Menu
Categories
Мухаммад Исмоил: Тунги Париж одамни энтиктириб юборадиган даражада чиройли кўринади…
07/30/2013 Адабиёт

БИР ФАЛСАФА БОРГА ЎХШАЙДИ(Бадиа)

мухаммад Чингиз оға биланТунги Париж одамни энтиктириб юборадиган даражада чиройли кўринади.
Нафис япроқларини қуёш нурларидан асраб, кун қайтгач минг турли кўрку тароватни аямай, ловуллаб очилган номозшомгулларни эслатувчи ранг-баранг чироқлар пойтахтга шу қадар латофат бахшида этган эдики, Сена дарёси бўйларига икки минг йиллар олдин дастлабки ғиштлари қўйилган бу шаҳар кўз қамаштирувчи гўзаллик салтанати оғушида ястанарди.
Инсоният даҳоси яратган энг буюк санъат дурдоналари мужассам дея эътироф этилган Лувр музейи майдонларидан ўтар эканман, Парижнинг ўта мафтункор мавзеларидан бири буюк бобокалонимиз ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур номлари ила аталиши қалбимни ифтихор туйғулари билан лиммо-лим этганди.
Бизнинг бу мамлакатга қилган сафаримиз қариган, жонажон диёримизга элтувчи самолёт тунги соат бирларда учиши ва бунга ҳали фурсат борлиги туфайли аэропорт салонларини бамайлихотир, эринчоқлик билан кезардик. Тил билмаслигимиз бизни соқов кишининг аҳволига тушириб қўйган, устига-устак ўзбек тилини, ўзбекча сўзлашишни, ўзбеклар билан ҳангома қилишни ҳам ич-ичимиздан соғингандик.
Аэропорт нозирлари Тошкент йўловчиларини чорлаётганини эшитиб ортга бурилар эканман, сафар халтасини кўтариб, самолёт трапи томон юраётган Чингиз Айтматовга кўзим тушиб, бу лаҳзалардаги чексиз қувончим худди тимсолга айланиб, бир шаклга киргандай бўлди. Мен Чингиз Айтматовни эсимни таниганимдан бери яхши кўраман.
Сочлари оқарган, юзи, бўйинларини қалин ажин қоплаган, лекин кўринишидан етмиш икки яшарга асло ўхшамайдиган, бўйи баланд, барваста ва қарашлари ниҳоятда самимий бу одамга пешвоз чиқар эканман, унинг нақадар машҳурлиги ёдимга келиб эсанкирайман. Аммо иккиланадиган фурсат эмасди.
– Салом, Чингиз оға!
– Салом, салом!
– Тошкентга келишингизни Одил Ёқубовдан эшитган эдим.
Мен Одил аканинг кичик шогирдларидан бўламан.
Чингиз оға худди эски танишини учратгандай жилмаяди.
– Шогирд бўлсанг, демак, сен ҳам у-бу нарса ёзар экансан-да.
– Э, бизники шунчаки… Ҳозир замон шу қадар тезлашиб кетдики, ўқишдан қўл бўшамаяпти, – дейман суҳбат мавзуини сал ўзгартиришни истаб. Машҳур одамлар билан танишишнинг осон томони шундаки, бегонасирамайсиз.
– Ҳа, ўзгаришлар кўпайиб кетди. Кейинроқ бир кел. Гаплашамиз, ўриндиғимни излаб нари кетдим. Ёзувчининг сўнгги сўзи кўнглимда илиқ бир журъат, қайта кўришиш имкониятига элтувчи саодат бағишлаб завқлантирарди.
Тонгги соат бешларда дастхат ёздириб олиш, кейин шу билан бирга мақтаниб юришларини олдиндан билганим ҳолда, ўзларини осмон чоғлаб юрадиган бир талай ўзбек ёш шоир ва ёзувчиларининг китобларини кўтариб олиб, самолётнинг олд қисмига қараб юрдим.
Чингиз Айтматов суянмаган ҳолда мудраб ўтирарди.
Боши қуйи эгилган, кўзойнаги бурнининг учига қадалиб қолган эди. Ортга тисарилиб, қайтишга шайландим. Лекин қўлидаги газета ерга тушиб кетмаётгани, унинг уйғоқлигидан дарак берарди.
