизмат қилмайди, совет халқимизнинг анъаналарига ва “Жиззах ҳақиқати” газетасининг ана шу байрам сонига мос эмас.

   Ҳикояда ички ишлар органларини масхара қиладиган фактлар мавжуд. Бундай материаллар фақат УВД ва МВД томони билан келишилган ҳолда берилиши керак. Бу нарса матбуотда давлат сирларини сақлаб қолиш вилоят бошқармасида сақланаётган Переченьда кўрсатилган. Лекин Жиззах вилоят ижроия комитетига қарашли ички ишлар бошқармаси раҳбариятига юқоридаги материаллар тайёрланаётгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган.

   Ҳаммасининг устига ички ишлар органлари ходимлари номига ҳақоратли сўзлар айтилган бу танқидий ҳикоя бутун матлакатимиз, жамият кенг нишонлаётган Совет Милициясининг 65-йиллиги, профессионал байрам арафасида босиб чиқарилди. Муаллиф А.Мамарасуловнинг “Яшашнинг йўли” ҳикоясининг босилиши, ички ишлар органлари ходимлари шарафини ва номини хўрлаш ҳамда ҳақоратлаш каби фактлар  Совет Милицияси авторитетини туширишга хизмат қилди.

    Умуман, Совет турмуш тарзини бузиб талқин қилган, антисоциал характердаги бу ҳикоянинг босилиши  шуни кўрсатиб туриптики, вилоят меҳнаткашларини ғоявий тарбиялаш борасида газета редколлегияси фаолиятида қатор камчиликлар мавжуд.

   Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва партия ташкилоти бу масалани ҳал қилиб беришни Сиздан сўрайди ва ички ишлар ходимларига туҳмат қилганлар ва  асоссиз “пора олди” деб айблаганларга қарши чора кўришингизни сўрайди.

 

      Жиззах вилоят ижроия комитети

      ИИБ бошлиғи:                                                                              имзо” 

 

(давоми бор)

 

Leave a Reply
*