Menu
Categories
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (10)
09/13/2013 Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари...

Одил ака хотини биланТошкентдан Москвага

мактуб 

Азизим!

Мана, бугун тузалиб ўрнимдан турдим. Хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Врачлар уйга (ойимларникида) қатнаб кўришди ва пенницеллиндан укол қилишди. 2–3 кун бўлди Ремир билан ойим ҳам келди. Мен ҳозир ўзимизникидаман. Аҳволим, умуман, яхши. «Қўғирчоғингиз» яна ҳам яхшироқ ўйноқлаяпти. Лекин жуда чарчаганман. Овқатни яхши еяпман. Куз ҳавоси жуда ёқимсиз. Уйда ҳам, кўчада ҳам одам ўзини ёмон сезади. Ойим ҳам янги уйга ўрганай деди. Ўтган куни Холдор акам билан телефонда сўзлашдик. Яхши юрган экан. 15 ноябргача бормоқчи бўлса керак. Марат ҳали пахтада. Бизникилардан ҳам хабар йўқ. Тошкент жим-жит, зерикарли. Буни мен энди сезаяпман.

Насиб қилмаган экан-да, касал бўлмаганимда, ҳозир сизнинг олдингизда бўлар эдим. Майли, нима ҳам дердик. Яна 10–15 кунга чидаймиз-да, лекин Сиз ҳам тезроқ келинг.

Албатта, «Уйғун аканинг столи»[1]ни кўтариб келинг. Бизга шу етади. Бошқаларга магазинда сотилиши мумкин бўлган нарсаларни оларсиз. Хўпми?!

Мендан хавотир олманг. Эсон-омон ишни би­тиринг-да, учиб келинг.

Хат ёзинг. Эшитаяпсизми? Мендан ҳеч қандай хавотир олмаслигингиз мумкин. Олдинги хатимда «Дом отдых»га бормоқчи бўлганим ҳақида ёзган эдим. Энди кечлик қилади, яъни ойимни ташлаб кети­ш мумкин бўлмагани учун бу фикримдан қайтдим. Уйда ётиб дам олавераман.

Хўп, эсон-омон кўришайлик.

Салом билан

Марям.

23 октябрь, 1956 йил.

 

28

 

Москвадан Тошкентга

ёзилган мактуб

 

 

Мар!

Бугун, бундан 5–6 соат олдин, мен сенга ҳаяжонга тўла, бениҳоят самимий, шу билан бирга қандайдир болаларга хос наивный (содда) бир хат ёздим.

Мен кўпдан бери сенга шунчалик самимий ва чуқур ҳаяжонга тўла хат ёзмаган эдим, чунки, бир томондан, ўзимдан бўлса, иккинчи томондан, Сендан қаттиқ хафа эдим.

Дарҳақиқат, мен Москвага кетдим, бу ерга келиб ишлай бошлаганимга бир ойдан ошди деярлик, шу вақт ичида сендан бир марта хат олдим, у ҳам бўлса, қандайдир қирқ йил бирга умр кўрган 60 яшар кампирнинг хатидек совуқ бир нарса эди. Ажабо, наҳотки, бир мен сени севсам, наҳотки, ёлғиз менинг юрагимда муҳаббатимиз алангаси ҳамон порласа-ю, сен муздек совуқ бўлсанг?

Сен мени тескари тушунмагин, мен бу икки хат билан сендан садақа сўраётганим йўқ, фақат баъзан ғалати фикрларга кетиб қоламан.

Сен мендан ўн ёш кичиксан, демак, сенинг юрагинг меникидан ўн марта майин, нафис ва ожиз бўлиши керак эди, ҳолбуки, сенинг баъзи қилиқларинг, ҳатто шундай узоқ жудолик вақтида тутган муносабатларинг шундайки, гўё мен бир тиламчиман-у, сен ўз муҳаббатингни менга садақа қилгансан ёки марҳамат қилиб, бундан кейин ҳам садақа қилишинг мумкин…

Балки мен янглишарман, лекин, наҳотк, бир ой давомида сенинг ўйингга, сенинг юрагингда киши фақат ўз ҳаёт йўлдошига айта оладиган бир ҳасрат, бир ўй, нафис ва ғамгин бир ҳис туғилмаса? Ахир хат – юракнинг кўзгуси-ку! Ахир киши ўзининг дўстидан, ёридан, ўртоғидан узоққа кетган вақтида ўтмишни чуқурроқ эслайди, баҳолайди ва ниманидир айтгиси келади-ку! Наҳотки, сенинг менга айтадиган битта ҳам фикринг, ҳасратинг, ниҳоят, гинанг бўлмаса? Мен бунинг ҳаммасини сендан тиламчилик қилиб сўраб олмоқчи эмасман, агар ҳақиқатдан ҳам дилингда ҳеч нарса бўлмаса, алдаб ёзгандан кўра, ёзмай қўя қолганинг яхши, минг марта яхши, мен фақат ҳайрон бўламан, ўйлаб, ҳайрон бўламан…

