Menu
Categories
ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВГА, БОШ ВАЗИР Ш.М.МИРЗИЁЕВГА, МХХ РАИСИ Р.Р.ИНОЯТОВГА ЎЗ ТВ ДАН
12/27/2013 Бош мақола

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВГА, БОШ ВАЗИР Ш.М.МИРЗИЁЕВГА, МХХ РАИСИ Р.Р.ИНОЯТОВГА

тройка

НУСХАСИ “ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ” ГАЗЕТАСИ РЕДАКЦИЯСИГА

 

ЎЗТВ: НОМИ УЛУҒ ДАРГОҲДАГИ ПАСТКАШЛИКЛАР

тв 5

 

 

тв 6


Ташқаридан қараганда кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган даргоҳ, халқимиз учун неча йиллардан буён беғараз хизмат қилиб келаётган улуғ маскан – Ўзбекистон Телерадиокомпанияси “дардини кимга айтишни” билмай қолди. ..

Бу ерда кўп йиллар мобайнида фаолият юритаётган кўплаб устоз ходимларнинг ҳам рўй бераётган воқеалардан ёқа ушлашдан ўзга чоралари йўқ.

Тепасида СОВБЕЗ полковниги Алишер Хўжаев ўтирган бу ташкилот хизматчиларининг “доди” ҳеч кимга етиб бормайди.

Мамлакат раҳбари-ю, Бош вазирга ёзилган неча-неча мактублар эгаларининг бошларига анча-мунча мусибатлар туширганини ҳам кўпчилик билади.

Шунинг учун биз бу сафар бошқачароқ йўл тутишга қарор қилдик. Майли, керакли инсонлар эшитадими, йўқми, лозим чоралар кўрадиларми, йўқми, бу – ўзларига ҳавола.

Бироқ бу мақолани ёзмасак, шу ернинг нонини еб туриб, шу ерда ишлаб фарзандларимизни боқиб туриб, бўлаётган ишларига “кўз юмиб” кетган бўламиз.

2005 йилда Абдулла Неъматович ташаббуси билан келган гуруҳ шу кунгача Миллий Телерадиокомпанияни ҳамма тарафдан “ишғол” қилиб олгани етмаганидек, компанияни талон-тарож қилишда давом этмоқда.

Бу ерда ишловчиларнинг “Телерадиокомпанияни Ходжаевнинг ўзи эмас, унинг устози ва қудаси Абдулла Неъматович бошқаради…” деган ҳазиллари бугунги кунда “Алишер Ходжаев Абдулла Неъматовичнинг жияни бошчилигидаги гуруҳнинг қўғирчоғига айланиб қолди..” деган нафратомуз кинояга айланди.

Шу жойда Телерадикомпаниянинг тақдири боғлиқ бўлган айнан ана шу бир неча очкўз ва маънавияти саёз бўлган “йигитлар” ҳақида ёзишни жоиз, деб билдик.

Ўзлари ижод ва маданият-маърифат тушунчаларидан йироқ бўлган ёшгина “раҳбарларимиз” мана шу компания учун йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган инсонларни ерга уриш, уларни “ҳариплар”, яъни “қишлоқилар” дея менсимасликлари, олдига иш юзасидан кирган одамларнинг қўлларига қарашлари ходимларнинг сабрини тоширмоқда.

1976 йилда туғилган Ҳикматуллаев Нусратилла Нурматуллаевич Абдулла Неъматовичнинг қариндоши. У 2007 йилдан Телерадиокомпанияга Бош директорнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида ишлай бошлади.

2010 йил 22 декабрида Телерадиокомпаниянинг “Республика Телемаркази” давлат унитар корхонаси Бош директори лавозимига тайинланди.

Телемарказ ҳозирги кунда анча оқсаб қолган. Янги кўрсатувлар яратиш иштиёқида юрган ижодкор бир марта Нусратнинг қабулига киришиданоқ ҳафсаласи пир бўлади.

Сабаби- кўрсатувлар учун декорациялар ясаб бериш ёки техника масалаларида ёрдам қилиш ўрнига ҳомийлар орқали декорация ясатмоқчи бўлган ходимларимизнинг пулларини ҳам йўқ қилиб, суриштирилганда эса “каналинглар қарзга ботиб кетган, ўша қарзлар эвазига пулларингни босиб қолдик” дея жавоб қайтаради.

