Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..” (4)
01/14/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

Ғаффор  Хотам

IV.

1976 йилнинг октябрида мен “Тошкент оқшоми”га ўтдим. Бир-икки ойдан сўнг Матбуот уйи олдида Рауф ака билан учрашиб қолдик. У, бир бало бўлди, ҳеч ким чиқмаяпти, деди. Газета-журнал яқин йўлатмай қўйган, яна, бунинг устига, ишдан четлатишган.

– Нега? – дедим, ҳайрон бўлиб.

У билмасам дегандай кифтини қисди, кейин шеър ўқиди:

 

           – Дейдилар, устознинг айтганин қилгин,

           Лекин, қилганини қилиб қўйма сен!

           Устознинг айтганин қилдим-у, лекин,

           Унинг қилганин ҳам қилиб қўйдим мен.

 

           Рауф Парфи айрим шеърларини йиллар давомида ишлаган, сайқал ва жило берган. “Тонг саҳардан…”, “Дафъатан…”, “Мен ҳаммасини…”,  “Осмон шу қадар тоза…” каби шеърлар 1977 йил қоғозга тушган, 1980 йил сўнгги сайқал берилган. “Дейдилар…” ҳам ўша йили “Насиҳатни чуқур тушуниш” деб ном олди.

 

 Устознинг муборак ўгити текин,

           Доим қилар эди у бир насиҳат.

           Дерди, айтганимни қилгин-у, лекин,

           Яна қилганимни қилмагин фақат.

           Қаттиқ тутиб олдим устоз этагин,

           Насиҳатин камтарликка йўйдим мен.

           Барча айтганини қилдим-у, лекин,

           Э-воҳ, қилганин ҳам қилиб қўйдим мен.

 

Шундай.

Хуллас, шоирнинг бир туркум шеърини олиб, оққа кўчиртдим. У бир сурат берган эди, қадаҳ кўтариб турган. Шу сурат билан бирга, шеърлар саҳифага қўйилди. Ва кеч бўлганда бош муҳаррир чақириб қолди.

Кирсам, одатдагидек, саҳифалар стол устида. Кароматов улардан узилиб, қаддини кўтарди ва менга қараб, мийиғида жилмайди.

– Рауфни нега чиқаришмаяпти? – деб сўради у. – Биласизми, шуни?

Мен йўқ деган маънода бош чайқадим.

– Хай, майли, – деди Саъдулла Музаффарович. – Сиз Асқад Мухтор билан қандайсиз?

Мен индамадим.

– Унда, – деди Кароматов. – Абдулладан тўрт қатор сўз олинг, Рауф ҳақида! Мана шу расми билан берамиз, уни!

Мен хонага тушиб, Абдулла Ориповга телефон қилдим. У ЦэКа КПСС ёш ижодкорларга ғамхўрлик ҳақида қарор қабул қилганини, шу муносабат билан кечқурун уюшмада “Шеърият кечаси” бўлишини айтди. Ўша ерда кўришамиз, деди.

Кечага Рауф акаям келди. Мен бўлган воқеани унга айтдим. Кейин унинг атрофини олиб, бир қатор бўлиб ўтирдик. Ботир Норбоев, Азим Суюн, Тоҳир Қаҳҳор, Йўлдош Эшбек, Усмон Қўчқор…

Кечани Эркин Воҳидов олиб борди. У қарорнинг тарихий аҳамияти ва истеъдодли ёшларга ғамхўрлик ҳақида ваъз қилгач, кимдир шеър ўқиди, кимдир сўзга чиқди. Кеча қизиганда раис яна қарорга қайтди. Худди шу пайт эшик ғичирлаб очилди. Ва ҳамма ўгирилиб, беихтиёр ортига қаради.

Абдулла Орипов.    

– Мана, яна бир шоиримиз келди, ниҳоят, – деди Воҳидов, афтидан, Ориповнинг кеч келгани ёқмади, унга. – Бу кишининг уйи жуда узоқ, шаҳарнинг бир четида туради, трамвайда етиб келгунча…

У заҳарханда қилди. Ҳолбуки, Ориповнинг уйи билан уюшма ораси бир чақирим эмас.

