Menu
Categories
Намоз Нормўмин: “Араб баҳори”нинг жароҳати ва ғарб демократиясининг ўлими
08/03/2013 Воқеа ва ҳодисалар

Нам.
Инсониятнинг кун тартибига оид шахсий тушунчаларим (тезисларим)
Мисрдаги давлат тўнтариши натижасида қонуний Президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилиши дунё сиёсатининг кимлар томонидан, қандай усуллар билан ва қайси мақсадларда бошқарилаётганини кўрсатди.
Бу воқеа шунингдек, бугунги дунёмизнинг моддапарастликни (материализмни) асос олган, иқтисодий куч ва ҳарбий устунликни қўлга киритганлар тарафидан бошқарилаётганига ҳам далилдир
 AB.

Инсон ҳуқуқлари, халқларнинг ва давлатларнинг ҳуррияти аслида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги ҳам маълум бўлди.  Бугун дунё сиёсатида аҳамиятга эга бўлган омил иқтисодий куч ва ҳарбий устунликдир.
Бу куч ва устунликни қўлга киритган давлатлар дунё сиёсатини шакллантирмоқдалар, улар ўзаро рақобат қилмоқдалар, ўз устунликларни қўриш учун дунёнинг турли бурчакларида урушлар чиқармоқдалар ва миллионларча кишиларни ўлдирмоқдалар.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Араб Бирлиги ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти дунёда иқтисодий ва ҳарбий устунликни қўлга киритган давлатлар манфаатларига зид ҳаракат қила олмайдилар, аксинча бу давлатларнинг манфаатига хизмат қиладилар.
Бугун дунёда АҚШ, Европа Иттифоқи, Русия, Хитой ва Ҳиндистон дунёнинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучли ва ўзаро рақобат қиладиган давлатларидир. Исроил бу ишда АҚШ ва ОИ нинг ҳамкоридир.
Ғарб Демократияси утопия, яъни амалга ошмайдиган назариядир
Демократия назарияси эски тушунча бўлишига қарамай, ҳаётда амал қилиши мумкин бўлмаган ғоя, яъни утопиядан иборатдир. Демократия халқ ҳокимияти демакдир.
Халқ эса умумий ҳолда на усулда ва на да амалда ўз ҳокимиятини ўртага қўя олмайди. (Яъни, демократия ғоя ва амалда имконсиздир). Чунки халқ, уни ташкил қиладиган инсонлар ва миллатлар яратилишдан турли истеъдод ва қобилият даражаларига эга бўлгани учун, умумий ҳолда бирор масалада ҳамфикр бўла олмайди.
Шунинг учун ҳам демократия усулда ўзининг инкори бўлган икки таянчга бош уради: Биринчидан, халқни бевосита халқнинг ўзи эмас, унинг вакилларининг (улар партияларга бирлашган фуқаролар орасидан сайланади) тамсил қилиши. Иккинчидан, кўпчиликнинг камчилик устудан ҳукмрон бўлиши ва “халқ”нинг бунга рози бўлиши.
Бу икки таянч эса амалда халқни чалғитиш ва манфаат гуруҳларининг (партияларнинг) хизматкорига айлантиришни билдиради.
Ғарб тарзидаги демократия мана шундай сохта ва чала демократиядир. Чунки тўлақонли демократия юқорида айтилгани каби фақат утопиядан иборатдир.
Бу чала демократияга амал қилишнинг мутлақ шартларидан яна бири эса атеизм, яъни фуқароларнинг динсизлиги ва секуларизмдир. Бу икки фактор бўлмасдан ғарб демократиясини чала ҳолда бўлса ҳам ҳаётга жорий қилиб бўлмайди. Атеизм фақат коммунизмга хос эмас, ғарб дунёсининг муҳим бир қисми, масалан шимолий Европа халқлари бугунги кунда тамоман атеист ҳолга келганлар.
Аммо атеизм манқуртлашган оломоннинг коммунистлар ёки фашистлар тарафидан асир олинишига, бу тарзда жамият тоталитар режимларга асир тушишига собиқ Советлар Иттифоқи, Олмония, Италия каби давлатларнинг яқин тарихлари далилдир.
Секуларзм атеизмнинг бир кўриниши бўлиб, Аллоҳга эътиқодни ва ибодатни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан (сиёсат, иқтисод, ҳуқуқ, оила, таълим ва ҳк)  ажратишни тақоза қилади.
Қисқача айтганда эса секуларзим дин ва давлат ишларининг бир биридан айиришни билдиради. Бу қоида, яъни секуларзм Исломдан бошқа бутун динлар ва уларнинг мансублари тарафидан қабул қилиниши мумкин. Чунки Исломдан бошқа динлар ҳаёт низоми эмас, инсонларнинг фақат эътиқодий эҳтиёжларинигина қондира олади.
Ислом эса Аллоҳнинг сўнгги ва мукаммал дини сифатида тавҳид эътиқоди, бу эътиқодга асосланган ибодатлар ва муомалатлар (ижтимоий ҳаёт қонунлари) ва яхши ахлоқдан иборатдир.
