Menu
Categories
Исмат Хушев: Анонимка – бағримизда кулча урган илондир! Бизлар нега бепарвомиз?
10/28/2013 Муҳаррир минбари

Яхши-суъратимИсмат Хушев: Анонимка – бағримизда  кулча урган илондир!

 

Бизлар нега бепарвомиз?

 

Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва журналистика факультети талабаларидан келган аноним шикоятларга муносабат

 

Журналист шарҳи

 

1.

Одатда илон ухлаганда кулча уради, думини ва калласини ичига яшириб ухлайди. Лекин ухлаётган илон уйғонмайди, у доим уйқуда бўлади  деганлар – содда ва бепарво одамлардир.

У қачондир уйғонади ва кимнинг бағрида ётган бўлса ўшани биринчи бўлиб чақади…

Анонимка – қучоғимизда ётган илон!

У бировларни чаққанда биз бепарво ва бамайлихотир бўлиб томошо қилиб турамиз. Баъзан сезамиз, баъзан сезмай қолишимиз ҳам мумкин унинг кутилмаганда ўз эгасига ниш урганини…

Бундай  қора илонларлар  одатда ғорларда, зоопаркларда – илонлар учун макон бўлган жойларда яшаса ажабланмаслик мумкин. У ҳам бир мавжудот, ҳайвонот оламининг бир тури.

Лекин биз бугун ичимиздаги одамсимон илонлар устида сўз юритмоқчимиз.

 

2.

Бундай илонлар аллақандай кимсасиз ғорларда ва чангалзорларда эмас, одамларнинг қайноқ қучоғида ёхуд ёзувчилар союзи ва журналистика факультетидек муқаддас даргоҳларда яшаб,  ҳатто унинг муборак гувоҳномасини чўнтакларида яшириб,  бошларида байроқ қилиб юрсалар-чи, унда нима қилиш керак?

Одамсимон илонларнинг ўзи бир даҳшат ҳодиса. Бунинг устига агар уларнинг қўлида  ёзувчилик ва журналистиканинг муқаддас гувоҳномаси бўлар экан,  демак улар оддий илонлар эмас.

Улар бутун инсониятнинг душманига айланган қирқ бошли аждарҳолардир. Қадами етган жойда касофат, маломат ва жаҳолат уруғини сочадиган манқуртлардир!

Улардан қутулиш Сиз билан биз ўйлаганчалик осон эмас.

Улар энг хавфли микроблардан ҳам мавҳумроқ, янаям аниқроғ ва очиқроқ айтадиган бўлсак –  аслида кўзга кўринмас – зарарли ва заҳарли вируслардир!

Уларни ёруғликка олиб чиқиш осон эмас! Лекин шунга қарамай, ҳар бир офатнинг ҳам ўз офати – кушандаси бор.

Одамсимон илонларга қарши жамият қўлни қўлга бериб, умуминсоний ақида ва қонунлар асосида  кураш олиб борилмас экан, бу манқуртларнинг уруғи кўпайса кўпаядики, ҳар қандай қонунлар ижод қилинишидан қатьий назар, сира камаймайди…

Бу ишда Қонунлар етарли эмас дедик. Яна бир бор такрорлаш жоиз. Ҳар қандай муқаддас қонун – у агар омма ва жамоат томонидан қўллаб қувватланмас экан, унга жамият томонидан ишонч ва меҳр уйғотилмас экан,  у қуруқ бир сўзга айланади.

 

3.

Биз “Дунё ўзбеклари”да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва Миллий университетнинг журналистика факультети талабалари номидан келган шикоят хатларни эълон қилган эдик.

Ростини айтиш керак, бу хатларнинг “имзосиз”, яъни  – анонимлиги бизни жуда нохуш туйғуларга ошно этди…

Халқимизнинг энг ишонган қатлами бўлган ёзувчи ва ижодкорлар имзосиз хатлар ёзса, эртанги кунимиз, келажагимиз деб ардоқланаётган бўлғуси журналистларимиз, бугунги талабалар “имзосиз хат ва анонимка” ортида яшириниб олишса, биз додимизни кимга айтишимиз керак?

Агар биз ҳақ бўлсак, кимдан ва нимадан қўрқамиз? Ёзувчилар ва бўлғуси журналистлар  бу масалада бошқаларга ўрнак бўлиш ўрнига нега ўзлари биринчи бўлиб бошларини қумга тиқиб олишди?

Адабиёт ва фанимиз, умуман жамиятимиз тарихидаги анонимкалар авж олиб гуллаган қатлиом ва талатўп даврлар фожеаси уларнинг ёдидан шунча тез кўтарилиб кетдими?

Мустақиллик даври ёзувчилари ва талабаларининг хотираси шунчалик заифми?

 

4.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир ва  Абдурауф Фитратларнинг ҳам ана шундай  “анонимка”лар аслида бошига етмаганмиди?

Улардан кейин Мақсуд Шайхзода, Ойбек ва  Зулфиянинг ҳам умрларига ана шундай  “имзосиз хат ва анонимка”лар  эгов бўлган эди-ку!

Мақсуд Шайхзодани садоқатли шогирди Асқад Мухтор сотган.

Узоқ йиллик жаҳолат ва ҳибсдан сўнг – совуқ ўлкалардаги турмадан ўз она юрти Озарбайжонга эмас, балки яна Тошкентга қайтган Шайхзодага уни вокзалда кутиб олган дўстлари “Нега яна бу сотқин ёзучилар юртига келдингиз?” деб савол беришганда: “Ўзбекистон фақат Асқад Мухторлардан иборат эмас. Бу ер Улуғбек ва Навоийнинг ҳам Ватани!” деб жавоб қайтарган экан.

