Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: СУРОНЛИ 1990-91 ЙИЛЛАР (4)
11/05/2013 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

абулқосим гўзал

Абулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

1990-91 ЙИЛЛАР

                        (давоми)

4.

Икки ўринбосар қабулхонани эгаллаб олишгандан сўнг  бўлим мудирлари бу ёққа яқинлашолмай, муҳаррир ҳузурига Келдиёр Жўрақуловнинг ўзини жўнатишди. Келдиёр Жўрақулов Аҳмаджон Мухторов қабулидан дарров қайтиб чиқди: “Бошим ачиб  турипти. Шошмай туринг, бу масалани эртага гаплашамиз”, депти Аҳмаджон ака. Уни қабулхонада Анвар ака четга тортиб, бир нималар деди: “Мен бу ўринга Абулқосимни айтган эдим. Сен нега чалкашиб юрибсан?”, депти.

– Агар Абулқосим ўтадиган бўлса, менинг ҳеч қаршилигим йўқ. Мен четга чиқишга розиман, аммо менга Аҳмаджон Мухторовнинг ўзи хат берган, – депти.

Шу пайт ичкаридан Аҳмаджон аканинг ўзи чиқди. У кишини Абдукарим ака иккинчи холис тарафга бошлади. Бир минут ё гаплашдилар, ё йўқ.. Абдукарим ака қанақа сеҳрли сўз айтди, билмадим, Аҳмаджон ака қайтиб келиб мен билан кўришди. “Абулқосим сизми?!”, деб сўради ва ўринбосарларига:

– Бўпти, шу йигитни тайёрланглар. Шу йигит Жиззах вилояти бўйича махсус мухбиримиз бўлади, –  деди ва кетди.

Аҳмаджон ака кетиши билан Анвар ака  ўзида йўқ  хурсанд бўлиб, мени қучоқлаганча, юз-кўзларимдан ўпа кетди. Менимча, мен ишга ўтганимдан мендан кўра у киши қаттиқ хурсанд эди.  Менинг ишга ўтишим – Анвар аканинг аёвсиз курашдаги ғалабаси эди!

Шу кеч Анвар аканикига бориб, ишга ўтишимни  ювдик. Умида опа ош қилди, ароқ қўйди.

Яна бир гап: Бир ҳафтача чақирув бўйича бормай юрганим, биринчидан, ёзувчилар уюшмасидаги ишимдан хурсандлигим бўлса, иккинчидан, Ҳайитбой ака Набираев  кўпдан бери (“Совет Ўзбекистони” мухбирлигидан ҳайдалгандан сўнг) яна республика газетасига ишга ўтишни орзу қилиб юрарди. Ҳар қалай, номига бўлса ҳам, Самарқанд университетини битириб келганимда, шу киши мени “Бўстон” газетасининг раҳбари сифатида ишга қабул қилиб, буйруқ чиқарган ва ўша куни олий       партия мактабига ўқишга кетган эди. Тағин шу киши билан  (устоз, ахир!) ўрин талашиб юрмай, деб ўзимни четга тортиб турган эдим. Саттор Қорабоев мени тезлаб, мен  Ғаффор акадан маслаҳат сўрагандан сўнг кечаси мен  Абулфайз Баратовдан ҳам маслаҳат сўрадим. Абулфайз Баратов бир вақтлар Самарқандда “Ленин йўли”да Аҳмаджон Мухторов қўлида мухбирлик қилган. Ҳайитбой Набираевнинг қалин дўсти,  менинг қўшним эди.

– Ҳайитбой икки дунёда ҳам Аҳмаджон Мухторовга яқинлашолмайди. Тўғри, Ҳайитбой Анварнинг қайноғаси, аммо унинг қилиқларини билгани учун ҳам уни эмас, Аҳмаджон акага сизни тавсия қилган бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳеч ўйланмасдан, Ҳайитбой учун виждонингиз қийналмасдан  бораверинг, – деганди Абулфайз Баратов.

1990 йил 21 ноябр

Эрталаб сўров хати қилиб беришди. Уни кўтариб, ишдан бўшаш учун Ёзувчилар уюшмасига, Пушкин кўчаси 1-уйга бориб, Одил Ёқубовга учрашдим.

– Нима, уюшма маъқул бўлмадими? – сўради Одил ака.

– Маъқул эди, лекин бу ёқни маслаҳатчилар янада маъқулроқ дейишяпти.

– Ҳа, бўпти, кўр унда, – дея Одил ака аризамга қўл қўйиб берди.

Мен пастга, биринчи қаватга, ташкилий масалалар бўйича котиб Мамадали Маҳмудовга учраган эдим, у тутаб кетди. Жиззахда ишни энди юргизгандик, дарров кетасанми, ўйлама, газетада даромадинг уюшмадан зиёд бўлмайди. Уюшмани сен жуда зўр ташкилотга айлантиришинг мумкин эди. Бухорода Тошпўлат Аҳмад шундай. Ўзи битта ҳоким, деди. Мен ишлар ҳал бўлганини айтдим. Унда ўрнингга кимларни тавсия этасан?

– Абдураҳмон Каримовни, Саттор Қорабоевни.