Ғарб демократиясида халқ ҳокимиятнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам эгаси эмасдир
Чунки халқ зотан эътиқодсиз ҳолга келгандан ёки эътиқоди бузилгандан кейин уни истаган тоифа (партия) истаган ўйинига эргаштира олади.
Ғарбда сиёсий партиялар асосан моддий манфаатлар асосида, истиснолар шаклида эса миллий (ирқий) ёки ботил диний ғоялар асосида қурилганлар.
Бу шаклда парам парча (турли фирқаларга) айрилган халқ, на ҳокимият шаклини белгилашда (бу Конституциялар тузиш билан амалга ошади) нада ҳукуматни ўртага чиқаришда (сайловлар йўли билан) тўлақонли қатнаша олмайди.
Бу ишларни халқ номидан гуё демократик (аслида демонкратик, яъни шайтоний) фирқалар, тўғрироғи кимнинг пули ва кучи кўп бўлса, ўша тоифалар амалга оширадилар.
Демократия утопиясининг амалий тадбиқи инсон фитратига зид ва уни бузади
Чунки аслида амалга ошмайдиган нарсани мажбуран тадбиқ қилишнинг натижаси албатта “войдир”. Бугунги ғарб инсонининг ва жамиятнинг аҳволи бунинг очиқ далилидир. Бугунги ғарб инсони эътиқодсиз, ҳаётда бирор мақсади бўлмаган, умрини енгилтаклик билан ўтказадиган, оилавий масъулиятдан қочадиган, шаҳвоний орзуларига кўра яшайдиган, ахлоқи чўккан, шахс сифатида шахсияти бузилган ва ижтимоий нуқтаи назардан дайди ва дарбадар бир “инсон”дир.
Ғарб демократиясининг яширин қуроли
Бу қурол ҳеч шубҳасиз фойизхўрлик, яъни судхўрликдир. Шунинг учун ҳам банклар ғарб дунёсининг (нафақат ғарб, балки бутун дунёнинг) энг машҳур корхоналари ва ташкилотларидир.
Бугун инсоният “тараққиёт”да шундай нуқтага келдики, инсонлар банксиз, яъни тижорат ва пул муомаларида банклар восита бўлмайдиган ҳаётни тасаввур қила олмайдилар. Ҳолбуки, судхўрлик инсонни ва жамиятни қул қилишнинг энг золимано ва пасткаш усулидир.
Бу усул билан якка шахсларни бутун умрлари давомида, жамият ва давлатларни эса муддатсиз қулга айлантириш мумкиндир. Бунга бугунги дунёнинг иқтисодий аҳволи очиқ далилдир.
Судхўрликни ҳаром деб эълон қилган ва унинг ўрнига муқобил (алтернатив) иқтисодий ва тижорий муносабатларни жорий қила оладиган ягона тузум Исломдир.
Аслида фақат мана шу сабаб туфайли ғарб дунёси мусулмон мамлакатларни ўзларига душман, деб биладилар ва фақат шу сабаб туфайли ўзларининг “чалажон” демократияларининг Ислом оламида ўрин олишига рози бўла олмайдилар.
Исломга кўра ҳокимият Аллоҳга, ҳукуматни ташкил қилиш эса халқга оиддир
Аллоҳнинг ҳокимияти:
–          эътиқодда Тавҳид (Аллоҳнинг Роб ва Илоҳ  сифатида бирлиги) ақидасини ва ширкнинг (кўпхудоликнинг) бутун шаклларини рад қилишни,
–           сиёсатда мусулмонларнинг эркинлиги, ишларини шўро маслаҳатлашиш билан амалга оширишлари, раҳбарларни эркин сайловларда сайлашни,  раҳбарларнинг адолатли бўлишларини, яъни ўзларининг Аллоҳнинг қонунларига итоат қилишларини, мусулмонларнинг бундай раҳбарларга итоатини, акс ҳолда мусулмонларнинг бундай золим раҳбарларга итоатдан чиқишини ва уларга қарши туришини,
–          иқтисодда хусусий мулкчилик, эркин тадбиркорлик ва тижоратни ҳалол деб билиш, судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик ва қароқчиликнинг тақиқланиши,
–          ҳуқуқда инсоннинг жони (ҳаёти), эътиқоди, ақли, мол мулки, насаби ва обрў эътиборининг дахлсизлигини,
–          ижтимоий адолатни (яъни инсонларнинг эътиқоди, миллати, бойу камбағаллигига қарамай айни муносабатда бўлишни),
–          оилавий ҳаётнинг эъзозлаш ва қўришни (акс ҳолда бугун ғарб дунёсида бўлгани каби инсон насаби бузилади ва дунёни валади зинолар босиб кетади),
–          таълимда дунёвий ва маънавий илмларнинг (аслида Исломда илм деганда барча фойдали илмлар тушунилади) биргаликда ўқитилишини,
–          Ахлоқда тўғрилик, адолат, ихлосли ва эҳсонли бўлиш, тавба ва истиғфорни билдиради.