Шундан сўнг у “Улуғбек” драмасини ёзди. Алишер Навоий ижоди бўйича докторлик диссертациясини  ҳимоя қилди…

Шукрилло домла ўша қатағон йилларни эслаб ёзган хотираларида: “Асқаддан бошқа ҳамма “сотқин” ва “анонимшик”лар ўз қилмишини бўйнига олиб, жарбдийдалардан узр сўради. Фақат Асқад  йиғлаб ўтказиб юборди бу маломатни” деб очиқ ойдин ёзган эдилар…

Шайхзода қаторида ўз вақтида буюк Ойбек ҳам “имзосиз хат”ларнинг қурбонига айланиб, тили кетди, умрининг сўнги йилларида дудуқланиб, буюк ва бийрон тилидан ҳам айрилиб қолди…

“Анонимка” хатлар ёзиб, ўз сафдошлари ва ҳамкасб дўстларини сотган, умрини эговлаган “одамсифат илон”лар ҳам аслида бегоналар эмас эди. Булар – Уйғун, Шевердин, профессор Владимиров, Туйғун, Асқад Мухтор ва бошқалар эди.

Кўролмаслик ва сотқинлик касали баъзан буюк шахсларга ҳам юқаркан. Ўзининг адабиёт майдонидаги рақибини ижодий рақобатда енголмаса, ўз кучини анонимка майдонида синаб кўрган улуғ ижодкорларимиз ҳам бўлган.

Хусусан, Ленин мукофоти лауреати  Ғуфур Ғулом ҳам “Ўтган кунлар” соясида қолиб кетгани учун баъзан ғайирлиги келиб, қўли қичиб, Қодирийни айблаб “имзосиз хатлар” ёзган.

Ҳатто Абдулла Қаҳҳор ҳам баъзан ижоддан толганда, қўл  қичиғини  анонимка билан қондириб турганлиги факт. Буни тадқиқотчи ёзувчи, ажойиб ва диёнатли инсон Набижон Боқий жуда ҳам усталик ва фалсафийлик билан фош этган.

Бу воқеаларни кекса адабиёт вакиллари, хусусан, Шукрилло домла яхши билсалар керак.

Ғафур Ғулом кейин Ғафур Ғулом бўлди?  Ўлимидан кейин унга ҳатто Ленин мукофоти ҳам берилган – “Шарқдан бораётирман!” (“Иду с Востока!”) асари учун.

Ўрта Осиё республикаларида бундай улуғ мукофот фақат тўрт бетакрор ижодкорга насиб этган, холос: Мирзо Турсунзода (“Ленин” ва “Хасан аравакаш” номли поэма ва достонлар учун), Мухтор Авезов (“Абай” романи учун), Чингиз Айтматов “Чўл ва тоғ” қиссалари ва “Жамила” повести учун ва ўзимизнинг “анонимшик” устоз Гафур Ғулом…

Майли, мавзуга қайтсак.

 

5.

Мен бугунги Тошкент Миллий университетининг журналистика факультетида 1975-1978 йилларда ўқиганман. У пайтда унинг номи “Тошкент Давлат университети” деб юритиларди. Тилшунос олим Анвар Шомақсудов – факультетда декан, академик Тошмуҳаммад Саримсоқов – университетда ректор эди.

Кейин Москва Давлат университетининг журналистика факультетига ўтиб кетганман.

Мен ўқиган даврда факультетда маънавий муҳит ниҳоятда носоғлом бўлиб, бу ерда маҳаллийчилик билан, бир бирининг устидан анонимка ёзиш чуқур илдиз отган эди.

Факультет домлалари тарафма тараф бўлиб, бунга  айни пайтда талабаларни ҳам жалб этишарди.

Айниқса КПСС аъзоси бўлган студентларни партия мажлисида у ёки бу гуруҳга тортиш,  ўз ғаразли манфаатлари йўлида улардан бемалол фойдаланишдек ярамас одат русм бўлди.

Хусусан, ҳақиқий олим ва журналистика фидойиси – филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев ва унинг шогирдлари бир тараф,  шаҳарлик олимлар бир тараф бўлиб,   мағзава ағдариш, иғво қилиш ва пайини қирқиш авжга чиққан эди.

Энг қизиғи ҳар ҳафтада факультетда партия мажлиси ўтказилиб, уларда фақат бир масала -“Профессор Очил Тоғаевнинг маънавий қиёфаси” муҳокама қилинарди. Бунга  эса домланинг устидан шикоят қилиб  юқори партия органларига тушаётган имзосиз хатлар сабаб қилиб кўрсатиларди.

Биз талабалар факультетдаги ўнлаб профессор ва ўқитувчилар орасида  Очил Тоғаевнинг адолатли инсон, ҳақиқий олим, истеъдодли домла эканини яхши билардик.  Лекин ҳеч нарса қила олмасдик.

Охир оқибат профессор Очил Тоғаев партиядан ўчирилиб, кафедра мудирлигидан олинади. Унинг дарс бериш соатлари қисқартирилади.

Айни пайтда домланинг студентлар ётоқхонасидаги навбатчилик соатлари кўпайтирилади.

Ҳолбуки, у кишидан бошқа бирорта ҳам профессор унвонидаги олим ётоқхонада навбатчилик қилмасди…

Биз – ноҳақлик қурбони бўлган профессорга хайрихоҳ талабалар тун ярмида домлани “Ленининград” меҳмонхонаси атрофидаги “дом”игача кузатиб, сўнг ётоқхонага яёв қайтардик.