Одамларнинг муносабати азалдан шундайки, аёл ҳамиша ўзини бир поғона паст тутиб, севгисини, меҳрини очиқроқ кўрсатиб келади. Сен эсанг, гўё дилингдаги муҳаббатни очсанг, мендан паст бўлиб қоласан, гўё сен эмас, мен ялинишим керак, сен эмас, мен бош эгишим керакдек тутасан ўзингни. Бунинг ҳаммаси шунга олиб келдики, мен бир ой давомида битта ҳам хат ёзмадим, гарчи ёзиш истаги бўлса ҳам, атайин ёзмадим… Мен сендан хат кутдим, оддийгина хат эмас, дилингни тўлдирган ҳасратни, ўйларни, юрагингни эзган қандайдир ҳисларни ўз ҳаёт дўстингга айтармикансан, дедим… Йўқ, бу бўлмади. Мен бир аҳмоққа ўхшаб қолдим…

Шундан кейин мен, умуман, хат ёзмайман, деб ўйладим. Лекин бугун бу ерда бир кеча бўлди. Шундан қайтдим-у, юрагим тўсатдан тўлиб кетди. Мен сендан жуда қаттиқ ранжидим-да, шу хатни ёзишдан ўзимни тутолмадим. Бунинг яна бир сабаби шунда бўлдики, мен Москвага келгандан буён ҳар ҳафтада икки-уч марта Пиримқул[2]ларникида бўламан, Сафияни кўраман… Бениҳоят гўзал, шу билан бирга бениҳоят мулойим, ақлли ва оддий бир аёл! Мен сени Сафиядан кам демайман, менинг учун сен мингта Сафиядан яхшисан, лекин ажабо: нега сен бунақа совуқ ва мағрурсан? Энди иккимиз катта бир бахтни, фарзанд кўриш бахтини кутаётган бир вақтда шунақа мағрурлик керакмикан? Иккимиздан бировимиз сал эгилганимиз яхши эмасмикан? Эгилсак, бўйнимиз узилиб қолмас?

Ҳар ҳолда ёшлик худди асалдек ширин ўтган, ҳамма ғам-ҳасратларга, аччиқ ва оғир дамларга қарамасдан, дилимизда шундай гўзал ва унутилмас бир эсдалик бўлиб қолган катта муҳаббатни гулни асрагандек асраб қолсак, яхши бўлмасмикан?

Ҳар ҳолда ўтган умримизни фақат мен эмас, сен ҳам эсласанг, уруш ва жанжалларимизни ўйлаб чиқсанг, ақл билан эмас, юрак билан назар солсанг бўларди?..

Балки менинг бу гиналарим ҳозир, фарзанд кўриш вақти яқинлашиб, қўрқиб юрган чоғларингда сенга оғир тегар?.. Оғир тегмасин, жоним, эркам, гўзалим. Одил фақат ўз кўнглини айтди… У сени баъзан қанчалик қийнамасин, сўкмасин, азоб бермасин, шунинг тагида ҳам… севги бўларди. У севиб туриб қийнар эди. Буни сен ҳали тушунмайсан, лекин бу ҳақиқат, эркам!..

Мен тўсатдан кўп гапирдим. Бу гапларнинг ҳаммаси самимий, лекин бу гапларнинг биттаси ҳам илтимос эмас, ёлвориш эмас… Чўмичга фақат бор нарса чиқади, агар ўз юрагингда, кўнглингда, дилингда меникидақа ҳислар бўлмаса… хат ҳам кераги йўқ, ҳатто севги тўғрисида гаплар ҳам!..

Ҳаммага салом айт. Ойимга, опайга алоҳида. 7 ноябрга пул олгин. (Союздан.)

Соғ бўл, сутни кўп ичиб «қўғирчоқ»ни соғлом қилиб, тарбия қил!

Соғиниб қолган Одилинг.

 27 октябрь, 1956 йил.

29

 



[1] «Уйғун аканинг столи» – Уйғун – Ўзбекистон хақ шоири. Одил Ёқубовга ижод столини совға қиламан деган.

 

[2] Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров шу йилларда Москвада яшаб, СССР Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

 

Leave a Reply
*