Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: СУРОНЛИ 1990-94 ЙИЛЛАР (1)
09/23/2013 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

 

Рашидов и Брежнев

 

Абулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

          СУРОНЛИ 1990-94 ЙИЛЛАР

 

 

    1990 йил 6 ноябр

 

   Катталар билан узоқ тортишувлардан сўнг, – Шароф  Рашидов вафотидан сўнг биринчи бор! –  Жиззах туманига қарашли Шароф Рашидов туғилиб ўсган ҳудуд – “Москва” колхози клубининг кичик залида Шароф Рашидовнинг туғилган  кунини нишонладик.

Мен  1990 йил 16 июндан  Ўзбекистон Республикаси  Ёзувчилари  уюшмаси Жиззах вилояти бўлимида масъул котиб бўлиб ишлай бошлаган  эдим.  Шу даврдаги фаолиятимнинг дастлабки якуни эди  бу. Биз сентябрдаги секретариат йиғилишида Шарофат Ботирова таклифига кўра бўлим қошида “Шароф Рашидов қадриятини тиклаш комиссияси тузган, унга: Тўпа Раҳмонқулова – СССР халқ  депутати, Мели Қобилов – Ўзбекистон халқ депутати, Умарқул Эгамов  –  вилоят кенгаши депутати, Акром Иномов – “Жиззах овози” (Жиззах шаҳри ва Жиззах тумани)  газетаси  бош муҳаррири, вилоят “Жиззах ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Жавлонов, вилоят “Джизакская правда” газетаси бош муҳаррири Леонид Адильшаев, журналист ва ёзувчи Нўъмон Мирзаев, шоира, Жиззах педагогика институти доценти  Шарофат Ботирова, Жиззах  тумани байналмилалчи жангчилар етакчиси, шоир Фурқат Ортиқов ва мен аъзо бўлиб кирган, Акром Иномовни комиссия раиси этиб сайлаган, расмий ташкилот сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарларига ўзимизнинг Шароф Рашидов хотирасини қайтадан тиклаш бўйича аниқ таклифларимизни жўнатган эдик:

  1. 6 ноябрда Ш.Рашидов туғилган кунни  тантанали нишонлаш.
  2. Жиззах шаҳар Дўстлик майдонида Ш.Рашидов бюстини яна олдинги ўрнида тиклаш. Ш.Рашидов номи олиб ташланган жойларга яна бу номни тиклаш. Хусусан, вилоят кутубхонасига, ип-йигирув фабрикасига, шаҳар ва “Москва” колхозидаги марказий кўчаларга Ш.Рашидов номини қайтиб бериш.
  3. Ш.Рашидов номидаги  халқаро жамғарма тузиш.
  4. Ш.Рашидов номли ижод боғи яратиш ва ҳоказолар.