300-400 минг ойликка ишлаётган Телемарказ ходимлари ана шу ойликларни ҳам 2-3 ойлаб ололмай, қийналиб юрадилар.

Бундан ташқари, энг яхши техника – камера ва монтаж хоналари пуллик хонандаларнинг клипларини яратишга хизмат қилади.

Бечора ижодкорлар эса, 10-15 дақиқалик кўрсатув тайёрлаш учун уч кунлаб сарсон-саргардон бўлиб юрадилар.

Кўплаб монтаж муҳандислари ишларини ташлаб кетаётганлари боис бу жараён ҳам тобора ёмонлашиб бормоқда.

1967 йилда туғилган Жўраев Муҳиддин Ҳусниддинович 2009 йилда Абдулла Неъматовичнинг йўриғи билан Ўзбектелефильм унитар корхонаси директор ўринбосари бўлиб келди ва  яна ўша А. Неъматовичга тегишли бўлган Фотиҳ Жалолов билан Телефильмни талаб, миллионлаб пулларни йўқ қилишди.

Ходимларни эса одам ўрнида кўрмай, оёқ ости қилишди.

Бир гуруҳ ижодкорлар Президентимиз ва Миллий Хавфсизлик Хизматига мурожаат қилганларидан сўнг, тергов ишлари  бошланди.

Фотиҳ Жалоловга нисбатан Жиноят Кодексининг 2 та моддаси бўйича жиноий иш очилди. “Катта миқдорда давлат мулкини талон-тарож қилиш” ва “Мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш” моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилишига қарамай, Абдулла Неъматович ўз амалидан фойдаланиб, бу ишларни ёпди-ёпди қилди ва Фотиҳни жавобгарликдан асраб қолди.

Бироз вақтдан сўнг эса, ижодкорларнинг норозиликлари кучайиб бораётганини кўриб,  уни Маданият вазирлигига ўтказиб юборди.

Ҳозирда йирик миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланган Фотиҳ Жалолов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб турибди.

(Прокуратуранинг Ф. Жалоловга нисбатан олиб борган тергов ва хулосалари нусхасини илова қилмоқдамиз).

Фотиҳнинг ҳамтовоғи Муҳиддин эса, 2010 йилда Телемарказга Бош директор ўринбосари вазифасига тайинланди.

Қўлидан ҳеч бир иш келмаслиги ёки компания учун ҳеч қандай жон куйдирмаслигига қарамай, унга 2013 йил янги қурилган Медиа Марказга иқтисод бўйича директор ўринбосари лавозими берилди.

Бугунги кунда бу воқеа кўпчилик ходимлар орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Чунки бу кимсаларнинг иш фаолиятлари фақатгина “соққа қилиш”дан иборат.

1981 йилда туғилган Абдунабиев Ҳикматжон Амиржанович ҳам 2006 йилда Абдулла Неъматович топшириғига биноан Телерадиокомпанияни компютерлаштириш, ахборотлаштириш ва медиатехнология маркази бошлиғининг ўринбосари лавозимига келди.

2008 йилда эса, Республика Телерадиомаркази давлат унитар корхонаси Бош директорининг ўринбосари – Тошкент Радиоэшиттириш уйи директори лавозимига кўтарилди.

Бу йиллар мобайнида  Радиоэшиттириш уйи ёки у ердаги ходимлар учун заррача жон куйдирмаган бу йигитча 2013 йилнинг март ойида Медиа Марказга раҳбар этиб тайинланди.

5 йил давомида Радиоэшиттириш уйида ишлаб, бу ерда кеча-ю кундуз тинмай ижод қилаётган ходимларнинг шароитини яхшилаш учун бир мисқол ҳам ҳисса қўшмаган одам қандай қилиб шунчалик катта бир корхонани бошқариши мумкин, деган савол телевидение ва радио ходимларини қийнамоқда.