Домла кўп қаватли бу “дом”нинг учинчи қаватида яшар, уч хонали квартирасининг деярли ҳаммаси қимматбаҳо мебеллар билан эмас, балки китоблар билан тўла эди.

Факультетнинг қолган барча домлалари университетнинг шундоққина ёнида – “Профессорлар шаҳарчаси”даги замонавий коттежлар ва ҳашаматли уйларда яшашарди…

(Журналист Ҳаким Сатторовнинг “Ёлғиз дарахт” номли мақоласида домланинг фожеага тўла шарафли ҳаёт йўли ҳақида батафсил ҳикоя қилинган).

Биримиз домла тимсолида ноҳақ жабрланган ўз отамизни кўрсак, бошқа бировимиз адолатсизликка учраган яқинларимизни тасаввур қилиб, у  кишининг  кайфиятини кўтаришга, дардига малҳам бўлишга  ҳаракат қилардик.

Биз – журналистика факультетидаги ана шу ноҳақликларни кўриб катта бўлган авлодмиз.

Тўқсонинчи йилларнинг бошида, мен Бош муҳаррир бўлиб амалдорликнинг гаштини суриб юрган фараҳли кунларнинг бирида домланинг кутилмаганда вафот этганини эшитдим.

Бугун Ўзбекистондаги журналист ва ноширларнинг деярли ҳаммаси ажойиб инсон, истеъдодли олим Очил Тоғаевнинг айнан “имзосиз хат ва анонимка” туфайли умри хазон бўлганини яхши билишади.

Ҳолбуки, у киши ҳам қон босими ва юрак хуружидан вафот этганларида умрларининг эндигина олтмишинчи баҳорини қаршилаётган эдилар…

 

6.

Советлар даврида бундай “имзосиз хатлар” қанчадан қанча инсоф ва иймонли кишилар, зиёлилар, ёзувчи ва олимларнинг юрагини жароҳатламади дейсиз.

Уларнинг қанчадан қанчаси ана шундай лаънати “анонимка” туфайли бу ёруғ оламни жуда эрта тарк этиб кетди.

Анонимка ҳали жамиятда унчалик урф бўлмаган олтмишинчи йилларда ҳам унинг ишқивозлари йўқ эмас эди. У пайтда улар анонимканинг бошқа турларидан фойдаланишарди.

Не не ҳалол ва иймонли олимлар, ёзувчилар, жамоат ва илм–фан арбоблари инфарк бўлиб, бу ёруғ оламни ажалидан беш кун олдин тарк этиб кетмади дейсиз.

Масалан, битта ярамас “ўлик” анонимкани тирилтириб берарди. Бундай анонимкалардан ўзига қора ҳайкал қўйган арбоблардан бири Ўзбекистоннинг собиқ иккинчи раҳбари, машҳур каллакесар – Титов эди.

У анонимка қиличи билан 1962 йилда ўзбек халқининг фахрли фарзанди, жаҳон миқёсидаги геолог олим Ҳабиб Абдуллаевни  шафқатсизларча қурбон қилган эди.

Ўша пайтда унинг қизи Раъно билан университетда – бир курсда ўқиган Рауф Парфи “Ҳабиб Абдуллаевга “ деган машҳур шеърини ёзиб, курсдошларга тарқатганини эшитганман.

Ўзбек халқининг фидойи фарзанди анонимка қурбони бўлиб, бу бевафо дунёни тарк этганида у эндигина олтмишинчи баҳорини қаршилаётган эди…

 

7.

Анонимка ва “имзосиз хат”лар ёзиш бизда асосан йигирма йил СССРнинг махфий хизматини бошқарган Андропов даврига келиб айниқса авж олди. Бировни иғво қилиб, имзо қўймай хат ёзиш Лубянканинг камгап ва касалманд, мўйсафид чекисти бош бўлган даврда гуллаб яшнади.

Репрессия ўчоғини янада қўзғатиш ва қизитиш учун  Сталин даврини қўмсаб, у бунга кенг йўл очиб берган эди.

Айрим одамлар ўша даврларни ҳануз қўмсайди…

Ўзбекистонда эса Компартия котиблари Анишчев, Абдуллаева, Сатин ва Нестеренколарга жуда қўл келган эди бу лаънати ва ярамас одат.

Ўша йилларда “Имзосиз хат”лар – “Анонимка”лар туфайли энг кўп ва хўп жафо кўрган қатлам –  зиёлилар бўлишди.

Бугун Тошкентнинг машҳур “Чиғатой”ида ётган олимларни зиёрат қилгани борганлар у ердан “анонимкачи”ларга минг лаънат ўқиб қайтишини  журфакдан бизга имзосиз хат ёзган талаба ёшларимиз билишармикан?

Донгдор ва таниқли  академиклар Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Саъди Сирожиддинов, машҳур геолог олим Ҳабиб Абдуллаевлар, Зарафшон ва Мурунтов олтин конлари асосчиси  Иброҳим Ҳамробоевларнинг бошига орамиздаги ана шундай одамсифат илонлар – адолат ва диёнатга йўғрилган ҳақиқий билим ва истеъдод тантанасини кўролмаган ичи қора манқуртлар етди.

Анонимка қурбонларидан яна бири Саъди Сирожиддинов.

