Menu
Categories
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (7)
08/27/2013 Адабиёт

Одил ака хотини биланПахта даласидан Тошкентга ёзилган мактуб 

Одил ака!

Яна кўришиш насиб бўлмади. Врач кўрганидан кейин Тошкентга жўнатишга қарор қилди[1]. Тошкентдан «Победа»[2]келган экан. Шу машина билан жўнатишмоқчи.

Аҳволим анча яхши. Олиб келган нарсаларингизнинг ярмини еб бўлдим. Иштаҳам яхши.

Мен Солия[3]га хат қолдирдим. Агар вақтингиз бўлса, шуни олиб бориб берсангиз. Менинг бир қоп юким қолган. Оғирлиги тушмаса, шуни олиб келсангиз яхши бўларди. Кийимлар, кўрпа, одеял ва бошқалар.

Кўришгунимизча соғ бўлинг. Телеграммада ёзганимни Тошкентга бориб тузалганимда бажараман.

Салом билан Марям.

20 октябрь, 1954 йил.

16

 

«Тез ёрдам» клиникасидан Қарноққа мактуб

 

 

Салом, Одил ака!

Бугун 26 октябрда Сизга хат ёзишга муяссар бўлдим. Аҳволим яхши. 21 октябрда кечқурун келиб, уйда ётдим. Кейин 22 октябрдан бери касалхонада ётибман.

Адрес: Жуковская кўчаси, «Тез ёрдам» клиникаси, 4-палата.

Келган куним операция қилишди. Унча қийин бўлмади, чунки жароҳат йиғилиб туриб оғриқ тутаётган эди-да. Кесганларидан кейин марганцовка билан­ чайдим. Стрептацит порошогини ичиб турибман. Кунда 3 марта иссиқ буғ билан нафас оламан. Даволанишим шулардан иборат. Температура 38–39 даражада бўлиб турган эди. Бугун 36 даража. Уйдан одам келиб турибди. Маҳфуза холам шу ерда экан. Суннат[4] акам ҳам кеча келибди. Уйдагилар тинч. Ҳидоят келди. Менинг олдимга ҳар куни келиб турибди. Аҳволим яхши. 1 октябрда ўқиш бошланар экан.

Мен ҳам энди чиқиб қолсам керак. Унча узоқ ушламас эканлар. Ҳозирча зерикканим йўқ (касал билан овора бўлиб). Агар тузалсам, «основа»дан «Нима қилмоқ керак?»нинг 1- ва 2-машғулотларига тайёрланиб қўйишим керак. Орасида «Дядя Ваня»ни ўқишим керак. Қиладиган ишларим шулардан иборат.

Энди ўзингиздан сўрасам.

Уйда дам олганингиз жуда ёқипти. Билмадим, пахтада қандай бўлди? Аҳволингиз яхшими? Нормани ошириб бажараяпсизми? У ерда ўртоқларингиз тинч эканми? Мени биладиганлари бўлса, албатта, салом айтарсиз…

Азимадан хат олдим. Уларни «Молотов»[5]га кўчи­ришган экан. Мен кетган куни у ҳам келипти. Сиз билан учрашмаган бўлса керак. «Победа»да келиш қийин бўлди, чунки 5 киши жуда сиқилишиб кетдик. Чангдан қўрқиб деразаларни очмадик. Иссиқлаб кетдик. Лекин Тошкентга етиб келгач, уйимизга олиб келиб қўйди. Уйдагилар менинг келганим учун ҳам қувонишди. Томоғим оғриганини билганларидан сўнг, бирпастлик қувончлари тамом бўлди.

Ҳозирча ўзимнинг аҳволим яхши. Шу хат сизга етиб боргунча жуда ҳам яхши бўлсам керак.

Мендан хавотир олманг.

Кўришгунимизча саломат бўлинг.

Салом билан… Марям.

26 октябрь, 1954 йил.

1955

 

17

Қарноқдан Тошкентга

мактуб

 

 

Мар!

Кеча сенинг илтимосингни қайтармаслик учун эртага эмас, индинга тушақолинг, деб бобой[6]га бордим. Афсуски, улар даданг билан гаплашиб, шу бугун кеч соат 6 да учрашмоқчи бўлиб қўйган эканлар. Энди бормаслик мумкин эмас эмиш… Хафа бўлмагин. В сущности[7], бугуни нима-ю, эртаси нима? Ишқилиб, иккимизнинг обрўмизга, бахтимизга лойиқ иш бўлса бўлгани. Шундай бўлар, деб умид қиламан.