Қизиғи шундаки, Радио уйида 5 йил ишлаганига қарамай, бу ерда ишловчи кўпгина ходимлар уни ҳатто танимайдилар ҳам!.

Унинг раҳбарлиги остида Радио уйи ахлатхонага айланди.

Бугунги кунга келиб эса, бу “уддабурон йигитча” гуллаб-яшнаб турган Медиа Марказга раҳбарликка ўтирганига 7 ой бўлди ва бу ерда ҳам аҳвол аста-секинлик билан Радио уйига ўхшаб бормоқда.

Ғалла ҳосили байрами олдидан Медиа Марказга Бош вазир Мирзиёев келиши мумкинлигини эшитиб, раҳбариятнинг югуриб қолганини кўрсангиз эди!.

Қуриб қолган гулзорга қайтадан гуллар экиб, тушиб кетганига 2 ой бўлган девор кафелларини қайта ёпиштириб, тозалаш ишлари бошланиб кетганди.

Бош вазир келмади, бироқ баҳонада анча-мунча ишлар бажарилиб қолгани марказ ходимларини хурсанд қилди.

Энди бузилганига 2-3 ой бўлиб қолган шу бинога киришдаги катта темир дарвоза ҳам тузатилиши учун яна давлат раҳбарларидан биронтасининг ташрифини кутиш керак.

Унгача ишқилиб, бу дарвоза биронта одамнинг устига тушиб, шикаст етказмаса бўлгани…

2005 йил Абдулла Неъматович компаниянинг энг катта маблағ олиб келувчи реклама бўлимига ўз куёви Қўчқоров Давронни олиб келган эди.

2007 йил Даврон турмуш ўртоғи, яъни Абдулла Неъматовичнинг қизи билан ажрашганлиги сабаб, Ходжаев уни ишдан бўшатиб, ўрнига яна Абдулла Неъматовичнинг югурдакларидан бўлган Алишер Султоновни бошлиқ қилиб тайинлади.

Ишга янги келган пайтларда ойлигини олиш учун соатлаб навбат кутиб ўтирган бу йигит бугунги кунда унча-мунча пулни назарига ҳам илмай қўйган. У 3-4 йил ичида шаҳарнинг катта бойваччаларидан бирига айланиб улгурди.

Мансабга ўтирганидан кўп ўтмай, Султонов қўрқмасдан реклама бўлимини талашни бошлади. Қўша-қўша дўконлар, қимматбаҳо машиналар, Навоий кўчасида қурилган янги уйлардан бир нечтасини сотиб олиб ҳам тўймади.

Очкўзлиги натижасида 2011 йил Миллий Хавфсизлик Хизматининг ниқобли ходимлари тарафидан ушланди. Шунга ҳам қарамай, Ходжаев уни анча вақтгача бўшатиб юбормади.

МХХ қистови билан 2012 йил лавозимидан бўшатилиб, СТАР ТВ га директор қилиб ўтказилди. Унинг ўрнига эса яна ўзларининг гуруҳидан бўлган Шомуротов Шомансур деган йигит тайинланди. Амалда  эса реклама бўлими ҳалигача Алишер Султоновнинг йўриғи билан бошқарилмоқда.

Чунки у пулни қандай “расамад” қилишга жуда уста, қайси одамни қаерга жойлашни яхши билади.

“Ёшлар” телеканали реклама бўлими раҳбари этиб Ходжаевнинг яқинларидан бири  –  “Спортлотто” телеўйини бошловчиси Дилдар тайинланди.  Кўп ўтмай у Педагогика институти яқинидан 2 қаватли данғиллама уй қуришни бошлаб юборди.  У бунча маблағни қаердан олди экан?.

Чети эл сафарларига нима учун айнан Дилдарни ( ёнида қўриқчи қилиб, ҳар доим А. Султоновни) юборишини компания маъмуриятида ишлайдиган ходимлар яхши билишади.