Уни  “анонимка” туфайли ТашГУ ректорлигидан ишдан олишганида қон босими ошиб, аввал инсульт, сўнг инфаркт бўлиб бевақт ва бемавруд ўлиб кетди…

Ҳолбуки у 30 ёшида докторликни ҳимоя қилган, 33 ёшида эса мен ўқиган Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг профессори бўлишдек камдан кам олимларга насиб этадиган улуғ бир шарафга эга бўлган эди…

Зарафшон ва Мурунтов олтин конларининг калитини бугунги авлодга топшириб кетган Иброҳим Ҳамробоевнинг ҳам умрига анонимка зомин бўлди…

Иброҳим Мўминов эса Шароф Рашидовдай қудратли одамнинг қудаси ва университетда таълим берган устози эди.

Лекин бу қариндошлик риштаси – ундан-да қудратлироқ бўлган номсиз ва насафсиз иғво ва ҳасад ваҳшати олдида ожизлик қилди…

Ҳатто, Шароф Шарофнинг ўзи ҳам  “имзосиз хатлар”дан жуда зада бўлган.

Расул Ғулом, академик Муҳаммаджонов, собиқ бош вазир Ориф Алимов ва бошқа бир қанча маълум ва номаълум шахслар томонидан ташкил қилинган олий савиядаги анонимкалар жабрини тез тез тортиб турганини яхши биламиз.

Ва ҳатто 1973 йилдаги дастлабки инфаркт туфайли 40 кун тўшакдан силжимаган Шароф Рашидовнинг ўша дарди ҳам ҳеч шубҳасизки,  анонимка ва “донос”лар билан боғлиқ эди.

Ва ниҳоят 1983 йилда ҳам Рашидовнинг бевақт ажалида юртимиздаги одамсимон илонларнинг роли борлигини унинг оиласи Хурсандой опа ўз ёдномаларида айтиб ўтган эдилар…

Канаданинг тинч ва сокин гўшаларида Президентга яқин бўлиб ўтган кунларимни сарҳисоб қилиб, баъзан ўйлаб кетаман.

Ўзбекистондек бутун бир мамлакатнинг бошида  турган  Рашидов ҳам  анонимка ва “имзосиз хат”ларни йўқ қилолмаган бўлса, демак бунинг ортида балким Кремлнинг ўзи турган бўлса-чи?

Бу эҳтимол – Политбюронинг баъзан ҳаддан ошиши мумкин бўлган республика раҳбарларини калтаклаш ва репрессия қилиш усули бўлгандир.

Шунинг учун ҳам эҳтимол шўрлик Шароф Рашидовнинг ўзи ҳам бот бот унинг найзасига дуч келиб турган бўлса-чи?

Шуларни ўйларканман, беихтиёр анонимкалар мустабид империянинг ўз халқини боб бот савалаб туриш, репрессияга дучор қилиш ва қатағон қилиш усули бўлганлиги шубҳасиз деган фикрга келаман…

 

8.

Ислом Каримов даврига келиб бу лаънати  анонимкаларга чек қўйишга мустаҳкам ғов ташланди ва  махсус қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Президентининг махсус Фармони билан “имзосиз хат ва анонимка”лар бизда ортиқ текширилмайдиган бўлди.

Биз бугун мустақил давлатда яшаяпмиз. Ҳозир бошқа давр.

Ўзбекистон Президенти  ҳақли равишда  имзосиз хатларни текширмаслик ҳақида Қарор қабул қилган.

Тўғри ва ҳақ гапни айтиш майдони очиқ бўлганидан кейин очиқ майдонда очиқчасига гаплашиш керак эмасми?

Агар ҳақ бўлсангиз, кимдан ва нимадан қўрқасиз?

Бугун Ўзбекистонда тўғри танқид учун қамалганларнинг рўйхати борми? Агар бор бўлса, айтинг!

Биламан, менинг бу гапларимни кимдир баландпарвозликка йўяр, яна кимдир “четда туриб гапириш ва ақл ўргатиш осон” деб эътироз билдирар. Майли.

Бизда бугун анонимка билан курашадиган профессионал журналистлар йўқ.

Муҳаррирлар тайёр эмас бундай беомон жангга киришга. Уларнинг аксарияти “оч қорним, тинч қулоғим” деб яшашга ўрганиб қолган. Аниқроғи – ўргатилган.

Лекин инсоф билан айтганда бугун нафақат журналистлар, балки жамият ҳам бу иллат билан курашишга тайёр эмас.

Ҳолбуки, Президент бизнинг йўлимизни очиб, “яшил чироқ” ёқиб берган – имзосиз хат ва анонимкалар текширилмайди деб.

Лекин улар ҳануз ёзиляпти. Нега уларни таҳлил ва анализ қилиш мумкин эмас?

Ҳар бир ёзилган имзосиз хат ва анонимканинг изидан бориб, уни маънавий жиҳатдан фош қилиш устида нега бош қотирмаймиз?

Олий Мажлис Қонун қабул қилса, Президент Фармон берса – биз журналистлар, газета ва журналлар уларни таҳлил қилишимиз керак эмасми?

Халқимизнинг энг ишонган қатлами бўлган ёзувчи ва ижодкорлар имзосиз хатлар ёзса, эртанги кунимиз, келажагимиз деб ардоқланаётган бўлғуси журналистларимиз, бугунги талабалар “анинимка” ортида яшириниб олишса, биз додимизни кимга айтишимиз керак?

 

9.

Юристлар ва журналистлар аслида бир мақсад ва ғоя йўлидаги кишилардир.

Биз журналист ва ёзувчилар одамларни руҳият ва  маънавият билан онгини ошириб, қувваи ҳофизасини бойитсак, кенгайтирсак, юрист ва ҳуқуқшунослар,  қонунчиликнинг бошқа пешволари –  ҳуқуқий маърифат билан уларни тарбиялаши керак.