Ниҳоят у кўзини очди ва бир оз саросимага тушиб газеталарини тахлар – тахламас четга сурди.
– Кел, чироғим!
Энгашиб икки қўлимни узатдим.
– Узр. Безовта қилдим.
– Ҳечқиси йўқ. Қўлингдаги нима?
– Дастхат учун.
Чингиз Айтматов китобларни бир-бир кўра бошлади. Баъзи бир шеърларни овоз чиқариб ўқиди. “Шоири замон”ларнинг китоб ортидаги расмларига синчиклаб тикилди. Шундай китоблардан бири – “Дилрабо оқшомлар”ни варақлаб, анчайин тикиларкан:
– Бир фалсафа борга ўхшайди, – деб қўйди.
Шунда мен ёзувчини ўзимча кашф этгандай бўлдим. Хаёлимиз, «Бу буюк ёзувчи, донишмандларга хос заковат билан ҳаётдаги ҳар бир ҳодисадан ҳамиша улуғ бир мантиқ излаб яшайди. Унинг юрагига мангу ўчмас ғалаён олови ёқиб қўйилган», деган фикр келди.
– Бу китоблар, албатта, Европа ўқувчисининг назарида ниҳоятда содда туюлса керак, – дедим худди китоблардан камчилик чиқиб қоладигандай.
– Шеър ҳам баъзида гулга ўхшайди. Гул қаерда бўлмасин, у барибир гул. Қадри ҳам, гўзаллиги ҳам ҳамма жойда бирдай. Тошкентдан гул кўтариб келсангиз, ҳеч ким унинг гул эканлигини инкор этмагандай, бу шеърлар парижликларга балки маъқул тушар.
– Назаримда, адабиёт авваллари бир хил эди… Энди эса ўқиладиган нарсалар шу қадар кўпайиб кетдики… Ўқийвериб, одамнинг умри ўтиб кетяпти.
– Ўқиш ҳеч қачон зиён қилмайди. У одамнинг дунёқарашини бойитади. Албатта, ҳар бир ўқиган нарсадан хулоса чиқариш керак. Ҳар биридан. Лекин чалғиб кетмаслик лозим.
– Бизнинг ёзувчиларимиз авваллари рус тили орқали дунёга таниларди. Энди эса бу тил ўз вазифасини бажаргиси келмай қолди.
– Ёшлар инглиз тилини яхши ўрганишлари лозим. Имкон бўлса, инглиз тилида ёзишга чоғланаверса бўлади. Инглиз тилига таржима қилдириб, Европада чоп этилса, балки бир ижобий натижага эришилар. Лекин миллий ўзига хослик, урф-одатлар умуминсоний қадриятлар билан тўлдирилиб, баркамол инсон қиёфаси яратилмас экан, у асар бирон жойда муваффақият қозонмайди.
– Назаримда, Ғарбда енгил-елпи асарларга кўпроқ эътибор беришади. Сизнинг асарингиз эса доимо жиддий ва чуқур фалсафий бўлиб келган.
– Четдан қараганда, чет элликлар енгил-елпи саргузашт романларга ружу қўйишгандай туюлади. Аслида, ундай эмас. Бу ерда қийин китобларни ҳам кўп ўқишади. Яқинда Германияда сўнгги романим бир миллион нусхада чоп этилди.
Чингиз Айтматов бамайлихотир гапирарди. Лекин у киши ўз «сир»ларини очаётгани, кайфияти яхши эканлигидан далолат бергани учун эркаланиб:
– Бир савол берсам, ғашингизга тегмайдими? Нега сизга
Нобель мукофоти беришмаяпти? – дейман ва ўз саволимдан бироз хижолат ҳам тортиб қўяман.
– Авваллари, мени коммунистларга хизмат қилганликда айблашарди. “Асрга татигулик кун” романим чиққач, вазият бироз ўзгаргандай бўлди. Кейин, «Нега энди бизга хизмат қилмаяпти”, деган тўмтоқ тўхтамга келиб, ишни орқага суриб қўйишди.
Лекин, асарларим Нобель мукофотига етти – саккиз марта номзод сифатида қўйилган. Ҳозир мукофотларга қизиқиш ёшидан ўтганман десам, кўп ҳам гумонсирайвермасдан ишонаверинг…