Шароф Рашидов туғилган кунни нишонлашга ҳеч ким қарши эмас, аммо ҳеч ким расман рухсат беришни ҳам истамас эди. Шу тахлит сентябрдан бошлаб биз шаҳар, туман, сўнг вилоят раҳбарлари билан учрашдик  30 октябр  Шароф Рашидов вафот этган кун. Бу кундан анча олдин биз  30 октябрда  Фурқат Ортиқов бошчилигидаги байналмилалчи жангчилар Дўстлик майдонидаги Ш.Рашидов бюсти ўрнида йиғилиш ва митинг ўткизмоқчи, ҳукумат томонидан қаршилик кўрсатиладиган бўлса, бунга яраша  амалий тадбир қўлламоқчилар, деган хабарни эшитдик. Мен вилоят ёзувчилари уюшмаси раҳбари сифатида  ходимим Абдураҳмон Каримовдан менга Фурқатни топиб келишини сўрадим.  Уларнинг ҳар иккаласи “Москва” колхозида яшашарди. 26 октябрларда Фурқат менинг олдимга келди. Авзойи бузуқ, ҳар қандай қаршиликларга қарамай намойишга чиқамиз, бизга нисбатан тазйиқ ўтказиладиган бўлса, қаршилик кўрсатамиз. Афғончилар ҳамма нарсага тайёр, деди. Мен Фурқатга:  Ш.Рашидов қадриятини тиклаш бўйича расмий ташкилот тузганимизни, ташкилотимиз олиб бораётган ишларни,  бизнинг ишларимизга ҳозир ҳеч ким қарши эмаслигини, аммо ҳеч ким  расмий тадбирларга розилик ҳам бермаётганини, бу ҳаракатни ур-тўполон билан эмас, балки тинчгина, дипломатик йўл билан ҳал қилиш лозимлигини ва бу мумкинлигини, агар рози бўлса, Фурқатни ҳам комиссиямизга аъзо қилиб олишимизни, ва у комиссия аъзоси сифатида  бу йўналишда қандай кўламда ишлар олиб борилаётганию, нимага эришилаётганию ва нималарга эришиш мумкинлигини ўз кўзи билан кўриши мумкинлигини тушунтирдим. Хуллас, Фурқат Ортиқов комиссияга аъзо бўлиб киришга рози бўлди, аммо 30 октябр куни намойиш уюштирилишини, бунга байналмилалчилар ўзаро келишиб қўйишганини айтди. Менимча, бунга ҳеч ким қарши бўлмайди, фақат провокацияга учманглар, намойиш тинч ўтиши шарт. Бу йўлда баҳона тополмай турганларнинг қўлларига дастак тутиб берманглар, деб илтимос қилдим.

30 октябр куни эрталаб, Дўстлик майдонига келсам, намойишчилар  қўлларида Шароф Рашидов портрети, бошқа транспарантлар, Ш.Рашидов бюсти ўрнида туришипти. Улар 30 нафарча бор. Майдон четида бир қанча машиналарда, балки йўлкаларда ҳам махсус хизмат ходимлари уларни кузатишмоқда. Вазият тинч эди. Шунисига шукр қилиб, уларнинг олдига бордим. Фурқат Ортиқов йўқ эди. Фурқатни раҳбарлар чақириб кетишганини айтишди. Уни кутиб анча вақт туриб қолдим. Кейин уюшмага борсам, комиссиямиз аъзолари хурсанд ҳолда ўша ерга кириб келишди. Айримлари мендан “сен  нега қочиб кетдинг”, деб таъна ҳам қилди. Маълум бўлишича, Фурқат Ортиқовни ва барча комиссия аъзоларини вилоят партия қўмитаси биринчи котиби, вилоят Совети раиси Эркин Турсунов ўз ҳузурига чақирипти, Шароф Рашидов масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидлабди. Комиссия аъзолари ўз таклифларини айтганда, жумладан, 6 ноябр кунини катта тантана билан нишонлаш кераклигини айтганда “Шароф Рашидов масаласи  – республика миқёсидаги масала, уни мен ҳал қилолмайман, сизлар Республика Президенти Ислом Каримовга учранглар”, депти. Шу ернинг ўзида Президентга учрайдиган комиссия аъзолари сайланипти: СССР халқ депутати Тўпа Раҳмонқулова, “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Акрам Иномов, байналмилалчи жангчилар раҳбари Фурқат Ортиқов. 1 ноябр куни Тошкентга боришга келишилипти. 1 ноябр куни Тошкентда Олий Мажлиснинг навбатдаги сессияси бўлиши лозим эди. Ўзбекистон халқ депутати Мели Қобилов “мен ўша ерда бўламан, сизлар етиб борганча, агар имкон тополсам, Президентга вазиятни тушунтираман”, депти.