Президент Фармон қабул қилиб, бизга йўл кўрсатди. Маъмурий жиҳатдан бу муаммо ҳал бўлди.

Лекин шу билан “Олма пиш – оғзимга туш” деб қўл қовуштириб ўтириш керакми?

Энди у текширилмаса ҳам, қайсидир идорада ўқилиши бор. Бу калтакни бир марта урган билан баробар.

Уларнинг қўли билан бармоғи тугул, ҳали  тирноғи ҳам олингани йўқ!

Бундан анонимкачилар жуда усталик билан, ўринли фойдаланаяпти.

Биз ёзувчилар, журналист ва юристлар улар билан  астойдил курашмаяпмиз.

У билан курашаётган жанрлар  ўлиб кетди. Адресли ва адрессиз фелъетонларда ҳамма ўз аксини  кўрарди.

Бугун Ўзбекистонда фелъетон ёзган одам бўлса мен унга бўйи баровар  мукофот беришга тайёрман.

Бугунги куннинг долзарб мавзусидаги фельетонни эълон қилган журналист бўлса – шу соҳанинг бир фидойиси сифатида уни чин юрак билан табриклашдан, муҳаррир бўлса –  бош эгиб унга таъзим қилишдан ор қилмасдим…

 

10.

Бугун Ўзбекистонда журналист кадрлар тайёрлаб берадиган тўртта муқаддас даргоҳ бор.

Ўзбекистон Миллий университетида, Жаҳон тиллар университетида, Самарқанд унверситети ва Қорақалпоғистон Автоном Республикаси университетларида  ҳар йили жами 400 га яқин журналист етишиб чиқяпти.

Жаҳон тиллари университетидагиси  ҳатто – халқаро журналистика факультети деб аталади. 15 йилдан бўён бу “конвейр” тинимсиз ишлаб турибди. Юздан ошиқ журналист йилига ўша конвейердан тўхтовсиз чиқиб турибди. Лекин ҳозирча Ўзбекистонда бирорта кўзга кўринарли халқаро журналист етишиб чиққани йўқ…

Ҳамма нарсани ўзгартириш йўлидан бораётган журналистлар ташкилоти аввалги журналистлардан фарқ қилиш мақсадида “Ўзбекистон журналистларининг ижодий уюшмаси” деб ном олган.

Дабдабали ном бор, лекин афсуски  бу ташкилот атрофида ижод кўламидан дарак йўқ.

Жамиятдаги иллатларга қарши курашда бу ташкилот вакилларининг бирортаси ҳам кўринмайди.

“Олтин қалам” эса мана ўн йилдирки мунтазам бериб турилибди.

Бугун унинг бахтиёр соҳиблари рўйхати юз (100) дан ошибди.

Шерзод Ғуломов омон бўлса – мингдан ҳам ошади!

Лекин “Олтин қалам”ни олиб ухлаб ётган журналистлар бизга керакми?

Дарвоқе, Шерзод Ғуломов ва у бош бўлган журналистлар уюшмаси ҳақида.

Уюшманинг “Фаол журналист” деган яна бир мукофоти бор. Бу нима деган гап!

Агар шу сўзингизни  раҳматли ёзувчи отангиз Ҳамид Ғулом ҳам эшитганида гўридан тикка турарди.

Журналистика билан ёзувчилик ижоднинг бир туридаги икки эгизак.

Дунёнинг қайси бурчида фаол ёзувчи деган унвон бор?

Аслида бу ибора остида ҳукуматни  фаол мақтаб турадиган қаламкашлар назарда тутилганини ким билмайди?

Бу шармандалик эмасми?

“Олтин қалам” соҳибкорларининг бир юзи қора бўлса, “Фаол”лик мукофоти лауреатларининг икки юзи ҳам қора дейиш мумкин…

Бу журналистикага мутлақо тўғри келмайди, ярашмайди-ку!

Битта ёз – яхши ёз, сифатли ёз!

Сен ер ҳайдамаяпсан, пахта термаяпсан. Кўп ҳайдасанг, тез терсанг, фаоллик қилсанг…

Фаоллик  – журналистиканинг асосий белгиси эмас. Ҳажм ва миқдор ҳам!

Журналистиканинг асосий белгиси – маҳорат!

Шунинг учун ҳам Тургунев: “Вақтим камлиги учун – хатим чўзилиб кетди” деган экан…

 

11.

Олий раҳбариятда бу соҳани назорат қиладиган муҳтарам зот, Сиз қаёққа қараяпсиз?

Миллий университет – Ўзбекистондаги бутун журналистика мактабини яратган. Унинг тамал тошини қўйган.

Бугун у қаёққа қараяпти?

Меваси бор дарахтга тош отишади. Қанчадан қанча танқидга лойиқ, тутуриқсиз журналистлар бор. Келиб келиб Шерзод устидан анонимка бўлганидан жонимиз зирқиради.

Биз унинг маънавий оламига тегишли гап сўзларга изоҳ беролмаймиз.

Бировни маҳаллийчиликда айблаш, уни қўпол ва “қизларга тегажоқ” деб таърифлаш, ош учун пул йиғди деб иғво қилиш куракда турмайдиган, ишониш қийин бўлган гап сўзлардир.

Авваламбор – факультетда ош ейишни орзу қилманг, ўз ихтиёрингиз билан орзу қилдингизми – гапирманг…

Конкрет факт ва далиллар бўлганида эди, хат муаллифи мактубга ўз имзосини қўйганида эди, биз бу масалага бошқача ёндашган бўлардик.

