Menu
Categories
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (9)
09/13/2013 Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари...

Одил ака хотини биланМосквадан Тошкентга

ёзилган мактуб

 

Мар, эркам!

Нега сендан ҳеч қанақа хат-хабар йўқ? Мен энди безовта бўла бошладим.

Бундан бир неча кун олдин сенга хат ёзгандим. Ундаги энг муҳим гап – Пиримқул борса, у билан Москвага келишинг ҳақида эди.

Энди, афсуски, Пиримқул бормайдиган бўлди. (Декабрда борармиш.) Агар сен келгинг келса ва ёнингда тайинлик одам бўлса, энг муҳими, соғлигингга (қайси маънодалигини биласан) зарар бўлмаса, 20–21-ларига келишинг мумкин. Пулни йўлингга олсанг бўлгани.

Агар башарти шу ишни қилмоқчи бўлсанг, телеграмма берасан: «Москва, Митная, 66, квартира 10, Кадырову».

Мен, агар келмайдиган бўлсанг, 20–23 ўртасида телефонга чақираман. Шу хат бориши билан телеграмма юбор. (Адрес: Москва, Пределкино, Дом творчества писателей, Якубову).

Авиа-почта билан хат ёз (адрес конвертда). Ҳамма аҳволни айтгин. Холдор келдими? Қарноқдан нима гаплар бор? Марат пахтадан қутулдими? Ўзинг нима қилмоқдасан? Гап шу.

Ўзим соғман, ишламоқдаман. Соғиниб қолдим.

Юзингдан ўпиб,

Одил.

10 октябрь, 1956 йил.

 

 

26

 

Тошкентдан Москвага

мактуб

 

 

Жоним!

Сиз кетганингиздан кейин ёлғизлик азоб бера бошлади. Ойимларникига тушиб ётаман-у, ҳар куни бир марта почта учун келаман. Ниҳоят, 14 октябр­да биринчи ёзган хатингиз билан телеграммани олишга муваффақ бўлдим. Шундан кейин қандай қилиб бўлса ҳам Москвага жўнашга қатъий қарор қилдим. Ишларингиздан хавотир олиб юрган эдим. Бир оз кўнглим тинчиди. 15 октябрда врачма-врач қатнадим, самолётда кетишга рухсат беришди. Шундан ке­йин ўзингизни телефонга чақирдим-у, оғриб қолдим. Телефонда сездирмасликка ҳаракат қилдим. Яна ўша ангина! 5–6 кун бўлди. Кейинги кунларда жуда қийнаяпти. 2–3 маҳал қайноқ сутдан бошқа ҳеч нарса ичолмайман. Яна сарсонгарчилик – врачга қатнаш кера­к. Умуман, энди зерикишга вақт тополмай қолдим.

Ҳозирча Москвага бориш ҳақида оғир очмаслигим мумкин. Тузалганимдан кейин кечлик қилса кера­к. Бугун иккинчи хатингизни ҳам олдим, жуда севиндим.

Маратдан хат келди, яхши юрипти экан. Уйдан хабар йўқ. Пахтада ҳамма байрамгача юрса керак. Холдор акамдан ҳам хабар йўқ.

Ўзимнинг аҳволим шундай. «Қўғирчоқ» қийна­лаётгани йўқ, чунки қаймоқ билан сутга бойиб қолди-да!

Шунга қарамай, ўзим ёмон чарчадим, қорним очади-ю, овқат ея олмайман. Агар иложи бўлса, тузалганимдан кейин 22–23 октябрда яқин орадаги «Дом отдых»[1]га бориб (12 кун) келсам, дейман. Уйда қийнаб юбордим ҳаммани. Путёвка[2] топилар экан-у, лекин сиз нима дейсиз?

Ишингиз ҳақида қандай яхши фикрлар бор? Таржи­ма нима бўлди?

Пиримқул акаларнинг уй ичи соғ-саломатми? Сафи­я[3]га мендан салом айтинг. Шароит яхшими? Бемалол ишлаш мумкинми ёки номи «Дом творчества»-ю ўзи анчайин бир гап эканми?

Иложи бўлса, телефонга олдинроқ чақиринг. Кеча сўролмадим.

Ҳозирча хайр.

Салом билан

Марям.

17 октябрь, 1956 йил.

 

 



[1] «Дом отдыха» –  шўро даврида шаҳар ва вилоятларда меҳнаткашлар учун ташкил этилган «Дам олиш уйи».

 

[2] Путёвка (русча) – санаторий ва дам олиш уйларига бориш учун касаба союз уюшмаларидан бериладиган йўлланма.

 

[3] Сафия – Пиримқул Қодировнинг рафиқаси.

 

Leave a Reply
*