Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ ”Бугун менинг туғилган куним!..” (5)
01/15/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

 Ғаффор  Хотам    

 V.

       Агар, ўқиган бўлсангиз, Эрнест Хемингуэй “Алвидо, қурол!”га ўткир ва ҳасратли сўзбоши ёзган. Унда адиб 1947 йил кўнгилетар дўстлари билан пул йиғиб, шампан олиб, Сан-Вэллида янги йилни кутиб олганини эслаб ўтади. У Ингрид Бергман билан халфана шампан ичиб ўтириб, қилган суҳбатни шундай тасвирлайдики, одамнинг ҳаваси келади. Ижодкор шундай бўлиши керак-ку, ахир, деб ўйлайсан беихтиёр, эркин ва хотиржам, уч-тўрт кўнгилетар улфати ва ўртада халфана шампани…

Демак, Рауф Парфи табиатан Хемингуэйга яқин бўлган. Унинг атрофини мудом ёшлар олиб юрган, яхшидир-ёмондир, шеър ошиғи, нафосат ошиғи. Ва бир янгиликка чанқоқ. Ҳар оқшом улар пива ё вино устида гурунг бериб, ўзлари яхши кўрган шоир билан ўтаётган кунни кузатиб қолган.

Шундай бўлиши ҳам керак-ку, ахир!

Ёки уларнинг ҳақи йўқми, бунга?!

Бу, шиша ичига ботиб кетиш эмас!

Бу, тотиниш, кун бўйи ўтган дилгирлик ва кир сиёқларни унутиб, бир лаҳза тин олиш, юрак ярасига малҳам қўйиш. Айтса, айтгулик гапларни тинглаш, кўнгил ёзиш, арзигулик фикрни муҳокама қилиш. Ҳаёт фақат ёзиш-чизиш, елиб-югуриш ва классикларни ўқишдан иборат эмас. Уюшиб кимнидир чалиш, кимнидир хор қилиш ва кимнингдир йўлига банд солишдан иборат эмас, бу ҳаёт! Ким нима деса деяверсин, шахсан мен шундай деб ўйлайман. Одам бир пас одамга ўхшаб ҳам яшаши керак, айниқса, афсунгарлар ғарази чегара билмаган замонда…

У вақт шоир одам бошқача яшай олмас эди. Сил бўлиб, ўлиб кетарди. Бир хил ҳаёт, бир хил сиёсат, бир хил сиёқлар…

Баҳром Рўзимуҳаммад “Кун суврати”да шуни айтади.

 

Замон сувратига ўхшайди

       бизнинг бўм-бўш ўтаётган кунимиз.

 

Шу бўшлиқни бир нима билан тўлдириш керакми?

Керак!

 

Қани, эй дўстларим, тўлдиринг қадаҳ,

       Дунёда муҳаббат борлиги учун, – деб ёзади Парфи “Қадаҳ” шеърида.

       Қани, пиёлани тўлдиринг яна,

       Нашъага тўлибди, қаранг, тўрт тараф.

 

Бу шеър 1976 йил ёзилган.

Рауф Парфи “катта жанр”дан ўзини тиярди, “майда жанр” билан шуғулланарди. Бунга сабаб, “жанр” доим ўртада бўлган. Ҳойнаҳой, у муҳибларига оғирлик тушишини истамаган. Қолаверса, охирги пайтда ўзига ўхшаган қўли калта укалари қолди, ёнида. Чоршаъм Рўзи, Мурод Чавуш, Ўрол Содиқ, Баҳром Рўзимуҳаммад…

Етмишинчи йилларда пинжига суқилган полопонлар темир қанот чиқаргач, муаззам чўққиларни кўзлаб учиб кетишди. Аммо, ўша даврда ҳам ажойиб рассом Исфандиёр, шоир Тўра Мирзо, Турсун Али, Яшар Қосим, Акиф Бағир уни тарк этган эмас.

Ўша йиллар Рауф Парфи ёшларнинг кумирига айланди.[1] Тўғри, бизда адабий диссидентлар[2] бўлмаган. Аммо, у беғараз исёнкор шоир сифатида меҳр қозонди. Бир янгиликка чанқоқ ёш қаламлар, шеърпараст ва шоиртабиат йигит-қизлар унинг атрофини олди. “Навоий-30” рўпарасидаги ошхона уларнинг норасмий манзили. Ёшлар ҳар оқшом шу ерга оқиб келади, ҳар ким топган-тутганини ўртага қўяди, шеър айтади, баҳс этади. Олам ишини идрок этмоққа уринади. Табиий ҳол бу, албатта. Тириклик доим яшноқликка интилади ва янгилик билан яшаради.