Инсоннинг орқасидан туриб бунақа тош отиш яхши эмас.

Назаримда, журналистика факультетини анчадан бўён “хусусийлаштириб” олган бир гуруҳ эски домлаларга Шерзоднинг ғайрат ва шижоати ёқмаган, шекилли.

Ана шу нарса эҳтимол, факультетни беровга бермасликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эски кадрларнинг тинчини бузган, ҳасадгўй дилларини  безовта қилган бўлиши мумкин.

Биз Шерзодни истеъдодли ва ташкилотчи журналист  сифатида яхши биламиз.

Истеъдодли кишилар эса ҳамиша ўт ва олов ичида бўлишади.

Шерзод Қудратхўжаев – Бош вазирнинг  ва Ўзбекистон Сайлов комиссиясининг матбуот котиби бўлган даврларни яхши эслаймиз.

Ўшанда у ўзини ҳар икки тилда ҳам мукаммал гапира оладиган, оғир-босиқ ва мулоҳазали журналист, яхши ташкилотчи сифати тақдим эта олган эди.

Энди икки оғиз сўз Ўзбекистон Миллий университети ректори ҳақида.

Биз Ғафуржон акани Олий Мажлис сенатори, истеъдодли ва ҳалол олим сифатида яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз.

У кишини танқид қилиб ёзилган мактубга бу қадар  эътибор бериб, жиғибийрон бўлшимизнинг  асосий сабабларидан бири ҳам – айнан домлани иғво қилишгани бўлди.

Домла бу лавозимга баъзилар ўйлаганидек – Мамлакат Олий раҳбариятидаги “тирговичлари” туфайли эмас, ўз билим ва истеъдоди, меҳнат ва шижоати, Президентга бўлган садоқати туфайли Жиззах университетидан келган.

Яна бир гап.

Ростини айтишимиз керак, хатга имзо қўйишга қўрқдим дейилгани учун ҳам биз унда ёзилган гап сўзларга  ишончсизлик билан қарадик.

Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, шунинг ўзиёқ бизнинг ҳафсаламизни пир қилди…

 

12.

Юристлар – қонун йўли билан, ёзувчи ва журналистлар – сўз санъати билан бу иллатга қарши курашмоқлари лозим.

Курашадиганларнинг аҳволи шу бўлса, Ўзбекистонда юмалоқ хат ва анонимкаларга қачон чек қўйиш мумкин?

Виждон амри ҳам бўлиши керак одамда. Ўзининг ўқини олиб уларнинг ўзига отишимиз керак эмасми?

Бизда эса бугунги  ижодкорларнинг курашиш тугул, ҳатто яшашга ҳам ҳоли йўқдай…

Ўзбек ёзувчилари ва журналистлар ҳатто уруш йилларида ҳам бунчалик руҳсизлик ва умидсизликка тушмаган эдилар.

Нега 22 йилдан бўён ёзувчиларимиз тилга олса арзийдиган, инсонни маънавий юксакликка, яхши ва ёруғ кунларга умидлантирадиган,  чорлайдиган асарлар ёзишолмади?

СССРнинг энг оғир ва репрессия авж олган даврида, ҳатто уруш йилларида ҳам тилга олса арзирли асарлар ёзилган эди-ку!

Қодирий асарлари, Чўлпон ва Усмон Носирнинг бетакрор шеърлари Сталиннинг қатағон даврида ёзилган.

Ойбек “Навоий” романини 1943 йилда – ҳали уруш нима билан тугаши ноаён бўлган оғир бир даврда ёзган эди…

Бугун ўзбек адабиётида “Ўтган кунлар”, “Навоий”, “Сароб” даражасида ёзилган бирорта асар борми?

Битта яримта бўлса ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Одил Ёқубовларга тегишлиси бордир. Биз эса уларнинг тириклигидаёқ қаламини синдирдик…

Бизда – ёзувчи ва зиёлилар  мустақилликдан бўён йилдан йилга майдалашиб, бачканалашиб кетишяпти.

Халқимизнинг энг ишонган қатлами бўлган ёзувчи ва ижодкорлар имзосиз хатлар ёзса, эртанги кунимиз, келажагимиз деб ардоқлаб, умид қилиб юрган бўлғуси журналистларимиз,   “анонимка”лар ортида яшириниб олишса, биз додимизни кимга айтишимиз керак?

Мустақиллик ҳақида, унинг пойдеворини қурган, унга асос солган биринчи Президент ҳақида дурустроқ асар ёзиш ўрнига, бир бирларини еб, иғво қилиб, ғажиб, ётишибди.

Охир оқибат  Ватандаги бу шармандали ҳол, бу фожеа ва унинг кўлами Ўзбекистондан ўн минг километрлик олис жой – Канадага ҳам етиб келди.

Менинг юрагимга ўқ тегди…

 

13.

Муҳаммад Али ҳам Амир Темур ҳақида тўртта китоб ёзди.

Айни мукофот талаб қилиб турган пайтда бу вазифа берилди. Шу ерда ишончни оқласангиз,   мукофот оласиз деб сускасини оғзига ташлаб қўйишди.

Энди у ёзувчиларнинг овозини буғиб туради…

Ҳолбуки, Ислом Каримовга ёзувчиларнинг овозини бўғиб турадиган раис эмас, аксинча, уларни давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлайдиган оқил раҳбар керак.

Шу оддий ҳақиқатни Тошкентда – Президентнинг шундоққина кўзи остида турган ёзувчи ва раис Муҳаммад Али тушунмаса-ю, олис Канадада юрган журналист ва “даюс” Исмат Хушев  англаб етса, уни ишга тайинлаганлар биздан ўпкаламасин!

