Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: СУРОНЛИ 1990-91 ЙИЛЛАР (2)
09/29/2013 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

 абулқосимнинг янги расми

                        (давоми)

2.

Комиссия тузиб, иш бошлаганимизда кўплар қўрқиб юришди. Комиссия мен бевосита раҳбарлик қилаётган вилоят ёзувчилар уюшмасида ташкил этилгани боис айримлар менинг қайси кун қамоққа олинишимни ҳам кутишди. Ҳолбуки, вақт ўзгарган, Русия сиёсати – Горбачёв инқирозга юз тутган давр кульминацияси яқинлашиб қолган. Фарғоналик бир гуруҳ журналистларнинг Рафиқ Нишоновга матбуот орқали очиқ хати эълон қилиниб, қўлма-қўл ўқилаётган, шахсан Республика Президенти И. Каримовнинг ўзи икки марта – Ўзбекистон Компартиясининг ХХ11 съездида Ш.Рашидов шахсига  объектив баҳо бериш лозимлиги тўғрисида сўзлаган, лекин ўшанда ҳам бошқа ҳеч ким Каримовни бу масалада қўллаб, расман бир оғиз гап айтишга ботинмаган эди. Айни шу шароитда бизнинг комиссия фаол иш бошлади. Шу шароитда кимдир расмий ташкилот тузиб, иш бошласа, албатта нимагадир эришиши мумкинлигини тушунган эдим. Бундан ташқари  Шароф Рашидов – жиззахлик ижодкор эди. Мен эса Жиззах ижодкорларининг расмий раҳбари эдим. Демак, бу хайрли ишни мен виждонан ўз зиммамга олишим керак эди ва олиб, бу ишнинг уддасидан чиқдим ҳам. “Биз Шароф Рашидов руҳини қўллаб қувватласак, у кишининг руҳи бизларни қўллаб қувватлайди”, деган ақидам бор эди менинг.

Шундай бўлди ҳам.

1991 йил 6 ноябрни 1990 йил 6 ноябрга нисбатан бирмунча кенгроқ нишонладик. “Халқ сўзи” газетасида кичик бир эълон бердирдик. Унда биз 6 ноябр куни Рашидовнинг туғилган кунини Жиззахда нишонлашимизни, юрагида Рашидов шахсига ҳурмати бор барча кишиларни ана шу тантаналарга таклиф этишимизни билдирдик.

 

Биз бошлаган иш  кенг қулоч ёйиб, 1992 йил 6 ноябрда Шароф Рашидов туғилган кун жуда катта тантаналар тусини олди. Тантаналар сўнгида вилоят драма театрида тантанали йиғин бўлиб, унга шахсан Республика Президенти Ислом Каримов қатнашди. Қўшни республикалардан Шароф Рашидов сафдошлари ташриф буюришди. Жумладан, узоқ йиллар Қозоғистонга раҳбарлик қилган Д. Қунаев ва бошқалар. Шу ўринда  Шарофат Ботирова, Тўпа Раҳмонқулова, Фурқат Ортиқовлар: вақтида ҳамма қийинчиликни биз ўз гарданимизга олиб, иш бошлаган эдик, энди байроқни бошқалар кўтариб, биз бир четда қолиб кетдик”, дея ёзғиришди. Мен уларни юпатар, “биз бошлаган иш шу қадар кенг тус олди, энг асосийси, биз жиззахликлар ҳамюртимиз Шароф Рашидов руҳи олдидаги қарзимизни ювдик, виждонимиз тинчиди, шунинг ўзи биз учун жуда катта иш”, дердим.

Аслида ҳам шундай эди.

Шундай бўлиб қоляпти.

Шундай бўлиб қолади.

 

 

 1990 йил 13-18 ноябр

Шу кунлар  Дўрмонда республика ёш ижодкорларининг навбатдаги кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мен вилоят ёзувчилари раҳбари сифатида ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган, шеърлари ҳали ҳеч ерда чиқмаган уч шоирни: Ҳабиба Қурбонбоева, Меҳриниса Абдураҳмонова, Икром Бўрибоев (Икром Искандар)ни жўнатган эдим.

 

 1990 йил 14 ноябр.