Абдулла ака тўғри минбарга чиқиб борди.

– Эркин ака, – деди у минбарда қанот ёзиб. – Кимдир мени ёмон кўрар, мен ҳам кимнидир ёмон кўрарман. Шуни элга дастурхон қилиш шартми?

Шундан сўнг у:  – Иброҳим ака, – деб, Ғафуровга мурожаат қилди. Ва         унга тиғдай қадалиб қаради. – Бир оқилдан бундай маром сўзлашни қаёқдан ўргандинг, деб сўрапти. Шунда у, ахмоқнинг кўзига тик қараб сўзлаб ўргандим, депти. Қарангки, сизлар йиғилиб олиб, кимга ғамхўрлик қилсак деб, деворнинг кавагини ковлаб ётипсиз, истеъдод қидириб! Истеъдод бўлса, ана, ўтирипти, шеърини чиқара олмай! Мен Рауф Парфини айтаяпман! Шуни қўллаш керак, аслида! Шоир шу!

У шундай деб минбардан тушди ва бизнинг ёнимизга келиб, кетдик, деган маънода қўл силтади. Биз гур-р этиб турдик-да, унга эргашдик.

Бу воқеа 1976 йилнинг 29 декабрида бўлган. Эртаси куни мен қуйидагиларни ёзиб қўйганман. “Абдулла Орипов хонадони. Икки ўриндиқ ва икки кресло. Стол. Янги алвон гилам. Бир бурчакда, оёқли радио.

          Орипов болаларини: “Жим бўлинглар!”, деб койиб қўйди. Шундан сўнг, “Қани, олдик, бўлмаса!” бошланди…

           Биз, Рауф Парфи, Ботир Норбоев, Турсун Али, Абдуғани Жума… тонгни шоир хонадонида кутиб олдик.

          Адолатталаб бўлиш, айниқса, ҳақиқатни айтиш жуда оғир.

          – Биров бизга, ёрдам берай, ғамхўрлик қилай, деб тургани йўқ, – деди Орипов. – Яқинда “Юртим шамоли” Москвада чиқди. Таржима хом, чалкаш. Шуни айтсам, китобинг чиққанига хурсанд бўлмайсанми, дейди ношир. Кимга керак, унинг чиқарган китоби?! Тасаввурни бузишдан бошқага ярамайди. Керак бўлса, таржимон ҳам ўз ичимиздан чиқиши ва ўзимиз курашишимиз зарур. Яшириб нима, Москва ўриси бизга Осиё йилқилари деб қарайди. Тўғри, Амир Темур даврида, темурийлар замонида қўлимиз баланд эди. Кейин биз ютқаздик ва катта “ўйин”дан чиқиб кетдик.

         Аммо, бугун Рауфнинг туғилган куни! Ҳамма яхши гап фақат у ҳақда! Мақтов унгаям ярашади!”

Шундан сўнг у ўша шеърни айтиб турди. Дастлаб унинг илк байти қуйидагича эди:

 

Туман тушмоқдадир олис ёқларга,

         Дўрмон боғларида беллур қаҳратон…

 

         “Олис ёқларга” деганда шоир марказни кўзда тутади. Мана, қарор чиқди, ёшларга ғамхўрлик ҳақида, демоқчи, албатта. Кейин уни қирларга сокин” деб таҳрир қилган. Чунки, шундай қарор ўзимизда ҳам чиқди, демак, ўзимизда ҳам ҳаво юмшаётир…

Бу билан у Асқад Мухторга, гарчи Дўрмон боғларида беллур қаҳратон ҳукм сураётган бўлса-да, бир четдан муз эриб келмоқда, оқсоқол! Қаранг, ҳатто туман тушаётир! Сиёсатнинг дийдаси юмшади, сиз бўлса, ҳамон бурунгидай ғазаб қиласиз, деяётир. Уни йироқ юлдузларнинг сирли шарпасидан огоҳ этаётир.