Хўп, эркам, муваффақият ва куч тилайман.

Одил.

Январь, 1955 йил.

Р.S. Кеча хафа бўлгандирсан, чунки, умуман олганда, сен ҳақсан. Лекин сен бир нарсани унутиб қўйдинг: ҳеч бир йигит агар ўзини ҳурмат қиладиган бўлса, қизни бошқа бир йигитдан қўрқиб севмайди. Қўрқиб севадиган йигитнинг қиймати ҳам бир тийин. Шунинг учун мен аччиқланган эдим, балки ўйлаб кўриб кечиргандирсан…

 

18

 

Тошкентда ёзилган

мактуб

 

 

Мар!

Катта ҳадя учун қарздормиз. Албатта, кичигига етказган Худо каттасига ҳам етказар. Қолганига кечаси битта бўса оласиз.

Одил.

8 март, 1955 йил.

 

19

 

Тошкентда ёзилган

мактуб

 

 

Мар!

…Мен сенинг касалланиб қолганингга, албатта, ишонаман, лекин ваъда берган одам, хусусан қиз, ўз ваъдасига вафо қилиши керак, мен ҳам аҳмоқ эмасман, ахир.

Илоҳим, энди тузалиб кетгайсан, лекин агар температуранг баландлашиб, эртага ҳам келмай қоладиган бўлсанг, бугун хабар бергин, токи эртага ҳам мен аҳмоқ бўлиб қолмай, ахир 30 да экзаменим бор.

Ўзингни қўлга ол, тузалиб келгин.

 Салом билан ўзингнинг Одилинг.

27 июнь, 1955 йил.

20

 

Тошкентдан пахта даласига мактуб

 

 

Эркам!

Мени Тошкентдек катта шаҳарда ёлғиз қолдириб кетдинг-у, на хат, на хабар бор[8]. Нега? Наҳотки, пахтазор ҳақиқатдан ҳам шу даражада қувончга тўла бўлса?

Меҳнатни севган киши учун пахтазорнинг қу­вончли бўлишига ишонаман, лекин киши ўз ёрини эсламаслиги, соғинмаслиги мумкинми?

Мен сен кетгач, ниманидир йўқотган одамга ўхшаб ғалати бўлиб қолдим ва бу туйғулар кундан-кунга ўсиб бораётибди. Сен бор вақтда негадир жуда яхши ва жуда чиройли кўринадиган уй (гарчи ҳақиқатда чиройли бўлмаса ҳам) сен кетгандан ке­йин бўм-бўш бўлиб, шундай ҳунук бўлиб қолдики, у ердан кўчиб кирдим, тўғрироғи, бериги уйга қочиб кирдим. Яхши ҳам шу бор.

Мар, иш жуда қизғин кетаяпти, шунчалик қиз­ғинки, нафас олишга вақт қолмади, шу ҳолда 10 га­ча (октябрь) давом этса керак, негаки, ҳозир улар 10октябрда чиқарамиз, деб бутун кучни шу ишга бердилар. Менинг ҳам тоза бошим қотди. Ҳар куни соат 4 гача репетиция, кейин синовда иш, ниҳоят, уйга келгач, текстни тузатиш. Чарчадим, чарчадим, севиклим, эркам, жоним! Шундай чарчадимки, ҳатто кечаси ухлолмай қолдим.

Эрта-индин эълон чиқади, агар, башарти, бу дам олишда чиқолмай қолсам (агар репетиция 4–5-кўринишгача борадиган бўлса чиқолмай қоламан), унда тўғри нариги отдых[9]да чиқиб, премьера[10]га олиб келаман.

Аммо сиз ҳам бунчалик бўлманг, оппоқ қиз! Наҳотки, ҳалитдан бир-биримизнинг жонимизга тегсак?! Ахир хат ёзиш мумкин эди-ку! (Ремадан аллақачон келди.) Лекин энг яхшиси, бир сабаб топиб уч-тўрт кунга келиб кетсанг, мен учун жуда катта қувонч бўлар эди, айниқса чарчаб юрганимда. Хай, буни ўзинг биласан.

Мен Аҳмаджондан опайга хат ёзиб юбордим, балки 7–8-ларга у ердан аянгни касал, деб телеграмма келиб қолар, унда келиб 5–10 кун дам олиб кетасан.

Бу ерда ортиқча янгилик йўқ. Ҳамма ўз ишида ишламоқда, Тошкент жойида. Айтмоқчи, сенларнинг икки болаларингни кўрдим. Сени стахановка бўлган, дейишди. Ростми? Табриклайми?