– Яқинда, «Аргументы и факты” газетасида жуда зўр интервьюингизни ўқидим. Суҳбат асносида бир-икки маротаба қайд этиб ўтилган Исломга бўлган муносабатингиз мени қизиқтириб қолди.
– Авваллари ислом деганда Ибн Сино, Форобий, Яссавий, Навоий каби донишмандларни дунёга тортиқ қилган дин тушуниларди. Энди эса, ислом деганда бир гала террористлар, бузғунчилар тушунилаяпти. Мана шу нарса кишининг асабига тегади. Буюк дин номидан иш кўриб юрган газандалар нафратимни қўзийди.
– Наҳотки ҳозир Ислом деганда дунё фақат мана шундай газандаларни тушунмоқда?
– Йўқ, албатта. Ер шари юмалоқлигини, ҳамма нарса бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини шундан ҳам билса бўладики, масалан, бугун Америкада саккиз миллион мусулмон аҳил, тинч-тотув яшайди. Билл Клинтон Президент сифатида ҳар йили ҳайит кунлари аҳли мусулмонга зиёфат бериб, муборакбод этади. Зиёфатлардан бирида: «Дунё мусулмонларнинг дуоси туфайли қиёматдан омон турибди”, – деган сўзларини газетада ўқиганман. Шаҳзода Чарльзнинг, «Европа бугунги эришган барча ютуқлари учун исломдан миннатдор бўлиши керак”, деган сўзларини ғарбда ҳар бир одам билади. Хулоса: дунё ҳеч қачон бир ёқлама эмас. Бугунги кунда Шарққа, Осиёга Европа маданиятининг, Америка маданиятининг таъсирини ким инкор этади. Бугун маданият оламидаги битта янгилик бир лаҳзада дунёнинг истаган бурчагига етиб борар экан, дунёдаги ҳар бир одам ҳар бир маданият бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетганлигини тан олмай илож йўқ. Энди дунёни масофалар эмас, чегаралар эмас, эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ажратиб туради. Инсоният эса ҳамиша эзгуликка, яхшиликка интилиб яшайди.
Чингиз Айтматов бамайлихотир гапирарди. У дунё миқёсида фикрловчи ҳақиқий донишманд эди. Кўнглимда «яхшиямки, шундай одамлар бор, уларнинг шарофати билан дунё ўз мутаносиблигини, мувозанатини сақлаб турибди. Инсон қалби нақадар гўзал, инсон заковати нақадар муқаддас эканлигини, мана шундай одамлар оламга кўрсатиб турибди», деган туйғулар кечди.
Бу пайтга келиб, самолёт Тошкентга яқинлашиб қолганлиги эълон қилинди. Чингиз Айтматов иллюминатор томон ўгирилди. Ойналарда у ўз асарларида кўп бора мадҳ этган она Ўзбекистон солланиб кўринарди.
Ўзбекистон унинг учун нақадар ардоқли эканлиги кўзларидаги севинчда яққол акс этарди. Беихтиёр тараддудга тушиб қолганлигини кўриб, муқаддас соғинч туйғуси уни қанчалик безовта этаётганлигини ва бу безовталик замирида бениҳоят улуғ меҳр-муҳаббат мужассамлигидан қалбимда ғурур уйғонди. Ўрнимдан туриб, ёзувчининг қўлларидан сиқар эканман, ҳаприққан бир товуш билан илтифот қила бошладим:
– Хуш келдингиз, Чингиз оға!

Париж-Тошкент

SHOIR.UZ saytidan olindi

"1" Comment
  1. Tan olish kerak, Muhammad Ismoil isde`dodli yozuvchi. Birovga uning mashhur kishilar bilan suratga tushish ishtiyoqi yoqmasligi mumkin. Lekin talantli odamni baribir tan olish kerak!

Leave a Reply
*