Мана, ўша шарпа оқ қоғоз юзига тўкилмоқда, бугун…

У Асқад Мухторга айтадиганини айтиб бўлгач, энди қаламни сиз олинг, деб менга юзланди. Ва “Дўстим ҳақида сўз” деган ўша ихчам сўзбошини айта бошлади.

“Биз Рауф Парфи билан ёшда ҳам, ижодда ҳам тенгқўрмиз.

         Рауфнинг шеърияти ҳақида бундан бир неча йил муқаддам устоз адиб Асқад Мухтор айтган илиқ сўзлар ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмайди. Муҳтарам Асқад Мухтор шоирнинг ижоди ҳақида гапириб, бу шоир ҳис-туйғуларнинг суратини чиза билади, деган эди. Бу орада Рауф бирмунча тўпламларини шеърхонларга тақдим этди. Айниқса, унинг Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари” асарини ўзбекчалаштиргани диққатга сазовор бир ҳолдир.

         Умуман, шоирлар кўпайиши замона тўкинчилигининг энг олий аломати ҳисобланади. КПСС Марказий Комитети ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ижодкор ёшларга ғамхўрлик борасида чиқарган қарорлар ёш шоирлар учун табаррук тарихий ҳужжатдир.

        “Тошкент оқшоми” саҳифасида ёшлар асарлари мунтазам ёритилаётганидан хурсандмиз. Айни чоғда, менинг ажойиб шоир дўстим Рауф Парфининг бугунлик ўзбек совет ёшлари шеъриятида мутлақо ўзига хос ўрни борлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Сафдошим бўлмиш истеъдодли ёниқ шоир Рауф Парфининг ушбу шеърларини ўқиб, баҳра топганимдан ниҳоятда бахтиёрман”.

        Кароматов чапани одам эди. У Абдулла Ориповнинг сўзини ўқиб, жуда хурсанд бўлди. Ва уни, шоирнинг туркум шеърларини ўша, қадаҳ кўтарган расми билан бирга, 1977 йил 10 январ куни газетада босиб чиқарди.

Улар ичида шоирнинг китобларига кирмаган бир шеър бор. У “Не ёмонлик қилган эдинг, айт?!” деб номланган.

 

        Қайт Қоплон,

               қайт Тўрткўз.

        Ҳой, одам борми?

                             Қайт!

        Рауф, сен бу итларга

        Не ёмонлик қилган эдинг, айт!

        Тишлари ғижирлар,

               кўзлари ёнар,

        Қизили қизилга,

               оқлари оққа,

        Ҳурпайиб ташланар

               Бир узиб олмоққа.

        Эҳтиёт бўл,

               Бу – жоҳил,

        Қулоғи кесик.

               Даҳани тешик.

        Бу – муттаҳам,

               қари, эзилган,

               думи кесилган.

        Бу – сим бўйлаб югурар,

                                         елар,

        Қаттиқроқ увиллар,

        Кўнгли тўқ

               боғлиқ эканин билар…

        Нечун сен итларга ёқмайсан?

        Эҳтимол,

               тузукроқ боқмайсан,

        Қулоқ қоқмайсан,

                бўйнига нишонлар тақмайсан…

        Эҳ, шўрлик, қолдинг не кунларга,

                Кўксингни синдириб отгил уларга,

        Заҳарли,

                чандиқли юрагинг отгил,

        Уларнинг  ҳолига сўнгра

                юмалаб-юмалаб қотгил.

        Барчаси тил тортмай ўлар-ку,

                Ғаройиб ҳангома бўлар-ку…

        Йўқ-йўқ!

                Қайт Қоплон,

                         қайт Тўрткўз,

        Ҳой, одам борми?

                         Қайт!

        Рауф, сен бу итларга

                не ёмонлик қилган эдинг, айт?!

Карим Рауф

(давоми бор)

Leave a Reply
*