Menu
Categories
Сўз билан ёзилган мусиқа…
04/07/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

Холдор Вулқон

(Истеъдодли ёзувчи, дўстим Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” асарини ўқиб)

Вақт кўзга кўринмасада, унинг борлигини доимо ҳис қилиб яшаймиз. У шафқатсиз ва беҳад меҳрибон.

Инсон боласини бу дунёга вақт олиб келади ва яна қайтариб олиб кетади.

Баъзан инсон руҳий изтироблар, маънавий уқубатлару моддий қийинчиликлар гирдобида, қамоқхоналарда, авахталарда амал – тақал умр ўтказаётган дамлар панжарали туйнукларга ғамгин термулиб, бу оғир йиллар тезроқ ўтақолса эди дея орзуманда бўлади.

Олий қасрларда шоҳона ҳаёт кечираётганлар эса, аксинча, ўз умрларини бу қадар тез, шиддат билан ўтиб кетаётганидан таҳликага тушадилар, инсон иродасига бўйсунмайдиган бу сирли вақтни қандай қилиб тўхтатса бўларкин дея ўйлайдилар.

Бўзчи белбоққа ёлчимабди деганларидай, вақтнинг тўхташга бир дақиқа ҳам вақти йўқ. Одамзод вақтни моддийлаштиришга уриниб, соатни кашф қилди.

Соат вақтнинг ижарада, вақтинча яшаб турадиган муваққат ҳужраси ўлароқ, у ўзига бошпана берган инсон умрини “Қирт – қирт” эткизиб, бир чеккадан еяверади.

Вақт умр билан озиқланади. Умр унинг севимли таоми. Умр кушандаси – вақтнинг уясини, яъни соатни одамлар тиллодан ясаб, ўз қўлларига кишандай тақиб юрадилар.

Ёзувчиларнинг барча ёзган асарлари шу сирли вақтнинг ўтмишдаги ёки ҳозирги сурати ҳалос.

Биз ён – веримиздан озод, кенг – мўл, ёввойи шамоллар каби эниб ўтиб, олислаб кетган вақтларни қўмсаймиз, соғинамиз.

Ҳамманинг ўз белгиланган вақти бор. Аммо унинг миқдорини одамзод билолмайди. Ақлли одамлар вақтга қараб Худони танийди.

Кўзга кўринмас нарсанинг борлигини ҳис қилолган одамлар Худонинг биру борлигига имон келтирадилар.

Вақт олдида кўринган нарсагагина ишонадиган бехудоларнинг материалистик назарияси пучга чиқиб қолади.

Исмат Ҳушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” асари ҳам вақтнинг сўздан ясалган ҳайкалидир. Табиийки, асарлар ўз муаллифларининг қалб кўзгусидир. Бу шаффоф кўзгуга қараб, муаллифнинг феълини, дунёқарашини, истедод даражасини англаб олиш жуда осон.

Моддий кўзгу синдириб, чил – парчин қилсалар ҳам, инсоннинг ташқи қиёфасини қандай бўлса шундайлигича акс этдиради.Маънавий кўзгу, яъни ёзувчиларнинг асарлари ўз муаллифларининг руҳий оламини, уммондай тўлқинланиб ётган қалбини акс этдиради.

Шу маънода, Исмат Ҳушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаи” асари ҳам ўз муаллифи Исмат Ҳушевнинг беғубор қалбини, самимиятини акс этдиради. Бу қиссани ўқиб чиққан баъзи инсонлар, Исмат Ҳушевни президентга ва бошқа “катта”ларга ҳушомадгўйликда айблай бошлайдилар.

Тўғри, ўзбекистонда ҳукм сураётган демократиясизлик, диктаторлик режимидин азоб чеккан ва чекаётган ватандошларимизнинг бу асардаги, бир қарашда бирёқламадай кўрингувчи воқеалар оқимига қараб туриб, ғазабланишлари ёки оғринишлари табиий.

Биз ҳурфикрли зиёлилар Ислом Каримовни диктатор деймиз.Унинг сиёсий режимини бирёқламаликда, Республикамизнинг барча оммавий ахборот воситалари ноҳолис экани ҳақида йигирма йилдан бери тинимсиз бонг урамиз.

Каримов режими эса ўз ҳукуматига мухолиф фикрда бўлган ҳар қандай шахс овозини ўчиради – деймизу ўзимиз воқеликка ҳолис ёндошолмаймиз.