Рекламадан келаётган даромадлар кимлар томонидан баҳам кўрилаётгани ҳаммага аён, бироқ ҳеч ким ҳеч нима  дея олмайди…

Абдулла Неъматовичнинг атрофида ишлаган, у ишдан кетганидан кейин ишсиз қолган одамлар бугунги кунда Телерадиокомпанияга ишга жойлашмоқдалар, яна ҳаммаси раҳбарлик лавозимларига тайинланиши бу ерда ишловчилар орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Қизиғи шундаки, Алишер Ходжаев ана шу “бир ҳовуч” йигитчаларнинг “ноғорасига ўйнаётгани”, шундай улуғ даргоҳнинг тақдирини мана шу очкўз кимсаларга ишониб топшириб қўйгани бу масканда кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган инсонларнинг ғазабини қўзғамоқда.

Ўтган йили Маданият ва маърифат ишлари бўйича раис ўринбосари қилиб Минҳожиддин Ҳожиматов Телекопманияга келганида ҳамма ижодкорлар хурсанд бўлган эди.

Чунки бу одам ижодкорни яхши тушунганлиги ҳалоллиги ва компания ишини яхши билганлиги сабаб юқоридаги кимсалар бироз пасайиб қолишганди.

Ҳаттоки Ходжаевнинг ўзи ҳам анча “сиқилиб” қолганди. М. Ҳожиматов Маданият ва Спорт ишлари вазири этиб тайинланиши биланоқ булар яна ўз “фаолиятлари”ни қиздириб юбордилар.

Бу гуруҳ аъзолари шунчалик қутуриб кетганки, унча-мунча йўлдан қайтмайдилар.

Ҳаттоки, 2012 йил май-июн ойларида МТС билан боғлиқ текширув келганда Ҳикматуллаев Нусрат Телевидениенинг ички автомат телефон станцияси бошлиғи, ўта кетган нопок кимса Жамшид исмли саводсиз йигит билан биргаликда текширувчилар ўтирган ҳар бир хонанинг телефонларини эшитиб, ҳар бир маълумотни Ходжаевга оқизмай-томизмай етказиб турганларини  саноқли одамларгина биладилар.

Бу “беғараз” хизматларни Ходжаев ҳам “сахийлик” билан мукофотлашни билади. Ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган Жамшид раиснинг ёрдами билан бугунги кунда Ахборот –технология Университетининг сиртқи бўлимида “таҳсил” олмоқда.

Нусрат Ҳикматуллаев бошчилигида Медиа Марказдаги HD камераларни пуллик хизматлар учун ажратадилар, монтаж аппаратлари ҳам шу аҳволда.

Битта монтажчи инженерни 2-3 та ижодкор судра-судра қилишга мажбур.

Бундай шароитда қандай қилиб кўрсатувлар сифати яхшиланиши мумкин?..

тв 1

тв 2

Бу ёзганларимиз ҳали ҳаммаси эмас. Бу ўқиганингиз Телекомпанияда бўлаётган воқеаларнинг ҳаммага аён ва яширишга ҳожат бўлмаган ҳолатларидан, холос.

Раҳбариятда эса, нималар рўй бераётгани, кимларнинг иш жойлари-ю мансаблари ҳал бўлаётгани фақат бир гуруҳ “уддабуронлар”га аён.

тв 3

тв 4

Бу кетишда ишқилиб, халқимиз орасида шундай ҳам тобора обрўси йўқолиб бораётган Ўзбекистон Телевидениеси каналлари маҳсулотлари (кўп кўрсатувлар хорижий каналлардан тўғридан-тўғри ўғирланиши сабаб “маҳсулот” сўзи нисбий) бир кун келиб, фақат чекка қишлоқлардагина ноиложликдан томоша қилинадиган воситага айланиб қолмаса, бўлгани эди…

тв прокурор

 

ЎЗТВНИНГ БИР ГУРУҲ ЖУРНАЛИСТЛАРИ

 

"1" Comment
  1. TB dagi bu hayqiriqning Kanadaga etib kelishi va dunyo o`zbeklarida bosilishi Ismat Hushevning obro` e`tibori naqadar oshganini ko`rsatadi. Karimovning aqli bo`lsa, agar hali hibsga olinmagan bo`lsa u dunyo o`zbeklarida chiqayotgan har bir hatga chora ko`rishi kerak. Aks holda u “O`z vakolatlarini birovga oldirib qo`ygan” bo`ladi…

Leave a Reply
*