Қуръони Карим инсон ва жамият фитратига мос келадиган мана шундай мукаммал қонунлар мажмуасини таклиф қилади. Бу қонунлар ғарб демократияси ва яшаш тарзини мот қиладиган энг камида икки асосга эгадир:
– Ислом инсоннинг дунёвий ҳаётига оид қадриятларни инкор қилмайди, аксинча уларни инсон фитратига (табиатига) мос равишда тартибга солади. Шунинг учун ҳам исломий ҳаётда ғарб секуляризмини жорий қилишга эҳтиёж бўлмайди.
– Бу қонунлар инсон эркинлиги ва ҳуқуқининг фақат ғарб демократиясида эмас, (аслида ғарб демократиясида инсон эркинлиги ва ҳуқуқлари бўш шиордан иборатлигини юқорида таъкидладик) Исломда ҳам мукаммал шаклда ўрин олганини кўрсатади.
Замонавий сиёсий тил билан айтганда Қуръони Карим қонунлари инсонлар, миллатлар, давлатлар ва умумиятла инсоният учун Асосий Қонунлардир. (Конституциядир). Инсонлар ва халқлар мана шундай асосий қонунларга кўра:
–          ҳақиқий маънода эркиндирлар ва ўз ҳуқуқларини қўрий оладилар
–          ушбу қонунлар асосида ҳам халқлар худди бугун ғарбда бўлгани каби ўзларининг ҳукуматларини сайлай оладилар.
Яъни, Исломий тузум ва ҳаёт инсон эркинликлари ва ҳуқуқларини ҳамда халқларнинг ўз ҳукуматларини сайлаш эркинлигини рад қилмайди. Орадаги фарқ Исломнинг инсонларга соф эътиқод (тавҳид эътиқодини) таклиф қилиши ва инсониятни ҳозирги радикал материализмга асосланган ваҳший дунё тузумидан қутқаришидир.
Ғарбликлар демократия ёки бошқа ғоя билан ҳеч қачон Ислом ва мусулмонлар устидан устунлик сақлай олмайдилар.
Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Зотан, ғарб дунёси демократия фикрини кўзбўямачилик билан олға суришлари Жазоир, Фаластин, Покистон, Миср ва Туркия давлатларининг мисолида ўртага чиқди.
Бу давлатларнинг халқлари асосан мусулмонлардир, уларнинг эркинлик талаблари албатта Ислом дини ва унинг қонунлари билан алоқадордир.
Ғарб олами бу давлатларда ўзига хизмат қиладиган диктаторларни қўллаб қувватламоқда, мусулмонлар эркинлик ва адолат борасида оз илгарилаган давлатларда эса ғарбнинг “демократик” давлатлари давлат тўнтаришлари режаламоқдалар ва амалга оширмоқдалар.
Чунки ғарб олами (АҚШ, Оврупо Иттифоқи, Канада, Австралия) ўз ноқис демократиясининг мутлақ шарти сифатида мусулмонлардан уларни мусулмон қиладиган тавҳид ақидасидан воз кечишни, иқтисодда судхўрликни жорий қилишни, ижтимоий адолатсизликка рози бўлишни ва ахлоқий таназзулни талаб қилмоқда.
Аммо ғарбнинг бу уринишлари албатта беҳудадир. Чунки Қуръони Каримнинг ҳукмлари охиратга қадар ўзгармайди ва ҳеч бир куч бу ҳукмларнинг тамсилчилари бўлган мусулмонларни доимий асоратда тута олмайди. Бунинг далили ҳозирда Ислом динининг тез суръатлар билан инсоният орасида ёйилиб бораётганидир.
Бугун мусулмонлардан исталган нарса уларнинг эътиқодларида собит бўлишлари, Ислом динини аввало ўз ораларида соф ва содда ҳолда ўрганишлари, кейин бошқа қавм ва миллатларни Исломга даъват қилишлари, ғарбнинг ботил дунё тузумига хизмат қилаётган мунофиқ давлат раҳбарларидан юз ўгиришлари, уларга ва уларнинг хўжайинлари бўлган радикал материалист ғарб кучларига қарши сўзлари, қўллари ва қалблари билан курашишларидан иборатдир.
Намоз НОРМЎМИН
02.08.2013
"2" Comments
  1. Намоз дунеда ислом дини инкирозга караб кетаетганини курмайди ва эшитмайди хам Шунинг учун хам хамма ерда портлатиш бирбири билан урушиш ислом дунесида исломгп буйсинувчилар узга фикрни эшитгиси хам келмайди ва уларни ичида маьнавий ва сиесий колоклик кучли

  2. Намоз ака гарб демократиясини “улдириб” , кумиб, кабрига гулдаста кистириб хам улгурибдилар. Лекин уша улик демократия хавосмдан нафас олиб, улик демократия мевасидан тановул килиб яшаетганлари хакида лом- мим демабдилар . Вахоланки , Исломда улимтик ейиш харом саналади. Исломнинг афзаллигини исботлаш учун демократияни емонлаш шартми , Намоз ака ? Инсон ахир узи сув ичаетган кудукка тупурмайди .

Leave a Reply
*