Мухолифат манфаатларидан йироқ ҳар қандай ҳур фикрни журналист Шуҳрат Аҳмаджонов тасвирлаганидек, жунли қўлларимиз билан бўғишга киришамиз, воқеликни ҳолис, икки тамонлама ёритишга ҳаракат қилган Исмат Ҳушевни буюк ҳушомадгўй дея маломат қиламиз.

Тўғри, асарда муаллиф тарихни акс этдираётиб, айрим жузъий хатоларга йўл қўйган бўлиши ҳам мумкин. Ким хато қилмайди? Фақат қабрда ётганларгина хато қилмайлилар.

Шу ўринда Элимизнинг энг ардоқли шоирларидан бири, устозимиз, Ўзбекистон Халқ Шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг хато ҳақидаги ажойиб шеърини илова қилмоқчиман.

Хато қилишингни кутарлар

Шундайлар бор сенга лутф айлаб,
Дўстман дея қўлин тутарлар.
Лекин ҳар зум қадаминг пойлаб,
Хато қилишингни кутарлар.

Хато қилсанг, уларга байрам,
Йўқса заҳру заққум ютарлар.
Майли жиндек, зарра бўлса ҳам,
Хато қилишингни кутарлар.

Хатоларинг керак уларга ,
Шох, новдадек дарҳол бутарлар.
Тағин кунни улаб тунларга,
Хато қилишингни кутарлар.

Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат,
Хато қилишингни кутарлар.

Улар сенга бир умр йўлдош,
Содиқ ҳамрох каби ўтарлар.
Қабринг узра эгсалар ҳам бош,
Хато қилишингни кутарлар!

Исмат Ҳушев ўз асарида гарчанд, ўз ҳаётини, ўз яқинларининг, бир замонлар бирга ишлаган дўстларининг ташқи ва ички қиёфаларини акс этдирсада, бу асарда ЎЗБЕК халқининг орзу – армонлари, қувончу шодликлари, қайғу хасратлари, қўйингки элимизнинг тонглар каби беғубор қалби ётибди.

Исмат Ҳушев ўз отасининг адабий портретига штрихлар чизаркан, газета – журналлар ўқийдиган, фарзандларини ватан корига ярайдиган инсон бўлиши йўлида қайғурадиган, инсофли, ватанпарвар, марифатли ўзбек отахонларининг жайдари қиёфаларини маҳорат билан акс этдириб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Елкасида кўтариб катта қилган, уни ҳимоя қилиб болалар билан тупроқларга беланиб муштлашган, тиллақўнғиз тутиб бериб, ёки бирга рогаткалар ясаб, бир товоқдан талашиб – тортишиб ош еб, тепишиб, бирга катта бўлган меҳрибон акасидан жудо бўлган кунларини юрак қонини қизил сиёх қилиб, беҳудуд армонларга ғарқ бўлиб ёзаркан, автоҳалокатга учраб оғир аҳволда ётган жигаргўшасига, маҳалладошлари, ёру дўстлари қон бериш учун енгларини шимариб, навбат талашиб: -Духтир, мендан олинг қонни, йўқ мендан олинг! – деётган қайғули дамлар тасвирига киришаркан, ўша қирқ беш кунда Катта Фарғона Каналини кетмон билан қазиб юборган ЎЗБЕК ХАЛҚИМИЗнинг ҳамжиҳатлигини зуҳурга келтиради.

Айниқса ўғлининг, жигарпорасининг доғида куйиб, остоналарга бош уриб йиғлай – йиғлай кундан – кун чўкиб, мунғайиб, узоққа бормай оламдан ўтгани онаси тўғрисидаги эпизодларни ўқиган одамнинг кўзларига ғилтиллаб ёш қалқийди, кўз ёшдан кўзлари хиралашиб, харфлар шувалиб, асарнинг қолган қисмини маълум вақт ўқиёлмай қолади.

Мана шу эпизодда ҳам боласи учун жонини беришга тайёр, жафокаш, меҳрибон ЎЗБЕК оналарининг мунис қиёфаси акс этган.

Қисқаси, Исмат Ҳушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” асарини ўқиш билан бирга уқмоқ ҳам керак.

Бу асар сўз билан ёзилган маҳзун бир куй. Бу куйни кўз билан тингламоқ зарур.

6 апрель, 2012 йил,
Кеч соат 10 дан 12 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

Leave a Reply
*