Эртага бизнинг ҳам устимиздан анонимка ёзиб юришмасин…

Катта дорга осилиб, Амир Темурни ёзиб у ҳам тарихда қолмоқчидир. Лекин тарихда Муҳаммад Али бирибир Муҳаммад Али бўлиб қолади.

Буни агар “Улуғбек хазинаси”ни ёзган Одил Ёқубов ёзганида эди, Амир Темурни биз балки қайтадан кашф этган бўлармидик…

Совет давридаёқ ёзилиб иттифоқда ва дунёда кенг шуҳрат топган “Улуғбек хазинаси” аслида  Амир Темур мавзусига  муқаддима эди.

Буни Муҳаммад Али билмасмиди?

Унинг ижодий фаолиятидан яхши хабардор манбалар, хусусан Ғаффор Ҳотамов ва Абулқосим Мамарасуловларнинг таъкидлашича  буюк жаҳонгир Амир Темур ҳақида ёзила бошланган асар қўлёзмаси қоралама сифатида Одил аканинг ижод столида қолиб кетди…

Чунки Одил акага афсуски, мустақиллик йилларида нафақат ижод, балки соғлом нафас олишга ҳам имкон бермадилар.

Ойбекдан кейин ўзбек прозасининг буюк намоёндаси бўлиб тарихда қолиш даъвоси билан юрган давлат арбобларидан бири усталик билан қазиган чоҳга содда Одил ака дуч келган эди.

Ҳатто дунё тан олган Чингиз Айтматов ҳам дўстини бу чоҳдан олиб чиқолмади…

Асқад Мухторлардан давр ўтгани билан, ўзини унинг садоқатли шогирдиман деб юрганлар  ҳам бугун катта куч эканлиги менга баъзан алам қилади…

Ажабо, ўзбек давлатчилиги ўз куч ва қудратини ижодкорларни қўллаб қувватлашга эмас, афсуски “ўтин ёришга” – чоҳлар қазишга ишлатса, бу не бедодлик бу!

Бундай ажиб ҳолларда додингизни кимга айтасиз?

Дарвоқе, биз Муҳаммад Али ҳақида гапираётган эдик.

Ёзувчилар уюшмаси раислигига Муҳаммад Али ўз ихтиёри билан келмаган бўлиши мумкин.

Зотан бугун  Ўзбекистонда раислар ва бош муҳаррирлар бу вазифаларга ўз ихтиёрлари билан келолмайди ҳам, кетолмайди ҳам…

 

14.

Хуллас, анонимкачи бор, у яшаяпти!

Унинг яшашини савол остига олувчи Фармон ва Фармойиш ҳам бор. Анонимкаларни чеклаш ҳақида Қонун ҳам бор, лекин амалий иш йўқ…

У қачон қилинади?

Бирорта анонимкачини топиб бошқаларга намуна ва аччиқ сабоқ бўлиши учун уни суд қилиш керак!

Ўзбекистонда бизнинг ҳуқуқий кафолатимиз билан шуғулланувчи учта юлдузли идора бор.

Улар бизнинг пулимизга ишлайди. Давлатга тўлайдиган налогимиз ҳисобидан отнинг калласидай маош олишади.

Улар биз – солиқ тўловчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиб, бағримизда яшириниб ётган одамсимон илонлардан жамиятни батамом халос қилишлари керак. Бу ишга аллақачон енг шимариб киришишлари керак эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон мактаблари ва олий таълим тизимида “маънавият” соатлари ўқитила бошланди.

Мактабда – дарс, олий юртида – курслар пайдо бўлди.

Афсуски бу маънавият дарсларини –  собиқ ленинизм ва марксизмнинг астари ағдарилган эски чопонига ўхшаш  собиқ марксистлар қўлга олдилар.

Ва маънавий дунёмизда яна бир тегиб бўлмас  догма пайдо бўлди. Ҳозир бу илм  даргоҳларида  ўзбекистонлик талабаларни маънавият дарсидан бездириш мусобақаси кетяпти.

Шу жойда анонимка ва “имзосиз хат” каби каби иллатлар, уларни ёзаётган одамсимон илон намоёндалари устида бир неча соат дарслар ўтишни йўлга қўйиш мумкин эмасми?

Биз юқорида келтирган аччиқ ва аламли тарихий мисоллар асосида  унинг тарихини тадқиқ қилиш, сабоқ ва хулосалар чиқариш лозим эмасми?

Менинг назаримда бугунги ўзбек ҳукуматига бу иллатни таг томири билан қуритиш керак эмасдек гўё…

Худди бир пайтлар Политбюро республика раҳбарларини қўрқитиб, ушлаб тургани каби, бугунги ҳукумат ҳам баъзи мулозимларнинг оёғи остини силкитиб туриш учун, унга қарши астойдил курашмаяптилар деган шубҳадаман.

Ҳатто текширилмаса ҳам шу миш мишларни тарқатиб, озгина қошини чимирган шахсларнинг оёғи остидаги ерни силкитиб туриши учун анонимка қўл келади.

Президент бу “диверсант” ҳукуматнинг ўзини икки уч марта силикитиб ташласа, тамомила бошқача бўларди…

Токи, қаерда анонимкага қарши умумхалқ кураш муҳити яратилмас экан, бу илонлар кўпаяверади. Ва улар бизнинг иссиқ қучоғимизга кулча ургани ўрмалаб келаверади…

 

15.