Рауф Парфи атрофидаги мўъжаз адабий иқлим талабаларга кучли таъсир ўтказган. Шу боис, бу даврда у инкубатор вазифасини ҳам ўтади. Мадаминов, Мамадўстов, Ҳаққулов каби “учар” қаламлар шу иқлимда кўз очди. Ва “Рауф Парфининг издошлари” сифатида ёш авлод эътиборини ўзига қаратди.

Ҳаёт кимёсини билган одам учун ном чиқаришнинг йўли кўп, жуда. Уларни танитган асари эмас, балки: “Салой  устозга ундай деди, Рауф Парфи бундай деди”, “Салой тўрда, буддага ўхшаб ўтирипти”, деган шов-шувлар, аслида. Улар шу иқлимда ўз гуруҳини тузди ва амалиётга куч берди. Шу йўл билан Салой Муҳаммад Солиҳга, Гулмурод Мурод Муҳаммад Дўстга, Ҳаққулов Иброҳим Ҳаққулга айланди. Сўнг, мулла Мурод айтгани каби, қисир эчкига ўхшаб, сиёсат майдонида бир замон шаталоқ отишди. Ҳатто, кимдир-биров қайсидир-бирини эринмай мутойиба қилган денг.

Нима эмиш, бир йўқсил бўлган эмиш, шўро замонида. Ва унинг қисир эчкисиям бўлган эмиш. Ўзидан кўпайсин деб уни кўп қочирипти, аммо…

Хотини яна жанжал қипти.

– Тош қотиб ухлайсиз! Анави ялоқ яна дунёни бузиб чиқди!

– Кеча қочирдим-ку?

– Эм бўлмаган! Яна қисир қоп кетади! Йўқми бир яроқли така?

– Бор, Раҳмат калники! Лекин, унинг учун отарга чиқиш керак!

– Этинг!

– Ўлиб қолади, эчкинг! У чатоқ! Туядай!

– Э-э, ўлса ўлар! Садқаи сар! Куйиккан мушукдай улийди-я! Жонимга эгов бўлди, бу!

Йўқсилнинг кажавали мотоцикли ҳам бор экан. Хотини қўймагач, эчкини у кажавага ўтқазиб, бошига каска кийдирипти, сўнг тоққа йўл опти. Иш битгач, хурсандчиликка Раҳмат кал билан яримтани майдалапти. Кечқурун уйга келиб, “Аммо-лекин, эчкинг қовзанди, хотин, депти, ўзиям така кўргандай бўлди! Бели букилиб, ётиб қолди, жонивор!”

Тонг саҳар у сесканиб уйғонипти.

Ёпирай!

Эчки яна маъраётган эмиш!

Юраги ўйнаб, супага чиқипти. Қараса, эчки, бошида – каска, кажавага чиқиб ўтирган эмиш!..

Ҳа, айтмоқчи, Дилоромнинг кўзларига ўшанда ошиқ бўлган, у. Кейин ўша кибор иқлимга олиб кирган…

 

Маъюс эди сенинг кўзларинг ғоят,

       Гўё йўлсиз ўрмон баргларин тўкиб

       Қора ёрқинликда шивирлар оят,

       Кўзларингни тинглаяпман энтикиб.

 

Аслида, уни Турсун Али “кашф” этган.

Дилоромни айтаман-да…

Ёдимда, у Дунканга[3] ўхшаб, бўйнига қирмизи шарф ташлаб олган эди. Дунканнинг шоҳ рақси – “Саёқ”.[4] Есениннинг ақлини олган, шу!

Айседора ўша, қирмизи рўмолни ўйнаб, саёқнинг ҳолини ифода этади. “Даҳшатли ва беқиёс ўйин, деб ёзади Мариенгоф, нафис ва қирмизи рўмол унинг қўлида илондай “тўлғанади”. Раққоса унинг “белини синдириб”, гирибонидан бўғиб олади. Ва ипак матоҳнинг думалоқ “боши” ғарибона, фожиали осилади…”

Бу, ўша яғмо. “Илоҳий такрор бир бу мусиқада”, деб Мадаминов уни тўлдирди ва қайта ишлади, сўнг Парфининг ҳаётига татбиқ этди.

Ҳоди Тоқтош айтади-ку, “Севги ул кўп эски нарса, Аммо, ҳар кўнгилни ёнгорта”, деб. Шунга ўхшаб…

Қаранг, хаёл қаёқларга олиб қочади. Ва ҳаммаси рисоладагидай бўлди. Парфи унинг нигоҳига чўмиб кетди, Есенинга ўхшаб! Ҳолбуки, у маъюс кўзлардаги ёрқинлик қоп-қора эканини шеърга солади…

Ўшанда бирга ишлардик, ҳали. Рауф ака қоғоз қоралаб юрди.

 

Кошки сувга чўксам. Чўкмасман. Сен бор.

       Кошки ўтда куйсам. Куймасман. Сен бор.