– Абдураҳмонинг шаҳарлик болами, ориқ, қоп-қора. У бўлмайди.

– У бўлмаса, Саттор бор, ўзингизга ўхшаган, тоғнинг боласи. Оёқ-қўли чаққон.

– Э қўй ўшаларингни! Ҳозирча, биздан ишдан бўшамайсан. Ярим штатга бўлса ҳам турасан, – деганча Мамадали Маҳмудов Одил акага сим қоқиб, ўз эътирозларини билдирди ва мен ярим штатга уюшмада ҳам қолдим.

Меҳнат дафтарчамни олиб, “Халқ сўзи”га келиб, 1 декабрдан иш бошлаш тўғрисида буйруқ олиб, “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилояти бўйича махсус мухбири сифатида уйга қайтдим.

 

1990 йил 22 ноябр

Мен ишга, Ёзувчилар уюшмасига бордим. Хонага киришим билан худди пойлаб тургандай, ортимдан Саттор Қорабоев  кириб келди:

– Ҳа аблах! Мени таклиф қилмадинг-а! Нима бўлди?

– Айтдим-ку! Улар кўнишмади-ку! Сиз ҳозир “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилоятидаги махсус мухбири Абулқосим Мамарасулов билан гаплашяпсиз.

– Зўр! Табриклаймиз! Уюшма нима бўлди?

– Уюшмаям ўзимда қолди. Ярим штатга!

– Ийе! Одам эмас экансан-ку! Ўл-э, нафсингга тиқилиб! Ўн бармоғингни томоғингга тиқиб! – Саттор қўлларини силкиб-силкиб бақирарди. Ҳазиллашяптими, десам, йўқ, ранглари бўзарган, кўзлари чақчайган, авзойи бузуқ.. – Нима, сендан бошқалар хўр бўлиб юраверишлари керакми? Мана булар, – хонада турган Абдураҳмон Каримовни кўрсатди, – яқин ўн йиллардан бери шу ерда маслаҳатчи бўлиб ишлашяпти. Бер шуларгаям раҳбарликни! Агар сен яхши одам бўлсанг! – деганча тарақлатиб эшикни ёпиб, хонадан чиқиб кетди.

Бу таъна менга қаттиқ таъсир қилди. Икки кундан сўнг масъул котибликдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, Абдураҳмоннинг қўлига топширдим. Бу орада Одил Ёқубов Туркиядаги қанақадир йиғилишга кетган эди. Қайтиб келгандан сўнг Абдураҳмон менинг аризамни кўтариб борадиган бўлди. Икки номзодни мен Одил акага ҳам айтган, фақат Одил ака уларнинг ҳар иккисига ўз муносабатини билдирмаган эди.

1990 йил 30 ноябр, шанба.

Бугун Одил Ёқубов Туркиядан қайтиши, душанба куни ишга чиқиши керак. Эрталаб уйимизга Саттор келди. Кайфияти яхши. Мамадали Маҳмудовга учрашипти, у: “Абулқосимнинг аризасини олиб келсанг, сени ўрнига ўтказамиз”, депти.  Мен унга бўлган воқеани, аризамни Абдураҳмонга топширганимни, Абдураҳмон душанба куни Тошкентга боришини айтдим. Ҳа бўпти, юр, бир жойга бориб, телевидениега кўрсатув тайёрлаймиз, деб, қўярда қўймай, мени машинасига ўтирғизиб олди. Пшағорда бир бахши аёл бўлиб, Саттор унинг шеърларини тарғиб қилиб, мақтаб юрарди. Тошкентдан телекамера олиб келипти, шу бахши аёлни “Ахборот” кўрсатуви учун суратга олмоқчи эмиш. Бирга Пшағорга бордик. Кун бўйи бирга юрдик. Кечқурун у мени уйга олиб келиб қўйди. Шундан сўнг мен унга  ҳам  уюшмадан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб бердим. Ҳар қалай, Мамадали Маҳмудов билан чаплашишни истамасдим.

Кейин Абдураҳмонга телефон қилиб, бўлган воқеани айтдим.

Душанба куни иккови ҳам Тошкентга борган. Мамадали ака Одил акага кириб: “Сатторни қўямиз”, деб туриб олган, шу тахлит Абдураҳмон қолиб, Саттор буйруқ кўтариб, икки кундан сўнг бизнинг уйга келди. Мени ўзинг оббориб таништирар экансан, деди. Мен Сатторни оббориб таништирдим. Хонани топширдим. Жамила – котиба қизимиз, менинг ҳамқишлоғим, мен ишдан буткул бўшаётганимни эшитиб, ҳамманинг кўз ўнгида кўз ёшларини тия олмади.

 

 

 1990 йил 31 декабр

   Барча ишга ўтганлар Тошкентга чақирилди. “Халқ сўзи” газетаси очилиши муносабати билан “Шарқ” нашриёт концерни биносидаги ошхонада элга худойи оши берилди. Бу фурсатда “Халқ сўзи” Ленинград – 19 га кўчиб ўтган, ўзи алоҳида нашриёт, хўжалик, ҳисобхона  очиб улгурган, мутлақо мустақилликка эришган эди.

(Давоми бор)

 

Leave a Reply
*