КПССнинг машҳур 20 съездида Сталин шахсига сиғиниш масаласи бўйича доклад қилган Хрушевга ўз бўйини кўрсатмасдан Сталин тарафдорларидан бири савол беради:

–       Сталин даврида Сиз қаерда эдингиз?

Хрушчев минбардан туриб “Ким савол берди? (Кто задал вопрос?) деб сўраган.

Ҳеч ким жавоб бермаган.

Шунда Хрушчев: “Мен ҳам худди шундай аҳволда эдим… (Я тоже был в таком же положение…) деган экан…

Бу  дунёда таҳқирланиш ва маломатдан қўрқмайдиган одам йўқ.

Ёлғиз бир одамнинг – у мамлакат Президенти Ислом Каримов бўладими ёки журналист Исмат Хушев бўладими,  анонимкадай қирқ бошли қудратли  аждарҳо билан курашиши қийин

Анонимкадай аждарҳога қарши бир одамнинг, ҳатто у Президент бўлса ҳам, бош кўтариб чиқиши етарли эмас экан.

Олий Фармон ва Олий Қонун қабул қилишнинг ўзи кифоя эмас. Бу ҳужжатлар ўлик ҳолда ётибди. Уларни ишга солиш, аниқроғи тирилтириш керак!

Унга  бу масалада ҳукумат ташаббускор бўлиши лозим.

Ваҳоланки бу аноканда ва аноним илонлардан усталик билан фойдаланиш бугунги ҳукуматнинг асосий иш усулларидан бирига айланиб қолганлигини ким билмайди дейсиз?

“Айтаверамиз ва қайтаверамиз” – Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги шиорига ўхшайди.

Биз бу шиорнинг амалиётини ҳукуматнинг мафия кенг тарқалган барча соҳаларида – пахта далаларида, ғалла фронтида, автопром ва доллар олди сотди бозорларида яққол кўриб, шоҳиди бўлиб турибмиз.

Ҳар қадамда ўз сўзидан қайтадиган бир муттаҳамни Афанди шундай таърифлаган экан:

“Муҳтарам домламиз  хоҳласалар – туфлайдилар, хоҳламасалар – қайтариб ютадилар. Чунки тупук ўзлариники…”

Ўзбек ҳукуматининг бугунги иш тутими Афандининг ана шу таърифига ўхшайди…

 

16.

Ўзбекистонда одамсифат илонларга қарши қачон жиддий кураш бошланади?

Олий Фармойиш бор, Олий Қонун бор. Лекин ҳақиқий кураш қачон бўлади?

Бу саволга жавоб беришдан олдин бошқа бир саволга ҳам жавоб топишимиз керак бўлади:

Анонимка аслида кимларга  қўл  келади?

Биринчи галда ўзбек ҳукуматига керак! Назорат органлари ва юқори ташкилотларга керак!

Фармойиш бўлишидан қатьий назар, текширмаса ҳам бир чақириб гаплашиб қўйса, любой одамнинг мазаси қочади.

Демак, Олий Фармон ва Қонун ижод қилишнинг ўзи етарли эмас экан.

Биз журналист ва ёзувчилар эса бу ўта масъулиятли ва шарафли ишда Президентга камарбаста  ва  мададкор бўмоғимиз даркор.

Азиз Ватандошлар!

Қўйнимизда кулча бўлиб ётган кўзойнакли анокандалар бизни чақиб, шайтонлашдан аввалроқ бу одамсифат илонларни бағримиздан суғуриб ташлайлик!

Бепарво бўлмаслигимиз, чақишини кутиб турмаслигимиз керак!

Жамиятда уларга нисбатан ижтимоий нафрат уйғота билишимиз лозим!

Қачон бизнинг авлод биринчи ўзбек Президенти ташаббуси ва Фармони боис чиқарилган   Қонунга асосан “Алвидо, одамсимон илонлар!” деб айта олади?  Қачон шу кунлар келади?

Биз  юрагимизни, бағримизни, жамиятни кулча илонлардан қачон тозалай оламиз?

Ҳар ҳолда бир мунча барвақт бўлса ҳам Канададан илонларга макон бўлган юртимга қараб ҳайқиргим келади:  Алвидо, одамсифат илонлар!

Бугун бўлмаса, эртага шундай кунлар келишига ишонаман!

 

27 октябрь, 2013 йил, Канада.

"3" Comments
  1. Na Vatanda, na chetda men bugun sizday iste`dodli va kuyunchak boshqa jurnalistni ko`rmadim. Qoyil, Ismat aka!

    С.Чори С.Чори
    Dushanbe, Khatlon, Tajikistan ·

    Минглаб рахмат Исматжон Хушевга шундай ажойиб мустакил интернет – газетани ташкил этганларига.

  2. Boshqaruvni yoshartirish kerak balki shunda to’g’ri so’zni aytishdan qo’rqmaydigan jamiyat qurilar

  3. “Биз журналистлар бу борада Президентга камарбаста бўлмоғимиз, умумхалқ кураш байроғини баланд кўтаришимиз керак!” İsmat aka bu davatingiz kechikkan bir davatdir. Vataningizda Prezdeintingizni hurmat qiladigan bitta ham jurnalist qolmadi. Laganbardor jurnalistlar ham siz kamarbasta bolmoqchi bolgan prezdidentingizdan nafratlanishadi!!!!!Nima qilasiz bolmaydigan ishga qol urib? Ulikni tiriltira olmaysizku? Obrusini tamoman yoqatgan bir kimzsani kukka kotarish bilan obruli qilolmaysiku??

Leave a Reply
*