       Сен борсан. Сен борсан. Офтобим, порла,

       Кўзларингда ёниб битай, севгилим…

 

       “Дилоромнинг кўзлари” деган шеър шундай туғилган. Ва шоирнинг ундовида риё йўқ. У юракдан отилиб чиққан. Майли, ўлсам ўлай, шу муҳаббатда, деган портлаш бор, унда.

Аммо, оловли талпиниш шунга яраша қаршиликка учради. Бу – табиий, албатта. Ўшанда Парфи ўттиз тўрт ёшда эди, яна оила қурган. Дилором эса, дунё кўргани билан ҳали ёш, яна кимсан, прокурорнинг қизи…

Ота-онаси иримига қарши чиқди, қизи борнинг нози бор, дегандай…

Шоир ёзғирди.

 

Занжирли Шарқ қизининг қўлларинда

       Бир куч топилмасми, кишан синмасми,

       Шарқ қизи, Шарқ қизи, энди кулмасми?

 

Ўйин-ўйиндан ўт чиқиб, улар оила қуришди. Бу, ошиқ учун ҳам, маъшуқа учун ҳам қимматли эди. Дилором ўзи мансуб бўлган қавмнинг кибор оғушига кириб борди, Рауф Парфи билан! Шоир эса, долғага дуч келган кема ҳолига тушиб, минг хил тўлғамани юракдан ўтказди ва кечинмалар сувратини чизди.

Ўша шеърда бир байт бор, эҳтирос чулғаб ётган ақлнинг иши, бу!

 

Қайга йиқиларкар бир кун беомон,   

        Кўзинг осмонидан учган юлдузлар?!

 

Кўраяпсизми?

Муҳаббат қисмати сир бўлмаган, унга. Билган. Билса-да, ўша осмонга маҳлиё бўлиб, янги тўпламига тартиб берди. Ва униям “Дилоромнинг кўзлари” деб атади.

Бу ҳолат саробга умид боғлаб яшашга ўхшайди. Лекин, бошқа йўл йўқ. Ва муҳими бу эмас, муҳими – сўнган вулқон қайта отилди, шоирда уйғониш рўй берди, пўртанали мавжлар-тўлқинлар уни чулғаб олди. Ва шеъриятида янги саҳифа очди.

Рауф Парфи учун қимматлиси шу.

Ижод шунга ўхшаш жараён, ўзи.

Ҳорғин йўловчиман, манзилда – сароб, – дейди у “Йўловчи” шеърида. Ва унга Чўлпоннинг “Хаёлимдан олтин қафас тўқидим”, деган сатрини эпиграф қилиб олади.

Бу бежиз эмас.

Бу ҳаёт мураккаб, деймиз тик боқиб,

       Юлдузлардек ҳадсиз ҳаёт кўзига.

       Хусусан, ҳаёт кўп мураккаб, деймиз,

       Ўз-ўзимиз бузиб қўйгандан кейин.

 

Бу сатрлар ўша сароб асосидан дарак беради.

Рауф Парфи ўша кезлар тартиб берган китоб 1978 йил ёруғлик кўрди. У “Кўзлар” деб аталган. Албатта, у тўғри қилди. Ўткинчи нарсани абадиятга муҳрламаслик лозим.

 



           [1]Кумир – ихлос қўйган одам, пир.

           [2]Диссидент – диндан қайтган, муртад (луғавий маъноси). СССРда сиёсатга қарши асар ёзиб, чет элга чиқиб кетган ижодкорлар диссидент дейилган.

          [3]Айседора Дункан – америкалик машҳур раққоса, Франциянинг Ницце шаҳрида яшаган. Унинг қизи Ирма Дункан Москвада рақс мактаби очган. Айседора шу мактабда Келажак Рақси бўйича сабоқ бериш учун келади. Есенин у билан 1921 йил кузда танишади, 1922 йил майда Загсдан ўтади. Ва у билан бирга, 1923 йил августга қадар дунёни сайр этади. Шоир 1925 йил 27 декабр кечаси ўзини осади. Орадан икки йил ўтгач, ўша “Саёқ”, яъни, пушти ранг шарф шамолда ўйнаб, Дунканнинг автомобили ғилдирагига ўралиб қолади. Ва у бўғилиб ўлим топади.  

         [4]Дунканнинг рақси “Апаш” деб аталган, яъни, дайди, саёқ, безори, ўғри дегани. 

Карим Рауф

(давоми бор)

"2" Comments
  1. Rauf Parfi bolganda shu yozgan “maqtov” laringni sening yuzingga otgan bolardi. Parfi tirikligida uni pyanista axmoq deb tinmay giybat qilgan munofiqlarning oldingi safida edi bu Xotamov!

  2. шоббоз

    адибнинг бу ёзмаларида узвийлик йуқ-ку. Пойинтар-сойинтар,узук-юлуқ…

Leave a Reply
*