1 ноябр куни сессия иши давом этаётган пайт  сессия танаффусида Тўпа Раҳмонқулова билан  Мели Қобилов Президентга учрашган, “6 ноябрни тантана қилишимизга ҳеч ким розилик бермаяпти. Биз бу кунни ўғринча эмас, балки халқ била бирга тантана қилмоқчимиз”, дейишипти.”Ким қаршилик кўрсатса, менинг номимдан айтинглар, ўшанда ҳеч ким йўлларингга чиқмайди. Бемалол тантана қилаверинглар”, депти Президент. Шу гап билан вакилларимиз қанот боғлаб Жиззахга учиб келишди. Яна пиллапояма-пиллапоя  вилоят, шаҳар, туман раҳбарларига учрашилди. Шароф Рашидов туғилиб ўсган макон “Москва” колхози клубида туғилган кунни нишонлашга келишилди. Аммо 5 ноябр куни “Москва” колхози раиси Асқар Эшонқулов: “Агар расмий рухсатнома менинг қўлимга тегмаса, мен клубни очиб бермайман”, деб туриб олди. Яна югур-югур бошланди. Биз ҳамма ёққа эълон қилиб қўйганмиз, меҳмонлар таклиф этганмиз, тантанага бир кун қолган ва шу аҳволда… 5 ноябр куни кечқурун  комиссиямиз раиси Акром Иномов Жиззах тумани райижроқўми раиси Холмамат Суюнов имзоси ва райижроқўм муҳри босилган  рухсатномани колхоз раиси қўлига топширди.

6 ноябр куни колхоз мажлисхонаси олдида тантаналар у қадар катта эмас эди. Ўша куни якшанба бўлиб, йўлдан кўплаб одамлар ўтса-да, биз уларга нима уюштирилаётганини айтиб, клубга таклиф этсак-да, ҳа, майли, бошлайверинглар-чи, биз бозорга бирров бориб келайлик, деб ўтиб кетишарди. Шаҳар раҳбари Аҳмад Соатов, туман раҳбари Муқум Ҳасанов шу ерда. Юзтача одам тўпланди. Уларнинг асосий қисми кўкрагига шода-шода орден-медал таққан қариялар, Шароф Рашидовнинг сафдошлари, болалик дўстлари  ва ихлосмандлари эди.  Тошкентдан бир киши – филология фанлари доктори, профессор, Шароф Рашидов асарлари мутахассиси Назрулла Шодиев келди. Президиумда фақат Акрам Иномов иккимиз ўтирдик. Йиғинни мен бошқардим.Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида  филология фанлари номзоди, Жиззах  Давлат Педагогика институти доценти Ўрол Носиров маъруза қилди.  Назрулла Шодиев гапирди. Сайёра Тўйчиева, Иброҳим Дониш ва бошқа шоирлар адибга бағишланган ўз шеърларини ўқиб бердилар.

Йиғин, энг асосийси, тинч ўтди.

Бу – Шароф Рашидов вафотидан сўнг ва қоралангандан сўнг -, у киши хизматларини қайтадан тан олиш ва  тан олдириш йўлидаги ҳаракатларимизнинг биринчи кўзга кўринарли натижаси эди. Ҳар қалай, шундай улуғ зотнинг вафотидан сўнг етти йил ўтиб, биринчи бор бу Шахснинг  номи тантанавор шароитда тилга олинаётган, туғилган  куни тантанавор нишонланаётган эди. Шаҳар раҳбари А. Соатов йиғин бошлангандан сўнг ярим соат ўтиб, бир иш юзасидан мендан рухсат сўраб кетди. Туман раҳбари М. Ҳасанов йиғин охиригача, меҳмонлар кузатилганга қадар биз билан бирга бўлди.

Кўп ўтмай “Известия”нинг Ўзбекистондаги мухбири Андрей Орлов – 1986-89 йиллари “Джизакская правда”га бош муҳаррирлик қилган, Жиззахнинг нонини еб, сувини  ичган зот – “Известия”да “Опять Рашидов?” номли мақоласини эълон қилди. Унда хатарли экстремист рашидовчилар яна бош кўтараётганини, Жиззахда унинг туғилган кунини нишонлашганини катта ташвиш билан куюниб ёзган эди.

(Давоми бор)

Leave a Reply
*