Кечқурун ёш ижодкорларга бағишланган телекўрсатувда  бир неча ёш қаламкашлар сафида Меҳринисо Абдураҳмонова ҳам чиқди ва ўзининг кейин афсонага айланиб кетган, аммо ҳозирча мендан  бошқа барчага номаълум бўлган “Зайнаб ноласи” номли шеҳрини ўқиди. Шоир Омон Матжон уни мақтади. Мен жуда қаттиқ таъсирланиб кетдим. Ўзимни тутолмадим. Ички туғёнларимни босолмай, кўчага чиқиб, бирон соатча айланиб юрдим. Ҳар қалай, бу  – мазкур идорадаги олти ойлик фаолиятим  давридаги иккинчи бор тан олинишим эди. Меҳринисони – бор-йўғи саноқли , тўртта шеъри бор 25 ёшли аёлни журъат билан семинарга мен жўнатган эдим. Мана – мана буни натижа дейдилар! Нима, телевизорга чиқадиган бошқа шоир топилмаганмиди? Семинарда 150 нафар ёш ижодкор қатнашаётган эди. Демак, Меҳринисонинг тўртта шеъри Тошкентдаги катта устозларга ҳам маъқул келган.

 

1990 йил 15 ноябр

Укам Бахтиёрни уйлантириш тараддудида эдик. Қишлоққа, Барлосга бордим.

 

1990 йил 16 ноябр.

Янгам, укам, Келёр акамни машинага олиб, ЗАГСдан ўтиш учун Пахтакорга жўнадик. Йўлда Келёр акам, Зулайҳони ҳам олиш керак, дея таклиф қилди. Ўзи Жиззахда тушиб, Пахтакорга кетди. Биз Бўстонга, уйга келдик. Зулайҳо: “бола-чақа билан овора бўлиб юрмайин, биратўла тўйга бораман”,деди. Ўша пайт учинчи қизимиз Гулноз тўрт ойлик чақалоқ эди. Айтишича, Жиззахдан менинг ўринбосарим Абдураҳмон Каримов  телефон қилипти. Мени “Жиззах ҳақиқати”  бош муҳаррири Ўктам Жавлонов, унинг ўринбосари Абдулла Аҳмедов излашаётган эмиш. Улар иккови ҳам яқинда Тошкентга боришипти. Тошкентда янги “Халқ сўзи” газетаси ташкил бўлаётганидан хабарим бор эди. Янги газета бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари  Анвар Жўрабоев ҳар иккаласига: “Абулқосимга айтинглар, тез келсин, биз уни Жиззах вилояти бўйича махсус мухбир қилиб ишга оламиз” депти.

Мен бу таклифга унчалар қизиқмадим, чунки бўлим раҳбари сифатида жуда катта ишларни бошлаган, халқаро Шароф Рашидов жамғармасини тузишга ҳам рухсат олган эдик. Хуллас, Шароф Рашидов руҳи бизни қўллай бошлаган, бизда кўтаринки руҳ, кўтаринки кайфият бор эди. Қолаверса, бу ёқда укамни уйлантиряпмиз, тўй ташвишлари…

Мен парво қилмай, Пахтакорга жўнадим. То шанба якшанбагача тўй қилиб, келинни қишлоққа олиб бориб, барча тадбирларни битирдик.

1990 йил 19 ноябр.

Мен Жиззахга ишга бордим. Уч семинарчиларим тўлиб-тошиб келиб қолишди. Икром Бўрибоев ҳақида Усмон Азим: “Семинарда қатнашаётган 150 ижодкор орасида  мен ўзим учун Икром Бўрибоевни кашф этдим”, депти. Шеърларини нашрга тавсия этиб, кичик сўз боши ёзиб берипти. Меҳринисо билан Ҳабиба: “Шу гапдан сўнг қизлар Икромга ўралашаверишди. Ўғирлатиб қўймайлик, деб иккимиз икки қўлтиғидан олиб, қўриқлаб юрдик”, дейишди. Икки қизни Фароғат Камолова “Ёзувчи” нашриётига таклиф қилипти, икковларингни китобларингни битта қилиб чиқарамиз, дейишипти. Хуллас, ҳар учаласи семинарнинг диққат марказида бўлишипти.

