Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..” (3)
01/11/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

Карим Рауф

 

III.

           Тарғилланиб бормоқда осмон,

           Оппоқ  ҳидга тўлмоқда бағрим.

           Айтгил она, борми соғ-омон

           Шаҳло кўзли менинг тарғилим?

           Оғушимда зангори сезги,

           Кипригимда суюқ  ҳаяжон.

           Кўзларимда юмалоқ севги,

           Саломатман мен ҳам, онажон!

           Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган

           Йўлимизни соғиндим, она.

           Том устида майсалар ўсган

           Уйимизни соғиндим, она.

 

           Эҳтимол, биринчи муҳаббат сабаб, у шундай дилбар шеърлар ёзгандир?

          “Том устида майсалар ўсган Уйимизни соғиндим, она”дейди шоир. Қишлоқ нима эканини билган одам бирдан ийиб кетади. Эҳтимол, Одам Ота ҳам қурган кулбаси томидаги майсалар сарғайганини кўриб, кузда шундай ҳолга тушгандир? Эҳтимол, шеърий кайфият шундай туғилгандир? Билмадим. Аммо, нима бўлганда ҳам, бу – ҳаёт, шеъриятнинг бино бўлиши…

 

Кундуз ўйга чўмар, тун яқин,

           Осмон янглиғ оқшом шарпаси –

           Олис уфқ четида ёрқин

           Кўкнинг қизил шоҳи пардаси.

           Кечки қуёт турмаклар сочин,

           Жозибали бўлар эртага!

           Ана, кўк ҳам маржонлар сочди,

           Жозибали бўлар эртага!

 

           Шоир қўллаган ҳар бир ташбеҳ оҳорли ва жозибали, фикрлар оқими меҳрга чайиб олинган. Қаранг, Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган Йўлимизни соғиндим, она”, дейди у. Ва унинг онасига қайноқ меҳри жонингизни чулғаб олади. Ҳар икки шеър ҳам чексиз соғинч тўлғоғида туғилган. Ва рамзлар, майллар, олам жозибаси шоир кўзидаги юмалоқ севгида уйғунлашади. “Айтгил она, борми соғ-омон Шаҳло кўзли менинг тарғилим?”

           Олам севги билан, садоқат билан рангин, жилвали ва мукаммал. Рауф Парфи олмишинчи йилларда ёзган шеърлар камалакдек шуни намоён этади. Агар, шу ҳислар бўлмаса, бу олам кундадай жўн ва ўлик бўлар эди! Ҳатто, Улуғ Мавло шуни яратганига пушаймон қилар эди!

Шундай кулфат бор! У нима эканини билмасангиз, шу шеър кўнглингизни очса, хурсанд бўлинг! Бу, катта бахт. Шундай қавм бор, буни ҳис этмайди. Одамга ёмонлик соғиниб, кирлик билан яшашдан бошқани билмайди.           

 

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,

           Майсалар эгилиб ўқийди китоб…

 

Шоир рамзни ўйнатиб юборган. У шу қадар кўркам, тасвир шу қадар шаффофки, беихтиёр маҳлиё бўлиб қоласан. Моҳият-чи? Дарё мавжларига ғазал ёзилган, майсалар бўлса, эгилиб китоб ўқиётир. Бу, юртни, маърифатни олқаш. Бу, шоир олами. У дунёни шундай кўради. Ва, Парфи жудаям нозиктаъб бўлган, деб ўйлайсан, киши.

 

Ёмғир эмас, марварид ёғар,

           Ёмғир – кеча шаклида бу он…

 

Ёки:

 

Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар.

           Тонг отмоқда. Қуёш – замбарак.

 

Туйғулар тиниқлиги ва унинг хассос ифодаси шоир онасига атаган шеърларда жуда яққол кўринади. Уларда фарзандлик меҳри билан бирга, қарздорлик ҳиссиям силқиб туради.

 

           Менга жуда ўхшайди, она,

           Кўзларингда ялтираган ёш.

           Менда ўша кўзу ўша қош,     

           Менга жуда ўхшайди, она.

           Она, уни тўкма, илтимос!

           Кўзларингдан тўкилай, агар,

           Севинчингдан бермасам хабар,

           Она, уни тўкма, илтимос…

         

Бу даврда у ёзган Ватан, миллат ва тил ҳақидаги асарларда ҳам жўшқин руҳ ва ёниқ сафарбарлик устун.

 

Ўтинаман, баланпарвоз сўзлар деб ўйлама тағин

           Эҳтимол ечиб ташлашимиз керакдир қора рўмолини

           Дардли хотиротнинг мунглуғ бошидан

           Эҳтимол бизни орзулар оҳангида алдаётганлар

           Тўғрисида ўйлашимиз керакдир кўпроқ

           Қор ёғмоқдадир ҳофизам арқоғига ёзилмоқдадир

                                                                           Шашмақом

           Менинг Ватанимнинг тимсоли бўлиб

           Мен шундай тушунаман Ватанни, – дейди у “Ватан ҳақида…”

Қаранг, у Шашмақом орқали Ватан суратини чизади. Замонлар оша дарёдай оқиб келаётган бу мумтоз наво миллатнинг орзу-армон ва ҳасратини кўзгудай ўзида ифода этган. У мусиқага кўчган дард-тарих. У ҳофизам арқоғига қордай ёғилмоқда, дейди Парфи. Ва ўйга толасан. Мақомнинг ватани Бухоро. Унинг илк оҳанглари, шубҳасиз, ҳазрат Одамдан қолган. Кейин ким уни давом эттирган? Ким шу мартабага етказган, уни? Мунгли нола не ҳасратдан сўз очади? Ким уни “Шашмақом” деб атаган?

Беихтиёр китобга узаласан. “Шашмақом” ибораси классик мусиқамизнинг янги кўриниши номи сифатида бевосита соҳага оид манбаларда XIX аср ўрталаридан учрайди”, деб ёзади мусиқашунос Отаназар Матёқубов.[1]

Илгари номи нима бўлган?

Ҳар ҳолда, бу?..

Дунёнинг энг бой тили бўлғон туркчамиз ёлғуз арабча қумруқ(зуғум)лар билан эмас, форсийча тепкилар билан даҳи эзилмишдир”.[2] Фитрат шундай дейди. Бу, ўша, араб тили – илм тили, форс тили – нафосат тили, турк тили – ҳарбий тил, деган “қараш”нинг варам меваси…

Шеър одамни фикрлашга ундайди.

Рауф Парфи шеърлари марваридга ўхшайди. Ва бир-бирини тўлдириб боради. Бир шода ҳолида шоир кечинмаларини ойдинлаштиради. Улардан бирон-бирини четлаб ўтай, десанг, кўзинг қиймайди. Қолаверса, унинг олами нотугал бўлиб қолади.

 

Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё

           Порлоқ умидларга тўлиб Кун ботар.

           Бахт сингари олис юлдузлар гўё,

           Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.

 

Бу шеър 1963 йил ёзилган.

Шундан сўнг ўша ҳодиса рўй берган ва Рауф Парфи олами чайқалиб кетган.

 



               [1]Отаназар Матёқубов. “Мақомот”, Тошкент, “Мусиқа” нашриёти, 2004 йил, 52-бет.

            [2]Абдурауф Фитрат. “Тилимиз”, “Ёшлик” журнали, 1990  йилнинг майи. 

Leave a Reply
*