Яна нима дейман? Опай ҳали тушмади, мен сенга борадиган бўлсам, албатта, хабар олиб кўраман.

Бошқа гапим йўқ. Уй ичидан, таниш-билишлардан кўплаб салом!

 Салом билан қаттиқ ўпиб қолган ўз Одилинг.

27 сентябрь, 1955 йил.

 



[1] Пахта теримига борган М.Ёқубова жуда қаттиқ бетоб бўлиб қолган.

 

[2] «Победа» – урушдан кейинги йилларда машҳур бўлган автомобиль.

 

[3] Солия – М.Ёқубованинг курсдош дугонаси.

 

[4] Суннат ака – Маҳфуза холанинг турмуш ўртоғи.

 

[5] «Молотов» – шу номдаги жамоа хўжалиги (колхоз) назарда тутилмоқда.

 

[6] Бобой – Одил аканинг яқин қариндоши.

 

[7] В сущности (русча ибора) – сирасини айтганда. (О.Ёқубов жонли нутқи ва оилавий мактубларида русча сўз ва иборалардан ҳам фойдаланган.)

 

[8] М. Ёқубова янги келинлик пайтида пахта теримига кетган эди.

 

[9] Отдых (русча сўз) – якшанба (бозор) куни назарда тутилмоқда.

 

[10] «Чин муҳаббат» спектаклининг премьераси назарда тутилмоқда.

 

1956

21

Тошкентдан Туркистонга ёзилган мактуб

 

 

Мар!

Янги уй[1]га кўчганимизда кўп одам ранжиганми, билмадим, ишқилиб, сени жўнатдим-у[2], оғриб қолдим.

Ҳозир касалхонадаман. Хавф қиладиган ҳеч нарса йўқ. 5–6 августгача, нари борса 10-гача чиқаман, ке­йин ёнингга чопиб бораман.

Хўш, ўзларинг яхши бордиларингми? Қийналма­диларингми? Аянг, опаларинг соғ-саломат эканларми? Қишлоқ ёқдими?

Дарров жавоб ёзгин.

Айтадиган гапим шуки, бу ёқдан хавф олмасдан, худди бултургидек ўйнаб-кулиб дам олавергин. Меним­ча, дам олишга шарт-шароит бордир. Албатта, иш кўп ва қийин бўлса керак. (Меҳмон туфайли.) Леки­н аям шундайки, уйда яхши «атмосфера»[3] туғдира олади. Энг муҳими, майда-чуйдалар учун бир-бирларингдан аразлашмасдан, бир-бирингни ҳур­мат қилиб (айниқса, сен), ўйнаб-кулиб юргин. Гап умуман – шу. Албатта, сен бу ерда бўлганингда менга «морально»[4] тузук бўлармиди, аммо ҳозир барибир киритмайди. Демак, келиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Дам олинглар. Менинг айтмоқчи бўлганларим шу, эркам.

Салом билан…

Сенинг Одилинг.

26 июль, 1956 йил.

 

22

Тошкентдан Туркистонга ёзилган мактуб

 

 

Мар, милая моя[5]!

Мен 15 кун қаттиқ касал бўлиб (ҳароратим 40 даражадан кўтарилди), ниҳоят бугун чиқдим. Сенга фақат битта хат ёзишимнинг сабаби ҳам шунда. Кеча опай келди. Сен негадир хафа эмишсан. Нега, эркам?

Сен у ерга дам олиш учун бординг. Демак, агар иш (таржима) халақит берса, уни ташлаб, бемалол дам олавергин.

Мени Марат тўхтатиб турибди, акс ҳолда олдингга учишга тайёрман. Ўйлайманки, 10 августгача етиб бораман ва агар сен шунчалик зерикиб қолган бўлсанг, 1 сентябргача балки қайтиб кетармиз.

Мен боргунча хафа бўлмасдан дам олиб тургин. Бу ёқда ҳамма нарса жойида.

Хўп, кўришгунча, кўзларингдан ўпиб,

Одилинг.

2 август, 1956 йил.



[1] Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган Тошкент куранти қаршисидаги бир хонали уй.

 

[2] М.Ёқубова ҳомиладор вақтида Туркистонга меҳмонга кетган.

 

[3] Атмосфера (байналмилал сўз) – иқлим маъносида.

 

[4] Морально (русча сўз) –  маънан, маънавий жиҳатдан маъносида.

 

[5] Милая моя (русча) – азизам.

 (давоми бор)

Leave a Reply
*