Ҳабибанинг шеърларини икковлон икки ой давомида сатрма-сатр  чизиб,  семинарга тайёрлаган эдик. Ниҳоят мен ўз машинкамни унга арзонроқ баҳода сотган, у шу тахлит семинарга тайёрланган эди. Ҳар куни, кун ора шеърларини кўтариб келар, биргалашиб тахлил, таҳрир қилардик.

Икром – 18 ёшли йигитча – Ғаллаоролнинг Авлиё ота қишлоғидан – бир даста шеърини кўтариб келганда мен аввал эътибор бермаган, кейин икки соат давомида мук тушиб, унинг шеърларини ўқиган ва шу заҳоти ўзим машинкада биратўла республика семинарига йўлланма ёзиб берган эдим.

– Мен вилоят семинарида қатнашиш учун келган эдим, – деди Икром ҳайрон бўлиб.

– Вилоятдан ўтдинг. Республикага боравер, – дея уни жўнатиб юбордим.

Мана, Икром ҳам тан олинипти.

Мен дарҳол Жиззах Педагогика институти ректори  ёрдамчисига телефон қилиб, воқеани тушунтирдим ва зудлик билан семинар қатнашчиларининг талабалар билан учрашувини ўтказишни таклиф қилдим. Таклифим шу қадар зудлик билан қабул қилиниб, биз ўн дақиқалардан сўнг Пединститутга бориб, 1,5 соатча қизиқарли учрашув ўткиздик. Ёш семинарчиларни таништирдим, уларнинг муваффақиятларини айтдим, агар талантлар бўлса, биз  холис хизматга тайёрлигимизни билдирдим. Ёшлар ўз шеъларидан айтиб беришди. Шу тахлит ҳиссиётларга кўмилган ҳолда  ёшларни жўнатиб, тушдан сўнг ишхонага қайтиб келдим.

Бу ерда мени шоир, “Жиззах ҳақиқати”нинг Зомин ва Зарбдор туманларидаги махсус мухбири Саттор Қорабоев – Оға Бургутли  кутиб ўтирган экан.

– Қандай, ёшларнинг кўнглини кўтариб жўнатдингми? – сўради у мендан.

– Ҳа.

– Юрибсан-да,а, савоб иш қиляпман, деб.

– Шундай.

– Биламиз. “Халқ сўзи”га мухбир бўлиб ўтишга югурганингни ҳам эшитдик. Лекин, жўра, билиб қўй, қолиб кетдинг. Ҳозир Келдиёр Жўрақулов Аҳмаджон Мухторовдан хат олиб келиб, “Жиззах ҳақиқати”дан бўшади. “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилояти бўйича мухбири бўлиб ўтаётганини нишонлади. Ана шундай, жўра. Югурганники эмас – буюрганники.

– Жуда яхши. Ҳалоли бўлсин. Ўтган бўлса, табриклайман.

– Ичингда ўт ёниб кетдию, билдирмайсан-да, а?

Мен эса ҳақиқатан ҳам парво қилмасдим. Бугун эрталаб Абдулла Аҳмедов билан учрашган, у менинг ўзимга Анвар Жўрабоевнинг таклифини айтган, мен эса парво қилмай, ёшларни учрашувга бошлаб кетган эдим.

– Наҳотки бу сени қизиқтирмаётган бўлса, – дея Саттор чинакамига ҳайрон бўлди. – Биласанми, сен мухбир бўлсанг, кейин фақат вилоят раҳбари билан гаплашсан, вилоятда қирол  бўлиб юрасан, ҳамма сен билан ҳисоблашади. Район раҳбарлари айтган ҳар қандай илтимосингни бажаришади. Наҳотки шундай лавозимга Келдиёр Жўрақуловдай бор-йўғи сураткаш бир мухбир ўтиб кетаверишини лоқайд кузатиб турсанг?!  Бормайсанми, ўтмайсанми, ҳаракатингни қилмайсанми. Ҳеч бўлмаса, шунча чақиргани эвазига бир марта бориб: “Анвар ака, узр, мен ўтолмайман, менинг ўрнимга, мана, Сатторни қабул қилинглар” деб айт.

(Давоми бор)

 

Leave a Reply
*